Қайднома

Қидирув

Пьерлуижи Коллина: «Ҳакамлигим сабаби – бақакўзлигим»

Пьерлуижи Коллина: «Ҳакамлигим сабаби – бақакўзлигим»

  10.03.2020 04:38
  0
  383
Пьерлуижи Коллина: «Ҳакамлигим сабаби – бақакўзлигим»

Футбол оламида ўзгача донг таратган италиялик собиқ ҳакам Пьерлуижи Коллина яқинда «Мир» тўлов тизими таклифига биноан, Москвага ташриф буюрди. Бундан фойдаланган россиялик касбдошларимиз футболда «Фантомас» мақомини олган тажрибали мутахассисни дарҳол суҳбатга чорлашди. Ўйлаймизки, ўйинларни фавқулодда қатъият билан бошқаргани туфайли катта обрў қозонган собиқ реферининг турли мавзуларга доир фикрлари кўпчиликни қизиқтирса керак.

«ФУТБОЛДАН ЗАВҚ

ОЛМАЙМАН...»

- Жаноб Коллина, ҳаётингиз давомида жуда кўп интервью бергансиз. Айтингчи, сизга қандай савол бермаганимиз маъқул?

- Бундай савол беролмайсиз (кулади), чунки Италия матбуоти вакили эмассиз. Ватанимда ҳар бир йирик турнир арафасида стандарт савол билан юзланишарди: «Италия термасининг финалга чиқиши яхшироқми ёки ҳал қилувчи ўйинни сиз бошқаришингиз?» Бу дунёдаги энг бемаъни савол! ЖЧ финалида ҳакамлик қилиш - ҳар қандай рефери учун буюк орзу. Ҳеч ким бундай шарафли миссиядан бош тортмаса керак. Шундай экан, 2002 йилги дунё биринчилигида ҳал қилувчи учрашувни бошқарганим билан фахрлансам бўлади.

- Ҳакамлар футболни қандай томоша қиладилар?

- Шахсан мен майдонда ўйинга ҳеч қачон мухлис кўзи билан қараган эмасман. Телевизор қаршисида эса, экранга ёпишиб оламан, гўё. ФИФАда ҳакамлик корпуси назоратини ўз зиммамга олган ҳозирги пайтда ҳар қандай учрашув томошаси - оддий туюлган икир-чикирга ҳам жиддий эътиборни талаб қиладиган улкан босим.

- Лоақал бирор ажойиб зарба ёки ғайритабиий финтдан ҳайратланганмисиз?

- Йўқ, чиройли хатти-ҳаракатлардан шунчаки, кўз юмаман. Комбинациялар ҳам мени қизиқтирмайди. Чунки касбим нуқтаи назаридан иккинчи даражали жиҳатларга чалғиб қолишни истамайман.

- Қарсак чалишни ҳам эп кўрмайсизми?

- Буниси умуман мумкин эмас.

- Профессионал деформация, шундайми?

- 17 ёшимдан буён ҳакамлик оламидаман. Деформациядан ўтганимга анча бўлди.

- Бироқ футболдан завқ олмайсиз-ку.

- Ҳа, учрашувларни таранг асабсиз томоша қилолмайман. Шу боис ҳам, асабга дам беришни истаган чоғ баскетболни танлайман.

«МАЙДОНДА ФАҚАТ ЎЗИМГА МУХЛИСЛИК ҚИЛГАНМАН»

- Ҳакамнинг ўзи ҳам майдонда ўйнаши, яъни маълум тажрибага эга бўлиши шартми?

- Ҳаётда профессионал даражада тўп сурган киши ҳакамликни осонроқ уддалаши ҳақидаги тушунча тўғрими? Менимча, тажрибадан кўра, футболни тушуниш муҳимроқ. Қўшимчасига йил сайин жисмоний тайёргарликнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Ҳозирги реферилар бизнинг даврдагидан анча чаққонроқлар.

- Яшил майдон сизни қандай тортади - тўп суриш яхшими ёки ўйинни бошқариш?

- Ҳакамлик даврида дўстларим билан ўйнаб турардик. Дейлик, Италияда ҳакамлар терма жамоасини шакллантириб, актёрлар билан хайрия учрашувлари ташкил этганмиз. Энди майдонда чопишга анча кексайиб қолдим, белим оғриб туради. Шунинг учун ўйинларни трибуна ёки ТВда томоша қилишни маъқул кўраман.

- Баскетболга қизиқишингиз ҳақида гапирдингиз. Бирор муайян жамоага меҳр берганмисиз?

- Ҳа, Болоньянинг «Фортитудо» клубини ёқтираман. Бу - чинакам овунчим. Футбол эса шунчаки, меҳнат манбаи ҳисобланади. Ҳа, бу йўналишда ҳам мухлисман, яна ашаддий. Фақат шуниси борки, футбол майдонида ўзимга ўзим жамоаман, ўзимга ўзим мухлисман. Айтганча, футболчиларнинг қайсидир жамоага мухлислик қилишларига ишонмайман. Бекор гап. Улар ҳам футболни иш сифатида кўрадилар. Ахир ўзи ёқтирадиган жамоага қарши қандай тўп суриш мумкин? Бунинг иложи йўқ-ку. Италияда шундай қоида бор: ўзинг яшайдиган шаҳар жамоаси ўйинини бошқариш мумкин эмас. Қаерда туғилиб-улғайганинг, ўқиганинг эса муҳим эмас. 2004 йили мени «А» ва «В» сериялари вакиллари - «Болонья» ҳамда «Парма» ўртасидаги учрашувга тайин­лашганди. «Плей-офф» босқичи жавоб учрашуви Болоньяда ўтказилган эди. Мен шу шаҳарда улғайиб, вояга етган бўлсамда, ўша пайт у ерда яшамасдим. Муҳими, «ўзимизникилар»га кўмаклашиш истаги хаёлимга ҳам келгани йўқ.

«ФАҚАТ СОҒЛОМ ФИКРГА СУЯНИШ КЕРАК ЭМАС...»

- Аксарият футболчилар - мультимиллионерлар. Уларни қай йўсинда ҳакамларни ҳурмат қилишга мажбур этиш мумкин?

- Мени вақтида нега ҳакамликка қабул қилишганини биласизми? Асосий сабаб - бақакўзлигим. Кўриш қобилиятим юқори, сочларим кўзларимни тўсиб қўймайди... Жиддий гапирадиган бўлсам, ҳеч қачон майдонда ўйинчилар билан муаммога дуч келган эмасман. Иш ҳақининг бунга алоқаси йўқ. Доимо ўзлигимни йўқотмасликка интилдим, самимий мулоқот ўрнатишни маъқул кўрдим. Табассум ҳам, шаф­қатсиз нигоҳлар ҳам ўзимники, яъни табиий эди. Футболчилар буни қадрлашади. Қаршиларида ўйинга пухта тайёргарлик кўрган ва адолат мезонини маҳкам ушлашга интиладиган оддий инсон турганига ишонч ҳосил қилишганидан кейин, албатта.

- Қизиқ, 17 ёшда қандай ҳакамлик қилиш мумкин? Ахир майдонда ўйиннинг энг кичик иштирокчиси бўлгансиз.

- Дарҳақиқат, бу муҳим жиҳат. Ёш бўлсамда, масъулият юкини кўтаришга тайёр эдим. Мактабда ўқитувчи, оилада ака ва опа, ота-она, жамоада эса сардор кўмакчи ролини зиммасига олиши мумкин. Ҳакамликда-чи? Рефери мустақил равишда қарор қабул қилиши шарт. Муҳими, бу ишга тўлиқ тайёрланган эдим.

- Малакали ҳакамнинг майдонда эканлиги сезилмайди - бу тушунчага қандай қарайсиз? Ахир чинакам юлдузсиз ва майдонда сезилмаслигингиз мумкин эмасди...

- Бу фикрингизга қўшилмайман. Яхши ҳакам майдонда чиндан ҳам, кўринмайди. Тўғри, мабодо 3та пенальти белгиласанг, кўринасан. Муҳими, улар асосли бўлиши шарт. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳакам ҳеч қачон бош қаҳрамон ролига  интилмаслиги керак. У ўз вазифасини адо этса, жамоаларга хизмат кўрсатса, бас.

- Ҳакамликда ягона стардарт йўқлиги хусусида кўп гапиришади. Ҳар ҳолда, жойларда турлича ҳакамликни кўрамиз.

- Бу табиий ҳол. Чунки футболнинг ўзи турлича.

- Аммо соғлом фикр тақозосига кўра...

- Ҳакам учун бундай тушунча бегона. Агар рефери фақат соғлом фикрга тая­ниб, қарор қабул қилса, жамоалардан бири бундан зарар кўриши мумкин.

«ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР - ЖИДДИЙ ТАВАККАЛ»

- Ҳакам дейлик, «Инстаграм»да шахсий саҳифа юритиши мумкинми?

- Мисол учун, менда аккаунт йўқ. На «Инстаграм», на «Фейсбук» ёки «Твиттер»да. Ишонмаслигингиз мумкин, ҳаттоки, «ТикТок» саҳифасига ҳам эга эмасман.

- «ТикТок» ҳақида қаердан биласиз?

- Россияга кела туриб, газеталардан унинг юртингизда оммавий эканлигини билиб олдим. ФИФА аслида ҳакамларнинг шахсий саҳифа очишларига қарши эмас. Лекин мусобақалар вақтида барчасини унутиш, бир четга суриб қўйиш шарт. Умуман олганда, ижтимоий тармоқлар - ўта жиддий таваккал.

- Майдонда қачондир қўрқувни ҳам ҳис этганмисиз?

- Ҳа, аввалига ҳаваскорлар футболида ишлаганимда, мухлислар ўз жамоалари ўйинчиларини калтаклашганларига гувоҳ бўлганимда. Ўшанда беихтиёр миямга бир хаёл келганди: «Эҳ, жамоа мағлубиятга учраса, менинг ҳолим не кечади?» Фаолиятимнинг жиддий босқичида эса, трибуналарнинг юқори қаторларидан бошимга тангалар ёғилишидан чўчиб юрганман. Бу чиндан ҳам, жиддий хавф, ҳаттоки, айрим касбдошларим жабрланишган.

- Агар футболчи сизга мушт ўқталса, қандай чора кўрардингиз?

- Шукрки, бундай ёқимсиз ҳолатга дуч келмаганман. Бироқ зўравонлик - жиддий муаммо. Ҳозир айниқса, ёшлар футболида кўп кузатилаётгани эса ачинарли ҳолат.

- Тўғрисини айтинг, бирор марта бўлсин, карточкаларни кийиниш хонасида унутиб қолдирганмисиз?

- Ишониш қийин бўлган даражада тез-тез. Кўпинча иккинчи бўлим олдидан. Бунақаси асосан ёмғир ёғса, кузатилади - кийимларни алмаштирасан, карточкалар унутилади. Лекин муаммони тезда ҳал қилардим: захира ҳакамидан карточка сўрардим. Ўзгача усул қўллайдиган касбдошларим ҳам бор. Бир сафар ҳакам футболчига қарата қўлини кўтариб қўя қолганди. Аммо ҳаракати шунчалик кескин чиққандики, бу огоҳлантириш белгиси эканлигини мухлислар ҳам тушуниб етишган.

VARни ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ДАВОМ ЭТМОҚДА»

- VAR тизимига қандай баҳо берасиз?

- VAR - эндигина тета-поя қилаётган чақалоқ. Ҳакамлар илк марта 2014 йилнинг ноябрида Белфастда шу мавзуда учрашишганди. 5 йил ичида тизим 36та турнирда ишлатилди. Менимча, VAR яхши самара беряпти. Бироқ ҳар қандай янгилик такомиллашувга муҳтож. Яна 5 йилдан кейин ҳамма VARга тўлиқ  кўникади. Ҳа, тўхталишлар ўйин суръатига салбий таъсир этмоқда, баҳсли вазият 6та камера орқали бирма-бир кўриб чиқилади. Ҳар бирига 20 сониядан сарф­ланади. Майдондаги 2 дақиқа - «аччиқ ичак». Демак, қандайдир чора топиш, нимадир ўйлаб топиш керак. Камхаражат VARни жорий этиш - бошқа масала. Ҳозир муқобил вариант кўриб чиқилмоқда. Ундан юксак технологияларга қодир бўлмаган чемпионатларда фойдаланилади.

- Қачондир робот ҳакамлик қилиши мумкинми?

- Мураккаб савол: 10 йил аввал хаёлимизга келмаган ишларни ҳозир амалга оширяпмиз. Ўйлашимча, сунъий интеллект ва техник сабоқ футболга наф келтириши мумкин. Аммо робот майдонда югуролмаслиги аниқ. Дрон каби майдон устида учиб юриш? Бу ҳам ҳақиқатдан йироқ...

- Фаолиятингизда VAR ортиқчалик қилмайдиган ўйинлар ҳам учраганми?

- Албатта, бу дунёда хатодан холи одам йўқ. Жумладан, ҳакамлар ҳам адашишади. Хатони тузатиш имконияти бўлса, киши ўзини хотиржам ҳис этади, албатта.          

«РОССИЯДА ҲАКАМЛИК МУАММОСИ ЙЎҚ»

- Айрим спорт турларида ҳакам ўз қарорини микрофон орқали эълон қилади. Бу тажрибани футболда ҳам қўллаш мумкин эмасми?

- Футболни бошқа спорт турларига таққослашни ёқтирмайман. Бироқ тан оламан, қарорга изоҳ бериш баъзан фойдали.

- Россиялик ҳакамларни анчадан буён йирик мусобақаларга жалб этишмаяпти. Сергей Карасёв ўз мамлакатида ўтган ЖЧда атиги 1та учрашувни бошқарди...

- Карасёв - ёш мутахассис. ЖЧда иштирок этганининг ўзи жиддий натижа, менимча. Юксак савияни тасдиқлай олса, келажакда етарли имкониятга эга бўлади. Умуман, Россия­да ҳакамлар борасида муаммо борлигини кўрмаяпман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz