Қайднома

Қидирув

Марказий Осиё футболи ҳамон мундиалдан четда!?

Марказий Осиё футболи ҳамон мундиалдан четда!?

  12.03.2020 11:34
  0
  879
Марказий Осиё футболи ҳамон мундиалдан четда!?

Ҳозиргача Марказий Осиё футболининг жаҳон чемпионатларидаги иштироки асосан ўзбекистонлик ҳакам Равшан Эрматовнинг иши билан боғлиқ. Миллий жамоалар учун эса мундиалда қатнашиш ҳамон орзулигича қолмоқда. ЖЧ йўлланмасини қўлга киритишга ҳаммадан ҳам кўпроқ Ўзбекистон термаси яқин келган, аммо сўнгги паллада омад юз ўгирганди. Умуман, Марказий Осиё мамлакатлари миллий жамоалари 6 марта жаҳон чемпионатига чиқишга уриниб кўришган ва ҳар гал муваффақиятсизликка учрашган. Қуйидаги мақола айнан шу мавзуга бағишланади.

1998 - ДАСТЛАБКИ УРИНИШ

Илк бор Марказий Осиё термалари Францияда ўтказилган 1998 йилги жаҳон чемпионати саралашида қатнашишган. Осиё квалификациясининг биринчи раундида 36та мамлакатга 3,5та йўлланма ажратилганди. Ўзбекистон ва Қозоғистон миллий жамоалари рақибларини осонгина таслим қилиб, кейинги босқичга йўл олишганди. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон термалари эса биринчи раундда қолиб кетишганди. Фаворит Эрон билан бир гуруҳдан жой эгаллаган қирғизларнинг муваффақиятсизлиги олдиндан тахмин қилинганди. Тожикистонликларга эса чин маънода омад кулиб боқмади - Туркманистон ва Вьетнам термалари билан ўтказилган 4та учрашувда умумий 16:1 ҳисобида зафар қучган жамоа Душанбеда Хитойдан битта гол ўтказиб юборди ва Пекинда муносиб жавоб қайтаролмай, 0:0 кўринишида дуранг қайд этганди. Бу эса кейинги босқич йўлланмасидан қуруқ қолишни англатарди.

Саралашнинг финал раундида Ўзбекистон ва Қозоғис­тон миллий жамоалари Япония, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирликлари термалари билан бир гуруҳдан жой эгаллаб, якунда 4-5-ўринларни эгаллашди.

 

2002 - ТАЖРИБА МАЙДОНИ

2002 йилги мундиал чиптасини қўлга киритиш янада қийинроқ эди - чунки турнир Жанубий Корея ва Япония­да ўтказилган, натижада, мезбонлар Осиёга ажратилган йўлланмаларнинг 2тасини банд қилиб улгуришганди. Қолган 40та жамоа 2,5та жой учун курашишга мажбур бўлганди.

Биринчи босқич Тожикистон термаси ёдида сақланиб қолиши турган гап. Жамоа гуамлик рақиби устидан 16:0 ҳисобида тарихий ғалабага эришганига қарамай, бошқа форслар - Эрон жамоасига 0:2 ҳисобида ютқазиб, кейинги раундга чиқиш имкониятини қўлдан чиқарганди. Ўша гуруҳнинг ҳамма ўйинлари Эронда ўтказилганди. Қирғизистон ўз гуруҳи аутсайдери бўлган, Қозоғистон эса Ироқ термаси билан тенгма-тенг ўйнаганди - ушбу жамоа­лар иккита учрашувда дуранг қайд этишганига қарамай, қозоқлар камроқ гол уришгани учун биринчи ўринни рақибга бўшатиб беришди. Фақатгина Ўзбекистон термаси ўшанда кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритган, ўз гуруҳида Туркманистон жамоасини икки марта мағлубиятга учратиб, 1-ўринни эгаллаганди.

Ушбу турнирдан Ўзбекистоннинг омадсиз серияси бошланди, курашни давом эттириш учун жамоага ё битта гол ёки бир очко етмай қолаверди. Бу сафар «плей-офф»га чиқиш учун термага айнан ягона гол етишмади.

 

2006 - ОЗИГА ҚОНИҚИШ

Жаҳон чемпионати-2006нинг Осиё қитъасидаги биринчи саралаш босқичидан Марказий Осиё жамоалари ичида фақат Ўзбекистон термаси чиқди. Иккинчи гуруҳ раундида «Оқ бўрилар» 3-ўринни эгаллаб, илк бор «плей-офф» йўлланмасига эга бўлишди. Биринчи ўйинда Ўзбекистон Баҳрайнни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратди, аммо ўйин пайти ҳакам хатоликка йўл қўйгани сабаб ФИФАга шикоят хати йўлланди. Ташкилот эса жабрдийда жамоага техник ғалаба ёзмай, учрашувни қайта ўтказиш бўйича қарор чиқарди. Бу сафарги баҳс 1:1 ҳисобида якунланди. Баҳрайнда жамоалар дарвозаларни ишғол қилишни уддалай олишмади ва сафарда урилган гол эвазига араблар курашни давом эттиришди. Эҳтимол, ўшанда Ўзбекистон термаси дастлабки ўйиндаги натижа билан қониққанда, барчаси бошқача кечармиди...

Қирғизистон, Тожикистон ҳамда Туркманистон жамоалари кутилганидек, биринчи гуруҳ босқичидан ўта олишмади.

Қозоғистон эса бу пайтга келиб Осиё футболини тарк этиб, УЕФА аъзоси сифатида Европадаги саралашларда қатнашишни бошлаганди. Аммо бу қарордан ортиқча шон-шуҳрат қозонмади - жамоа «кўҳна қитъа» саралашидаги дастлабки иштирокида 12та ўйин ўтказиб, фақат бир марта дуранг қайд этди. Қолган учрашувларда мағлубиятга учради.

 

2010 - ШЕВЧЕНКО ВА РУНИНИНГ ГОЛЛАРИ

Қозоғистон термаси 2010 йилги жаҳон чемпионатининг Европадаги саралашида ўз тарихида илк марта 2та ғалабага эришди. Албатта, ҳар икки ютуқ Андорра жамоа­си билан ўйинда қўлга киритилганини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли. Қолган 8та ўйинда имконият бой берилди. Шунга қарамай, Қозоғистон термаси посбони кексалик даврида эслаб юрадиган воқеалар бўлди: унинг дарвозасини жаҳон футболи афсоналари - Андрей Шевченко, Лука Модрич, Уэйн Руни ҳамда Фрэнк Лэмпард кабилар ишғол қилишганди...

Осиёдаги саралашга янги қоидалар киритилганди, эндиликда гуруҳ босқичига чиқиш учун алоҳида ўйинларда майдонга тушиш талаб этиларди. Қирғизистон термаси дастлабки раунддаёқ Иорданияга ютқазиб, Марказий Осиё вакиллари орасида биринчилардан бўлиб курашни тўхтатди. Тожикистон ушбу босқичда Бангладешни осонгина енгди, бироқ кейинги раундда шундай осонлик билан Сингапурга имкониятни бой берди. Ўша кезлари Тожикистон термасида «олтин авлод» вакиллари тўп суришган, улар ўз ёш тоифаларида Осиё чемпионатида бронза медалларини қўлга киритишганди. Шу боис, бу футболчиларга катта умид боғланганди, аммо...

Биринчи гуруҳ босқичига чиқиш фақат Туркманистон ва Ўзбекистонга насиб қилди. У ерда туркманлар йўлланмани икки Кореяга бой беришди, «Оқ бўрилар» эса кейинги - иккинчи гуруҳ босқичига чиқиб, муваффақиятсиз қатнашишди - гуруҳда сўнгги ўрин эгалланди.

 

2014 - ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМАСИДАН

ОМАД ЮЗ ЎГИРДИ

Ўзбекистон миллий жамоаси Осиё қитъасидаги энг омадсизлардан бири ҳисобланади - охирги паллада бу термага нимадир етишмай, жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолаверади.

2014 йилги жаҳон чемпионати саралашида Ўзбекистон «плей-офф»га чиқди. Дастлаб қўшнилар - Қирғизистон ва Тожикистон термаларидан анча устунлигини кўрсатган «Оқ бўрилар» кейинчалик Япония, Жанубий Корея ва Эрон каби кучли термаларга муносиб қаршилик кўрсатишганди. Сўнгги паллада Ўзбекистоннинг тарихдаги энг кучли жамоасига Бразилия мундиали йўлланмасини қўлга киритиш учун атиги 1та гол камлик қилганди - Ўзбекистон ва Жанубий Корея жамоалари тўплаган очколар тенг бўлиб қолди, аммо корейсларда тўплар нисбати биттага яхши бўлгани учун улар жаҳон чемпионатига боришди.

Шунга қарамай, Ўзбекистон миллий жамоасида имконият сақланиб қолганди - «плей-офф»да унчалик кучли бўлмаган Иордания термаси тўсиғидан ўтиш талаб этиларди. Икки ўйин натижасига кўра тенглик сақланиб қолгач, ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланадиган бўлди ва унда иорданияликларнинг қўли баланд келди.

Қозоғистон эса биргина жиҳат билан мақтана оларди, холос - Астана (ҳозирги Нурсултон)да швециялик ҳужумчи Златан Ибрагимович ўзининг навбатдаги чиройли голларидан бирини қозоқлар дарвозасига урганди.

 

2018 - «ЎЗ УЙИДАГИ» МУНДИАЛДАН

ЧЕТДА ҚОЛИШ

Марказий Осиё минтақасидаги футболчилар Россияда ўтган 2018 йилги жаҳон чемпионатини мезбондек қабул қилишганди, зеро саралашдан муваффақиятли ўтилса, стадионлар уларнинг мухлислари билан тўлиши турган гап эди.

Бу сафар Европа қитъаси саралашида қатнашаётган Қозоғистон термаси дарвозасига гол урган юлдузлар рўйхати яна кўпайди. Нав­бат польшалик тўпурар Роберт Левандовскига етиб келганди. Қозоқлар фақат шу факт билангина чекланишди.

Осиё қитъасида Қирғизистон ва Тожикистонни Австралия таслим қилди, Туркманистон эса эронлик қўшнилари олдида ожиз қолди. Ўзбекистон термаси яна биринчи гуруҳ босқичидан муваффақиятли ўтди, иккинчисида эса узоқ вақт Эрон ва Жанубий Корея билан биргаликда етакчиликни бўлишиб турди. Бироқ якунда нафақат Россия мундиали йўлланмасини асосий икки рақибига бой берди, балки «плей-офф»­да қатнашиш ҳуқуқини тақдим этадиган 3-ўриндан ҳам қуруқ қолди.

 

2022 ЁКИ 2026 - ЎЗБЕКИСТОН ТЕРМАСИНИ ҚАЧОН МУНДИАЛДА КЎРАМИЗ?

Марказий Осиё жамоалари орасида айнан Ўзбекистон термаси жаҳон чемпионати финал турнирида ўйнашга асосий даъвогар ҳисобланади. Келгусида бу ишни амалга ошириш нисбатан осонроқ бўлиши турган гап, чунки ФИФА мундиал иштирокчилари сонини ҳозирги 32тадан 48тагача оширишни режалаштирмоқда. Агар Ўзбекистон миллий жамоаси сўнгги йиллардаги натижаларини такрорласа, бу ЖЧга чиқиш учун етарли бўлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz