Қайднома

Қидирув

«Ливерпул»ни ким тўхтатди?

«Ливерпул»ни ким тўхтатди?

  13.03.2020 03:21
  0
  162
«Ливерпул»ни ким тўхтатди?

«Нотаниш» Исмоила Сарр жорий мавсум бутун АПЛ уддалолмаган миссияни шараф билан бажариш асносида бир кечада кенг доирада танилди. Хўш, февралнинг охирги куни «Ливерпуль» дарвозабони Алиссон Бекерни икки бора ранжитган йигит ҳақида нималарни биламиз? Ўзи у ким? Сарр ҳозир «Барселона»да ўйнаши мумкин эди, аммо у камтарин «Уотфорд»ни танлади. «Ливерпул»нинг чемпионат аутсайдерларидан бири майдонида сенсацион тарзда мағлубиятга учраши (яна 0:3 ҳисобида!)да айнан Исмоила Сарр бош ролни бажарди. Зеро, у аввалига «дубль» расмийлаштирди, кейин яна бир голга ассистентлик қилди.

Болалик

Исмоила Сарр — «Уотфорд» клуби ва Сенегал миллий жамоасининг 22 ёшли вингери. У Африка мезонлари бўйича ўртаҳол оилада, 4 нафар ака-ука ва опа-сингил даврасида улғайган. Исмоиланинг отаси - Абдулайе Сарр Наар Гааду собиқ футболчи. Катта Сарр ўтган асрнинг 80-йилларидан Ғарбий Африка мамлакатида ўйнаган. Футболдаги фаолияти эса чамаси 20 йилга чўзилган. Асосийси, Абдулайе ўғиллари олдига шарт қўяди: «Футбол туфайли билим олишга беписанд қарамайсизлар. Аввал ўқиш, кейин футбол!» Лекин Исмоила мактабга тоқат қилолмасди, дўстлари билан тўп ортидан югуриш учун доимий тарзда дарслардан қочарди. Кейинчалик ота-онаси Исмоиладан олим чиқмаслигини тушуниб, уни ҳунар ўрганишга йўналтиришади. Аниқроқ айтсак, улар ўғилларини мактабдан ажратиб, тикувчига шогирд қилиб беришади. Аммо болакай футболсиз яшолмасди ва ўз танловида қатъий туриб олади. Тўғри, маълум муддат тикувчилик билан шуғуллангани зое кетмайди. Ҳар ҳолда, Исмоиланинг айтишича, ҳалигача устаси билан алоқаларни узган эмас ва у ҳозирда Саррлар оиласининг шахсий дизайнерига айланган.

Бўлажак футболчи 11 ёшида Сенегал пойтахти - Дакарда жойлашган «Женерейшн Фут» академиясида шуғуллана бошлайди. Дарвоқе, «Ливерпул»нинг бугунги юлдузларидан бири Садио Мане ҳам вақтида шу академия жамоасида ўйнаган. Исмоилага келсак, у балоғат ёшига етиши ҳамоно Европага йўл олади.

Франция

Сенегаллик бақувват йигит биринчи профессионал шарномасини Франциянинг «Мец» клуби билан тузди. Ўша вақт Исмоила 18 ёшда бўлиб, келишув 5 йилга мўлжалланган эди. Сарр бошида янги мамлакат ва ўзи учун бегона муҳитга мослашишда анча қийналди. Дейлик, аввалига фақат захирадан майдонга тушиш билан чекланди. Муҳими, у барчасини сабот билан енгиб ўтиб, маълум вақтдан кейин «Мец»нинг асосий таркибидан муқим жой олди. Франция клубидаги статистикаси ҳам чакки эмас - 33та ўйинда 5та гол. Хуллас, Сарр ўша мавсум «Мец»нинг Лига 2га тушиб кетмаслигига катта ҳисса қўшди ва кейинги йилиёқ клуб билан хайрлашди. Бинобарин, «Ренн» африкалик футболчи трансферига 17 млн. евро тўлаб, у билан 4 йиллик шартнома тузди. Айни ўша вақтда «Барселона» ҳам сенегалликка эътибор қарата бошлади, бироқ вингернинг ўзи ҳали Каталония клуби даражасига  етмаганини тушунганиданми, таклифни рад этди. Шу тариқа Исмоила «Ренн» либосини кийди ва клубнинг 77та ўйинида қатнашиб, ўз номига 18та гол ёзиб қўйди. Қолаверса, у Европа Лигасида ҳам 9та ўйин ўтказиб, рақиблар дарвозасини 4 марта иш­ғол қилди.

Сенегал термаси

Исмоила Сарр 17 ёшида U-19 тои­фасидаги Африка миллатлар кубоги турнирида иштирок этди ва яна бир йилдан кейин мамлакат миллий жамоасидаги дебютини нишонлади. 2017 йилнинг январида эса Сенегал термасидаги голлари ҳисобини очди. Исмоила ўшанда Ливия термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида ўзини кўрсатган эди. Сарр ўша йили жаҳон чемпионати саралаш босқичида ҳам иштирок этди. Дейлик, Сарр Буркина-Фасо термасига қарши кечган баҳсда Садио Мане узатмасидан сўнг сенегалликлар учун ўта муҳим гол урди. Шундай қилиб, қаҳрамонимиз 2018 йилги жаҳон чемпионатига йўл олди, аммо Россияда унга рақиблар дарвозасини нишонга олиш насиб этмади.

«Уотфорд»

Сарр Англия футболига ўтган йилнинг ёзида юзланди. Диққат қилинг, «Уотфорд» сенегаллик учун «Ренн»га нақ 30 млн. евро тўлади. Бу клуб тарихидаги рекорд трансфердир. Сарр 29 февраль куни «қовоқарилар» сафида 20-марта майдонга тушди ва 5-6-голларини нишонлади. Исмоила ҳозир атиги 22 ёшда ва агар каталонияликлар ёзда унга яна эътибор қаратсалар, бундан ҳеч ким ортиқча ажабланмайди.

 

«Уотфорд» ва Исмоила Сарр кутилмаган эффектли ўйин билан Юрген Клопп жамоасининг 2та рекорд кўрсаткич томон юришига нуқта қўйди. Биринчиси - «Ливерпуль» АПЛдаги ғалабали сериясини 19та ўйинга етказолмади ва энди бу борадаги рекордни «Манчестер Сити» билан бўлишиб туришга мажбур. Иккинчиси - «қизиллар» учун «Арсенал»нинг 49та ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига етиш армон бўлиб қолди - улар 45-қадамда тўхташди. Лекин ишонинг, ушбу хафагарчиликлар тез орада унутилади. «Ливерпул»нинг ниҳоят, чемпионлик тахтига кўтарилишига ҳаттоки, коронавирус эпидемияси ҳам халақит беролмаса керак. «Қизиллар» нақ 31 йил давомида олтин медаль ютолмадилар, қайта шакллантирган Премьер-Лигада бирор марта ғолиб чиқмадилар. Мерсисайдликлар ниҳоят, юксак мақсад ва маррага яқин келган пайт қандайдир серияларга қараб ўтиришармиди?

 

маълумот учун

 

Исмоила САРР

Туғилган санаси ва манзили: 1998 йил 25 февраль (22 ёш), Сен-Луи (Сенегал)

Фуқаролиги: Сенегал

Бўйи: 185 см.

Позиция бўйича: ярим ҳимоячи|вингер

Клуби: «Уотфорд» (Англия)

Клуб футболидаги фаолияти

2016—2017: «Мец» (Франция), 31та ўйин, 5та гол

2017—2019: «Ренн» (Франция), 59та ўйин, 13та гол

2019—...: «Уотфорд» (Англия), 20та ўйин, 6та гол

Фақат миллий чемпионатлардаги статистикаси келтирилган.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz