Қайднома

Қидирув

Маҳоратга муҳтож шижоат...

Маҳоратга муҳтож шижоат...

  11.03.2020 03:46
  0
  792
Маҳоратга муҳтож шижоат...

Маҳорат билан маҳорат тўқнашса, футбол чинакамига гўзаллашади. Шижоатга шижоат рўбарў келса, ўйин роса қизийди. Маҳорат ва шижоат куч синашганида эса, қулай вазиятлардан самарали фойдаланиш омили, яъни ОМАД катта саҳнага чиқади. «Бухоро» бош мураббийи Муҳсин Муҳаммадиев «Пахтакор»га қарши кечган баҳсда олдинги турда «Нав­баҳор» устози Андрей Канчельскис қўллаган услубдан фойдаланишга интилди. Ўта кучли, аниқроғи, ҳушёрлик ва диққат концентрациясига асосланган ҳимоя, қулай пайт пойлаб, қарши ҳужумга ўтиш! Еврофутболда неча бор ўзини оқлаган ва ҳимоявий ўйинни танлаган жамоага катта натижалар тақдим этган бу услуб мана, Суперлигада ҳам баралла бўй ростлай бошлади. Бошқа ҳар қайси жамоа «Пахтакор»га қарши шундай услубда ўйнашга мажбур. Демак, ҳар турда мухлислар маҳорат ва шижоат тўқнашуви гувоҳига айланишади. Ҳозирча маҳорат шижоатдан устун...

 

«Навбаҳор»нинг қарши ҳужумдаги шиддатли ҳамласидан эсанкираган «Пахтакор» ҳимоясида парокандалик кузатилган ва Иван Соловьёв бундан унумли фойдаланганди. «Бухоро» эса учрашувнинг биринчи  бўлимида бу ишни амалга оширолмади. Натижада шижоат маҳорат босими остида қолди. Босим ўтказиш маҳорат тарафга ўтса, шижоат ҳимояланишда анча қийналади. «Навбаҳор» ўйин якунида, яъни таркиблар тенглашган паллада иккинчи голни қўйиб юборганди. «Бухоро» бундан ҳам эртароқ бўшашди. Драган Черан қийналмай, «хет-трик»ка эришди. Тўғри, «Навбаҳор»да қизил карточка туфайли руҳий мувозанат бузилган ва жамоа танаффусдан кейин ўз ўйинини йўқотиб қўйганди. Бу - Андрей Канчельскиснинг камчилиги. Агар у жамоани иккинчи бўлимга руҳан яхши тайёрлаганида, таркиблар тенглашган вақт «лочинлар» осонгина аввалги ўйин услубига қайтишарди. Лекин нимагадир вазият ўзгармади ва «шерлар» тенгма-тенг курашда ғалаба голини уришди. Андрей Канчельскис учун бу - жиддий огоҳлик қўнғироғи. Демоқчимизки, «Навбаҳор» мураббий омили таъсирида дурангни қўлдан чиқарди. Жамоанинг 2-турда «Локомотив»ни ишончли тарзда енгганида эса, мухлислик фактори катта роль ўйнагани ҳаммага аён.

Муҳсин Муҳаммадиев эса Андрей Канчельскисдан фарқли ўлароқ, қарши ҳужумда камроқ ва совуққонроқ ўйнатди жамоасини. Тажрибали мухлислар «Пахтакор», барибир, 2-3та гол уришини тахмин қилиб ўтиришганининг сабаби шу. Қисқаси, «Бухоро» вакиллари «Навбаҳор» қўллаган услубни хирароқ кўринишда такрорлашди. «Пахтакор» Москвада «Спартак» қаршисида қандай аҳволга тушган бўлса, «Бухоро» охир-оқибат, «шерлар» наърасидан довдиради. Сезиб турибсизки, бу наъра Суперлиганинг анча-мунча жамоасини зир титратади. Бироқ «Ал-Ҳилол»ничи? «Лочинлар» уюштирган босимдан асабийлашган Шота Арвеладзе жамоаси Осиё гранд­ларига қандай қаршилик кўрсатади? Очиғи, мазкур саволга дадил жавоб беришга истиҳола қиласан киши. Зеро, «Пахтакор» иштирокидаги икки ўйинда футболимиз имконлари яққол кўзга ташланди. Ҳар ҳолда, бундан айниқса, Вадим Абрамов кўпроқ хулоса чиқарган, деб ўйлаймиз. Чунки Саудия футболи ўйин якунидаги босимларни назар-писанд қилмайди, «Навбаҳор» ва «Бухоро» каби руҳан бўшашмайди. Аксинча, ўзи ҳар жиҳатдан босим ўтказишга уринади. Хуллас, ўзида терма жамоамиз ўзагини жамлаган «Пахтакор» янада ўсиши даркор.

Умуман олганда, «Пахтакор»нинг мунтазам қарши ҳужумда ўйнашга мажбур рақиблар билан баҳс олиб бориши футболчилар руҳияти ва ўйинни ўқиш ҳолатини тубдан ўзгартириб юбормайдими? Суперлигада ҳам «Пахтакор» қарши ҳужумда тўп сурадиган ўйинлар кузатиладими? Буни вақт ҳукмига ҳавола этамиз, албатта. Унгача маҳорат ва шижоат аёвсиз курашаверади. Ана, камтарин «Аугсбург» қудратли «Бавария»га қарши шу кайфиятда тўп сурди ва ўта қизғин тус олган дербида маҳорат ғалаба қозонди. «Уотфорд» енгилмасдек туюлган «Ливерпул»ни тор-мор қилганида, мухлислар бунга жиддий эътибор қаратишмади. Кўпчиликнинг назарида, «қизиллар» бироз «дам» олишди. Юрген Клопп бошчилигида йиғилган очколар миқдори шундай «таътил»га изн берарди. Аммо «Милан»нинг ўз майдонида аутсайдер «Женоа»га ютқазиши - чинакам сенсация. Златан Ибрагимовичнинг маҳорати «Женоа» шижоати олдида ожиз. «Ливерпул»дан фарқли равишда, «Милан»га ғалаба зарур эди, аммо жамоа буни уддалолмади. Агар мураббийлик тажрибасини таққосласак, Фрэнк Лэмпард қаердаю, Карло Анчелотти қаерда?! «Челси» эса «Эвертон»ни маҳорат ва шижоат бобида бутунлай таслим этди. Нима ҳам дердик, мувозанат шаклланмаса, маҳорат ҳам, шижоат ҳам мухлислардан уялаверади...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz