Қайднома

Қидирув

Равшан Эрматов: «Мурожаат қилувчилар учун эшигимиз ҳамиша очиқ»

Равшан Эрматов: «Мурожаат қилувчилар учун эшигимиз ҳамиша очиқ»

  05.03.2020 10:02
  0
  119
Равшан Эрматов: «Мурожаат қилувчилар учун эшигимиз ҳамиша очиқ»

Хабарингиз бор, жорий йилги Суперлига баҳслари Тошкентнинг «Пахтакор» ва Наманганнинг «Навбаҳор» клублари ўртасидаги учрашув (2:1) билан бошланди. Турнинг марказий ўйинидан кейин меҳмон жамоа мухлислари ижтимоий тармоқлар орқали беллашувда бош ҳакам вазифасини ўтаган Илгиз Танташевдан норози эканликларини маълум қилишди. Бундан ташқари, улар ЎФА ва ЎзПФЛ манзили томон мурожаатлар йўллашди. Qalampir.uz сайти вакиллари мазкур ҳолат юзасидан ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматовни суҳбатга тортишди. Қуйида ана шу интервью билан танишишингиз мумкин.

- Суперлига 1-туридан ўрин олган «Пахтакор» - «Навбаҳор» учрашуви кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Наманганлик мухлислар ижтимоий тармоқларда норозилик билдиришди. Бунга қандай муносабатдасиз?

- Дунё футболида мухлислар ўзларининг севимли жамоаларини қўллаб-қувватлашади. Улар ҳар доим ўз жамоаси тарафини олади. Лекин мутахассис ҳар қандай шароитда совуққонлик билан, эҳтиросга берилмасдан, холис фикрлаши керак. Ҳафта бошида ЎФА мажлислар залида ҳакамлар учун семинар бўлиб ўтди. Унда ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишди. Биз бундай йиғилишларни ёпиқ эшиклар ортида ўтказмаймиз. Энди ҳаммаси очиқчасига бўлади. Суперлиганинг ҳар бир туридан сўнг таҳлилий ёндашиб, ўйинларда йўл қўйилган хатоларни таҳлил қилиб, кейинги тур учрашувларида мана шундай хатолар қайтарилмаслиги учун очиқ мулоқот ташкил этилади. Бундай йиғилишлар авваллари бўлмасди. Бўлганда ҳам ёпиқ эшиклар ортида ўтарди. Илгари ОАВ вакиллари ҳакамлар йиғилишига яқинлаштирилмаган. Ҳозир эса вазият мутлақо бошқача. Бизнинг ҳеч кимдан беркитадиган нарсамиз йўқ. Авваламбор, ОАВ вакилларига миннатдорлик билдираман. Сабаби, бундай йиғилишларга қизиқиш катта эканлигини ўз кўзим билан кўриб турибман ва журналистларнинг футбол қонун-қоидаларини билишга бўлган қизиқиши борлигидан хурсандман. Олдин ҳакамлар хато қилишса ҳам тан олинмаган ёки йўл қўйилган камчиликларга кўз юмилган. Энди ундай бўлмайди. Ким хатоликка йўл қўйса, очиқ-ойдин тан олиняпти. Нуқсон-камчиликларни тўғрилашга интиляпмиз. ФИФА инструктори ҳакамлар ишида кузатилган хатоларни кўрсатиб бермоқда. Бундай таҳлилий ёндашиш яқин келажакда ҳакамларнинг савияси ошиб боришига туртки бўлади. Биз йиллар мобайнида ҳакамлар савияси ва билимини оширишга жиддий эътибор қаратмадик. Энди эса, бу йўналишга жиддий қараймиз ва яқин орада ҳакамлар мактабини очамиз. Англия, Италия, Испания чемпионатларига ўхшаб, бизда ҳам VAR (video assistant referee) тизими бўлишини истардик. Айни дамда ушбу технологияни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Бунинг учун стадиондаги барча нарса талабга жавоб бериши керак. Тўғри, бизда бу борада кўплаб камчиликлар бор. Уларни бартараф этишга интиляпмиз. Иккинчи даврага қадар VAR тизимини офлайн режимида ишлатишга ҳаракат қиламиз. Чунки ФИФАнинг ўз талаблари бор. VAR тизимида ишлайдиган ёрдамчи ҳакамларнинг мажбурий ўқиш жараёни мавжуд. Бунинг барчасига вақт керак. Ўйлайманки, 6 ой ичида биз ушбу тизимга тайёр бўламиз.

- Айтиб ўтганингиздек, иккинчи даврадан VAR тизими офлайн режимда ишлайди. Мазкур технологиянинг онлайн режимдаги фаолия­ти қачондан бошланади?

- Келаси мавсумдан VAR тизими онлайн режимда ишлайди. Бунинг учун бизда имконият бўлади. Ўз нав­батида, ФИФАнинг рухсатини ҳам олишимиз керак, ушбу ташкилот мутахассиси Ўзбекистонга келиб, бу ердаги барча стадионлар талабга жавоб беришини маълум қилганидан сўнг, мазкур тизимдан онлайн тарзда фойдаланишга рухсат берилади.

- Яна ўша саволга қайтаман: «Пахтакор» - «Навбаҳор» учрашувидан сўнг, наманганлик мухлислар ижтимоий тармоқларда ўйинни бошқариб борган Илгиз Танташевдан норози эканликларини билдириб, бу вазият учун ЎФА шаффофлик билан иш кўришини талаб қилишган. Уларнинг мурожаатлари ўрганиб чиқилдими?

- Биз ҳар бир мурожаатни ўрганиб чиқдик. Мухлисларнинг барча истакларини ҳурмат қиламиз. Нима бўлганда ҳам, эҳтирос билан эмас, таҳлил билан ёндашишимизни ФИФА ҳам, ОФК ҳам талаб қилади. Агарда биз ҳам эҳтиросга бериладиган бўлсак, хато кетидан хато қилиб қўйишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам бундай мурожаатларга кеча бўлиб ўтган семинарлардан жавоб олиш мумкин. ЎФАнинг ҳеч кимдан беркитадиган жойи йўқ.

- «Пахтакор» - «Навбаҳор» ўйинидан кейин ижтимоий тармоқларда наманганлик мухлислар сизнинг қўл телефонингизга қўнғироқ қилишганини, сиз эса уларга жавоб бермай, рақамларини қора рўйхатга қўшиб қўйганингизни таъкидлашди. Чиндан ҳам улар сиз билан боғланишдими?

- Сўнгги пайтларда қўл телефонимдан фойдаланишга вақтим бўлмаяпти. Шу кунларда иш билан жуда бандман. Қўнғироқларга жавоб беришга доим ҳам фурсат топилавермайди. Кеча (2 март куни) бир гуруҳ наманганлик ишқибозларни қабул қилдик, улар билан бир соатдан ошиқ вақт мобайнида суҳбатлашдик. Эшигимиз барча учун очиқ. Кимнинг қандай мурожаати бўлса, марҳамат, келиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиб кетишсин. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Барча хато қилади. Учрашувни бошқариб бораётган ҳакам ҳам адашиб, вазиятни тўғри баҳолай олмасдан, хатога йўл қўйиши табиий. Иш бор жойда камчилик бўлади. Ҳеч ким хатодан кафолатланмаган. Футбол - хатолар ўйини. Энг муҳими, ҳеч ким атайлаб янглиш қарор чиқармаслиги керак.

- Мухлисларни стадионга қайтариш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?

- Ушбу масала юзасидан клубларга халқаро стандарт­лардан келиб чиқиб, турли хил талабларни қўймоқдамиз. Стадионда барча қулайликлар яратилса, футбол учрашувлари чиройли бўлса, мухлислар стадионга ташриф буюришади. Кимдир дўстлари, яна кимдир оила аъзолари билан стадионга келади. Мухлисларни футбол учрашувларига жалб қилиш учун аввал уларга қулай шароит яратиб бериш лозим. Ишқибозлар эҳтиёжини қондирадиган бундай талаблар бир кунда бажарилиб қолмайди. 30 йилда амалга ошмаган талаб 4-5 ойда қанақасига бажарилиши мумкин? Биринчи навбатда, футболнинг сифати юқори бўлиши керак. Шундагина мухлислар стадионга «оқиб» келишади.

- Келишилган ўйинлар-чи? Уларга қарши кураш қандай кетмоқда?

- Келишилган ўйинларга қарши курашда махсус инспекция ва тегишли орган ходимлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Агар кимдир келишилган ўйинларда иштирок этаётган бўлса ёки бундай ишларни ташкил қилса, буни тезлик билан аниқлашади ва айбдорлар футболдан умрбод четлатилади. Футболда фаолият юритаман деса, шаффофлик билан, адолат билан ва албатта, ҳалоллик билан ёндашиш керак. Ҳеч қачон ғурурни сотиб олиб бўлмайди. Агарда ушбу соҳадаги барча - футболчилар, мутахассислар, ҳакамлар ва мураббийлар виждонан иш юритишса, футболимиз фақат ўсишга эришади.

- Келишилган ўйинларга қарши махсус инспекция ишлаётганини таъкидлаб ўтдингиз. Ундан кимлар ўрин олишган?

- Бу ёпиқ маълумот. Ушбу инспекцияда кимлар иш олиб бораётганини айта олмаймиз. Барча клублар ва футболда фаолият олиб бораётган мутахассислар келишилган ўйинларга қарши декларацияга қўл қўйишди. Келишилган ўйинларда иштирок этган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш борасида таклиф бердик. Ўзи ва оиласи шаънини ўйламаса ҳам, қонундан қўрқсин. Бу қилишимиз керак бўлган асосий ишларимиздан бири. Ишимиз жуда ҳам кўп. Ҳалоллик бўлмаса, футбол ривожланмайди.

- Келишилган ўйинларга қарши курашиш инспекциясида клублар мураббийлари ҳам борми?

- Албатта, мураббийлар ва мутахассислар бор. Улар орасида гуруҳ тузилган. Юқорида таъкидлаганимдек, барчамиз бир бўлиб, бундай иллатга қарши кураш олиб боряпмиз.


Манба: qalampir.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz