Қайднома

Қидирув

Суперлига-2020. 2-тур: Ҳавас уйғотувчи муҳит

Суперлига-2020. 2-тур: Ҳавас уйғотувчи муҳит

  10.03.2020 01:16
  0
  363
Суперлига-2020. 2-тур: Ҳавас уйғотувчи муҳит

6 март куни Наманган катта футбол мавсумини ҳар томонлама муносиб қарши олди: стадионда ҳавас уйғотадиган чиройли муҳит, шунга яраша жанговар футбол ва ишонч­ли ғалаба. «Бунёдкор», «Пахтакор» ва «Насаф»нинг 2-турда иккинчи ғалабани қайд этганини ҳам эътиборга молик воқелик сифатида айтсак бўлар... «Қизилқум», «Бухоро» ва «Андижон»да эса ҳозирча очко йўқ...

1-2-КУНЛАР - ҲАММАНИНГ ЭЪТИБОРИ  НАМАНГАНДА...  

Наманганлик мухлисларга қойил қолиш керак - улар «Навбаҳор»нинг ўз майдонидаги илк учрашуви чоғи «Марказий» стадионида чинакам байрам муҳитини юзага келтиришди. Диққат қилинг, «Локомотив»га қарши ўйинни трибуналарда 25328 киши (!) кузатди. Андрей Канчельскис шогирдлари шундай жонкуярликка яраша илқ дақиқалардан «темирйўлчилар»ни мислсиз сиқувга олишди. 19-дақиқада Азиз Турғунбоев «Локо» дарвозасини нишонга ҳам олди, фақат «офсайд» ҳолатидан. «Навбаҳор» ўйинни ҳужумлар ёмғири билан бошлаган, кейинчалик меҳмонлар ҳам 1-2-марта хавфли юришни амалга оширган бўлсаларда, танаффусгача ҳисоб очилмади. 64-дақиқа: 25 мингдан кўп мухлиснинг ҳайқириғидан «Марказий» ларзага келди. Ўнг томондан жарима майдонига узатилган тўп Олег Зотеевнинг баланд кўтарилган қўлига тегди ва пенальти. 11 метрли нуқтадан эса Азим Аҳмедов ишонч билан зарба йўллади - 1:0. Игнатий Нестеров ўйин охирида яна бир бора ожиз қолди - бу сафар ҳимоячи Игорь Голбан «Локо»даги амплуадошлари йўл қўйган қўпол хатодан унумли фойдаланиб, ўйинга якуний нуқта босди - 2:0.

Ўзбекистон чемпионати элит лигасидаги 800-гол «Металлург»га янги мавсум ҳисобидан биринчи ғалабани тақдим этди. Юбилей гол Бекободда Станислав Андреев томонидан «Қўқон-1912» дарвозасига урилди. Ўйиннинг ўзи ҳужумкор руҳда ўтди. Ҳар икки жамоа вакиллари майдонга ғалаба иштиёқида тушишганини амалда исботлашди. Бошида ҳужумда ишлари унча юришмаган «Металлург» биринчи бўлим ўрталарида ташаббусни ўз қўлига олди ва тезда бундан самара ҳам чиқарди. Дониёр Нарзуллаев чап қанотдан жарима майдонига ёриб киргач, «Қўқон-1912» дарвозабони Ботирали Эргашев уни қоидага зид ҳолда қарши олди ва бош ҳакам Вадим Агишев ҳеч иккиланмай, 11 метрлик нуқтага ишора қилди. Пенальтини эса Станислав Андреев бехато бажарди. Танаффусдан кейин Бахтиёр Ашурматов жамоаси фаолроқ кўринди. Бироқ қўқонликлар бир қатор яхши вазиятлардан фойдалана олишмади. Бунда мезбонларга омад кулганини ҳам айтиш керак. Дейлик, қўқонликлар дарвоза бўш қолган ҳолатда ҳам мақсадга эришолмадилар. 88-дақиқада эса Қувондиқ Рўзиев зарбасидан кейин тўп Александр Лобанов дарвозаси устунига тегиб қайтди. Кейинги вазиятда Якуба Бамба жуда яқин масофадан гол уролмади. Натижада «Металлург» мавсумдаги биринчи ғалабасини нишонлади, «Қўқон-1912» эса илк мағлубиятни тан олди.

Иккинчи кунга қўйилган ўйинларни илк турда Термиздан чиройли ғалаба билан қайтган «Бунёдкор» бошлаб берди ва «Жар»да ёш Жасур Жалолиддинов томонидан урилган тезкор ягона гол эвазига навбатдаги 3 очкони қўлга киритди. Бу вазиятда ассистентлик ролини Санжар Қодирқулов бажарди. Тўғри, рақиб - «Маш­ъал»нинг Вадим Абрамов жамоасига жиддий қаршилик кўрсатганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Лекин 1-турда «Сўғдиёна»га «тарсаки» туширган муборакликларга бу сафар ҳужумнинг охирги паллаларида аниқлик етишмади. Қолаверса, «қалдирғочлар» ҳисобдан келиб чиқиб, тартибли ўйин намойиш этишди.

«Қизилқум» - «Сурхон» ўйинида меҳмон жамоа устун келди. Олдинги ўйинлардан яна бир фарқли томони, Навоийда мухлислар биринчи бўлимнинг ўзида 3та гол гувоҳига айланишди. Ўйин бошланиши билан, аниқроғи, 3-дақиқада Александр Касьян «Сурхон»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Мезбонлар бу голга вақтида жавоб бера олишди - 12-дақиқада россиялик яна бир легионер Руслан Маргиевнинг зарбаси аниқ бўлди. Танаффусга чиқиш арафасида эса, Шерзод Каримов мухлисларга бир ўзини эслатиб қўйди - 1:2. Иккинчи бўлим ҳам шиддат бобида аввалгисидан қолишмади, аммо мухлислар бошқа гол кўришмади. Айниқса, «Қизилқум»нинг кўпдан-кўп уринишлари зое кетди.

2-тур ҳисобидан ягона дуранг натижа Жиззахда қайд этилди. Улуғбек Бақоевнинг ҳужумкор жамоаси - «Сўғдиёна» биринчи учрашувдаги натижа (Муборакда - 0:3) тасодиф маҳсули эканлигини исботлашга ҳарчанд уринмасин, биринчи бўлимда Миржалол Қосимовнинг тартибли дружинаси - АГМК дарвозасига йўл тополмади. Танаффусдан кейинги ҳамлалар эса тезда самара берди - 54-дақиқада Элёр Орифов «Сўғдиёна»нинг янги мавсумдаги голлари ҳисобини очди - 1:0. Аммо Олмалиқ клуби ҳам бўш келгани йўқ. Миржалол Қосимов ўйинни қутқариш илинжида захира кучларини жангга ташлашни пайсалга солмади ва меҳмонлар 85-дақиқада мақсадга эришдилар. Гол муаллифи - Игорь Зонич. Диққатга сазовор томони, АГМК деярли ярим бўлим майдонда бир киши кам бўлиб ўйнади. Муҳими, Йован Жокичнинг четлатилгани меҳмонларга жиддий таъсир кўрсатгани йўқ.

 

3-КУН - ЧЕРАН БОШЛАДИ...

1-турда «Локомотив»га яхшигина кураш тақдим этган «Андижон» бу гал Қаршидан очко билан қайтиши ҳеч гап эмасди. Александр Хомяков шогирдлари 10-дақиқадаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Бу вазиятда Сирож Мелиев «Насаф» кипери Машҳур Муҳаммаджонов йўл қўйган хатони кечирмай, тўпни бўш дарвозага йўналтирди. Шундан сўнг Рўзиқул Бердиев жамоаси табиий равишда кенг фронт бўйлаб ҳужумга ўтди. Кетма-кет зарбалар, уринишлар, аммо айрим вазиятларда «аждарлар»га совуққонлик етишмади, қолаверса, «Андижон» дарвозабони Аслонбек Аҳроров ишончли турди. Майдондаги ҳолат 72-дақиқага қадар ўзгармади, ҳисоб. Ана шу паллада Бобур Абдухолиқов ниҳоят, жарима майдонига ёриб кириб, мувозанатни тиклади - 1:1. Андижонликларга шу ҳисобни сақлаб қолиш ҳам насиб этгани йўқ - бутун учрашув давомида Аслонбек Аҳроров дарвозасига таҳдид солишдан чарчамаган Шароф Муҳиддинов 84-дақиқада Шерзод Насруллаев узатмасидан сўнг ғалабани ўз жамоаси томон оғдирди - 2:1.

«Бухоро» футболчилари Тошкентда «Пахтакор» ҳужумларига бир ярим бўлим давомида чидашди, кейин эса ўтган мавсум тўпурари Драган Черан катта саҳнага чиқди. Унинг 58-дақиқада бош билан йўллаган зарбасига дарвоза устуни тўғаноқ бўлди, кейинги ҳужумда эса ҳужумчи мақсадига эришди: Достон Ҳамдамов узатмаси, яна бош билан зарба ва шу вақтгача ўйин қаҳрамони бўлиб турган Зафар Сафоев ожиз... 81-дақиқага келиб, Эрен Дердийок «Пахтакор» учун биринчи самарали ҳаракатни амалга оширди.Швейцариялик легионер ишлаган пенальти воситасида эса Черан «дубл»ни расмийлаштирди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, сербиялик ҳужумчи Жалолиддин Машарипов узатмасидан кейин янги мавсумдаги «хет-трик»лар ҳисобини очди. Оддий айтганда, Черан - «Бухоро» - 3:0.

--------------------------------------------------------------------

«НАВБАҲОР» - «ЛОКОМОТИВ» - 2:0 (0:0)

«МЕТАЛЛУРГ» - «ҚЎҚОН-1912» - 1:0 (1:0)

«БУНЁДКОР» - «МАШЪАЛ» - 1:0 (1:0)

 «ҚИЗИЛҚУМ» - «СУРХОН» - 1:2 (1:2)

 «СЎҒДИЁНА» - АГМК - 1:1 (0:0)

 «НАСАФ» - «АНДИЖОН» - 2:1 (0:1)

 «ПАХТАКОР» - «БУХОРО» - 3:0 (0:0)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz