Қайднома

Қидирув

АПЛнинг мушакдор паҳлавони

АПЛнинг мушакдор паҳлавони

  14.03.2020 09:38
  0
  347
АПЛнинг мушакдор паҳлавони

«Вулверхэмптон» қанотида ҳукмронлик ўрнатган бу девқомат йигит аллақачон эътиборингизни тортганига шубҳа йўқ. Мабодо, уни танимасангиз, билиб олинг: Адама Траоре, ёши 24да, бўйи 178 см., вазни 87 кг. Ўлчами тезлиги ва самарадорлигига халал бермайди. Gol.ru келтирган қуйидаги фактлар буни яққол исботлайди.

2016|2017 йиллар мавсумининг «Арсенал»га қарши учрашувида футболчи 37 км|соат тезлигида югурди. Бу - АПЛ рекорди. Адама ҳатто Гвардиолани ҳайратда қолдирди: «У машина. Тезлик олган пайтида уни тўхтатишнинг иложи йўқ».

Яна бир рекорд «Уотфорд» билан бўлган беллашувда ўрнатилди - ўйин давомида Траоре 15та муваффақиятли алдамчи ҳаракатни амалга оширди. Статистика маълумотларига кўра, 2015 йилнинг февралида «Байер» ўйинчиси Карим Белараби «Вердер»даги рақибларини 17 марта алдаб ўтган экан.

Жорий мавсумда Адама ўз фаолиятидаги энг сермаҳсул иштирокини қайд этди - 6та гол. Мавсум ниҳоясига етгани йўқ.

Траоре методикаси: генетика } югуриш курси } ширинликларсиз таом.

Англия футболчини бутунлай ўзгартириб юборди. «Барселона» академиясида озғин ва нимжон эди. Ҳозир қоядек бақувват.

«Астон Вилла» таркибига ўтганидан кейингина чинакам беллашувларга дуч келган Траоре маҳаллий биринчилик хусусиятларини тўла-тўкис тушуниб етди: «АПЛда кун кўриш жуда қийин. Чунки ундаги кескин тўқнашувлар мени чирпирак қилиб учириб юборарди. Ҳатто мендан бўйи паст бўлган рақибларим ҳам жуда чайир ва бақувват эдилар. Шунда ҳаммасини тушундим: Англиядаги рақобатга дош бериш учун жисмоний тайёргарлигим талаб даражасида бўлиши шарт. Шундан кейин қаерда ўйнашимдан қатъий назар, клуб шифокорлари ва мураббийлари билан ҳамкорликда қўшимча машғулотларда шуғуллана бошладим».

Шу тариқа Адама қатъий парҳез (ёғли таомлар, ширинликлар ва ичкиликдан воз кечиш) асосида овқатланиш тизимига ўтиб, хусусий физио­терапевт, диетолог ва массажчилар хизматидан фойдалана бошлади.

Траоре ўз машғулотларида ҳар хил асбоб-ускуналар ёки мосламалардан фойдаланмайди. Фақат ўз вазни устида ишлайди: «Менга махсус мосламаларнинг кераги йўқ. Хусусий шифокор ва мураббийим жамоадаги машғулотларимга мос келадиган дастур тузиб беришди. Мен унга қатъий риоя қиламан. Натижада баданим юкламаларни енгил қабул қилади, ўзимни доимо тетик ҳис этаман».

The Sun қўшимча қилади: «Траоренинг танаси жисмоний машғулотларга мойил, уларни яхши қабул қилади. Унинг жуссаси «Барселона»да юрган пайтида мушакдор эмасди. Лекин оёқлари кучли, мускуллари чайир эди. Яхши натижаларга эришиш учун Адамадан юкламаларни тартибга келтириш талаб этиларди, холос».

Вазни ва гавдаси учун ноодатий бўлган юқори тезликка Траоре болалик пайтидан югуриш билан шуғулланиш эвазига эришган. У мунтазам равишда кросс билан шуғулланган. Фақат қизиқиш туфайли эмас - унинг тез ривожланаётган тўқималари доимий ҳаракатни талаб қиларди: «Акс ҳолда, бўғимларимда оғриқ пайдо бўларди. Шифокорлар югуриш билан шуғулланишни тавсия этишди», - дейди Адама.

Англияда куч-қувватни олиб қўядиган машғулотлардан кейин ҳаракатчанликни йўқотмаслик учун Траоре 2004 йилда Олимпиада чемпиони бўлган енгил атлетикачи Даррен Кэмпбеллдан маслаҳат сўради. Чопқир спортчи унга югуриш машғулотларига оид қўлланмани топиб берди.

«Вулверхэмптон» бош мураббийи Нуну Эшпириту шогирдининг машғу­лотлардаги иштиёқини қуйидагича баҳолаганди: «Траоре ҳар куни шиддатли тарзда шуғулланади, ўзини сира аямайди. Унинг ҳаракатлари ҳайратланарли. Адама - мен биладиган асл профессионаллардан бири».

Яқинда Траорега бодибилдингда ўз маҳоратини синаб кўришни таклиф этишганди ва шу заҳоти рад жавобини олишди - у фақат футбол ҳақида ўйлаган ва ўйламоқда.

Адама Траоре Испанияда туғилган ва 15 ёшгача африкалик эмигрантлар ва қочоқлар истиқомат қиладиган Лос-Блокда яшаган. Бу ҳудуддаги ёшлар олдида 3та йўл борлигини Траоре бир неча марта такрорлаган: жиноий гуруҳларда, турли майда-чуйдалар савдосида шуғулланиш ёки футбол. Адама ва укаси Моха Траоре (ҳозир «Эркулес»­да тўп сурмоқда) учинчи вариантни танлашди.

Траоре интервьюларининг бирида у ва укасини кўча безорилари бир неча марта ёллашга уринганликлари ҳақида гапирганди. Шунингдек, ўзи бевосита кўчаларда бўлиб турадиган муштлашувлар, пичоқбозлик ва ўқ отишларга дуч келганини айтганди: «Бундай турмуш тарзи кимларгадир катта маблағ келтириши мумкин, агар у омон қолса, албатта. Болаликдаги танишларимнинг кўпчилиги безориларга қўшилиб кетишди. Аммо айримларининг ҳаёти фожиа билан ниҳоясига етди. Мен футбол ўйнашни хоҳлардим ва бу ҳудудни тарк этишни орзу қилардим».

Траоре ҳанузгача яқин дўстлари ва ота-онасига тўғри йўлни танлашда ёрдам беришгани учун миннатдорчилик билдиради. Оспиталитетга жуда кам келади, келганида қандай қилиб бунчалик бақувват йигитга айлангани ҳақидаги саволга жавоб беради: «Жавобим шуки, Англия футболи бақувват ва чаққон бўлишни талаб қилади. Бунинг учун асбоб-ускуналарсиз машқ қилдим. Бунга кўпчилик ишонмайди. Майли, ишонмаса ишонмай қўя қолсин. Бироқ ҳаётимни қотиллик, гиёҳванд моддалар ва ҳаром пулларга эмас, футболга боғлаганимдан беҳад мамнунман».

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz