Қайднома

Қидирув

Одил Рами: «Дербиларда ҳеч қачон ютқазмаганман»

Одил Рами: «Дербиларда ҳеч қачон ютқазмаганман»

  08.03.2020 09:31
  0
  170
Одил Рами: «Дербиларда ҳеч қачон ютқазмаганман»

Россия Премьер-лигасининг 2019|2020 йиллар мавсумидаги кутилмаган янги футболчилардан бири - Франция термаси таркибида 2018 йили жаҳон чемпиони бўлган 34 ёшли тажрибали ҳимоячи Одил Рами яқинда «Сочи» клуби сафига қўшилди. Вазиятдан унумли фойдаланган рус ҳамкасбларимиз ундан интервью олишди.

- Бор-йўғи бир ҳафта олдин Туркиянинг «Фенербахче» клуби аъзоси эдингиз. Энди эса бунгача умуман номини ҳам эшитмаган жамоа таркибида шуғулланяпсиз. Кўпчиликка сизнинг бу ҳаракатингиз тўлиқ аҳмоқлик бўлиб туюлмоқда!

- Йўғ-е, ҳамммаси жойида (кулади). Мен учун футбол доимо биринчи ўринда турган, у менинг ҳаётим. Янги чақириқлардан ҳеч қачон қўрқмаганман. «Сочи»да футбол ўйнашга қодирман. Шунинг учун бу ердаман.

- «Фенербахче»да нима учун унчалик ишингиз юришмади?

- Баъзан шундай ҳолатлар бўладики, захира ўриндиғида ўтиргинг келмай, футбол ўйнаш мақсадида янги жамоа излашингга тўғри келади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, «Сочи» варианти мени тўла қониқтирарди. Мазкур клубда иқтидорли ёшлар билан бирга тажрибали футболчилар ҳам бор. Бу аъло даражадаги ўтиш, тақдирнинг яхши бурилиши бўлди. Янги жамоадошларим билан танишиш, бош мураббий билан гаплашишга ҳам улгурдим. Жамоанинг иштиёқи менга ёқди. Шундай коллективнинг бир қисми эканлигимдан хурсандман. Аммо бор-йўғи иккитагина машғулотда қатнашдим, холос. Шу боис, жамоага тўлиқ киришиб кетдим, дея олмайман.

- Шунингдек, Сочи об-ҳавоси ҳам сизни хурсанд қилмаган бўлса керак?

- Ҳа, дастлабки кунларда ҳаво ёмғирли бўлди, лекин ҳозир қуёш чиқди. Сочи шаҳри Россиянинг жанубида жойлашганлиги, одатда, бу ерда иссиқ бўлиши, ушбу шаҳарга денгиз яқинлигини биламан. Умид қиламанки, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилишга улгураман.

- Қаерда яшашни режалаштиряпсиз - тоққа яқин жойдами ёки денгиз бўйида?

- Ҳозирча буни билмайман. Билишимча, машғулот ўтказаётган ҳудудимиздан шаҳаргача автомобилда 30-40 дақиқа юрилади. Бироқ бу муаммо эмас. Истанбулда автомашиналар тиқини («пробка»)га кўникиб кетганман ва у ерда машинада кўпроқ вақт ўтказишга тўғри келган. Менга қолса, тоғда эмас, шаҳарда яшашни маъқул кўрган бўлардим. Умуман олганда, бунинг менга аҳамияти йўқ. Мен учун асосийси, уйда тезкор «вай-фай»нинг бўлиши. Бўш вақтимда дўстларим билан онлайн тарзда суҳбатлашишни яхши кўраман.

- Россия Премьер-лигаси тўғрисида қандай маълумотга эгасиз?

- Деярли ҳеч қандай маълумотга эга эмасман. Чунки РПЛнинг ҳеч қайси ўйинини кўрмаганман. Умуман олганда, телевизор орқали футбол баҳсларини деярли томоша қилмайман. Ундан кўра, майдонда ўйнашни афзал биламан. Бўш вақтимда қариндошлар ва яқинларим билан мулоқот қиламан. Менимча, бўш вақтни ўйинлар трансляциясига сарфлаш аҳмоқлик.

- Наҳотки, Европа Чемпионлар Лигаси ўйинларини ҳам кузатмайсиз?

- Телевизор орқали кўрмайман. Фақатгина жаҳон чемпионатининг асосий баҳслари, «Марсел»нинг «ПСЖ» билан ўйинларини томоша қилишим мумкин. Шунингдек, дўстларим телевизор орқали футбол кўришни таклиф қилишса, албатта, улар билан бирга учрашувларни томоша қиламан. Бундан ташқари, бўлажак рақибнинг ўйинини ўрганиш керак бўлса ҳам, футбол кўраман, албатта.

- «Марсел»да тўп сурганингизда, маҳаллий арман диаспораси билан суҳбатлашгандингиз. Сочида арманлар кўпчиликни ташкил этишини биласизми?

- Энди биламан ва бу жуда яхши ҳолат. Ҳар қандай мулоқотга тайёрман. Арманлар - жуда меҳрибон халқ, суҳбатга осон киришадилар. Сочидаги янги танишувлардан хурсанд бўламан ва албатта, бирорта арман рес­торанига ташриф буюраман. Умуман олганда, турлича ошхоналарни яхши кўраман. Яқин атрофда испан ресторанини кўрдим. Бу мен учун айни муддао.

- Қўлга киритган олтин медалингиздан ташқари, Россиядаги мундиал яна нимаси билан ёдда қолганди?

- ЖЧ-2018 мухлислар учун ажо-йиб байрам бўлганди. Айниқса, перуликларга қойил! Ушбу мамлакат терма жамоаси ўша мундиалда анча шов-шув кўтарганди. Афсуски, ўшанда Москвада кўпроқ қолиб, мамлакатингиз пойтахтини яхшироқ томоша қилиш насиб этмади. Боиси, терма жамоамиз 5та ўйинни бошқа шаҳарда ўтказганди. Финал ўйинидан ке-йин эса вақт бўлмади. Аммо тақдирлаш маросими ажойиб тарзда ўтказилганди. Ўз қаршисида Франция, Хорватия ва Россия давлатлари президентларини кўриш барчагаям насиб этавермайди. Финал баҳсидан сўнг, ёнимда Владимир Путин турганди! Бу эса унутилмас лаҳзалар бўлганди.

- Ўшанда Франция президенти Эммануэль Макрон сизга нима деганди?

- Давлатимиз президенти ҳеч ким билан алоҳида гаплашмаганди. Балки, шундай суҳбат ҳали олдиндадир? (Кулади).

- ЖЧ-2018 пайтида Франция терма жамоаси Сочига келмаганди. Аммо Қозон, Нижний Новгород, Санкт-Петербург ва Екатеринбургга ташриф буюрганди. Ушбу шаҳарлардан қайси бири сизда кўпроқ таассурот қолдирганди?

- Ахир айтяпман-ку, умуман олганда, биз ҳеч нарсани томоша қила олмадик. Машғулотлар, парвозлар, меҳмонхоналар. Фақатгина шуни таъкидлаш жоизки, инфратузилма барча жойда юқори савияда эди. Стадионлар эса аъло даражада.

- РПЛга келгунингизга қадар, тўртта мамлакат - Франция, Испания, Италия ва Туркия чемпионатларида ўйнагансиз. Ушбу лигаларнинг қайси бирида ўзингизни қулай ҳис қилгансиз?

- Севимли шаҳрим - Севилья. Милан ҳам ёмон эмас, лекин у ерда об-ҳаво ноқулай. Фақат футбол ҳақида тўхталадиган бўлсам, ўзим ўйнаган ҳар бир жамоада шерикларим ва мухлислар билан муносабатларимиз аъло даражада бўлган.

- Дерби ўйинларида кўп иштирок этганмисиз?

- Футболчилик фаолиятим давомида дерби баҳсларида майдонга тушганман, албатта. Айтганча, шундай ўйинларда умуман мағлубиятга учрамаганман. Фаолиятимдаги энг қайноқ дерби - «Севилья»нинг «Бетис»га қарши кечган ўйини. «Милан»да ўйнаганимда «Интер»га қарши ҳам майдонга тушганман. «Валенсия»далигимда «Вильярреал»га қарши ўйнаганман. Туркияда эса, «Фенербахче»да ўйнаганимда, бирданига иккита дерби - «Галатасарой» ва «Бешиктош» жамоаларига қарши майдонга тушганман. Клубдан кетишим билан «Фенер» «Галатасарой»га 1:3 ҳисобида имкониятни бой берибди. «Марсел»да эса дерби баҳси йўқ эди. Фақатгина «ПСЖ»га қарши кечадиган Франция «класико»си бор эди. Лекин бу умуман бошқа нарса.

- 15 март куни «Сочи» ўз майдонида «Краснодар»ни қабул қилади. Бу ҳам ўзига хос ҳудудий дерби...

- Демак, катта ўйин бўлади, трибуналар тўлади. Мен эса мухлисларга тўла майдонда ўйнашни жуда ёқтираман.

- Сизгача «Фенербахче» сафида Москванинг «Динамо» таркибида бир мавсум давомида тўп сурган Матье Вальбуэна ўйнаганди. Ватандошингиздан «Сочи» билан шартнома имзолашдан олдин Россия тўғрисида сўрашга улгурдингизми?

- Йўқ, улгурмадим. Барчаси тезкорлик билан юз берди. Сочига кетаётганлигимни фақатгина синглим билди. Истанбулдан паспорт ва иккита футболка билан сумка олдим, холос. Қолган буюмларимни олиш учун яна Туркияга боришимга тўғри келади.

- «Сочи»га ўтишингизни барчалари билишганида, бу ҳақда сизга нима дейишди?

- Оила аъзоларим ва дўстларим қароримни қўллаб-қувватлашди. Улар сизга таъкидлаган нарсам, яъни футбол мен учун биринчи ўринда туришини яхши билишади. «Сочи»да эса футбол ўйнайман. Асосийси - шу.

- Сизнингча, РПЛда нима учун суперюлдузлар кам?

- Мен аниқ суперюлдуз эмасман (кулади). Россия Премьер-лигаси футболчиларининг савияси борасида эса бирор нарса дея олмайман. Қайтараман, ҳали ушбу чемпионат ўйинларини томоша қилмадим.

- Премьер-лигада сиздан ташқари, яна икки нафар жаҳон чемпиони бор. Булар - германиялик Андре Шюррле ва Бенедикт Хеведес...

- О, бу яхши хабар! Бироқ дўстларим мендан футболчилар борасида эмас, Сочи ҳақида сўрашади. Лекин бу тўғрида ҳозирча кам маълумотга эгаман.

- Ушбу шаҳарда 2014 йили қишки Олимпиада ўйинлари ўтказилганидан хабарингиз борми?

- Ҳа. Кўпчилик Сочи шаҳрини айнан Олимпиада ўйинлари ўтказилганлиги сабабли ҳам яхши билади.

- «Сочи» билан тузилган шартномангиз муддати жорий йилнинг ёзигача амал қилади. Кейинги мавсумда ҳам жамоада қоласизми?

- Кўрамиз. Олдиндаги 3 ой кўп нарсага ойдинлик киритади. Аммо мазкур клубнинг келажаги порлоқ эканлигини кўряпман. «Сочи» - ажо-йиб ғояга эга жамоа. У «Монако»нинг Россиядаги «эгизаги». Боиси, бу ерда чиройли табиат ва стадион, шунингдек, сайёҳлар бор.

- Аммо айни пайт «Сочи» РПЛда сўнгги ўринни банд этиб турибди...

- Биламан. Лекин биринчи навбатда тақвимни кўздан кечирдим ва кўплаб баҳсларни ўз майдонимизда ўтказишимизга гувоҳ бўлдим. Шунинг­дек, захирада яна битта ўйинимиз бор. Умуман олганда, Премьер-лигада жон сақлаб қолиш учун жамоамизнинг имконияти яхши. Буни амалга ошириш учун эса бор кучимни ишга соламан.

- Ҳозир 34 ёшдасиз. Фаолиятингизни қачон якунлаш ниятидасиз?

- Организмим яхши, юрагим бақувват. Бахтимга жароҳатлар мени четлаб ўтди. Таъкидлаш жоизки, профессионал футболчилик фаолиятимни 20 ёшимда бошлаганман. Бунгача ўз устимда ишлаганман. Шу боис, 38-40 ёшгача ўйнашни режалаштир­япман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz