Қайднома

Қидирув

Евротур: Мадрид – мамнун, Ливерпуль – лол

Евротур: Мадрид – мамнун, Ливерпуль – лол

  05.03.2020 13:00
  0
  330
Евротур: Мадрид – мамнун, Ливерпуль – лол

Тақдир тақозоси билан ортда қолган ҳисобот турлари кучли бешлик чемпионатларида муҳим аҳамиятга эга баҳслар кузатилди. Уларда қайд этилган натижалар нафақат мусобақалар жадвали, балки жамоаларнинг кейинги ўйинларга бўлган муносабатлари ўзгаришига ҳам сабаб бўлишига шубҳа йўқ.

Англия. Аутсайдер «Уотфорд»дан ибрат ол!

Дарҳақиқат, «Ливерпул»нинг бир йилдан кўпроқ вақтга чўзилган мағлубиятсиз серияси қачондир поёнига етиши аниқ эди. Унга Чемпионшипга тушиб кетиш хавфи остида турган жамоа чек қўйгани ҳам ажабланарли ҳол эмас, элитадаги ўрнини сақлаб қолиш учун аутсайдер керак бўлса, жаҳон терма жамоасини маҳв этишга ҳам ўзида куч топиши мумкин.

«Қизиллар» бундан аввал 2019 йилнинг январида «Манчестер Сити»га 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришганди. «Уотфорд» эса 18 дақиқа ичида Алиссон Беккерни 3 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди, ўз жарима майдончаси олдида шунчалик мустаҳкам қўрғонни бунёд этдики, пешқадамнинг сермаҳсул учлиги лоақал битта гол билан жавоб қайтаришни ҳам уддалай олмади. Мезбонлар самарали ҳимояланиш баробарида ҳужумни ҳам қойиллатишди ва Исмоил Саррнинг «дубл»и ҳамда Трой Динининг голи эвазига йирик ғалабани қўлга киритишди. Меҳмонлар эса бутун оламни ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур этишди - 45 дақиқа ичида Бен Фостер дарвозасига атиги битта аниқ зарба йўлланди.

Тўғри, мағлубият - футболнинг бир бўлаги, ундан ҳеч ким кафолатланган эмас. Лекин Клопп жамоасининг шунчалик ночор ҳолга тушиб қолишини ҳатто уотфордликлар ҳам кутишмагани аниқ. Германиялик мутахассиснинг ўша кунги ўйин услубини мен ҳам ҳанузгача тушуна олмадим. Бунақанги иложсиз ҳолатни «Ливерпуль» фақат бир марта, 2017 йилнинг январида бошдан кечириб, «Челси»дан енгилганди. Хуллас, ўз футболчилари учун шоҳсупадан жой ҳозирлаётган «қизиллар»нинг хотиржамлигидан унумли фойдаланган «Уотфорд» икки поғона юқорилади. Лекин «Шеффилд»га қарши ўйинни кейинроқ ўтказадиган «Астон Вилла»да нафақат «Уотфорд», балки «Вест Хэм»ни ҳам қувиб ўтиш имконияти бор. Қачонки, еврокубоклар ҳудудига интилаётган «Шеффилд» бунга имкон берса, албатта.

Шунингдек, сўнгги ўринда бораётган «Норвич» ўз майдонида «Лестер»ни енгиб (1:0), муҳим 3 очкога эга бўлди. «Борнмут» эса «Челси» билан жанговар дурангга (2:2) имзо чекди. Аниқроғи, ғалабани қўлдан чиқарди.

«Тоттенхэм» Лондонда «Вулверхэмптон»дан енгилиб (2:3), яна ўз мухлисларини ранжитди.

Сульшернинг «МЮ»си Ливерпулда «Эвертон» билан дурангга (1:1) рози бўлди.

Испания. «Класико» мезбонларга етакчиликни олиб берди.

Ла Лига грандлари ўртасида кечган навбатдаги қарама-қаршилик, ниҳоят, мадридлик мухлисларга узоқ кутилган зафарни совға қилди. 2017 йилнинг августида азалий рақибидан устун келиб, Испания Суперкубогини қўлга киритган «Реал» кейинги 7 учрашувнинг 4тасида мағлубиятини тан олган ва 3 марта кучлар тенг келганди.

«Сантьяго Бернабеу»даги баҳс эҳтиёткорлик билан бошланди - томонлар асосий эътиборни бехато тўп суришга қаратишди. Лекин бўлим якунига яқинлаша бошлагач, ташаббус «Барселона» вакилларига ўтди. Натижада Сетьен шогирдлари камида икки марта ҳисобни очиш учун қулай имкониятга эга бўлишди. Аммо кутилмаган рейд эвазига дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиққан Артурнинг зарбасини Тибо Куртуа бартараф этди. Кейин Серхио Бускетс жарима майдончаси ичида турган Мессига тўпни етказиб берди, бироқ Лео уни айнан Тибонинг ўзига йўллади.

Майдон эгалари бундай вазиятларни ярата олмадилар, тер Штеген деярли ишсиз қолди. Винисиус Жуниор йўллаган ягона аниқ зарба эса германиялик посбонга қийинчилик туғдирмади. Лекин майдондаги кескинлик ўйиннинг исталган паллада очилиб кетиши мумкинлигидан далолат бериб турди.

Иккинчи бўлим ҳам каталонияликлар фаоллиги билан бошланган бўлсада, ҳисобни очиши мумкин бўлган ўта хавфли ҳужумни майдон эгалари уюштирдилар. Аввалига германиялик дарвозабон Исконинг олис масофадан йўллаган айланма зарбасини қайтарди. Кейин бурчак зарбасидан сўнг Серхио Рамос йўллаган тўпни ҳам бартараф этди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай тер Штеген ожиз қолган паллада Жерар Пике тўпни чизиқ устидан қайтаришга улгурди. Сўнгра Карим Бензема жарима майдончаси ичидан дарвозани нишонга олишда хатога йўл қўйди - тўп тўсин устидан ўтиб кетди.

Меҳмонлар захирадан баҳсга қўшилган Мартин Брейтуэйтнинг тезкор рейди билан жавоб қайтаришди. Даниялик дебютантнинг илк ҳужуми гол билан якунланиши мумкин эди, у тўпни Куртуа устидан ошириб йўллаганди, аммо ўз вақтида ёрдамга етиб келган ҳимоячи жамоа­ни муқаррар голдан сақлаб қолди.

Таажжубки, сал аввалроқ қаҳрамонга айланишга яқин турган Брейтуэйт ўзи истамаган ҳолда Винисиуснинг ҳисобни очишига кўмаклашиб юборди. Унинг чап қанотдаги хатосидан фойдаланган бразилиялик ҳужумчи Крооснинг узатмасини қабул қилиб олди ва тўпни дарвозага йўллади. Пике тўпни қайтаришга уринди, аммо ўзи истагандек тепа олмади. Натижада «рикошет» тер Штегенга панд берди ва ҳисоб очилди.

Табиийки, «Барса» мувозанатни тиклаш илинжида олдинга ташланди, Сетьен Ансуман Фати ва Иван Ракитичлар билан ҳужумкорликни оширди. Лекин бу уринишлар самара бермади, меҳмонлар сўнгги дақиқаларни ҳужумда ўтказишга интилган ҳолда, ўз дарвозаларидан иккинчи тўпни ўтказиб юборишди. Қизиғи шундаки, саломатлигидаги муаммолар туфайли майдонга туша олмаётган Мариано Диасни сўнгги дақиқада Зидан вақтни чўзиш мақсадида ўйинга туширганди. Ёш ҳужумчининг илк зарбаси эса голга айланди. Боз устига, «рикошет» ёрдамисиз. Шу тариқа «Реал» яна 1-ўринга чиқиб олди.

Ўз майдонида «Осасуна»ни қабул қилган «Севилья» қўшимча вақтда ғалаба  (3:2)га эришиб, 3-поғонани эгаллади. Чунки «Атлетико» Барселонада «Эспаньол»ни енга олмади - 1:1. «Хетафе» эса Пальма-де-Мальоркада урган ягона голи эвазига етакчи квартет аъзосига айланди.

Германия. Левагол йўҚ, 6 гол наҚд

Бундеслиганинг 24-турида Зинсхаймга чемпионатнинг етакчи тўпурарисиз сафар қилган «Бавария» «Хоффенхайм» дарвозасига 6та жавобсиз тўп йўллади. Ўйин тақдири дастлабки 45 дақиқадаёқ узил-кесил ҳал бўлди - 4:0. Қизиғи, танаффусдан кейин ҳам майдон эгалари бирор-бир жўяли ҳаракатни амалга ошира олмадилар, чемпион эса яна 2 марта мезбонларни ўйинни майдон марказидан бошлашга мажбур этди.

Дортмундда маҳаллий «Боруссия» мавсумни барқарор ўтказа олмаётган «Фрайбург»нинг жиддий қаршилигига дуч келди ва Санчонинг ягона голи билан кифояланишига тўғри келди. Лекин қимматли 3 очко жамоага 2-ўриндаги «РБ Лейпциг»га яқинлашиб олиш имконини берди. Бу жамоа совриндор учликка интилаётган «Байер»­ни енга олмади (1:1) ва муҳим 2 очкодан маҳрум бўлди.

Дортмундлик номдошини изма-из қуваётган «Боруссия» Менхенгладбах иккинчи бўлимдаги фаоллиги эвазига Аугсбургдан ғалаба (3:2) билан қайтди.

Италия. «Лацио» - пешҚадам

Афсуски, коронавируснинг салбий таъсири футбол мусобақаларида ҳам сезиларли муаммоларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, 26-турнинг 5 учрашуви бошқа муддатга кўчирилди. Бўлиб ўтган беллашувлар натижаларидан кейин «Лацио», ниҳоят, турнир етакчисига айланди. Бу гал Симоне Инзаги жамоаси Римда «Болонья»га қарши майдонга тушди ва меҳмонлар дарвозасини 2 бор ишғол этди. Луис Альберто ва Корреалар томонидан амалга оширилган аниқ зарбалар эвазига римликлар амалдаги чемпиондан 2 очкога ўзиб кетишди. Турнинг марказий беллашуви бўлган «Ювентус» - «Интер» қарама-қаршилиги ва яна 4та ўйин маълум муддатга кечиктирилгани римликлар фойдасига хизмат қилиши мумкин. Ҳар ҳолда, нақд билан насия ўртасидаги фарқ барчага маълум.

Женнаро Гаттузо раҳбарлигида ўз ўйинини топа бошлаган «Наполи» бу турда «Торино» устидан зафар (2:1) қучди ва еврокубоклар ҳудудидаги ўрнини сақлаб қолди. Ўз майдонида «Аталанта»ни қабул қилган «Лечче» фақат биринчи бўлимда кучли рақиб билан тенгма-тенг тўп сурди. Аммо танаффусдан кейин меҳмонлар тўлиқ устунликка эришиб, майдон эгалари дарвозасини яна 5 марта ишғол этишди. Натижада ҳисоб хоккейча (2:7) кўриниш олди.

Кальяридаги қизиқарли ва муросасиз баҳс ҳам голларга бой бўлиб, «Рома»нинг 4:3 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди.

Франция. Квартет узоҚлашмоҚда

Лига 1нинг навбатдаги турини етакчи тўртлик вакиллари муваффақиятли ўтказиб, ўз мавқеларини мустаҳкамлаб олишди. Жумладан, «Марсель» сафарда «Ним»ни (3:2), «Лилль» «Нант»ни(1:0) ва «Ренн» «Тулуза»ни (2:0), «ПСЖ» эса ўз майдонида «Дижон»ни (4:0) маҳв этишди.

«Лион» ҳам ўз мухлислари кузатувида «Сент-Этьен»ни катта қийинчилик билан енгди, 2:0 ва 5-ўринга кўтарилиб олди. Монакода «Реймс» билан жанговар (1:1) дурангни расмийлаштирган князлик клуби эса «Лион»нинг ўрнига тушиб кетди.

Ўта қизиқарли ва қизғин курашлар остида кечган «Монпелье» - «Страсбур» беллашувида маҳаллий мухлислар майдон эгаларининг 8 дақиқа ичидаги 3та голидан завқ олишди. Рақамлар ўйини ихлосмандлари эса турнир жадвалидаги 6- ва 9-ўринлар соҳиблари бир айланиб жой алмашганларига гувоҳ бўлишди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz