Қайднома

Қидирув

Шуҳрат Абдураҳмонов: «Қопда пул билан келдим...»

Шуҳрат Абдураҳмонов: «Қопда пул билан келдим...»

  13.03.2020 22:44
  0
  397
Шуҳрат Абдураҳмонов: «Қопда пул билан келдим...»

Бугун (13 март) Андижондаги «Ёшлар маркази»да жамоа аъзолари билан ашаддий мухлислар ўртасида ўзига хос учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда «penalti.uz» сайти хабар бермоқда. Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов жамоанинг кўрсатаётган натижаларидан қониқиш ҳосил қилмаётганини очиқ-ойдин, тўкилиб-тўкилиб айтибди. Жумладан, ҳоким шундай дейди:

1

... Мен доим футбол ичидаги одамлар билан мулоқотда бўламан. Шу пайтгача қайси мураббийни хоҳлашган бўлса, ҳаммасини олиб келдик... Бирор марта уларнинг истакларини рад қилмадим. Нимани ва кимни хоҳлашса ўшаларни олиб келдик. Лекин қани натижа? Шунингдек, яна бир масала, бу ҳомийликдир. Албатта, «Андижон» жамоасига машина заводи ҳомий сифатида бириктирилган. Лекин ҳозирги аҳволни ҳамма билиб тургандир, машина нархларини қимматлаштирганди, завод эса қийин аҳволда. Бутун юк эса менинг бўйнимда қолиб кетди. Албатта, менга футбол керак, менга одамларнинг яхши кайфияти керак, шунинг учун жоним билан ернинг тагидан бўлса ҳам футбол учун шароит яратиб беришга тайёрман. Лекин бир нарсани тушунингларда, йўқ жойдан пул топиб, уларга берганимдан кейин мени ҳам натижа кўргим келадими?

2

...Ўтган йили бош мураббий Александр Хомяковни исташди ва уни ҳам олиб келдик, бу мураббийни анча таърифлашди. Ўтган йили иш бошлагач, вақт керак дейишди. Мана, ўтган йилги вақт ҳам ўтди. Бу йил эса яна бошланди. Куни кеча гаплашсам, яна вақт керак дейишяпти. Қачон мен ҳам «Андижон» жамоамиз ютиб келди дея хурсанд бўламан? Мана, ҳозир ҳам футболчиларни олдига қопда пул билан келдим. Мана, таркибни янгилашди, ўзлари истаган ўйинчиларни олишди. Пистончини оласан, палончини олмайсан деб умуман ишларига аралашганим йўқ. Буларга эса бироз қаттиқ гапирсак хафа бўлиб қолишаркан...

3

... Охирги пайтларда стадионга бормай қўйдим. Нимага? Уларга эсон-омон ютқазиб олдингларми деб бораманми? Мана, 5-6 миллиард сўмга клубнинг базасини ҳам реконструкция қилиб беряпман. Апрелда эса жамоага янги автобус ҳам олиб бераман. Энди келишиб олайлик, хўп, мен яна қийин бўлса ҳам жамоа учун ҳамма шароитни яратиб бераман. Лекин шунга яраша булар ҳам жонини бериб, мухлисларни хурсанд қилиб ютиши керакми? Стадионга бормаганим билан жон куюктириб ўтираман, нима бўляпти экан деб. Ёрдамчимдан ҳисоб қанақа бўлаётганини сўраб тураман. Мана, кечаги куни Қаршида «Насаф» билан ўйнашди. Учрашув пайтида ҳисобни сўрасам 1:0 га ютяпмиз дейишди. Ўйин охиригача индамай тур, ютса айтасан, ютмаса айтмайсан дедим. Қарасам, жим бўлиб кетди. Кейин билсам ютқазишган экан...

4

...Футболни ҳам ўзига яраша фанатлари, ҳомийлари бор. Наманганда ҳам футбол учун индамасдан пул бериб кетадиганлари бор. Бошқа вилоятларда ҳам бор. Аммо бизни Андижонда йўқ. Шунингдек, бошқа вилоят жамоаларига ҳомий қиладиган ташкилотларнинг раҳбарлари ҳам футболга мухлислик қилишади. Лекин бизда бундай эмас. Мен хасрат қилаётганим йўқ, билинглар демоқчиман. Клубнинг бир йиллик сметаси 17 миллиард сўм. Гап 17 миллион ёки бошқа рақам ҳақида эмас, балки 17 миллиард ҳақида кетяпти. Қийин бўлса-да, жамоамиз учун моддий томондан рағбатлантиришга ҳаракат қиляпман. Лекин мени ҳам натижа кўргим келади. Агар «Андижон» ютиб тураверса, пулдан умуман муаммо бўлмайди. Клубдагилардан натижани сўрасам, бунга вақт керак дейишяпти. Ахир мен буни 7 йилдан бери кутяпманку, яна қанча вақт керак? Яна қанча кутишим керак? Тушунаман, кучли жамоалар бор, мен улар билан рақобатлашиб, тенгма-тенг ўйна деяётганим йўқ. Аммо ҳеч бўлмаганда «Андижон» ҳам 5-6-ўринларда юриши керак-да?!

5

... Жамоангиз нечанчи ўринда дейишса айтгани ҳам уяламан. Ўзи ҳеч нимага қарамасдан жамоани шартта биринчи лигага тушириб, ҳадеб палон миллионга у ёки бу ўйинчини олиб келавермасдан фақат ўзимизни маҳаллий ёшлардан янгитдан жамоа ташкил қилиб ўйнатишни ўйлаб қоламан. Лекин булар йўқ, бундай қилсак мухлисларимиз хафа бўлади дейишгани учун майли, деб жамоани Суперлигада ушлаб турибман. Ўтган йили шу даражада бўлдики, футболчиларга ҳаттоки, уйингдаги муаммоингни ҳам айт дедим, ерлар олиб бердим, боғлар қилиб бердим. Лекин шунча қилганларимизга қарамай, ҳеч нима бўлмагандек жамоадан кетди. Андижондан бошқа жамоаларга кетиб «кўкариб» кетганларни кўрганим йўқ...

6

... Мен доим жамоамиз учун шароит яратишга тайёрман. Аммо ўзлари ҳам ишлашсинда, агар эплай олишмаса, кетишсин. Мен доим сизлар учун хизмат қилишга ҳамиша тайёрман. Мен ҳеч қачон пул беришдан қочмайман. Мен фақат натижаси йўқ ўйиндан қочяпман. «Навбаҳор» билан бўладиган ўйинда ютмасликнинг иложи йўқ. Мен ҳам жамоамизнинг ғалабасини хоҳлайман. Лекин ёмонни ўйламагунча яхшиси бўлмайди деганларидек, ҳеч бўлмаганда дуранг ўйнашса ҳам мен қопда пул билан бораман. Мана, ҳозир 450 миллион пул олиб келдим. Эртага эса кечгача яна 500 миллион пул бераман, буларга. Шу кунгача футболчилардан бирорта қарз қолмайди. Худоим футболчиларимизга куч-қувват берсин. Булар натижа кўрсатишсин, мен эса моддий томондан қўллаб-қувватлайман. «Навбаҳор»ни ютадиган бўлишса, буларга зўр совға билан бораман...



InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz