Қайднома

Қидирув

Юлиан Нагельсман: «Хоффенхайм»да мени «мини-моуриньо» дейишарди»

Юлиан Нагельсман: «Хоффенхайм»да мени «мини-моуриньо» дейишарди»

  07.03.2020 04:17
  0
  374
Юлиан Нагельсман: «Хоффенхайм»да мени «мини-моуриньо» дейишарди»

«Лейпциг» бош мураббийи Юлиан Нагельсманн Independent нашрига берган интервьюсида нега «Реал»га рад жавоби бергани, АПЛнинг қайси клубларини диққат билан кузатиши, Чемпионлар Лигасида Жозе Моуриньога қандай қаршилик кўрсатмоқчилиги ҳақида гапирди.

«РЕАЛ»ДАН КЕЙИН ҚАЕРГА БОРАМАН?»

Телефон қўнғироғи чалинди. Нагельсманн нариги томондан келаётган овозни диққат билан тинглади. «Реал» ижрочи директори Хосе Анхель Санчес уни Зайниддин Зиданнинг ўрнига асосий номзод сифатига кўришаётганини айтди. Бу воқеа 2018 йилнинг ёзида, Юлиан 31 ёшини нишонлаётган паллада рўй берди. У «Хоффенхайм»ни Бундеслигада 3-ўринга олиб чиқиш орқали клуб тарихида илк маротаба Чемпионлар Лигасига тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритганди. Германия чемпионатининг барча йиллардаги энг ёш мураббийига кўплаб клублар қизиқиб қолишган, унинг жамоасини алмаштириш имкониятларини билишга ошиқардилар.

- Бу даҳшат эди. Ахир гап оддий клуб эмас, «Реал Мадрид» ҳақида бораётганди, - дейди Нагельсманн Анхель Санчес билан суҳбати ҳақида гапираркан. - Сенга «Қироллик клуби» қизиқаётгани нормал ҳолат, кейин фақат шу ҳақда ўйлайсан. Дастлаб ажабландим, ҳаммасини ўйлаб кўриб, мазкур вазиятда ўзимни ноқулай ҳис қилаётганимни тушундим. Мадридга бориш варианти кўплаб саволларни келтириб чиқарди: бундай чорловга тайёрманми? Мураббийлик кўникмаларимни яхшилаш, ўсишни хоҳлайман. «Реал»га борсангиз, бирор янги нарса ўрганишга вақтингиз бўлмайди.

«Реал»га бориш энг яхши мураббийга айланиш имкониятингиз йўқлигини англатади, бунга қадар энг яхши бўлишингиз лозим! Ҳозир мен бундай мақомга эга эмаслигимни тан оламан, лекин келажакда энг яхшилардан бири бўлмоқчиман. Муҳими - катта эмас, тўғри қадам ташлаш. Эҳтимол, «Реал» фаолиятда ташлаш мумкин бўлган энг улкан қадамлардан бири, шундай экан, ўйланиб қолдим: «Ёшим 31да, «Реал»га ишлагани кет­япман, аммо кейин қаерга бораман?». Яна бир нарса: тил мен учун муҳим. Суҳбатни ёқтираман, футболчиларим билан гаплашишни яхши кўраман. Ҳозирча испанчада фақат «Hola» («Салом!») дея оламан, холос. Шундай экан, Мадридга бориш нотўғри қадам бўларди.

«КЛУБ ҒОЯЛАРИМГА

ИШОНИШИНИ БИЛИШ МЕН УЧУН МУҲИМ»

Нагельсманнинг футболчилик фао­лияти эрта тугаган. 20 ёшида марказий ҳимоячи жиддий жароҳат олиб, бутсаларини михга илишга мажбур бўлган. Отаси Эрвин касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмди ва Юлиан Бавариянинг жанубий-ғарбида яшайдиган оиласининг ёнига қайтди. Падаридан айрилиш унинг тезроқ улғайи­шига замин яратди, масъулиятли бўлишни, муҳим қарорлар чиқариш чоғида оғир-босиқликни ўргатди. «Реал»га рад жавоби берилиши шу тоифага киради. Нагельсманн дарҳол жавоб бермади, ўйлаб кўришга вақт сўради. «Хоффенхайм»дан кетиш режаси «Реал»дан қўнғироқ келишидан аввалроқ бўлганди. Юлиан олдинга қадам ташлаш вақти келганини англаб етганди, аммо катта эмас, кичик ва ишончли қадамлар ташлашни хоҳлади. Нагельсманнинг фойда келтириши мумкинлигини «РБ Лейпциг» бошқалардан олдинроқ тушуниб, шунга кўра режа тузганди.

- Улар чиндан ҳам мен учун курашишганди, - дейди Нагельсманн. - Мураббий сифатида клуб менинг ғояларимга ишонишини ҳис қилиш муҳим эди. Оливер Минцлафф ва Ральф Рангник жамоага кераклигимни исботлашди. «Лейпциг»га ўтишимдан бир йил аввал қўнғироқ қилиб, нега айнан уларнинг сафида ишлашим кераклигини тушунтиришди. Эртасига электрон манзилимга шарт­номани жўнатишди. Бу давр ичида кўплаб клублар менга қўнғироқ қилиб, шундай дейишди: «Балки, бизнинг жамоада ишларсиз». «Лейпциг»да эса ҳеч қандай шубҳа ёки «балки» бўлмаганди. Бу жамоада нимадир қилишни хоҳлашим мумкин, ҳаммаси жуда тез рўй беради, чунки барча клубларнинг келажакка қараши бир хил бўлади. Қолаверса, ёш жамоа билан ишлаш қизиқ. Улар ривожланишни, имкониятларни кенгайтиришни ва ҳар куни янада яхшироқ бўлишни хоҳлашади.

Нагельсманн «Лейпциг» билан тўрт йиллик битим тузди. Бу ҳақда 2018 йилнинг 21 июнида хабар берилди, унинг келажагига таъсир ўтказилишининг олдини олиш мақсадида шундай қилинди. Юлиан янги клубида 2019 йилнинг ёзидан иш бошлади.

- Қизиғи, шартнома имзолаганимдан 10 дақиқа ўтиб, барча клублар менга таклифлар билан чиқа бошлашди, - дейди Нагельсманн кулиб.

Маурисио Почеттинонинг ўрнига ворис қидираётган «Тоттенхэм» шундай жамоалардан бири эди. Эътиборлиси, Чемпионлар Лигасида Юлиан Жозе Моуриньо клуби билан тўқнаш келадиган бўлди. «Хоффенхайм»да уни айнан «Беназир» билан солиштиришарди.

- Чамаси 6 йил аввал жамоа дарвозабони Тим Визе мени «мини-Моуриньо» деб чақирди, кейинчалик қолганлар ҳам шундай атай бошлашди, - дея эслайди Нагельсманн. - Ўша пайтлари мураббий ёрдамчиси эдим, шунингдек, U-19 жамоасида ишлардим. Ҳамма нарсани билишни хоҳлайдиган ёш йигит эдим. Моуриньо иккимизнинг фалсафамизда ўхшашлик йўқ, аммо бу ўхшатишни дунёдаги энг ёмони деёлмайман. Аксинча, исмимни Жозе билан боғлашларидан ғурурлансам арзийди. У 25та соврин ютган, футбол тарихидаги энг яхши мураббийлардан бири ҳисобланади. Эндиликда бир-биримизга қарши ўйнаб, ўз ғояларимизни солиштириш имконияти туғилганидан хурсандман.

Нагельсманн ва Моуриньо ўз клубларида турлича ишлашади, аммо юқори даражада ишлашга интилиш борасида уларни боғлайдиган жиҳатлар кўп. Ҳар иккиси скаутлик қилишган, спорт илмини тушунишга интилишган, ёшлар жамоаларида ишлашган, қадрли ёрдамчилар бўлишган. Уларнинг иши обрўли мураббийлар томонидан мақталган: Томас Тухель ва Ральф Рангник Нагельсманнинг келажагига ишонч билан қараган бўлсалар, сэр Бобби Робсон ҳамда Луи ван Гаал Моуриньонинг келгусида етук мутахассис бўлишига шубҳа қилишмаган. Эътиборлиси, Чемпионлар Лигасидаги «Тоттенхэм»га қарши ўйинлар арафасида Нагельсманн устунлик Моуриньо томонида эканлигини таъкидлади.

- Жозе футболда катта тажрибага эга, исталган вазиятда қандай ҳаракат қилиш кераклигини яхши билади, - дейди 32 ёшли Юлиан. - У «плей-офф»да жуда кўплаб ўйинлар ўтказган. Мен эса фақат Германия кубогида шундай даражадаги учрашувларда ишлаганман. Бу мен учун мутлақо янги синов, ЕЧЛдаги тўқнашувлар Бундеслигадаги баҳслардан фарқланади.

«ФАҚАТ НАТИЖА ЭМАС,

МАҚСАДГА ЭРИШИШ ЖАРАЁНИ МУҲИМ»

«Лейпциг» - сўнгги пайтларда Германия чемпионлиги йўлида кузатилаётган энг муҳим ўйинларнинг бош қаҳрамони. Ўртача ёши 23,5ни ташкил этадиган клубга ҳам Бундеслига етакчиларига муносиб қаршилик кўрсатиб, ҳам Чемпионлар Лигасидаги катта ўйинларда қатнашиш осон бўлмайди. Нагельсманн эса аввалги клубларида таркибда ротация­ларни амалга ошириш бўйича тажриба тўплаганини таъкидлайди.

- «Хоффенхайм»нинг еврокубоклардаги дастлабки мавсумида, ЧЛ квалификациясида «Ливерпул»га ютқазганимиздан кейин, Бундеслига ва Европа Лигаси ўйинларида таркибни ўзгартиришга ҳаракат қилдим. Бизга кўпроқ барқарорлик кераклигини тушундим. Бунинг учун 5-6 нафар бир хил футболчиларни майдонга тушириш муҳим, яъни жамоа ўзагисиз яхши натижаларга эришиш мушкул. Икки турнир ўртасидаги яна бир фарқ психологик ва тактик ўзгаришларга боғлиқ. Бизда жуда кўплаб ҳужумкор ўйинчилар бор эди, еврокубоклардаги рақиблар эса мудофаа чизиғимиздаги нуқсонлар сабаб жазолашарди. Бундеслига билан қитъа миқёсидаги мусобақаларнинг фарқи ҳам шунда.

Нагельсманн эҳтиёткор, жамоасини юксак умидлар ва талаблар билан қийнамайди. Бундеслигада пеш­қадамлар сафида бориб, Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичидан биринчи ўрин билан чиқилгани бутун жамоага кўтаринки руҳ бағишлади: демак, жиддий ютуқларга эришиш имконияти бор.

- Германия чемпионлиги ҳақида ўйлаш нормал ҳолат, - дейди Нагельсманн, - аммо футболни яхши тушунадиганлар билишадики, ёш жамоанинг иштироки ҳеч қачон бир текис кетмайди. Ривожланиш асносида ўсиш ва пасайишлар кузатилади. Ҳар бир баҳс­да идеал ўйин кўрсатолмаймиз. Ҳамон мақсадимизга эришиш имкониятига эгамиз, шу боис, ўзимиз қатнашаётган барча турнирларда ғалабани кўзлаймиз. Биз учун шунчаки натижа эмас, унга эришиш жараёни янада муҳимроқ саналади.

«ЯХШИ МУРАББИЙ БЎЛИШНИ ХОҲЛАСАНГИЗ, «ЛИВЕРПУЛЬ» ЎЙИНЛАРИНИ КЎРИНГ»

Нагельсманн Англия Премьер-лигаси учрашувларини тез-тез томоша қилиб, илҳом олишини таъкидлади. Мунтазам янгиликлар қидирадиган мутахассис туманли ўлка етакчиларининг иштироки, у ердаги жамоаларда мураббийлар қандай қизиқарли қарорлар чиқаришаётганини кузатади.

- Кўпинча «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» ўйинларини кўраман, - дейди у. - Ўтган мавсум «шаҳарликлар» ажойиб формага киришганди, исталган рақибнинг ҳимоясини ёриб ўтишарди, тўп назоратини қойиллатишарди. Пеп Гвардиола жамоаларини кузатиш қизиқ.

«Ливерпуль» ўйинида ҳам хилма-хиллик бор. Юрген Клопп бошқарувидаги дастлабки икки мавсумда мураббийнинг жамоага қарши ҳужумлардаги ҳаракатлар ва рақиб дарвозаси олдида кўпроқ вазиятлар яратишни ўргатганига гувоҳ бўлгандик. Биз ҳозир «Лейпциг»да худди шундай жараённи бошдан кечиряпмиз, турли тактик қарорларни ўйлаб топяпмиз. Клопп ва Гвардиоланинг ғоялари эса менга илҳом бағишлайди.

Агар яхши мураббий бўлишни хоҳласангиз, «Ливерпуль» иштирокидаги ўйинларни кўришингиз керак. Уларнинг ўйини - ажойиб. Иштирокдан сабоқ олишингиз мумкин, аммо бундан ҳам муҳими - жамоангизга доимо ғалаба ҳақида ўйлашни сингдириш. «Ливерпул»нинг бундай ўйнаши тасодиф эмас. Клопп ўз шогирдларини исталган рақибдан кучли эканликларига ишонишга ундади. Ўзинг қатнашаётган лигадаги энг яқин таъқибчингни 22 очкога ортда қолдиришингга қарамай, ғалаба қозониш йўлида янада кўпроқ меҳнат қилиш - ҳақиқатан ҳам ажойиб. Бу ўйинчилар, айниқса, ёшлар учун катта мотивация. Клопп шогирдларидан ҳамиша максимум кучни талаб қилади. Биз бу борада «Ливерпул»дан ўрганишимиз керак. Чемпионликни 99 фоизга ҳал қилганинг ҳам аҳамиятсиз. Жамоа соврин деярли қўлга киритилганига қарамай, фақат ғалаба қозонишни ўйлаши керак.

«АНГЛИЯДА ЎЗИНГ УЧУН

ВАҚТ ТОПОЛМАЙСАН, ФАҚАТ ФУТБОЛНИ ЎЙЛАЙСАН»

Нагельсманн чиндан ҳам АПЛни юксак қадрлайди. Бунга жавобан ушбу лиганинг етакчи клублари германиялик мутахассисга қизиқиш билдиришмоқда. Айниқса, «МЮ» Юлиан жамоани Англия футболи чўққисига олиб чиқишига ишонмоқда. Қаҳрамонимиз инглиз тилини яхши билади. Шундай экан, унинг Премьер-лигада ишлаш режаси борлигини тахмин қилсак бўлаверадими?

- «Лейпциг»да яна 4 йил ишламоқчиман, лекин футболда нималар рўй беришини олдиндан билиб бўлмайди. Бундеслиганинг бошқа клублари ва Ла Лига сингари АПЛга ҳам қизиқишим бор, албатта, лекин аввал испан тилини яхшироқ ўрганишим керак. Англияда ишлаш қийинлигини биламан. Клопп ва Гвардиола интервьюларида тақвим тиғизлиги, футболчилар ва ходимларга талаб юқорилигини айтишганди. Шундай экан, туманли ўлкада ишлашга тайёр бўлиш лозим. Футболдан ташқари бош­қа қизиқишларим ҳам бор: мотокросс, чанғи учиш, оилам давраси... Премьер-лигада буларга вақт топилмайди. Фақат футбол, футбол, футбол... Аммо ўзим диққат билан кузатаётган клублар бор, АПЛда ишлаш эса ҳар бир мураббийнинг мақсадидир.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz