Қайднома

Қидирув

«Янги Шева» топиш қийин

«Янги Шева» топиш қийин

  06.03.2020 09:16
  0
  185
«Янги Шева» топиш қийин

«МИЛАН» ҲАМОН ИДЕАЛ ҲУЖУМЧИ ҚИДИРМОҚДА. Football.ua ижодкорларининг хулосаларига кўра, Италиянинг энг совриндор клубларидан бири «Милан» ҳужумчилар қўнимсизлиги туфайли аввалги мавқеини таклашга қийналмоқда. Польшалик Кшиштоф Пентек «Герта»га кетгач, «россонерлар» учун ҳар йили ҳужумчиларни янгилаш одатга айланиб улгургани яна бир бора тасдиқланди. Буни Кшиштофнинг ўзи ҳам алоҳида таъкидлади. Ортга назар солсак, «россонерлар» Андрей Шевченко клубдан илк марта кетгач, яъни 2006 йили идеал ҳужумчи қидириш ишларини бошлаб юборишганди. Шундан буён жуда кўп харидлар амалга оширилди, аммо ҳеч бири чинакамига муваффақиятли чиқмади. Ҳа, Марио Балотелли «Сан Сиро»даги биринчи даврида чакки кўринмади, Златан Ибрагимович 2010-2012 йилларда бинойидек тўп сурди, голлар урди. Алешандре Пато ва Робиньо трансфери ҳам нисбатан самара берди. Бироқ 2014 йили Массимилиано Аллегри «Милан» билан хайрлашгач, клубда ҳужумчиларга боғлиқ чинакам беқарорлик бошланди. «Милан» шу истеъфодан кейин 6 йил давомида ҳужумда кимларни синаб кўрмади-я...

 

Массимилиано Аллегри кетгач, «Милан» бошқарувини қўлга олган Кларенс Зеедорф ярим йил ичидаянги ҳужумчига эҳтиёж сезгани йўқ. Чунки жамоанинг олдинги чизиғида Марио Балотелли бош ролни бинойидек бажараётганди. Ҳар ҳолда, у мавсум-2013|2014да «Милан»нинг энг яхши голеадори бўлди. Қолаверса, ўша пайт мураббий ҳужумда Робиньо ва Жампаоло Паццини, шунингдек, ёш Стефан ал Шааравигатаяниши мумкин эди. Бироқ Стефан кейинчалик ишончни оқлай билмади. Мавсум-2014|2015 стартидан олдин «Милан» бошқарувида Филиппо Инзаги иш бошлади. «Россонерлар» тарихида афсонавий голеадор сифатида из қолдирган собиқ футболчи айнан ҳужум чизиғида ҳақиқий инқилобга қўл урди. Оддий айтганда, Пиппогол олдинги позициянинг деярли барча ижрочиларини янгилади. Ёши ўтиб қолган Робиньо ижара келишуви асосида «Сантос»га йўл олди, Марио Балотелли эса ёзги трансферлар бозори охирида «Ливерпуль» сафига қўшилди («қизиллар» тарихидаги энг омадсиз трансферлардан бирини қайд этиш учун, гўё). «Супер Пиппо» кетганлар ўрнини тўлдириш учун 30 ёшли Фернандо Торресни чақирди. Испан ҳужумчиси «Челси»даги 3 мавсумдан кейин «Сан-Сиро»га 2 йиллик ижара келишуви асосида қадам ташлади. Бироқ ушбу ҳамкорлик мислсиз даражада хато бўлиб чиқди - Торрес «Милан» сафидаги 10та ўйинда атиги 1та гол урди ва қишдаёқ жонажон «Атлетико»сига қайтди. Фақат испаниялик билан бир вақтда «ПСЖ»дан ўтган франциялик Жереми Менез трансфери бироз самара келтирди. Дейлик, у 33та ўйинда 14та гол уриб, жамоанинг 2014|2015 йиллар мавсумидаги энг яхши тўпурари бўлди ва «Сан Сиро»да 2 мавсум ушланиб қолди. Торрес кетганидан кейин «россонерлар» раҳбарияти «Рома»дан Маттиа Дестрони ижара шартномаси бўйича таклиф қилди, аммо унинг «Сан Сиро»даги фаолияти узоққа чўзилмади - атиги 15та ўйин ва 3та гол.

Кейинги мавсум - «Милан» таркибида навбатдаги инқилоб. Бу орада Филиппо Инзаги ўрнини эгаллаган Синиша Михайлович ўз ўтмишдоши қўл остида ўйнаган ҳужумчилардан биргина Жереми Менезни олиб қолди. Шунинг баробарида Марио Балотелли ортга қайтарилди. «Ливерпуль» уни «Милан»га ижара келишуви асосида юбориб, харажатини озгина қоплашга уринди. «Россонерлар» учун бу келишув самараси Фернандо Торрес ижарасиникидан фарқ қилгани йўқ - 23та ўйинда 3та гол. Оқибатда «бебош» ҳужумчи кейинги мавсум кўч-кўронини йиғиштириб, Франция томон, аниқроғи, «Ницца»га юзланди.

Колумбиялик Карлос Бакканингтрансфери чакки кўринмади. Зеро, у «Сан Сиро»га кўчиб ўтишига қадар «Севилья» билан қаторасига 2 марта ЕЛ бош совринига эга чиққанди. Бакка «Милан»да кетма-кет икки мавсум жамоанинг бош тўпурари мақомини ўзиники қилди, шунга қарамай, 2017 йилнинг августида ижара асосида «Вильярреал» сафига қўшилди. Колумбиялик ҳозиргача шу клуб шарафини ҳимоя қилмоқда. Михайлович даврида жамоа ҳужумини кучайтириш илинжида харид қилинган яна бир футболчи - Луис Адриа­но «Милан» формасини кийишидан олдин нақ 8 йил давомида «Шахтёр» (Донецк)да самарали тўп сурган эди. Аммо бразилиялик ярим йил ичида «Сан Сиро» муҳити ва «Милан»нинг тактик чизмаларига мослаша олмади. Оқибатда Луис Адриано «А» сериянинг энг ёмон футболчисига аталган «соврин»га лойиқ кўрилди ва 2017 йилнинг январида Москванинг «Спартак» жамоаси билан шарт­нома тузди. Айтиш жоиз, у Россияда 2,5 йил бинойидек тўп сурди. Синиша Михайлович шунингдек, сенегаллик ҳужумчи Мбайе Ньянгни«Женоа»дан ортга қайтарди (ижара муддатидан олдин). Ўша мавсум айнан у 8та гол билан «Милан»нинг иккинчи яхши тўпурари бўлди, бироқ бош мураббий лавозимига Виченцо Монтелла тайинлангач, сенегаллик яна ижара сафарига жўнатилди - «Уотфорд»га.

Монтелла «Милан»да 2016 йилнинг июнида иш бошлаганини инобатга олсак, «россонерлар» кетма-кет равишда учинчи ёзги трансферлар  бозорига янги бош мураббий билан киришдилар. Жанлука Лападула эса ўша бозорда «Милан» томонидан сотиб олинган ягона ҳужумчи бўлди. Эътиборли томони, ёш футболчи бунга қадар Италия юқори дивизионида ўйнаган эмасди. Лападула «В» серияда «Пескара» учун 30та гол ургач, миланликлар уни сотиб олишни пайсалга солишмади. Ёш йигитча элит даражадаги дебют мавсумида анча қийналган бўлсада, 8та гол уришни уддалади. Шунга қарамай, «россонерлар» уни «Женоа»га тортиқ этишди - ижара. Умуман олганда, Виченцо Монтелла мавсум давомида ҳам ҳужум чизиғини фаоллик билан ўзгартириб борди. Қишда Луис Адриано ва Ньянг билан хайрлашган «қизил-қоралар» таркибни вингер Жерар Деулофеу ва Лукас Окампос ҳисобига «ямашди». Бироқ улар ярим йиллик ижара муддатида «Милан» учун лоақал 1та гол уришмади. Клуб тарбияланувчиси Патрик Кутроне ҳам асосий таркибдаги дебютини айнан Монтелла  даврида нишонлади. Бу йигит мавсум-2017|2018да жамоа қаҳрамони бўлди, фақат бошқа мураббий қўл остида.

2017 йилнинг апрель ойида «Милан» хитойлик тадбиркор Ли Юнхун томонидан сотиб олингач, футбол олами Италиянинг буюк клубидан буюк қўзғалишни кутди. Афсуски, бундай бўлмади. Ваҳоланки, «россонерлар»нинг янги раҳбарияти  2017 йилнинг ёзида трансферларга чамаси 175 миллион евро сарфлади. Ушбу харид кампаниясида «Ювентус» афсонаси Леонардо Бонуччи «торт устидаги безак» сифатида кўринди. Жамоа ҳужум гуруҳи эса яна янгиланди - «Фиорентина»дан хорват Никола Калинич ижара шартномаси асосида олинди, Андре Сильва учун «Порту»га 38 миллион евро тўланди, яна «Сандерленд» вакили, вақтида суперистиқболли кўринган Фабио Борини сотиб олинди. Бу ҳужумчиларнинг ҳар бирига катта умид боғланган бўлсада, мавсумда тўп­урарлик байроғи 20 ёшли Патрик Кутронега насиб этди. Бироқ у ҳам «Сан Сиро»да узоқ ушланиб туролмади - кейинги мавсум ишлари юришмаган ёш футболчини 2019 йилнинг ёзида «Вулверхэмптон»га сотишди.

«Милан» мавсум-2018|2019ни нафақат янги бош мураббий (Женнаро Гаттузо), балки янги президент раҳбарлигида бошлади - халқаро қаллобликда айбланган Ли Юнхун ўрнини Паоло Скарони эгаллади, шунингдек, спорт директори лавозимига Лео­нардо қайтарилди. Ўз навбатида, Никола Калинич ва Андре Сильва жамоадан кетишди, уларнинг ўрни «Ювентус»дан ижара асосида олинган Гонсало Игуаин билан тўлдирилди. Аргентиналик моҳир тўпурар 22та ўйинда 8та гол урган бўлсада, «Милан» етакчиси ролини кўтаролмади ва қишда «Челси»га йўл олди. Мавсум давомида харид қилинган ягона ҳужумчи Кшиштоф Пентек Италия футболидаги дебютида чинакамига шов-шув кўтарганди. Яъни поляк йигити илк ўйинида «Женоа» учун 4та гол урганди. Умуман, у ярим йил ичида Генуя клубида 19 марта майдонга тушиб, 13та гол ҳосил қилди. Асосийси, Пентек «Милан»да ҳам ҳаммасини яхши бошлади - дастлабки бир неча учрашувда муҳим голларга муаллифлик қилган йигит «россонерлар» мухлисларидан «Янги Шевченко» мақомини олди. Аммо кейинчалик полякнинг шиддати аста-секин пасайиб борди ва у қишда фаолиятини тиклаш умидида «Герта» билан шартнома тузди.

Жорий мавсумга келсак, «Милан» ҳужумчилар гуруҳини яна тўлиқ янгилади. «Россонерлар» Кутроне трансфер ҳуқуқини «Вулверхэмптон»­га тўлиқ сотиб, Андре Сильвани навбатдаги трансфер сафарига жўнатишди. Қишда эса Борини «Верона»га, Пентек «Герта»га сотилди. Жамоа сафига эса ёзда Анте Ребич («Айнтрахт»дан ижара асосида) ва Рафаэль Леау (португалиялик ёш ҳужумчи «Лилл»дан харид қилинди) қўшилишди. Қолаверса, қишки трансферлар чоғи 38 ёшли Златан Ибрагимович яна «Милан» либосини эгнига олди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz