Қайднома

Қидирув

Шуҳрат МИРХОЛДИРШОЕВ: «Ҳужумчилар ҳақида гапириш мен учун оғир»

Шуҳрат МИРХОЛДИРШОЕВ: «Ҳужумчилар ҳақида гапириш мен учун оғир»

  14.03.2020 12:39
  0
  421
Шуҳрат МИРХОЛДИРШОЕВ: «Ҳужумчилар ҳақида гапириш мен учун оғир»

Яқин ўтмишнинг моҳир тўпурар ҳужумчиларидан бири, «Навбаҳор», «Машъал», «Андижон» ва «Насаф» клубларидаги ўйинлари орқали мухлислар меҳрини қозонган Шуҳрат Мирхолдиршоев tribuna.uz мухбири билан суҳбатда футболчилик фаолияти, хотиралари, ўзбек футболидаги муаммолар, жумладан, ҳужумчилар етишмовчилиги ҳақида гапирди.

- Футболга қандай кириб келгансиз?

- Футболга кириб келишим маҳалладан бошланган. 6 ёшимда эса отам биринчи мураббийим Шукрулло Абдуллаевнинг ёнига олиб бордилар. Кейинчалик «Навбаҳор-3»да Усмон Асқаралиев, Олег Халиулин, Анвар Ўринов каби мураббийлар қўл остида ўйнадим. Асосий таркибга эса Виктор Жалилов жалб этган.

- Қайси футболчиларнинг ўйинлари сизга мотивация бера олган? Ҳужумчи бўлишингизга туртки бўлган?

- Марадона, бразилиялик Роналдо ва Шевченконинг ўйинларини қизиқиш билан кўрардим. Ўзбекистон чемпионатида ҳам юқори маҳоратли футболчилар тўп суришарди. Ёшлигимда отам «Навбаҳор»нинг ўйинларига олиб тушардилар, Фарҳод Магометов, Олег Шацких, Рустам Дўрмонов каби ўйинчиларнинг ҳаракатларини кузатардим. Авваллари «Навбаҳор» ўйинларидан олдин стадионда ёш болалар футбол ўйнашарди. Мухлислар қаршисида ўзимизни кўрсатишга ҳаракат қилардик. Ўйин бошлангач эса болбой вазифасини бажарардик.

- Ёшлигингизда пойабзал сотиш билан шуғулланганингиз ростми?

- Йўқ, пойабзал сотмаганман. Акамга нон сотишга ёрдамлашардим. Кун давомида 4та нарсага улгурардим: дарс, акамга ёрдамлашиш, футбол ва карате. Шу пайтларда отам олиб берган спорт оёқ кийимини 3-4 йил авайлаб киярдим. Шароитлар борасида ҳозирги ёшларга ҳавас қилса арзийди.

- Лекин шароитлар яхшилангани билан натижалар ўзгармаяпти-ку?

- Ўзим ҳам шунга ҳайронман. Натижалар кўринмаяпти. Футболчилар, хусусан, ҳужумчилар камайиб кетаётгандек. Бизнинг давримизда миллий жамоага номзод 10-12 нафар ҳужумчи бўларди, ҳар бир клубда 2-3 нафар юқори савияли форвардлар бор эди. Мураббийларнинг қайси ҳужумчини майдонга туширишни билмай боши қотарди. Аввалги футболчилар маш-ғулотлардан кейин қолиб, яна 1 соатча ўз устиларида ишлашарди. Ҳозиргилар эса машғулотлар тугаши ҳамоно шошиб кетишади. Ҳужумчилар ҳақида гапириш мен учун оғир. Чунки чемпионатимизда ҳужумчининг ўзи йўқ. Миллий жамоада биргина Элдор Шомуродов бор, аммо унинг ёнига рақобатчилар керак. Ҳужумчилар мураббийи вазифасини ташкил этишни таклиф қилган бўлардим. Масалан, дарвозабонлар мураббийи бор-ку.

- Голларингизга эътибор берсак, одатда, чап томондан кириб келиб, ўнгга қайрилиб, тўпни айлантириб тепардингиз. Ҳозир бундай футболчиларимиз кам. Шу услуб ҳақида нима деган бўлардингиз?

- Бу услуб - машғулотлар ва меҳнатлар натижаси. Ўз устимда тинимсиз ишлардим. Бизнинг давримизда ҳимоячилар бўйдор бўлган. Лекин қўрқ­масдан жарима майдончасига кириб борардик. Ярим ҳимоячи ёки ҳужумчи камида 1-2 ҳимоячини алдаб ўтиши, улардан қўрқмаслиги керак. Ҳозир Жалолиддин Машариповда шу хусусиятни кўриш мумкин. Афсуски, бундай ўйинчилар кўп эмас. Айрим жамоалар легионер ҳужумчилар олиб келишяпти, аммо мен у футболчиларда ҳеч нарса кўрмаяпман. Легионер камида Драган Черандек бўлиши керак. Савиясиз легионерга берилган маблағнинг ўндан бирини маҳаллий ёш ўйинчига сарфласа фойдалироқ бўлади.

- 2000 йиллар бошида олий лигада тўпурарлар ўртасида рақобат кучли эди. Тожиев, Солиев, Исоқов, Бердиев, Холмуродов, Ҳамидуллаев, Идиатуллин ва сиз. Голларингиз сонини оширишда жамоа­дошларингиздан ёрдам сўрармидингиз?

- Тўпурарлик пойгасида ярим ҳимоячилар, ҳужумчилар, ҳатто мураббийлар ҳам катта ёрдам беришарди. Жамоадошларим Хайрулла Каримов, Сайдулло Турсунов, Рашид Ғофуров, раҳматли Тоҳир Мадраҳимов маслаҳатлари билан кўмак беришган, қўллаб-қувватлашган.

- Энг яхши тандемингиз сифатида кимни айта оласиз?

- Анвар Солиев, акам Улуғбек Мирхолдиршоев, Рустам Дўрмонов, Зафар Холмуродов, Бахтиёр Ҳамидуллаев.

- Қайси ҳимоячиларга қарши ўйнаш қийин эди?

- Бахтиёр Ашурматов ва Асрор Алиқулов. Шунингдек, «Металлург»­да Ҳикмат Эргашев ўйнардилар, ҳозир АГМКда Миржалол Қосимовга ёрдамчилик қиладилар. Улар аямасдан тепардилар. У пайтда ҳимоячилар жуда қўпол ҳаракат қилишарди. Аммо барчаси майдонда қоларди, ўйиндан кейин бир-биримизга қўл ташлашиб кетардик.

- Сиз билан бирга ишлаган қайси мураббийларни алоҳида эътироф этган бўлардингиз?

- Аввало, ҳам инсон, ҳам мураббий сифатида Виктор Жалиловни айтган бўлардим. Бу мураббий доим футболчиларини ҳимоя қиларди. «Насаф»да Анатолий Демьяненко қаттиққўл мураббий эди. Рўзиқул Бердиевни ҳам таъкидлашим мумкин. «Машъал»даги Виктор Кумиков жисмоний тайёргарликни биринчи ўринга қўярди. Унинг юкламалари оғир эди. Барчаларига раҳмат айтаман.

- Нега тўпурар бўлган мавсумларингизда ҳам миллий жамоада бар­қарор ўйнаб кета олмагансиз?

- Жанубий Кореядаги Осиё ўйинлари пайтида мураббий (Виктор Борисов) билан келишмовчилик кузатилган. Сабаб шу эди. Буни эслашни ҳам хоҳламасдим.

- 2004 йилда Виктор Жалилов ва футболчиларнинг ёппасига «Машъал»га кетишига сабаб нима эди?

- Кўпчилик бизни молиявий сабаб ёки кимдир туфайли кетди, деб айтади. 2004 йили «Навбаҳор» билан бронза медалини қўлга киритдик, лекин 2-даврада умуман маош олмадик. Мухлислар ҳақиқатни билишлари керак. Мен «Қайрат» (Қозоғистон) клуби билан Дубай йиғинига кетдим. Улар 2 йиллик шартнома таклиф қилишди. Сўнг Москвада МДҲ кубогига тайёргарлик кўраётганимизда, Виктор Жалилов ва собиқ жамоадошларим билан гаплашдим. Билсам, улар «Машъал»га кетишган. Мени ҳам таклиф қилишди. Ўзим билган футболчилар билан ўйнашни хоҳлаб, «Қайрат» билан шартнома имзоламадим. Наманганга келдим. Жамоа раҳбарлари билан гаплашдим. Кўп мухлислар мени «Аввалги мавсумда тўпурар бўлгани учун катта маош сўраган», дейишади. Ундай эмас, ўзимнинг ҳалол ойлигимни сўраганман. Яширмайман, ўшанда жамоада қолишим битта «Нексия»нинг пули бўлган. «Навбаҳор»га Туркманистондан янги мураббий Раҳим Қурбонмамедов келган. 3 кун Наманганда юрганман, лекин мени жамоага чақирмаган. Рашид Ғофуров клубда қолган, бироқ 1-давра тугамасдан мураббий уни ҳам жамоасида кўришни истамаган.

- «Машъал» ва «Андижон» сафида «Навбаҳор»га қарши баҳсларда (2:1, 5:1) «дубль» ва «хет-трик» қайд этгансиз. Шунда кимгадир ниманидир исботламоқчи бўлганмисиз?

- Ҳеч кимга ҳеч нимани исботламоқчи бўлмаганман. Голларни нишонлашни ҳам истамаганман. Ке-йинчалик «Навбаҳор»га қайтиб, «Машъал»га ҳам гол урганман. Бу футбол. Майдонга тушиб, ўз ишимни қилардим. Нотўғри тушунган, хафа бўлган мухлислардан узр сўрайман. Наманганлик ишқибозлар Ўзбекистонда тенгсиз. Бизда оддий ўйинга ҳам 10-12 минг мухлис киради, мажбурлаб стадионга олиб киришмайди.

- 2008 йили «Навбаҳор»га қайтдингиз. Лекин бир мавсум ўйнаб, жамоадан кетдингиз. Бу сафар сабаб нима эди?

- Ички муҳит яхши эмасди. Футболчилар ва мураббийларнинг тез-тез келиб-кетиши кузатилган. Бундай муҳитда футбол ўйнашни истамасдим. Шундан сўнг Андижон вилояти ҳокими таклифи билан «Андижон»га ўтдим.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН

ШУҲРАТ

МИРХОЛДИРШОЕВ

1982 йил 5 мартда Наманган вилоятида туғилган. Футболчилик фаолияти давомида «Навбаҳор», «Машъал», «Андижон» ва «Насаф» клубларида ўйнаган. Ўзбекистон чемпионатида 2 марта кумуш, 3 марта бронза медалини қўлга киритган. 2011 йили «Насаф» билан ОФК кубогида ғолиб бўлган. 2003 ва 2004 йилларда қаторасига икки бор Ўзбекистон чемпионати тўп-урарига айланган. 100дан ортиқ гол урганлар қаторида Геннадий Красницкий клуби аъзоси саналади. Ўзбекистоннинг турли ёшдаги жамоаларида ҳаракат қилган, жумладан, миллий жамоада 3та ўйин ўтказган.

Аъзамжон ИЗЗАТИЛЛАЕВ суҳбатлашди 


Манба: tribuna.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz