Қайднома

Қидирув

Айб тиббий гуруҳдами

Айб тиббий гуруҳдами

  08.03.2020 05:25
  0
  335
Айб тиббий гуруҳдами

«ПСЖ» бу сафар ЧЛнинг илк «плей-офф» раундидаёқ муаммога дуч келди - анчадан буён «шалпангқулоқ» кубок орзуси билан яшаётган Париж гранди 1|8 финал доирасидаги илк ўйинни Дортмундда «Боруссия»га қарши ўтказиб, ортга мағлубият билан қайтди - 1:2. Кейин эса қандайдир телбалик янги даражага чиқди: бразилиялик Неймар клубни ошкора айблади: «Менга яхши спорт формасига кириб олиш имкониятини беришмади». Ҳа, у «Сигнал Идуна Парк» сафарига қадар қаторасига 4та ўйинни трибунунадан кузатишга мажбур бўлганди. «ПСЖ» кетма-кет 2 йил ЧЛнинг шу босқичида жароҳат туфайли майдонга тушолмаган Неймарни шу тариқа асрашга уринди...

 

Тўғри, Неймар нега шундай бўлганини тушунган. Бироқ шифокорлар гуруҳининг ушбу қарорига эътироз билдирди, барибир. «4та учрашувда майдонга тушмаган ҳолда, кейингисида бирданига яхши ўйнаш жуда қийин. Афсуски, хоҳиш ўзимда эмас. Клуб ва тиббиёт хизмати шундай қарорга келди. Очиғи, бу менга асло ёққани йўқ. Натижада ўртамизда шу масала устида тортишув ҳам юзага келди. Чунки мунтазам ўйнашни хоҳлагандим. Бинобарин, ўзимни яхши сезаётгандим, аммо клуб қўрқоқлик қилди. Оқибатда ҳаммасидан асосан мен жабр кўрдим...», - деди Неймар яқинда. «ПСЖ» бош мураббийи Томас Тухель эса умумий ҳолатни бироз бошқача талқин қилди: «Ҳа, клуб вакиллари, тиббий ходимлар ва мен бу масалада чиндан ҳам, тортишдик. Ўзи ҳар бир жароҳатга алоҳида қараб, баъзи қарорлар чиқаришимизга тўғри келади. Тушунинг, агар Неймарга ўйнаш имкониятини берганимизда, жароҳати оғирлашиши ва оқибатда у 3 ойга сафдан чиқиши ҳеч гап эмасди. Футболчи клуб қарори сабабларини ўйлаб кўриши керак. Яна мураббийга ишониши ҳам муҳим. Неймарни маълум муддат асраш - клуб қарори. Энди у ортиқча гап-сўзларни йиғиштириб, ўйин маромини тезроқ тиклаши зарур».

«ПСЖ» юлдузларини мавсум бўйи айнан жароҳатлар синовдан ўтказмоқда, гўё. Футболчининг тикланиши - мураккаб жараён. «ПСЖ» сентябрь ойида буни Килиан Мбаппе мисолида ҳам тушунтиришга уринганди. Яъни махсус видеолавҳада Килиан майдонга қайтиш учун нима билан шуғулланаётгани хусусида тўхталган: «Даволаниш курсини тўлиқ ўташингиз шарт, чунки жароҳат ўз-ўзидан йўқолиб қолмайди. Кейин шикастланган жойга чивиқли мато ўраб олишингизга тўғри келади - бу ҳимоя воситаси. Шундан сўнг барчаси синаб кўрилади. Бунда жисмингиз юкламаларни кўтариб олишига ишонч ҳосил қилишингиз керак. Айниқса, юқори фаолликда ўзингизни қандай ҳис этишингизни билишингиз муҳим. Зеро, ўйинларда ҳар дақиқада тезлик олиш талаб қилинади». «ПСЖ» мавсум бошида айнан жароҳат туфайли Юлиан Дракслер, Эдинсон Кавани, Килиан Мбаппе ва яна бир қатор футболчиларни йўқотди. Шунинг учунми, клубнинг тиббий хизмати ҳам, бош мураббий ҳам муҳим паллада эҳтиёткорликни биринчи ўринга қўймоқда. Яъни парижликлар жароҳат жиддий бўлмасада, футболчининг саломатлигини хавф остида қолдиришни исташмаяпти. Тиббий штаб вакиллари Неймарнинг эътирозига муносабат билдиришгани йўқ, лекин улар Тухелни тўлиқ қўллаб-қувватламоқдалар. Умуман, «ПСЖ»да ҳамманинг фикри бир жойдан чиқмоқда - Неймарнинг кичик жароҳатига беписанд қаралганида, оқибати ёмон бўлиши мумкин эди.

 

ДАРВОҚЕ...

«ПСЖ» раҳбарияти 2019 йилнинг ёзида клубнинг тиббий штаби раҳбарини ўзгартирганди. Ўзи ўтган мавсумдаёқ Эрик Ролланнинг таъсири анча камайганди. Ҳар ҳолда, Неймарнинг эски жароҳатини «ПСЖ» маслаҳатчиси Ҳаким Чалаби тавсия қилган бошқа шифокорлар даволашди. Ёзга келиб, Роллан клуб билан батамом хайрлашди ва унинг ўрнини «Лион»да ишлаган Кристоф Бодо эгаллади. Роллан 2007 йилдан буён «ПСЖ»нинг бош шифокори эди. Айтганча, жорий мавсум бошидаги муаммоларни айнан унинг кетгани билан ҳам боғлашди...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz