Қайднома

Қидирув

Давид Вилья: «Ишончим комил, Месси дарвозабонликни ҳам қойиллатади»

Давид Вилья: «Ишончим комил, Месси дарвозабонликни ҳам қойиллатади»

  12.03.2020 05:31
  0
  79
Давид Вилья: «Ишончим комил, Месси дарвозабонликни ҳам қойиллатади»

«Барселона» клуби ва Испания термасининг собиқ форварди Давид Вилья ВВС вакилларига берган интервьюсида «Арсенал»га ўтиши 90 фоизга аниқ бўлгани, аммо якунда «Атлетико» сафига қўшилгани ва бундан асло афсусланмаганини таъкидлади. «Канонирлар» Вильяни 2013 йилнинг январида сотиб олишга уринишган, аммо лондонликларнинг ўша пайтдаги бош мураббийи Арсен Венгер «Барселона» Давидни сотишни хоҳламаётганини айтганди. Олти ойдан кейин Вилья бир мавсумга «матрасчилар» аъзосига айланди, сўнгра «Нью-Йорк» клубига кўчиб ўтиб, 4 йиллик шартнома имзолади. У бутсаларини ўтган йилнинг декабрида, 38 ёшида михга илди. Маҳоратли ҳужумчининг сўнгги жамоаси Япониянинг «Виссел Кобе»си бўлди. Вилья ҳамкасбларимиз уюштирган суҳбатда Премьер-лигага меҳри, Лионель Месси билан бирга ўйнагани, Пеп Гвардиола қўл остида тўп сургани ва нима сабабдан Жозе Моуриньо жамоасида ўйнашни хоҳлагани тўғрисида гапирди.

 

«АРСЕНАЛ»ГА ЎТГАНИМДА,

НИМА БЎЛИШИНИ БИЛМАСДИМ»

- Биз Венгер билан жуда кўп учрашувлар ўтказдик, қўнғироқлашдик. «Арсенал» таркибига ўтишим 90 фоизга аниқлигини сезиб турардим. Арсен билан бирга ишлашни хоҳлардим. Аммо ўша пайт келишолмадик. «Атлетико» бундан хабар топгач, 3-4 кун ичида вазият тамомила ўзгарди. Мадрид жамоаси «Барселона» билан музокарани ижобий якунлади ва барча масалаларни ҳал қилдик. «Арсенал»га ўтганимда нималар бўлиши мумкинлигини билмасдим, лекин «Атлетико» таркибига қўшилганимдан жуда мамнунман. Бунга нафақат Испания чемпионлигини қўлга киритганимиз сабаб бўлган, балки ушбу клубдаги ҳамма нарса ёқарди менга. Ўшанда шундай қарорга келиб, Испанияда қолганимдан хурсандман.

«АПЛда ТЎП СУРИШ УЧУН КЎПЛАБ ИМКОНИЯТЛАРГА ЭГА БЎЛГАНМАН»

Давид Вильянинг фаолияти муваффақиятли ўтган дейиш мумкин. Испаниялик форвард 3 марта Ла Лига чемпионлигини қўлга киритган - икки марта «Барселона» билан, бир марта «Атлетико» сафида, шунингдек, 2011 йили Чемпионлар Лигаси бош соврини соҳибига айланган. Бундан ташқари, Вилья Испания кубогидаги 3та («Сарагоса», «Валенсия» ва «Барселона» таркибида), Испания суперкубогидаги 3та (бир марта «Сарагоса», 2 марта «Барселона» сафида), шунингдек, Япония кубоги, УЕФА суперкубогидаги ғалабалар ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлиги билан ҳам фахрлана олади.

Вильянинг ютуқлари

У Испания термасида 59та гол уриб, рекорд қайд этган, ўз мамлакатининг Евро-2008 ва ЖЧ-2010, шунинг­дек, Конфедерациялар кубогида зафар қучишига катта ҳисса қўшган. Бутун фаолияти давомида Вилья Англиянинг турли клубларига ўтиши мумкин эди. Улар орасида «Челси» ва «Ливерпуль» ҳам бор. Аммо нега туманли ўлкада тўп суриш унга насиб қилмади?

- Премьер-лигани яхши кўраман. Ҳар доим ушбу чемпионатни кузатиб борганман, бир кун келиб, у ерда тўп суришни ўйлаганман. Аммо агентим ва шахсан ўзимга турли таклифлар келганда, бошқача қарорларни қабул қилганман. Нега? Бу саволга ҳамон жавобим йўқ. Англия чемпионатига бориш учун кўплаб имкониятларга эга бўлганман, лекин бошқа йўлни танлаганман.

«МЕССИ - ТЎРТ ФУТБОЛЧИНИНГ

ЖАМЛАНМАСИ»

2010 йили «Валенсия»дан «Барселона»га ўтган Вилья кейинги 3 йилни Каталонияда ўтказди, Мессининг ажо-йиб узатмаларидан кейин чиройли голлар уришн пайсалга солмади. Аргентиналик юлдузни барча даврларнинг энг яхши футболчиси деб аташи ҳам бежиз эмас. Чунончи, Давиднинг айтишича, Лео майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам анча оғир-босиқ ва камтар инсон экан.

- Месси - бу Месси, Андрес Иньеста, Хави ва ҳатто Серхио Бускетснинг жамланмаси. У тўрт кишининг ўрнига ўйнаётгандек, ҳаммасини ажойиб тарзда уддалайди». Буни ким айтганини билмайману, лекин шу гапга қўшиламан. Ушбу жумлаларни илк марта эшитганимдаёқ, ўзим ҳам худди шундай ўйлашимни тушунгандим. Мессини қайсидир бир ўйинчи билан солиштириб бўлмайди, у шунчаки футболчи эмас, майдонда ҳамма ишни уддалайди, унинг ўрнини биргина ўйинчи билан тўлдириш имконсиз. Мендан «Унинг майдондаги позицияси қанақа?» деб сўрайдиган бўлсангиз, рости, бунга жавоб беролмайман. Чунки билмайман. Месси - марказий форвард эмас, аммо шунга қарамай, «Барселона» ва бутун Испания чемпионатининг энг яхши тўпурари. Лео - плеймейкер позициясида ўйнамайди, аммо энг яхши ассистент экани аниқ, қойилмақом узатмаларни амалга оширади. У исталган вақтда тўп учун курашиши, ҳар қандай вазиятда мувозанатни йўқотмаслиги мумкин. Ваҳоланки, бўйи баланд эмас ва уни осонгина йиқитса бўладигандек. Баъзан Месси ўнг оёғида яхши зарба йўллай олмайди, деб ўйлардик, лекин у фикримизга терс ўлароқ, айнан ўнг оёғида чиройли голларни урарди. Ўйлашимча, у бир кун дарвозага ҳам туради ва кипер вазифасини ҳам аъло даражада уддалайди, чунки бу Лео. Мессининг беназирлиги ҳам шунда. Унинг оғир-босиқ ва камтар йигитлигини ҳамма билади, майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўзини жуда сипо тутади, бу эса унинг ўзгачалигига ишора.

«ГВАРДИОЛА ФУТБОЛНИ ЯНГИ

ДАРАЖАГА ОЛИБ ЧИҚМОҚДА»

2010-2013 йиллар мобайнида Вилья «Барселона» сафида Испания чемпионати доирасидаги 77та ўйинда қатнашиб, 33та гол урди, «Ноу Камп»даги уч мавсумининг иккитасини Гвардиола қўл остида ўтказди. Кейинчалик Хосеп Германияда муваффақиятга эришди, «Бавария» билан уч марта Бундеслигада соврин ютди. Сўнгра Англияга кўчиб ўтиб, «Манчестер Сити»нинг Премьер-лигадаги ютуқларига катта ҳисса қўшди.

- Гвардиола ҳақида гапирганимизда, ҳаётда қандайдир янгиликларни амалга ошириш орқали зафар қучишга интиладиган одамлар тоифасига кирадиган шахсни назарда тутамиз. Пеп инқилоб тарафдори, мунтазам ривожланишга интилади. Бир жойда туриб қолмайди. Гвардиола Испания, Англия ёки Германияда турфа услубларни қўллаш турлича маънога эга эканлигини билади. У қачон ва қаерда бирор-бир тактикани қўллаш ёки умуман, қандайдир янгилик яратиш кераклигини тушунади. Ҳозир у билан ишламаяпман, аммо унинг менталитети ўзгармаганига ишончим комил. Ушбу мутахассис футболни янги даражага олиб чиқиш учун янги услубларни топишини биламан. Айнан шу сабабли ҳам у футбол пирамидасининг чўққисидаги ўрнини ҳамон сақлаб турибди.

«МОУРИНЬО ҚЎЛ ОСТИДА ТЎП

СУРИШНИ ХОҲЛАГАНМАН»

Вилья фаолияти давомида миллий, қитъа ва халқаро даражада муваффақиятларга эришган, шу боис, карье­расининг катта қисми Испанияда ўтганидан асло афсусланмайди. Шунга қарамай, у бир саволга жавоб тополмади: «Жозе Моуриньо қўл остида тўп суриш қандай бўлади?». Вилья «Барселона» сафида ўйнаётганда, португалиялик мураббий каталонияликларнинг принципиал рақиби - «Реал»да ишлаганди.

- Жозе бошқарувида тўп суриш қандай бўлиши мумкинлигини ўйлаб қолардим. Моуриньо - футболдаги энг яхши мураббийлардан бири. Кўпинча унга қарши ўйнаганман, чунки менинг клубим португалиялик мутахассис ишлаётган жамоаларга рақиблик қиларди. Шундай бўлсада, у менга ёқарди, чунки тарихдаги етук мураббийлар рўйхатига киради.

«ФУТБОЛЧИЛИК ФАОЛИЯТИМНИ

ЯКУНЛАГАНИМДАН ХУРСАНДМАН»

Вильядан фаолиятидаги энг чиройли гол қайси эканини сўранг, у дарҳол жавоб қайтаради. Бу воқеа 2011 йили, «Уэмбли»да ўтказилган Чемпионлар Лигаси финалининг 70-дақиқасида содир бўлган, ўшанда у киритган тўп «Барселона»нинг «Манчестер Юнайтед» устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишига замин яратганди. Ўша ўйин якунлангач, Давид ЕЧЛ совринини боши узра кўтарганди.

- Ўша куни жуда яхши ўйнагандик, аммо ҳақиқат шуки, биз 2:1 ҳисобида олдинда бораётгандик ва «Манчестер Юнайтед» битта тўп киритса, ҳаммаси кескин ўзгариб кетиши мумкинлигини тушуниб турардик. Менинг самарали зарбам ўзимизни нисбатан хотиржамроқ сезишимизга, ўйинда ғалабага эришиб, бош совринни қўлга киритишимизга сабаб бўлган. Ҳаммаси ажойиб эди, бундай дамлар унутилмайди.

Испания термаси Евро-2008да ғолиб чиққанда, унинг таркибида Вилья ҳам бор эди. Орадан икки йил ўтиб эса, қаҳрамонимиз Жанубий Африка Республикасининг Йоханнесбург шаҳрида ўтказилган мундиал финалида зафар қучиб, жаҳон чемпионлигини қўлга киритганди.

- Ўйлашимча, ўша пайт ҳаммаси бизнинг фойдамизга ишлаганди - ажойиб футболчилар ва мураббийлар авлоди, майдондаги катта иш ҳажми, аввалги йилларда ўтказилган мундиалларда ғалаба қозона олмаганимиз... Испания терма жамоалар даражасида нимадир ютишга ҳақли эди, биз ҳамиша фаворитлар сафида бўлганмиз, аммо муваффақиятга эришиш айнан ўша авлод вакилларига насиб қилди. 2010 йилги жаҳон чемпионатида қатнашган футболчиларнинг 80 фоизи ўша дамда фаолиятининг чўққисида эди. Биргаликда биз ажойиб ишни амалга оширдик - дастлаб Европа чемпионатида ғалаба қозондик, кейин эса жаҳон кубогини қўлга киритдик.

Турли клублар таркибида ўтказилган 765та ўйинда жами 381та гол урган 38 ёшли Вилья футболчилик фаолиятини якунлаш учун энг маъқул вақт келганини ҳис қилди.

- Сўнгги икки йил мобайнида фақат 3 ёки 4 марта кичикроқ жароҳатларга йўлиқдим, тўлиқ тикланишим учун 3 ҳафта сарфладим. Жисмоний жиҳатдан соғломман ва яна 2-3 йил юқори савияда ўйнай олардим, бироқ хаёлим футболдан бошқа нарсалар ҳақида ўйлаётганини англадим. «Пенсия»га чиқиш қарорим тўғри эди, зеро ўйиним ёмонлашиши, голларим камайиши, миллионлар ўйинидан завқ олмай қўйишим мумкин бўлган давр яқинлашаётганини ҳис қилгандим. Одамлар юксак даражада ўйнай олмаётганим, майдонда шунчаки юрганимни эмас, урган голларим ва ёрқин ўйинларимни муҳокама қилаётган пайтда кетиш энг маъқул йўл деб ҳисобладим. Тушунарлики, футболни соғинаман, аммо бутсаларимни энг тўғри пайтда михга илганимдан бахтиёрман. Умуман олганда, футболни тўлиқ тарк этмоқчи эмасман, спортнинг ушбу тури ривожига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман. Аммо эндиликда буни ўйинчилик эмас, бошқа ролда бажараман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz