Ҳужумчилар - миллионлар ўйини безаги бўлмиш голлар муаллифлари. Улар мухлисларга олам-олам қувонч бағишлашади. Форвардлар қийин пайтда жамоага фойда келтиришади, муаммоларнинг ечилишига сабабчи бўлишади. Биргина ғалаба голи муаллифи халқ қаҳрамони, миллат фахри, келажак кўзгусига айланиши мумкин. Юртимиз футболи тарихида бундай футболчилар бисёр. Биргина Миржалол Қосимовни олсак, уни миллионлар ўйинига қизиқмайдиганлар ҳам танишади. 2000 йилларда Ўзбекистонда яна бир иқтидор етишиб чиқди - Александр Гейнрих. ЖЧ-2022 саралаши доирасидаги Саудия Арабистони термасига қарши баҳс (2:3)да ҳамкасбларимиз ғалаба қозониб турган пайтимизда Гейнрихга ўхшаган, ўйин темпини туширадиган, ўзига яраша айёрликни боплайдиган футболчи етишмаганлигини айтиб қолишди. Чиндан ҳам шундай. Сезганингиздек, бугунги мақола Сашага бағишланади.
Асли келиб чиқиши немисларга бориб тақаладиган Гейнрих 2001 йили 16 ёшида «Дўстлик» жамоаси орқали катта футболга кириб келди. Ўта абжир, вазиятларда совуққонлик билан ҳаракатланадиган форвард тез орада «Пахтакор» скаутлари эътиборини ўзига қаратди ва 2002 йилда «шерлар» аъзосига айланди. Пойтахтдаги илк мавсумидаёқ 23та учрашувда 9 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди, ОЧЛда дебютини нишонлади. Шунингдек, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига йўлланма олди.
2003 йилда Виктор Борисов бошчилигидаги термамиз БААдаги кичик мундиалда Мали (2:3), Испания (0:1), Аргентина (1:2) каби кучли жамоалар билан бир гуруҳдан жой олди. Гарчи гуруҳдаги ўйинларнинг ҳаммасида ютқазган бўлишсада, вакилларимизнинг иштироки мухлис ва мутахассисларда илиқ таассурот қолдирди. Мана шу мусобақада Гейнрих 2та гол урди ва кўп ўтмай миллий термага таклиф этилди.
Бош жамоамизнинг ўша пайтдаги мураббийлари - Равшан Ҳайдаров ва Юрген Геде уни 2004 йили Хитойда ўтказилган Осиё кубогига олиб кетишди. Тўрт йил олдинги мусобақада Саудия Арабистонига йирик ҳисобда ютқазган термамиз Чин ўлкасида ушбу мағлубият учун реванш олди. Айнан Гейнрихнинг жарима зарбасидан киритган тўпи ғалабани таъминлади. Бу ёш иқтидор учун улкан воқелик эди. Чорак финал доирасидаги Баҳрайн термасига қарши баҳсда Саша яна жарима зарбасидан гол урди.
Ўша кезлари Гейнрихга «Пахтакор» менежери Самвел Бабаяндан кутилмаган қўнғироқ бўлганди: «Саша, тезда кийимларингни йиғиштир. Эртага Москвага учасан». Футболчига Россия гранди ЦСКА қизиқиш билдирди ва шартнома ҳам имзолади. Бироқ катта футболда ўз ўрнига эндигина эга бўлаётган ўйинчи кучли легионерлар соясида йўқолиб қолди. «Армиячилар» сафида бор-йўғи иккита учрашувда майдонга тушди, холос.
«Россияга биринчи борганимда жуда ёш эдим. У ерда футбол ўйнаш осон эмаслигини тушундим. Қийин чемпионат, номдор футболчилар. Ўзим учун керакли хулосаларни чиқарганман», - деганди Гейнрих ўз интервьюсида.
Кейинчалик у Россиянинг бошқа бир клуби - «Торпедо» сафига қўшилди, 18 баҳсда уч бор гол урди. Сўнг «Пахтакор»га қайтди. 2006 йили Рауф Инилеев бош мураббийлигидаги Ўзбекистон олимпия термаси Қатардаги Осиё ўйинларида қатнашди. Гейнрих 4та ўйинда 3та тўп киритди. Мазкур учрашувларда у тажриба тўплаб борди. Характер ва ўзига хос услубга эга бўлди. Стандарт вазиятлардан моҳирлик билан фойдаланиши кўп ҳолларда рақиб посбонига муаммо туғдирарди. Шу сабабли тез орада мухлислар ёқимтойига айланди. 2007-2011 йиллар мобайнида Гейнрих ўзининг жонажон «Пахтакор»ида бири-биридан ажойиб мавсумларни ўтказди. ОЧЛ гуруҳ босқичида сафарда «Ал-Иттиҳод» дарвозасига урган голи сафардан дуранг билан қайтишга хизмат қилди.
2010 йилда миллий жамоа рули Вадим Абрамовга топширилди. Термани Қатардаги Осиё кубогига айнан шу мутахассис олиб борди. Мураббий Сашадан қандай фойдаланишни биларди. Чиндан ҳам мазкур мусобақадаги ижобий натижаларда кўпчилик қатори Гейнрихнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Жанубий Корея термасига қарши 3-ўрин учун кечган баҳсда уни «Сувон» кузатган экан. Натижада, қитъа турниридан кейин у мазкур клуб билан шартнома имзолади. Ўшанда Александр интервьюсида шундай деганди: «Жанубий Кореяда қийналганим рост. У ердаги ҳаёт тарзи, маҳаллий овқат, шунингдек, машғулотларга кўникиш осон кечмаган».
Кейинчалик Саша БААнинг «Эмирейтс» клубида омадини синаб кўрди, ўхшамади. Орада спорт формасини бироз йўқотган футболчи Қозоғистоннинг «Актобе»сига ўтди. Миллий жамоада авлодлар алмашинуви жараёни рўй бераётгани боис, анча вақт термага чақирилмади. Самвел Бабаян бош жамоамизга келгач, Гейнрихни таркибга қайтарди ва бу қайтиш гол билан нишонланди: ЖЧ-2018 саралаши доирасида Яман дарвозасини аниқ нишонга олди. КХДР термаси билан ўйинда бурилиш ясади, 3-босқич илк турида Сурия унинг ягона голи эвазига таслим этилди. Аммо қолганига ҳужумчимизнинг кучи етмади.
Ёдингизда бўлса, Гейнрих сурияликларга қарши баҳсда урилган голини ўзгача тарзда (телефонда селфи қилиб) нишонлаганди. Бу борада берилган саволга у шундай жавоб берганди: «Тотти - ҳақиқий афсона. Унинг сўнгги ўйинини кўрдим, футбол билан хайрлашганини кўриб йиғладим. У сингари голни нишонлаганимдан шодман. Сурия билан ўйиндаги селфи ўз-ўзидан келиб чиқди. Кимдир менга телефонини узатди ва ажойиб ҳиссиётлар остида суратга тушдик».
Гейнрих Ўзбекистон терма жамоаси либосида 94та ўйин ўтказиб, 31та гол урди. ЖЧ-2018 саралаши доирасидаги Жанубий Кореяга қарши Тошкентда ўтказилган ўйин унинг фаолиятидаги сўнггиси бўлди. Шу куни у майдонни кўз ёшлари билан тарк этди. Ҳа, Саша бутун халқимиз каби мундиалга боришга ҳақли эди. Чунки у яшил майдонда ўзи учун эмас, юрт шаъни, Ватан обрўси учун ҳаракат қилган. Қийин паллаларда ўзини кўрсата олган. Шу боис, эслаганда ҳамиша фахр билан «Ўзимизнинг Гейнрих» деб қўямиз.
А.ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20