«Эль-класико» - Ла Лига шуҳратига шуҳрат қўшувчи буюк қарама-қаршилик. «Реал» бўлмаса, «Барселона» мувозанатини йўқотади ёки аксинча. Футбол дунёси қанча-қанча «плюс» ва «минус»лари билан бирга яхши кўради бу аёвсиз рақобатни. Спорт, шу жумладан, футбол келишувларни, ён босишларни ёқтирмайди. Айни шу сабабга кўра, мухлислар ҳам икки қутбга ажралаверадилар. Мағлуб алам билан бош эгади. Натижа адолатли бўлса, аламини ичига ютиб, рақибни табриклайди. Мабодо адолатсизлик юз берса, у қуюшқондан чиқади, ўзини унутиб, ноқонуний ишларга қўл уради. Айниқса, бизнинг футбол муҳитимизда бу жараён кўзга очиқ ташланади. Адолатсизликлар туфайли Суперлига ўйинларини томоша қилмайдиган мухлислар сони тобора кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас...
Пойтахтимиздаги стадионларга мухлислар ташрифининг камлиги қатор сабаблар билан изоҳланади. Афсуски, бош сабаб - футболимиздаги адолатга ишончсиз қараш, аниқроғи, адолат йўқ, деб ҳисоблаш. Бу аччиқ ва ўжар ҳақиқатни тан олмаслик - футболимиз оёғига болта уриш билан тенг.
Энг катта муаммо шуки, зиддиятли қарашлар марказида футболимиз фахри, шонли тарихи билан ҳурматга сазовор «Пахтакор» турибди. Эътибор беринг, бу масалага катта муаммо сифатида қараяпмиз, яъни афсусланмаяпмиз. Яхши ҳамки, шу «Пахтакор» бор! Акс ҳолда, «Навбаҳор» қайси жамоани ўзига принципиал рақиб деб танларди - буниси номаълум. Аслида-ку «Пахтакор» ҳам «Навбаҳор»нинг мавжудлигидан хурсанд. Фақат икки жамоанинг ҳалол рақобатига кимдир ёки нимадир халақит беради доим. Бу сафарги зиддиятлар қуръадаги оддий адашмовчиликдан бошланди. Тўғри, мазкур адашмовчилик келажакда юз беражак зиддиятлар олдини ололмасди. Тан олайлик, Суперлига «Эль-класико»си - ҳозирги кунда «Пахтакор» ва «Навбаҳор» тўқнашуви. Мавсумнинг илк турида шу тўқнашувнинг бўлиши ўзини оқламади. Ла-лига «Эль-класико»дан бошланганми ҳеч вақт?! Қиёслаш учун узр, бироқ бу ўринда шундай таққосга эҳтиёт сездик.
Ишончимиз комилки, зукко мухлис гап савия билан боғлиқ эмаслигини яхши тушунади. Қаранг, қуръада бу мавсумга илк соя тушганди. Мавсумнинг 1-турида эса соя қуюқлашди. Биргина кичик хато ортида шунча машмаша, шунча ғалва. Агар 27 февраль тўқнашуви сал кейинроқ бўлганида, вазият ўзгариб қолармиди? Бирор аниқ хулоса-жавоб айтиш қийин бу саволга. Лекин жамоалар қўлга киритилган ва бой берилган очколар таъсирида бўлишини унутмайлик.
Дастлабки турдан сўнг наинки Андрей Канчельскис, балки Муҳсин Муҳаммадиев ҳам ҳакамликдан норозилигини очиқ айтди. Қатиқни ҳам пуфлаб ичгувчи Александр Хомяков эса мулоҳазаларини жамоатчиликдан яширди.
Маълумки, кўпинча ҳакамликдан норози мураббийлар жиддий жазоланишади. Мураббий шуни била туриб норозилик билдиряптими, демак, вазият «ўладиган ҳўкиз болтадан қўрқмас» даражасида. Мураббийлар мағлубиятларини хаспўшлаш мақсадида ҳакамларни айблашмаяпти. Бор гап шуки, мураббийлар ва футболчилар ҳозир Суперлигада фаолият юритаётган ҳакамларга ишонмай қўйишган. Чунки ҳакамлар билан алоқадор биз билмайдиган ҳақиқатлар уларга аён. Нима учун футболчилар ҳар бир қароридан сўнг Ильгиз Танташевга ташланаверишди ёки Муҳсин Муҳаммадиев Қўқонда Темур Тўхтасиновдан норози эканлигини яшириб ўтирмади? Гап шундаки, ҳакамларда обрў, сиёсат, залвор қолмади. Бунга эса уларни «тарбиялаш» йўлини танлаган ЎФА айбдор. Ўйинларни бошқаришдан вақтинча четлатилган ҳакам охир-оқибат, майдонда яна ўзи истаган ҳуштакни чалмоқда. Бошқача айтганда, футболимизда ҳакамлик ўзгаришни истамаяпти. Таъбир жоиз бўлса, ўт билан ўйнашмоқда. «Ўт билан ўйнашманг, ҳазиллашманг, пешона деворга урилиши шарт эмас!» деймиз уларга қарата. ЎФА олов ловуллаб ёнишини, ҳўлу қуруқни баравар куйдиришини кутяптими? Ўйлаймизки, бундай эмас. Ёдингизда тутинг, мутасаддиларнинг эътиборсиз қарашлари оқибатида пойтахт футболи мухлисларни йўқотди. Шу жараён давом этса, бошқа ҳудудларда ҳам футбол олови сўнади. Эътиборсизлик, ҳаракатсизлик футболимиз ва жамият ривожига хиёнатдир. Катта-кичик ижтимоий хатарлар, ғалвалар бевосита футболга адолатли муносабат билан дахлдордир. Ильгиз Танташев ёки Темур Тўхтасиновни оқлаш осон, аммо футболдан қўл силтаган мухлисни стадионга қайтариш қийин. Андрей Канчельскис ёки Иван Соловьёв - Намангандаги футбол муҳитига ошиқ, энг аввало. Шу ошиқлик таъсирида «Навбаҳор» ўйинида Канчельскис авантюраси шаклланибди. Мазкур авантюра босими ва Аббос Ғуломов - Ислом Исоқжонов - Азиз Турғунбоев триоси шиддати дастлабки бўлимда «Пахтакор»ни анча асабийлаштирди. Кутилмаган ва кўникилмаган ҳолатда шундай бўлиши табиий. Афсуски, ҳакам майдонда узоқ кутилган янгиланиш жараёни рўй бераётганини англамади ва ўйинга эскича услубда ёндашди. Мухлис аҳли шундан хафа, шундан норози. У ҳамиша адолатли ва чиройли футбол тарафдори. Ортда қолган тарих барчасига гувоҳ. Мутасаддилар шуни унутишмаса, бас!
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20