Қайднома

Қидирув

Буюк пойга ёхуд яна ЕЧЛдаги Роналду ва Месси ҳақида...

Буюк пойга ёхуд яна ЕЧЛдаги Роналду ва Месси ҳақида...

  13.03.2020 01:17
  0
  312
Буюк пойга ёхуд яна ЕЧЛдаги Роналду ва Месси ҳақида...

Криштиану Роналду Европа Чемпионлар Лигасида футболдаги асосий рақобатчиси Лионель Мессига нисбатан анча кўп гол урмоқда. Савол - аргентиналик даҳоча бу борада португалиялик юлдузга ета оладими? Очиғи, ҳозирча жавоб йўқ. Умуман олганда, икки футбол титанининг шахсий статистикаси шунчаки, ақлни шошириб қўяди. Улар клуб футболида аллақачон гол ҳисобида еттинчи 100таликни майдалашга ўтдилар. Ҳар иккиси учун гол уриш - одатий юмуш. Мисол учун, «Барселона» етакчиси февралнинг биринчи ярмида кетма-кет 4та учрашувда рақиб дарвозасига йўл тополмагач, ижтимоий тармоқларда дарҳол аргентиналикнинг «муаммо»си мавзусида турли ҳазиллар ва мемлар кўпайганидан кўпайди. Ваҳоланки, Лео шу 4та «қуруқ» баҳсда 6та голга ассистентлик қилди, бироқ биров бунга қарамади ҳам...

 

Криштиану Роналду жорий мавсумни яхши бошлагани йўқ: ЧЛ гуруҳ раунди доирасидаги дастлабки 5та ўйинда атиги 1та гол урди, Италия «А» сериясида эса қишгача рақиблар дарвозасини 5 мартагина нишонга олди. Шунда ҳамма португалиялик «оддий» ҳужумчига айлангани, ҳаттоки, юқори савияли футбол учун қариб қолгани ҳақида гапира бошлади. Юлдузлар чиндан ҳам, ёшармаяптилар, прфессионал фаолият йўлида тобора уфқ томон ҳаракатланишмоқда. Ҳар ҳолда, «Ювентус» етакчиси 35 ёшни уриб қўйган бўлса, «Барса» юлдузи июнь ойида 33 ёшга тўлади. Муҳими, ҳар иккиси ҳамон ажойиб спорт формасида, фақат гоҳ униси, гоҳ буниси эндиликда бироз тин олишга маҳкум ёки мажбур...

«Барселона» ва «Ювентус» етакчилари юбилей кўрсаткичга бир кунда етишганида ҳам рамзий маъно бордек. Гап 22 февраль куни бўлиб ўтган ўйинларда кузатилган ҳодисотлар ҳақида кетмоқда - Криштиану профессио­нал фаолиятида 1000-ўйинини нишонлаган бўлса, Лионель «Гол } пас» тизими бўйича тўплаган очколари сонини 1000тага етказиб қўйди. Айни шу куни миллионлар кумирларининг клуб миқёсидаги голлари сони тенг­лашганига нима дейсиз? 22 февраль куни Криш СПАЛ билан ўйинда 626-голини урган бўлса, Лео «Эйбар»га «покер» тақдим этиш асносида португалиялик рақибига тенглашиб олди. Табиийки, икки футболчида бу статистика анатомияси турлича.

1-жадвалдан кўриниб турибдики, аргентиналик юлдуз иккинчи даражали турнирлар (Испания кубоги, Европа суперкубоги ва ҳакозо)да рақибига нисбатан сезиларли даражада кўп гол урган. Роналду ва Мессининг миллий чемпионатларга дахлдор статистикаси эса деярли тенг. Фақат шуниси борки, аргентиналик футболчи нисбатан ёш ва камроқ ўйинда майдонга тушган. Хуллас, ҳозирча 1та ўйинга тўғри келадиган ўртача гол миқдори бўйича «Барселона» вакили олдинда - унда ҳам бутун фаолияти, ҳам миллий лигаларга доир кўрсаткич яхшироқ. Бироқ еврофутбол гултожи саналган Чемпионлар Лигасида Криштиану мутлақ қирол. Айни пайт португалиялик тўпурар энг яқин таъқибчисини нақ 15та голга ортда қолдирмоқда. Тушунарлики, бу ЧЛдек турнир учун жуда катта фарқ. Моҳиятан олганда, 15та гол — бу еврокубокнинг тўлиқ бир мавсуми учун ҳам супераъло натижа. УЕФА ҳисоб-китобига кўра, айни пайт Роналдуда 129та эмас, 128та гол бор. Португалиялик 1та «ортиқча» голни ЧЛ-2005|2006 саралаш босқичида «МЮ» учун «Дебрецен» дарвозасига урган. Лекин УЕФА турнир тўпурарлари рўйхатини шакллантиришда фақат гуруҳ босқичидан бошлаб урилган голларни инобатга олади. Факт шуки, шу 1та голсиз ҳам Криштианунинг пойгадаги пешқадамлиги анча ишончли. Ўртада катта фарқ борлигига қарамай, икки юлдузнинг ЧЛдаги голларига вақт бўйича назар ташлаш қизиқ, албатта - 2-жадвалга қаранг.

Эътиборли факт: аргентиналик ҳам, португалиялик ҳам еврокубоклардаги илк голини бир вақтда, яъни мавсум-2005|2006да нишонлаган. Лекин Роналду дебют голидан кейин нақ икки йил сукут сақлаган - мавсум-2006|2007нинг апрель ойигача. Месси аксинча, бирданига тезлик олиб, «Барселона» учун барқарор тарзда гол урган. Умуман олганда, аргентиналик юлдуз ортда қолган вақт давомида 5та еврокубок мавсумида 10та гол маррасидан ошди. Роналду эса 7 марта, қолаверса, кетма-кет равишда шундай кўрсаткичга эришди. Энг қизиғи, Месси бошиданоқ Роналдудан чамаси ярим-бир йилга олдинга чиқиб олганди. Португалияликнинг аргентиналикдан максимал ортда қолган муддати — 13 ой (48 ва 49-голлар). Лекин Роналду мавсум-2013|2014дан эътиборан суръатни кескин оширди ва Мессига нафақат етиб олди, балки 2014 йилги финалдан кейин ундан ўзиб кетди (ўша вақт ўртадаги ҳисоб португалиялик фойдасига 68-67га етди). Кейинги мавсумда юлдузлар бироз «мушук-сичқон» ўйинини кўрсатишди ва Криш 2015 йилнинг баҳорида «тахт»га чиққани бўйича бошқа пастга тушгани йўқ.

Ҳозирги ҳолатга қарасак, «Ювентус» юлдузининг пешқадамлик мавқеи жуда мустаҳкам. Месси ЧЛдаги 114-голини 2019 йилнинг ноябрида урди ва бу охиргиси бўлиб турибди. Роналду эса бу маррага нақ 2 мавсум олдин, яъни 2017 йилнинг ноябрида етганди. Биласиз, у ўша вақт «Реал» сафида тўп сурган. Савол - нега шундай бўлди? Эҳтимолки, португалиялик учун еврокубоклар муҳимроқдир. Ахир унда Испания, Италия ёки Англия чемпионати тарихидаги энг яхши снайпер бўлиш имкония­ти йўқ. Лекин Криш бутун фаолияти давомида ЧЛда иштирок этмоқда ва шунинг учун турнир тарихида бош голеадор бўлиб қолишни исташи табиий ҳол. Бунинг учун эса имкон борича кўпроқ гол уриб, Месси билан ўртадаги фарқни ошириб бориши даркор. Криштианунинг Европа халқаро майдонидаги муваффақиятларига қарасак, унинг бош мақсадларидан бири ҳам ЧЛ тарихида энг яхши тўпурар сифатида қолиш, шунинг учун мотивацияси юқори. Масаланинг иккинчи томони ҳам йўқ эмас - моҳиятан олганда, Месси захирасида икки мавсум бор (ахир у Роналдудан 2 ёш кичик) ва у назарий жиҳатдан кейинчалик Криштианудан ўзиб кетиш имкониятига эга. Асосий савол - қачон шундай бўлади? Кўринишидан, яқин орада эмас, шекилли...

 

ЧЛнинг энг яхши тўпурарлари

(гуруҳ босқичидан эътиборан)

 

1. Криштиану Роналду («МЮ», «Реал», «Ювентус») - 128та

2. Лионель Месси («Барселона») - 114та

3. Рауль Гонсалес («Реал», «Шальке») - 71та  

4. Карим Бензема («Лион», «Реал») - 64та

    Роберт Левандовски («Боруссия» Д., «Бавария») - 64та

6. Рууд ван Нистелрой (ПСВ, «МЮ», «Реал») - 56та

7. Тьерри Анри («Монако», «Арсенал», «Барселона») - 50та

8. Златан Ибрагимович («Аякс», «Ювентус», «Интер», «Барселона», «Милан», «ПСЖ», «МЮ») - 48та

   Андрей Шевченко («Динамо» К., «Милан», «Челси») - 48та

10. Филиппо Инзаги («Ювентус», «Милан») - 46та

 

ЧЛнинг энг яхши тўпурарлари

(саралаш босқичидан эътиборан)

 

1. Криштиану Роналду («МЮ», «Реал», «Ювентус») - 129та

2. Лионель Месси («Барселона») - 114та

3. Рауль Гонсалес («Реал», «Шальке») - 71та 

4. Карим Бензема («Лион», «Реал») - 64та

    Роберт Левандовски («Боруссия» Д., «Бавария») - 64та

6. Рууд ван Нистелрой (ПСВ, «МЮ», «Реал») - 60та

7. Андрей Шевченко («Динамо» К., «Милан», «Челси») - 59та

8. Тьерри Анри («Монако», «Арсенал», «Барселона») - 51та

9. Филиппо Инзаги («Ювентус», «Милан») - 50та

 

ЧЛда 1та клуб учун энг кўп гол урган

футболчилар (саралаш босқичидан эътиборан)

 

1. Лионель Месси («Барселона») -114та

2. Криштиану Роналду («Реал») - 106та

3. Рауль Гонсалес («Реал») - 66та

4. Карим Бензема («Реал») - 52та

5. Роберт Левандовски («Бавария») - 47та

6. Томас Мюллер («Бавария») - 44та

7. Алессандро Дель Пьеро («Ювентус») - 42та

8. Тьерри Анри («Арсенал») - 35та

   Рууд ван Нистелрой («МЮ») - 35та

 

ЕЧКнинг энг яхши тўпурарлари

(саралаш босқичидан эътиборан)

 

1. Альфредо ди Стефано («Реал») - 49та 

2. Эйсебио («Бенфика») - 47та

3. Ференц Пушкаш («Гонвед», «Реал») - 35та

4. Герд Мюллер («Бавария») - 34та

5. Франциско Хенто («Реал») - 32та

 

ЧЛ мавсумларининг энг яхши тўпурарлари (гуруҳ босқичидан эътиборан)

 

1992|1993: Франк Созе («Марсель») - 5та

1993|1994: Христо Стоичков («Барселона») - 5та

1994|1995: Жорж Веа («ПСЖ») - 7та

1995|1996: Яри Литманен («Аякс») - 9та

1996|1997: Милинко Пантич («Атлетико») - 5та

1997|1998: Алессандро Дель Пьеро («Ювентус») - 10

1998|1999: Андрей Шевченко («Динамо» К.), Дуайт Йорк («МЮ») - 8тадан

1999|2000: Марио Жардел («Порту»), Ривалдо («Барселона»), Рауль Гонсалес («Реал») - 10тадан

2000|2001: Рауль Гонсалес («Реал») - 7та

2001|2002: Рууд ван Нистелрой («МЮ») - 10та

2002|2003: Рууд ван Нистелрой («МЮ») - 12та

2003|2004: Фернандо Морьентес («Монако») - 9та

2004|2005: Рууд ван Нистелрой («МЮ») - 8та

2005|2006: Андрей Шевченко («Милан») - 9та

2006|2007: Кака («Милан») - 10та

2007|2008: Криштиану Роналду («МЮ») - 8та

2008|2009: Лионель Месси («Барселона») - 9та

2009|2010: Лионель Месси («Барселона») - 8та

2010|2011: Лионель Месси («Барселона») - 12та

2011|2012: Лионель Месси («Барселона») - 14та

2012|2013: Криштиану Роналду («Реал») - 12та

2013|2014: Криштиану Роналду («Реал») - 17та

2014|2015: Лионель Месси («Барселона»), Неймар («Барселона»), Криштиану Роналду («Реал») - 10тадан

2015|2016: Криштиану Роналду («Реал») - 16та

2016|2017: Криштиану Роналду («Реал») - 12та

2017|2018: Криштиану Роналду («Реал») - 15та

2018|2019: Лионель Месси («Барселона») - 12та


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz