«Валенсия» - «Барселона» беллашуви уругвайлик ҳужумчининг бенефисига айланди. Луис Суаресми, дейсизми? Йўқ, у ҳозир жароҳатини даволаш билан овора, жамоасига ёрдам беролмайди. Гап «Барселона»га қарши учрашувда «хет-трик»ка яқин келган, лекин дуэлда тер Штегенни енга олмай, «дубль» билан кифояланган Макси Гомес ҳақида бормоқда.
Максимилиано Гомес Гонсалес ёки қисқача Макси Гомес 19 ёшида Уругвайнинг «Дефенсор Спортинг» клубида катта футболдаги дебютини нишонлаганди. Ўша мавсумдаёқ 52 учрашувда 29та гол ва 12та «ассист»ни амалга ошириб, Европа клублари эътиборини тортди ва тез орада 4 млн. евро эвазига «Сельта» таркибидан жой олди.
Ўзга қитъа ва бегона муҳит Гомеснинг сермаҳсул фаолиятига таъсир этмади, у Испаниядаги 70та ўйинда 30та гол ва 10та самарали узатмани ўз ҳисобига ёзиб қўйгач, уни қўлга киритишга оид тортишувлар авжига чиқди. Вигодаги икки самарали мавсумдан кейин «Сельта» уругвайлик топилмани ортиқча ушлаб қола олмаслигига амин бўлди. Гомес аллақачон «Барселона» ва «Ливерпул»нинг трансфер рўйхатидан жой олган бўлсада, амалда «Вест Хэм» ёки «Валенсия»дан бирини танлашига тўғри келди. Бу жамоалар ҳужумчи учун 50 млн. ваъда қилишди, «Сельта» эса танлаш ҳуқуқини Максининг ўзига берди. У Испанияда қолишни афзал кўрди. Натижада «Валенсия» ўзи учун манфаатли ўзгаришларни амалга оширди: Гомес эвазига Санти Мина ва 14,5 млн.ни «Сельта»га берди, Хорхе Саэнсни «Баладиос»га бепул ижарага жўнатди. Ҳимоячи «Сельта» либосида 3 марта майдонга тушган бўлса, Мина бор-йўғи 2та гол урди.
Ҳужумчи янги жамоасида 10та гол уришга улгурди, уларнинг 4тасини янги йилдан кейин амалга оширди. Макси жамоага Марселино даврида келганди, энди Селадес раҳбарлигида майдонга тушмоқда. Бу ўзгаришлар ҳам унинг адаптация жараёнига таъсир этмади, Гомес «Валенсия»нинг 1-рақамли ҳужумчисига айланди. Ваҳоланки, мавсум аввалида бу ролга Родриго ва Кевин Гамейро даъвогар эдилар. Бундан ташқари, клуб раҳбариятидаги ўзгаришлар ҳужумчининг маҳсулдорлигига бироз халал берди.
Уругвайлик футболчига хаёлпарастлик бегона, ўзига бўлган ишончи чексиз. Тўғри, бир масалада чегарани билади - ишончни манманликка ўтказиб юбормайди. Ижро маҳорати ва сермаҳсуллик Максининг қонида бор. Ана шу фазилат уни номдор клублар нишонига айлантирди. Юксак савияда тўп сура оладиган футболчилар жуда кўп, аммо уларда қўрқув бор. Гомес эса ҳеч нарсадан тап тортмайди. «Барса»га қарши баҳснинг 12-дақиқасида у пенальтидан гол уролмади. Бундай вазиятда футболчи ўзини йўқотиб, оёқлари қалтираб қолади. Макси эса аксинча, янада шиддатлироқ ўйнади ва 2 марта тер Штегенни ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди.
Футболчининг ихтисоси хусусида тўхталсак, Макси - асл жанубий америкалик ҳужумкор ўйинчи, футболнинг мағзи гол эканлигини яхши билади ва доимо дарвозага энг қулай йўлни қидиради. Гомес юқори тезлик соҳиби бўлиш билан биргаликда жуда чаққон. Шу хислати эвазига мураккаб вазиятларда ҳам зарба йўллаш имконини топа олади. Эътиборлиси, футболчи ўзи уддалай олмайдиган ишга қўл уришни ёқтирмайди. Шу боис, олисдан зарба бермайди, ҳужумнинг самарали якунини излайди. Шунингдек, «2-қават»да ва тўпни ҳимоячилардан ошириб узатишда ҳам мукаммалликка интилади, рақиб дарвозаси томон йўл олганида ортиқча ҳаракатларга йўл қўймайди. Мазкур эътирофлардан кейин Максини ўз-ўзидан Луис Суаресга таққослаш зарурати юзага келади. «Барселона» вакили бу фикрни рад этиш ўрнига аксинча, тасдиқлайди.
Ўтган йили «Барселона» ўзига ҳужумчи излаши кераклигини айнан Луис Суарес эътироф этганди. Қолаверса, Гомес «Сельта»да ўйнаб юрган пайтида мутасаддиларга уни кузатиб юришларини тавсия этганди. Кузда Луис ўзининг ворисларига айланиши мумкин бўлган ҳужумчилар учлигини маълум қилди: «Менга «Челси»нинг 9-рақамли ҳужумчиси Абрахам ёқади. У ёш бўлишига қарамай, майдонда самарали ҳаракатланади, ҳужумларни муваффақиятли якунлайди. Лаутаро Мартинес «Интер»да юксак савияни намойиш этмоқда, унинг маҳоратига гап йўқ. Ва албатта, Макси Гомесни алоҳида таъкидламоқчиман. У уругвайлик, менинг ватандошим эканлиги учун эмас, балки ноёб иқтидор соҳиби эканлиги учун. Бу йигит ҳар қандай топ-клуб талабларини қондира оладиган барча фазилатларга эга. Жумладан, «Барселона»да марказий ҳужумчи вазифасини бемалол уддалайди».
Терма жамоа ихтиёрида бўлган пайтларида бу икки ватандош исталган мавзуда хоҳлаганларича суҳбатлашишлари мумкин. Табиийки, ёш ҳужумчининг келажаги охирги ўриндаги мавзу эмас. Луис амаки Максига ўта жиддий оҳангда шундай деганди: «Ҳаммаси ўзингга боғлиқ. Ҳаракат қилсанг, «Барса»га ўтасан. Ўзингни кўрсатсанг, сен учун бир оғиз илтимос қилиш мендан». Дарҳақиқат, Луис сўзининг устидан чиқди, биз хабардормиз.
Гомеснинг «Барселона»га қарши кучли ўйин кўрсатишида Суареснинг ҳиссаси сезиларли бўлгани аниқ. Макси «Камп Ноу»даги дастлабки учрашувда ҳам гол урганди, «Месталья»да эса жамоасига 13 йил ичидаги дастлабки ғалабани совға қилди. Балки шу «дубль» уни ўзи ранжитган жамоага яқинлаштиргандир. Бунақа воқеалар кўп учрашини яхши биласиз-ку, ахир. Ҳа, айтганча, «Валенсия» билан имзоланган шартномага кўра, Гомеснинг товон пули 140 млн. евро.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20