Қайднома

Қидирув

Икки ўйин, 69та зарба + икки очко ҳамда...

Икки ўйин, 69та зарба + икки очко ҳамда...

  07.03.2020 09:22
  0
  414
Икки ўйин, 69та зарба + икки очко ҳамда...

ЖОРИЙ МАВСУМДАГИ ЭНГ ҒАЛАТИ СТАТИСТИК КЎРСАТКИЧЛАРДАН БИРИ. «Херенвен» клуби 8 февраль куни Нидерландия Эредивизиони 22-турида «Венло»ни қабул қилиб, ғалаба қозониш йўлини тополмади - 1:1. Бу натижада ғайритабиий ҳеч нарса йўқ, агарда ўйин статистикаси эътиборга олинмаса. Диққат қилинг, мезбонлар учрашув давомида рақиб дарвозаси томон нақ 31 марта зарба йўллаб, атиги 1та гол уришди. 31та зарба — бу «Херенвен»нинг охирги 10 йилдаги рекорд кўрсаткичи. Херенвенликлар охирги марта мавсум-2010|2011да шунга ўхшаш ҳужумкор ўйин намойиш этишганди. Ўшанда жамоанинг ярим ҳимояси марказида заргарона узатмалар устаси Расмус Эльм ўйнарди, рақиблар жарима майдони ичида эса кимсан Бас Дост кичик имкондан ҳам зарба йўллашни уддаларди...

 

«Венло»га қарши ўйинга келсак, мезбонлар аввалига пенальтидан гол қўйиб юборишди, кейин орадан ҳеч қанча ўтмай, ҳисобни тенглаштиришди. Ана шу паллада финал ҳуштаги чалинишига ҳали яна 20 дақиқа бор эди ва «Херенвен» футболчилари қолган вақтда нақ 4та ўта хавфли вазият яратишди, аммо ғалабани ўз томонларига оғдира олишмади, барибир. Қарангки, жамоа икки ҳафтадан кейин яна бир бора шундай қисматга дучор бўлди. Херенвенликлар бу сафар Эредивизион доирасидаги навбатдаги уй учрашувида омадсизлик ботқоғидан сира чиқолмаётган «АДО Ден Хааг»ни қабул қилиб, 38-дақиқага қадар 2та жавобсиз гол қўйиб юборишди. Боз устига, деярли бир хил ҳолатда: Жон Госсенс 2 марта деярли бир нуқтадан тўпни жарима майдони ичига оширди ва аввалига Омар Богл самарали ҳаракатланди, кейин Родни Конголо техник хато оқибатида автогол муаллифига айланди. «Венло» билан баҳсда - пенальти, «Ден Хааг»га қарши ўйинда — автогол. Чинакам омадсизлик. Лекин бу ҳаммаси эмас. Мезбонлар иккинчи голдан кейин рақибни шунчаки, ўз жарима майдонига қамаб қўйишди. Якунда улар ижросидаги зарбалар сони 38та (!)га етди. Буниси энди охирги 4 йилда Нидерландия элит лигасида кузатилган энг юқори кўрсаткичдир. Қолаверса, зарбалар хилма-хил бўлди, турли нуқталардан берилди. «Жуда кўп вазият яратдик, бироқ самара паст, боз устига, йўқ жойдан 2та гол қўйиб юбордик», — дея нолиди ўйиндан кейин «Херенвен» бош мураббийи Жонни Янсен. Одатда мураббийнинг бундай сўзлари худди баҳонадек туюлади, аммо Янсен чиндан ҳам, бошқача гапиролмасди...

Агар 2та ўйинни олсак, «Херенвен» футболчилари 180 дақиқа давомида жарима майдонининг ташқа­рисидан 40 марта зарба беришди. Диққат қилинг, ҳар 4,5 дақиқада узоқ масофадан 1та уриниш!. Умуман олганда, хавфли вазиятлар даражасини инобатга олсак, Янсен жамоаси бу учрашувларда бамайлихотир 6 очко олса бўларди, амалда унга атиги 2 очко насиб этди. Қисқаси, «Херенвен» евротурнирлар йўлланмалари тақдирига ойдинлик киритадиган Эредивизион «плей-офф» босқи­чи сари курашда қимматли 4 очкодан айрилди. Жамоа вазиятлардан самара чиқаришда оқсаса, кўпинча бу ҳолат таркибда ёш футболчилар кўплиги билан изоҳланади. Ҳар ҳолда, ёшлар ҳал қилувчи паллада саросима ёки босим остида ўта қулай имкониятни ҳам кўкка совуришлари мумкин. «Херенвен» эса чемпионатдаги энг ёш таркибга эга жамоалардан биридир. Унинг сафида 28 ёшдан ошган футболчининг ўзи йўқ, ҳисоби. Қолаверса, футболда нималар кузатилмайди-я...

«Херенвен» маҳаллий чемпио­нат доирасидаги кейинги уй учрашувини «Аякс»га қарши ўтказади. Агар Жонни Янсен шогирд­лари амалдаги чемпион билан баҳсда омадни қайтара олсалар, «Абе Ленстра» аренаси трибуналари аввалги икки учрашувдаги ҳолатларни шунчаки, унутади - тамом...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz