Қайднома

Қидирув

Нигоҳ: САРГУЗАШТГА БОЙ БОЛАЛИК

Нигоҳ: САРГУЗАШТГА БОЙ БОЛАЛИК

  09.03.2020 10:13
  0
  469
Нигоҳ: САРГУЗАШТГА БОЙ БОЛАЛИК

Хорижлик касбдошларимизнинг қуйидаги материали сиз азиз мухлисларга Европа футболининг таниқли вакилларига оид кўпчиликка маълум бўлмаган маълумотларни тақдим этади. Чунки у яшил майдон суворийларининг шаклланиш даври - болалиги ҳақида.

Каспер Шмейхель («Лестер»)

Бу футболчининг отаси ортиқча таърифга муҳтож эмас: «МЮ» клуби ва Дания термасининг тирик афсонаси бўлмиш Петер Шмейхелни дунё танийди. Манкунианликлар шарафини ҳимоя қилган даврида у ворисини доимо ўзи билан олиб юрарди. Ёқимтой болакай дарвоза ортидан жой олган ҳолда, отасининг ўйинларини қизиқиш билан кузатарди. Англия академияларида таҳсил олиш унга насиб этмади, шунчаки, мактабда тўп суриш билан қаноатланиб юрди. Футболдаги илк қадамларини Каспер Португалияда қўйди. 1999 йилда Петер «Спортинг» сафига ўтди, ўғли бир йилдан кейин «Эшторил» академиясига қабул қилинди. У ерда бўлажак посбон асосий машғулотлардан ташқари, алоҳида машқларни ҳам бажарарди: унга отаси махсус дастур бўйича сабоқ берарди.

Икки йилдан кейин катта Шмейхель оиласи билан Англияга қайтди. 2002 йилнинг ёзида эса ажойиб воқеа юз берди. Данияда миллий жамоанинг Европа чемпионлигини қўлга киритганига 10 йил тўлиши муносабати билан фахрийлар ва «Нюкёбинг» клуби ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил этилди. 2-бўлимда Петер ўз ўрнини 15 ёшли Касперга бўшатиб берди. Янгилик ОАВнинг эътиборидан четда қолмади - Дания матбуоти фақат шу ҳақда ёзди. Ёш дарвозабон эса «Брондбю»дан таклиф олди. Орадан 3 ой ўтгач, кичик Шмейхель «Манчестер Сити» кўригидан муваффақиятли ўтиб, дастлабки профессионал шартномасини имзолади. Ўша даврда Петер «шаҳарликлар»нинг асосий дарвозабони эди. Мутахассислар Касперни отасининг вориси сифатида эътироф этишганди. Бироқ афсонавий посбон ўрнини Дэвид Жеймс эгаллади. Кичик Шмейхель эса асосий таркибга ўта олмади ва ижарага бериб юборилди.

Антони Мартиаль («МЮ»)

Болакай Франциянинг Масси шаҳрида, камбағал мигрантлар оиласида дунёга келди. У жуда уятчан ва ювош бола эди. Футболчилардан Тьерри Анрини кўпроқ ёқтирарди. Қизиғи шундаки, Антони футболдаги илк қадамларини айнан ўз «кумир»и таҳсил олган «Лез Юлис» академиясида қўйди. Унинг ноёб иқтидори дастлабки кунлардаёқ кўзга ташланди. Ёш футболчи мағлубиятга чидай олмасди. Ўта эҳтиросли бўлгани боис, жамоаси ютқазса, йиғлаб юборарди. Антони 12га чиққанида Европанинг таниқли академиялари ўртасида чинакам кураш кечди. Якунда Мартиаль оила аъзолари билан «Манчестер Сити» академиясига йўл олди. Футболчининг узоқ муддат Манчестерда қолмаганлиги сабаблари номаълум, тез орада Францияга қайтиб, «Лез Юлис»даги таҳсилни давом эттирди. 14 ёшга чиққач, болаликдан орзу қилган «Лион» тизимига ўтди. 4 йилдан кейин 5 млн. евро эвазига «Монако» сафидан жой олди.

Хуан Мата («МЮ»)

Мата 1988 йилда Испаниянинг Бургос шаҳрида таваллуд топди. Отаси ўғлининг ўзи каби футболчи бўлишини орзу қиларди. Оила бошлиғи фарзандининг бу шаҳарда талаб даражасида таҳсил олишига кўзи етмай, Овьедога кўчиб ўтди. Ўшанда Хуан 5 ёшда эди. Унинг қувноқ ва меҳнатсевар бўлиб улғайишида опаси муҳим роль ўйнади. Мата янги шаҳардаги «Реал Овьедо» академиясида таҳсил олди. Митти Боб тахаллусини ҳам ўша ерда олди. Тенгдошлари орасида чақонлиги ва дриблинги билан ажралиб турадиган ёш иқтидор соҳиби тез орада «Реал» мутахассислари эътиборини тортди. «Кас­тилья»даги дебют мавсумида 18 ёшли футболчи 40 марта майдонга тушиб, 10та гол урди. 2007 йилда эркин агент мақомида «Валенсия»га йўл олди.

Жордан Хендерсон («Ливерпуль»)

Бу футболчи Тайн-энд-Уир шаҳарчасида туғилди. Отаси полиция ходими, онаси эса фитнес мураббийи эди. Жордан болалигидан футбол билан улғайди. Миллионлар ўйини унинг учун шунчаки эрмак эмаслигини ота-онаси вақтида англашди ва уни «Сандерленд» академиясига ўқишга беришди. Фаолиятини ҳужумчи позициясида бошлаган Хендерсонни мураббий 2 йилдан кейин марказга ўтказди. Жордан ўз жамоасининг барча бос-қичларини босиб ўтди, бир неча марта академиянинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди. 2008 йилда «Сандерлаенд» билан илк шартномасини имзолади. 3 йиллик давр ичида 70га яқин учрашувларда иштирок этди, ижарада ўйнашга улгурди. Кейинчалик «Ливерпул»да ўз ўрни ва нуфузига эга бўлди.

Сон Хюн Мин («Тоттенхэм»)

Қитъадошимиз 1992 йилнинг 8 июлида Жанубий Кореяда дунёга келди. Сон 3 ёшга чиққанида унинг оиласи Янги Зеландияга кўчиб ўтиб, 6 йилдан кейин ватанга қайтди. Хюн Миннинг отаси ҳам футболчи бўлиб, миллий терма жамоада тўп суришгача кўтарилганди. Сондаги футболга бўлган қизиқиш мактаб даврида кучайиб, у «Сеул» академиясидан жой олишга муваффақ бўлди. Таҳсил жараёнида фаоллар сафида бўлган иқтидор соҳиби Жанубий Корея футбол федерациясининг махсус дастурида иштирок этиш шарафига муваффақ бўлиб, энг сара тарбияланувчилар учлигидан жой олди ва Бундеслига клубларида кўрикдан ўтиш ҳуқуқини қўлга киритди. Кўрик якунида фақат Сон германиялик мутахассислар талабини бажариб, Гамбург йўлланмасини қўлга киритди. Унинг янги мураббийи осиёлик шогирдини шундай хотирлайди: «Сон чиндан ҳам ўта тезкор, сермаҳсул ҳужумчи. Отаси доимо у билан бирга юрар, ҳар бир бўш дақиқани қўшимча машғулотга сарфларди. Кун бўйи тиним билмасди». Футболчининг ўзи ҳам бирор-бир омилни автоматизм даражасида ўзлаштирмагунича отаси бошқа топшириқни бермаслигини таъкидлаганди: «Унинг бутун фикру хаёли маҳоратимни ошириш билан банд эди. Бунинг учун нима қилиш керак бўлса, барчасини муҳайё қиларди. Унинг кўмаги бўлмаганида, мен бу мақомга ҳеч қачон эриша олмасдим». Сон «Гамбург» ёшлар жамоасидаги икки йиллик фаолиятдан сўнг, 2010 йилда узоқ муддатли шартномага сазовор бўлди.

Деле Алли («Тоттенхэм»)

Бўлажак ҳужумчи Милтон Кинс шаҳрида таваллуд топди. Унинг отаси Кехинде Кенни Алли нигериялик бизнесмен бўлиб, британиялик Дениз билан турмуш қурган, лекин бир ҳафтадан кейин уни ташлаб кетганди. Деленинг онаси ичкиликка ружу қўйгани боис, қўшниларига тинчлик бермасди. «Тоттенхэм»нинг бўлажак ярим ҳимоячиси 8 ёшга чиққанида, отаси билан Нигерияга йўл олди ва Лагосда мактабга қатнай бошлади. Африка ҳаёти болакайга жуда ёқиб қолганди. Бироқ отаси 1 йилдан кейин бизнесини кенгайтириш мақсадида АҚШга кўчиб ўтди. У ерда америкалик аёлга уйланди. Деле ўгай онаси билан чиқиша олмади. Шу сабабли отасидан уни Англия­га қайтариб юборишни илтимос қилди. Аммо у пайтда онаси ночор ҳолатга тушиб қолган, ичкиликдан ташқари гиёҳванд моддаларни ҳам қабул қила бошлаганди. Хуллас, болакай ҳеч кимга керак эмаслигини фаҳмлади. Ана шу мураккаб паллада футбол уни ҳаётга қайтарди. 11 ёшли Алли «Милтон Кинс Донс» мактабида шуғуллана бошлади, фақат футболни ўйлади. Мактабдаги ўқиши издан чиқди, болакай безори гуруҳларга қўшилиб кетди. Охир-оқибат, Дениз уни бошқа оилага бериб юборди. Шу тариқа Алли Алан ва Салли Хикфордлар оиласида қўним топди, айнан уларни ўз ота-онаси сифатида эътироф этди. Тез орада футболчи ўз либосидаги отасининг исмидан воз кечди. 2015 йилгача «Донс»да тўп сургач, «Тоттенхэм»дан таклиф олди.

Александр Зинченко («Манчестер Сити»)

Зинченко Украинанинг Радомишль шаҳарчасида туғилди. Футбол билан отаси - собиқ футболчи Владимир Зинченко раҳбарлиги остида шуғулланган. 8 ёшида «Карпатия» БЎСМга қатнай бошлади. 2 йилдан кейин иқтидорли болакай Киевнинг «Динамо»сига кўрикка таклиф этилди. Саша академия мутахассисларида яхши таассурот қолдирган бўлсада, у ерда таҳсил олиш унга насиб этмади. Боиси, пойтахтда 14 ёшдан кейин тарбияланувчилар тасарруфи академияга ўтарди, 11 ёшли Александрни 3 йил ўз ҳисобидан таъминлашга оила қодир эмасди. Натижада ёш иқтидорнинг дастлабки мураббийи «Шахтёр»нинг фарм-клуби - «Монолит» раҳбарияти билан келишувга эришди. Зинченкодаги юксак салоҳият украин грандининг эътиборидан четда қолмади. У 16 ёшдан бошлаб ёшлар жамоаси таркибида майдонга туша бошлади. 2014 йилда Украинани тарк этиб, Москва ҳаваскорлар лигасида спорт формасини сақлаб юрди. Орада «Рубин»га ўтиш варианти юзага келганди, аммо якунда Зинченко «Уфа» сафидан жой олди. Александрнинг кейинги тақдири эса сизга яхши маълум.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz