Қайднома

Қидирув

Вундеркиндлар: «БАВАРИЯ»ДАГИ «ЧЕЛСИ» ФАНАТИ

Вундеркиндлар: «БАВАРИЯ»ДАГИ «ЧЕЛСИ» ФАНАТИ

  11.03.2020 06:28
  0
  214
Вундеркиндлар: «БАВАРИЯ»ДАГИ «ЧЕЛСИ» ФАНАТИ

Мавсум бошида Альфонсо Дэвис «Бавария»нинг асосий чап қанот ҳимоячиси бўлиши кимнинг хаёлига келибди, дейсиз? Мюнхенликлар таркибидаги қанот ҳимоячилари рўйхатига бир назар солинг: ажойиб Алаба ҳам шу ерда, жаҳон чемпионлари Эрнандес ва Павар ҳам, шунингдек, исталган вазиятда ўнг томонда ҳам ўйнайверадиган Киммих бор. Шунга қарамай, Дэвис кучли рақобатни енгиб ўтди.

Альфонсо «Бавария» таркибига қандай кирди?

Ўтган йилги трансферлардан ке-йин мудофаа чизиғи таркиби ўнгдан чапга қуйидаги тартибда саналди: Павар, Зюле, Эрнандес, Алаба. Аммо Люка ўзи билан «Атлетико»даги муаммоларини ҳам олиб келди ва бу муаммолар уни ҳозиргача таъқиб этмоқда. Зюле жиддий жароҳат олди, натижада бошланғич таркибга Жером Боатенг қайтди, шунингдек, Давид Алаба ҳам марказга кўчирилди. Мазкур ҳолатда чап қанот «етим» бўлиб қолди. Тақдир тақозоси билан, Алаба, Эрнандес ва Павар ўйнаган чизиқ 9-тур доирасидаги «Унион»га қарши баҳсда қаҳрамонимизга ишониб топширилди.

Дэвис «Бавария»нинг жорий мавсумдаги тўртинчи чап қанот ҳимоячисига айланди. 26 октябрь кунги «Унион» билан ўйинда дебютини нишонлаган Альфонсо кейинги учрашувда «Айнтрахт»дан қабул қилинган 1:5 ҳисобидаги мағлубият (Дэвис самарали узатма муаллифига айланди) ва Нико Ковачнинг истеъфосига бевосита гувоҳ бўлди. Мураббий алмашиши Альфонсонинг ҳолатига таъсир кўрсатмади: мана тўртинчи ойдирки, канадалик 19 ёшли футболчи «Бавария» асосий таркибидан тушмаяпти, қаторасига 20та ўйин ўтказди, 6та «ассист» расмийлаштирди.

Дэвисдаги бундай ўсиш яна бир факт туфайли ажабтовур туюлиши турган гап. У аслида чап қанот ҳимоя­си вакили эмас. Бир йил аввал канадалик «Ванкувер Уайткэпс»дан «Бавария»га вингер сифатида ўтган, унинг трансфери МЛСда рекорд ўрнатганди (15 млн. доллар, сумма 22 млн.гача ошиши мумкин), океан ортида Дэвисни форвардлар билан солиштиришарди. Альфонсонинг «Ванкувер»даги мураббийи Крейг Далримплнинг айтганлари бу фикрнинг исботи бўлиши аниқ: «Ҳозирги болакайларнинг ҳар бири Мессига ўхшашни орзу қилади, аммо Лео ўзгача. Альфонсо ҳам худди шундай. Унда ҳам Лионелдаги, ҳам Роналдудаги хислатлар мужассам, аслида эса, кучи ва тезлигига қараб баҳо берсак, кўпроқ Килиан Мбаппега ўхшайди. Шунингдек, хаёлимга ёш Тьерри Анри ҳам келди - Альфонсода ушбу ҳужумчига хос жиҳатлар бисёр. Кўрамиз, у кейинги йилларда қанчалик ўсишга эришаркин».

Канадалик иқтидор соҳибининг ривожланиш йўли ўзгариб, уни мудофаа чизиғи томон етаклади. Дэвиснинг собиқ мураббийини бу ҳолат ҳайрон қолдирдими, умуман, «Бавария»да бундай ғоя кимдан чиқди? Дастлаб Альфонсо ўтган йилнинг баҳорида ўзи учун қадрдон позицияни эгаллаганди. У пайт­лари Дэвис ҳужум гуруҳидагилар - Коман, Хамес, Гнабри кабилар ўрнига захирадан майдонга тушарди, аммо «Майнц»га қарши баҳс 5:0 ҳисобида давом этаётганда, Ковач Алабанинг ўрнига канадаликни туширди ва Альфонсо чап қанот ҳимоячиси сифатида «Бавария»даги дебют голини урди.

Болалигидан «Челси» мухлиси

Албатта, «Челси» билан ўйин арафасида Дэвисдан «кўклар» манзилига илиқ фикрлар билдиришини кутиш қийин эди, аммо Альфонсо «Бавария»нинг Чемпионлар Лигасидаги рақибига ҳурмат бажо келтирди: «Отам ҳар доим «Челси»нинг ашаддий ишқибози бўлган. Авваллари биз «кўклар»нинг бирорта ҳам ўйинини ўтказиб юбормасдик. У ҳозиргача Лондон жамоасига нисбатан меҳрини йўқотмаган, буларнинг бари болалигимда қолди, лекин Дидье Дрогбанинг ихлосмандига айланганимни тан оламан».

Ганада туғилган, Канада учун ўйнайди

Альфонсо 2000 йили Гана ҳудудидаги Будубурам қочоқлари лагерида туғилган. Ота-онаси Либериядан, ҳозир ушбу давлатда «Олтин тўп» соҳиби Жорж Веа президентлик қилмоқда. Асрлар алмашаётган даврда Либерияда нотинчлик ҳукм сурди, фуқаролик уруши давом этаётганди ва кўплаб оилалар ҳаёт тарзини яхшилаш мақсадида мамлакатни тарк этишди. Улар орасида Дэвислар оиласи ҳам бор эди.

Альфонсо 5 ёшга тўлганида, улар Канадага кўчиб ўтишди, дастлаб Винд­зорда яшашди, кейинчалик эса - Эдмонтонда. Айнан шу ерда «Бавария» футболчиси футбол секциясига қатнай бошлади. 15 ёшида Дэвис Канада фуқаролигини олиб, ўсмирлар термасига чақирув олди, 2017 йилда эса бош жамоада дебютини нишонлаш орқали Канада термаси тарихидаги энг ёш футболчига айланди. 19 ёшида миллий жамоа сафида 17та ўйин ўтказиб, 5та гол урди.

Ҳар жабҳада иқтидорли

Мабодо, Дэвиснинг футболда ишлари қовушмаса, шоу-бизнесда йўқолиб қолмаслиги аниқ. Истеъдодли вундеркинд «Бавария»даги кечки овқат пайти Уитни Хьюстоннинг «I will always love you» қўшиғини қо-йилмақом тарзда ижро этди. Шунинг­дек, ижтимоий тармоқларда Альфонсо «Backstreet Boys» гуруҳининг «I Want It That Way» қўшиғини куйлагани қайд этилган видео ҳам бор. Унинг иқтидори шубҳадан холи. Умуман, қисқа муддатда ҳужумчи амплуа­сидан чап қанот ҳимоячиси позициясига мослашган йигитдан яна нима кутиш мумкин?

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz