Улуғ ёшдаги мухлисларга яхши таниш бўлган таомил - жамоалар футболчиларнинг исм-шарифлари ёзилмаган, 1дан 11гача бўлган оддий рақамлар остида майдонга тушишлари аллақачон ўтмишга айланди. Маркетинг тобора равнақ топаётган ҳозирги кунда футболчиларнинг маълум муддат муайян рақам остида тўп суришлари одат тусига кирди. Шу боис, улар истаган рақамни танлаш ҳуқуқига эга бўлишди. Тўғри, дарвозабонларнинг анъанавий «1» остида, ҳужумчилар эса «9» ёки «10» билан тўп суришларига ҳозир ҳам тез-тез дуч келамиз. Лекин ўйинчиларнинг кўпчилиги бошқалардан яққол ажралиб турадиган йирик рақамларни танлашмоқда. Уларнинг ашаддий мухлислари эса ўз «кумир»лари футболкаларида юришни ёқтиришади, либосларини тез-тез янгилаб турадилар. Бу зарурат ишлаб чиқарувчиларга катта манфаат келтирмоқда. Бунинг натижасида, авваллари академия тарбияланувчилари учун мўлжалланган йирик рақамларни ҳозир таниқли футбол алломаларида ҳам учратиш мумкин. Дарвоқе, йирик рақамлар соҳибларининг асосий қисмини «А» серия вакиллари ташкил этишди. Демак, навбат ажабтовур рақамлар остида майдонга тушаётган машҳур футболчиларга.
ЖАНЛУИЖИ БУФФОН
Жамоаси: «Ювентус»
Рақами: 77
Ёши: 41
Фахрий юлдуз қуйида номлари зикр этиладиган футболчиларнинг энг машҳур вакили. Буюги, лекин энг зўри эмас. Вақт ўз таъсирини ўтказиши натижасида ҳозир афсонавий посбон «Ювентус» дарвозасини мунтазам равишда қўриқлашга қодир эмас. Шунингдек, дунёнинг етакчи кипери унвонига даъвогарлик қилишга ҳам. Ўтган йилнинг ёзида Буффон «ПСЖ»дан «Ювентус»га қайтди. Эътиборлиси, Войцех Шенсни вақтни бой бермасдан, италиялик ҳамкасбига 1-рақамни таклиф этди. Жамоа сардори Жоржо Кьеллини эса билагидаги боғичини еча бошлади. Бироқ фахрий Туринга кимдандир ниманидир тортиб олиш учун эмас, қадрдон клубига кўмаклашиш ниятида келганлигини таъкидлаб, 20 йил муқаддам «Парма»да танлаган 77 рақами остида майдонга тушишини маълум қилди.
АРКАДИУШ МИЛИК
Жамоаси: «Наполи»
Рақами: 99
Ёши: 25
2016 йилда неаполликлар сафидан жой олган польшалик ажойиб ҳужумчи бир неча рақамлар орасидан ўзига ёққанини танлаш имкониятига эга эди. У «Ювентус»га ўтиб кетган Гонсало Игуаиннинг 9 ёки ўзининг терма жамоадаги 7 рақамини олиши мумкин эди. Аммо Милик ўз либосида 2та «9»ни кўриш истагини билдирди. Афсуски, Неаполдаги дастлабки икки мавсум форвард учун омадли бўлмади, жароҳатлар ўзи истаган даражада тўп суришига имкон бермади. Аммо 2018|2019 йиллар мавсумида 35 марта майдонга тушиб, 17та гол урди ва жамоанинг энг сермаҳсул тўпурари бўлди. Жорий мавсумда ҳам жароҳат польшалик мерганнинг асосий рақиби бўлиб турибди. Лекин шундай вазиятда ҳам Милик «Наполи»га имкон қадар манфаат келтириш йўлларини қидирмоқда, «99»дан эса воз кечиш ниятида эмас. Буни таъкидлашимизнинг сабаби шуки, мухлислар орасида бу рақам ҳужумчига омад келтирмаслиги хусусида гап-сўзлар юзага келганди. Аркадиуш эса бунга эътибор бермаяпти. Чунки у ўз фаолиятини Забженинг «Гурник»ида бошлаган, бу рақам муваффақиятли тўп суришига халал бермаганди.
ЙОСИП ИЛИЧИЧ
Жамоаси: «Аталанта»
Рақами: 72
Ёши: 31
Словениялик хавбек Италияга 2010 йилда «Марибор»дан келган, унгача 27 рақами остида ўйнаганди. Дастлабки жамоаси - «Палермо»да бу рақам банд эканлиги туфайли, Иличич сонлар ўрнини алмаштириб қўя қолди. Дебют мавсумидан ке-йинги икки йилни ярим ҳимоячи 72ни 27га айлантирган ҳолда ўтказди. Аммо «Фиорентина»да яна «72»га қайтди. 2017 йилдан бошлаб Йосип «Аталанта» шарафини ҳимоя қилиш орқали нафақат Италия, балки бутун қитъани ўзига қаратмоқда. Бергамоликлар жорий мавсумда ЕЧЛнинг гуруҳ босқичидаги фантастик фидо-йиликлари эвазига мухлислар меҳрини қозонишди. Боиси, нуфузли турнирни 3та мағлубият билан бошлаганликларига қарамай, «плей-офф»га чиқишди. Бундай кўрсаткичга ЕЧЛ тарихида ҳеч қайси жамоа эриша олмаганди. Шахсан Иличичга тўхталадиган бўлсак, Италиядагилар унинг ажабтовур рақамига аллақачон кўникиб бўлишди. Улар учун ҳужумчи либосидаги рақамнинг умуман аҳамияти йўқ, муҳими - Йосипнинг юксак савиядаги ўйини. Буни яхши ҳис этган словениялик ҳужумчи ва унинг жамоадошлари асосий эътиборни яшил майдонлардаги баҳсларга қаратиб, ички ва халқаро ареналарда ўз мухлисларини хушнуд этишмоқда. «Аталанта» жорий мавсумда «А» сериянинг етакчи тўртлигида бормоқда, ЕЧЛнинг нимчорак финалида эса «Валенсия»ни йирик (4:1) ҳисобда маҳв этди. Табиийки, муваффақиятга Иличич ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Жумладан, испанияликларга қарши ўйинда ҳам фаоллиги билан ажралиб турди, 4 голдан бирини ўз ҳисобига ёздириб қўйди.
ГЕНРИХ МХИТАРЯН
Жамоаси: «Рома»
Рақами: 77
Ёши: 30
Арманистонлик ярим ҳимоячи ўтган йилнинг ёзида туманли ўлкадан Апеннинга кўчиб ўтиб, бир йиллик ижара шартномаси асосида «Рома» таркибидан ўрин олганди. «Тўпчилар» сафида Генрих 7-рақам остида тўп сурарди. Римликлар жамоасида бу рақам Лоренцо Пеллегринига тегишли бўлгани учун, Мхитарян узоқ ўйлаб ўтирмади ва рақами ёнига яна битта «7»ни қўшиб олди. Қолаверса, «77» футболчи учун бегона рақам эмасди, авваллари шу рақам остида майдонга тушарди. Таъкидлаш жоизки, ўз фаолияти давомида Мхитарян бир қанча рақамларни синаб кўрди. «Пюник»да «35», Донецкнинг «Металлург» ва «Шахтёр»ида «22»ни олди. Дортмунднинг «Боруссия»сида нуфузли 10 рақами соҳиби бўлди, «МЮ»да эса яна аввалги «22»га қайтди.
СТИВЕН Н~ЗОНЗИ
Жамоаси: «Ренн»
Рақами: 92
Ёши: 31
2018 йили Франция терма жамоаси таркибида жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган футболчи ўтган йили ижара шартномасига кўра «Рома»дан «Галатасарой»га ўтди. Туркияда Н`Зонзи экзотик 92 рақамини танлади. Бунинг сабаби бизга номаълум, лекин Италиядаги «42» унга муваффақият келтирмагани аниқ. Футболчига яхшироқ таниш бўлган «15» эса истанбулликлар жамоасида Райан Донк ихтиёрида эди. Айтганча, 15 рақами анча вақтгача Стивенга ҳамроҳ бўлган. «Амьен», «Блэкберн», «Сток Сити» ва «Севилья»да шу рақам остида ўйнаганди. Фақат «Рома»да бошқасини олишга мажбур бўлганди. Аммо бу ўзгариш ҳам футболчига омад келтирмади.
ЖАНЛУИЖИ ДОННАРУММА
Жамоаси: «Милан»
Рақами: 99
Ёши: 20
«Милан»нинг ўсмирлар жамоаларида Доннарумма 1, 22, 99 рақамлари билан ўйнаб юрганди. «Россонер-лар»нинг асосий жамоасида у охирги рақамига содиқ қолиб, қаторасига 5 мавсум асосий дарвозабон вазифасини адо этмоқда. Ёш бўлишига қарамасдан, Жанлуижи ҳозиргача «А» серияда 150дан ортиқ учрашувда майдонга тушди. Унинг ёшидаги дарвозабонлар учун ҳеч бўлмаганда кубок беллашувларида кўриниш беришнинг ўзи ҳам катта орзу эканлиги айни ҳақиқат. Қизиғи шундаки, Доннарумма 99 рақамига шунчалик меҳр қўйганки, нуфузли «1»ни олишни истамади. Ваҳоланки, «Милан»да бу рақам ҳанузгача ўз соҳибини топа олгани йўқ.
ТРЕНТ АЛЕКСАНДЕР-АРНОЛЬД
Жамоаси: «Ливерпуль»
Рақами: 66
Ёши: 21
Ҳикоямиз асосан «А» серия вакиллари ҳақида борган бўлсада, «катта рақамлилар» орасида дунёнинг энг қимматбаҳо футболчиси унвони Трент Александр-Арнольдга тегишли. «Қизиллар» таркибига ўтиши билан иқтидорли ҳимоячи қўшалоқ «6»ни танлади. Чунки у 4 мавсумдан бери 66 рақами остида тўп сурмоқда. Трент чиндан ҳам туманли ўлканинг кўзга кўринган ҳимоячиларидан бири. Балки шу сабабли ҳам футболчи ниманидир ўзгартириш фикридан йироқдир? Лекин ўсмирлар мусобақаларида у 15, 18, 2 ва 17 рақамлари билан танилганди. Энди мухлислар «66»га дуч келганларида, албатта, Трентни тасаввур қиладилар. Чунки у ўтган мавсум «Ливерпул»нинг ЕЧЛдаги зафарли юришига салмоқли ҳисса қўшган бўлса, ҳозир АПЛ шоҳсупаси остонасида турибди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20