Қайднома

Қидирув

Мамаюсуф Бердиев: «Ғалаба ҳам мағлубият ҳам ишонч фарзандидир»

Мамаюсуф Бердиев: «Ғалаба ҳам мағлубият ҳам ишонч фарзандидир»

  15.03.2020 03:30
  0
  299
Мамаюсуф  Бердиев: «Ғалаба ҳам мағлубият ҳам ишонч фарзандидир»

Газетамизнинг 18 февраль куни чоп этилган 13 (1740)-сонида футбол ҳақидаги «Орзу» китоби муаллифи, руҳшунос мураббий - Маҳмаюсуф Бердиев билан суҳбатнинг биринчи қисмини ҳукмингизга ҳавола қилган эдик. Мана, навбат мулоқотнинг давомига келди.

 - Футболда жисмоний, функцио­нал ҳолат қатори руҳий тайёргарлик ҳам катта аҳамият касб этади. Хўш, руҳият маромида бўлиши учун аввало, нималарга эътибор қаратиш керак, сизнингча?

- Ҳа, футболда жисмоний, техник ва тактик тайёргарлик жуда муҳим, лекин булар бирламчи фактор ҳисобланмайди. Энг асосийси - руҳий ҳолат. Дейлик, сиз хонадонингизни биринчи даражали электротехника маҳсулотлари билан жиҳозладингиз, лекин электр токи бўлмаса, улардан нима наф? Тана - бу ақл-идрок, қалб ва руҳ жойлашган идиш. Идиш - бу қути. Қути бўшаб қолса, уни кўпинча ташлаб юборамиз. Ахир бўш қутининг моҳияти қоладими? У энди ҳеч кимга кераксиз матоҳдир. Маълумки, руҳий ва жисмоний қувватни бир маромда тутиб туриш учун ақлни ҳам, танани ҳам тоблаш талаб этилади. Аммо бунда учинчи омилни ҳам ҳисобга олиш зарур - мия ва тананинг тегишли озуқага муҳтожлигини. Руҳият ва тана мушакларини тоблаш - битта нарса. Тана қувватини тутиб туриш учун энг яхши озуқа эса витаминларга бой, юқори калорияли озиқ-овқат маҳсулотларидир. Руҳий қувватни таъминлайдиган энг яхши озуқа - ҒОЯ! Ғоя нечоғли улкан ва унга нисбатан ишонч катта бўлса, ҳар бир футболчининг ботиний онгида шунчалик улкан руҳий қувват захираси тўпланади. Шу аснода уларда деярли автоматик равишда ҚАТЪИЯТ ва ХАРАКТЕР шаклланади.

Биз кўпинча жамоага «янги қон» кераклигини таъкидлаймиз. Ўйинни кучайтириш учун «янги қон» сифатида таркибга янги футболчилар жалб қилинади. Лекин янги футболчи ҳар қанча иқтидорли ва истеъдодли бўлмасин, фикрлаш нуқтаи-назаридан олдингилардан фарқланмаса, унинг ёрдамига умид боғлаш ноўрин. Демак, «янги қон» - бу янги ҒОЯ! Бош мураббий - етакчи. Ҳар қандай янги ғоя жамоага етакчи томонидан олиб кирилади. Футболчиларда муайян ғояга нисбатан ишонч шакллантириш айнан бош мураббий маҳоратига боғлиқ.

- Футболчининг онгида фикрлаш қобилиятини шакллантириш учун мураббийдан руҳшунослик талаб этиладими ёки бунинг бошқа йўллари ҳам бор?

- Футбол жуда ўзгариб кетгани ҳақидаги фикрга қандай қарайсиз? Йўқ, футбол бундан 30 йил олдин қандай ўйналган бўлса, ҳозир ҳам шундай ўйналади. Яъни доимгидек 11 нафар футболчидан иборат икки жамоа, ўртада бош ҳакам, қанотларда лайнсменлар. Ўйинга дахлдор асосий қоидалар ҳам ўша-ўша. Нима, ҳозирги замон футболчилари тезкорроқми? Йўқ, суръат ҳам ўша-ўша. Фақат футболчиларнинг тўпни сақлаб туриш  фоизи пасайди. Шунинг баробарида индивидуал ҳаракатлар камайди. Шунинг натижаси ўлароқ, футболчилар эмас, балки тўп тез учяпти. Барчаси бир бўлиб, футбол тезлашгандек тасаввур уйғоняпти. Ҳа, тактикалар, тенденцияларда ҳам қандайдир ўзгаришлар бор. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Ҳа, маълум бир тактика эвазига қайсидир жамоани мағлубиятга учратиш мумкин. Агар ижрочилар етарли савияга эга бўлишса, футболга тактик томондан ҳар қандай янгилик олиб кириш имкони бор. Тактика - бу чексизликдир. Ҳеч қачон битта ўйин иккинчисини такрорламайди. Хулоса шуки, футболда биз ўйлаганчалик катта ўзгаришлар рўй бергани йўқ. Фақат энди футболга муносабат ўзгача, ўйинчиларга муносабат ўзгача. Шунинг таъсирида ижрочиларнинг ўзларида ҳам футболга муносабат ўзгарди. Оддий айтганда, замон ўзгарди, футбол эса айтарли даражада ўзгаргани йўқ. Ҳозир ахборот асрида яшаяпмиз. Эски қоидалар энди кор қилмайди. Тараққиётдан ортда қолмасликни истасак, ФУТБОЛ тушунчасини қайта англашимиз даркор. Агар тинимсиз равишда ўзгараётган замонга мослашишни хоҳласак, ҳозирги ҳолатимизни янгитдан, синчиклаб ўйлаб  кўришимиз ва ўзимизни янги истеъдод, билим ҳамда кўникмалар билан бойитиб боришимиз шарт. Мослашадиган, ўзгарадиган, керакли маълумотларни олишни биладиган, ҳаёт талаб этадиган тезликда янги билим ва кўникмаларга эга бўладиганлар ошиғи олчи. Шундай экан, мураббийларимиз инсон руҳиятига оид билимларни талаб даражасида ўзлаштиришлари шарт. Албатта, олимлик даражасида эмас, балки ўзлари руҳланадиган ҳамда қўл остиларидаги футболчиларни руҳлантиришга етадиган савияда. Бу замон талаби.

- «Орзу» китобида «олтинчи сезги» ҳақида ёзгансиз. Бу илмий жиҳатдан асосланганми ёки шунчаки, тахмин? Умуман, «олтинчи сезги»ни ривожлантириш учун нима қилиш керак?

 - Атрофимиздаги кўринмас кучларни англаш имкониятини очувчи ажойиб асрга қадам қўйганимизга анча бўлди. Ўйлаб кўрайлик, «руҳий мен» «жисмоний мен»га нисбатан анча залворли эканлигини эътироф этиш вақти келмадими? «Олтинчи сезги» - катта илмий мавзу. Бу ҳали «теша тегмаган тош», очилмаган қирра, қудуқ. Шу ерни кавлаш керак, қудуқ тагида зилол сув бор. Нимага шама қилаётганимни тушундингиз. Четдан кимдир келиб, бу жиҳатни илмий асослаб бериши шарт эмас. Ўзимиз асослаймиз, кашф қиламиз, яратамиз, амалда қўллаймиз. Шунда муваффақиятга эришамиз! Олимларимиз хорижликлардан қолишмайдилар! Албатта, барча замонларда инсоният кашфиётлари оддий одамлар томонидан хушнудлик билан қабул қилинмаган. Бунга хоҳлаганча мисоллар келтириш мумкин. Лекин бунга тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Муҳими, маълумот. Уни одамлар инкор этишадими-йўқ, бу билан моҳият ўзгармайди.

Шундай бўлсада, озроқ тушунча беришга ҳаракат қиламан. Лекин шу озгина ҳам анчагина... Маълумотларни қандай топамиз? Албатта, қабул қилиш сезгиларимиз орқали:

1. Таъм билиш - 0,4 фоиз маълумот

2. Ҳид билиш - 0,6 фоиз маълумот

3. Пайпаслаш - 1 фоиз маълумот

4. Эшитиш - 13 фоиз маълумот

5. Кўриш - 85 фоиз маълумот

Шу 5та сезги ортидан келадиган маълумотларни қабул қилиб, онгимизда қайта ишлаш асносида хулоса ясасак, бу мантиқ, ақл ёки билим ҳисобланади. Диққат қилинг, 5та сезги олган маълумотларни онгимизда қайта ишлаб, хулоса чиқариш учун миямизнинг бор-йўғи 3-4 фоиз имконияти ишга солинар экан. Миямизнинг қолган 96-97 фоиз имконият мажмуаси қаерда? Шуни кўриб чиқиш керак.

Ҳид билиш таъм билиш билан солиштирилганда, анча самарадор. Пайпаслаб ҳис қилиш эса ҳид билишдан кучлироқ. Эшитиш ҳис қилишдан ҳам кучлироқ. Кўриш эса эшитишдан анча устун. Эътибор беринг, ҳар бир кейинги сезги инсондаги имкониятларни геометрик тарзда ўстириб боради. Хўш, кейинги сезги қанақа? Албатта, бошқа сезгиларимиз ҳам бор. Жумладан, «олтинчи сезги». «Олтинчи сезги» - БУЮК ҚУДРАТ соҳиби. Яъни кўриш қобилиятига нисбатан янада кучлироқ. «Олтинчи сезги» - бошқа сезгилар учун иложсиз имкониятлар олами, кўринмас нарсаларни вақт ва маконда кўриш манбаи. «Олтинчи сезги» - ўтмиш ва келажакни кўра олиш ва энг асосийси, бутун борлиқни тўлақонли қабул қилиш. «Олтинчи сезги» шундай асбобки, унинг ёрдамида ҚАЧОН?, ҚАЕРДА?, НИМА? каби саволларга аниқ жавоб топамиз. Чунки бу сезгини алдашнинг иложи йўқ. Барча-барчасини кўра оладиган «кўз»­ларни алдаб ҳам, алмаштириб ҳам бўлмайди.

1. «Олтинчи сезги» - 95-96 фоиз маълумот

Маълумотлар сезги кўринишида келади! Бу - ИЛМ! Илм худди электр токига ўхшайди. Айнан электр токи эмас, шунга ўхшаш «нарса». Айтайлик, электр ҳақида Абу Райҳон Беруний бобомиз ҳам билган. Уни «қаҳрабо» деб атаган. Беруний яшаган вақтлар одамлар фақат мой пиликлар ёки шамчироқдан фойдаланишган. Лекин улар шойи матолардан либослар кийишган. Шойи эса қо­ронғуда ишқаланиб, ўзидан чирсиллаган ёруғлик чиқарган. Ёки момақалдироқ натижасида чақмоқ чаққан. Боболаримиз буларни билишган, аммо моҳиятини изоҳлаб беришолмаган. Абу Райҳон Беруний даврида одамлар электр қаршисида қандай ҳолатда турган бўлишса, ҳозирги замонда бутун инсоният ИЛМ олдида худди шундай ҳолатдадир.

18-асрга келиб, олимлар сунъий равишда электр ҳосил қилиш йўлини топдилар. 1879 йили америкалик ихтирочи олим Томас Эдисон 10 минг марталаб тажриба ўтказиш натижасида лампочкани кашф этди. Лампочка электр токини истеъмол қилади ва у ёнади. Демак, лампочка - истеъмолчи. Инсонлар ҳам худди шундай истеъмолчи. Улар чексиз ИЛМдан улуш олишади ва бор иқтидор, истеъдод ва маҳоратларини намойиш этадилар. Албатта, ҳар бир инсон чексиз ИЛМдан ўзининг интеллектуал салоҳиятига қараб, улуш олади. Абу Али Ибн Сино, Умар Ҳайём, Алишер Навоий, Вольфганг Амадей Моцарт, Леонардо да Винчи, Мекелланжело...

Пеле, Лев Яшин, Йохан Кройфф, Диего Марадона, Лионель Месси, Биродар Абдураимов, Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев...

Мен ҳам шу ИЛМдан фойдаланганман ва бунинг нималигини яхши биламан. Футболчининг шундай «ҳо­лат»и борки, у чексиз ИЛМдан улуш олади, яъни истеъмолчига айланади. Яна ҳам соддароқ айтсак, футболчининг «руҳи» сезги кўринишида келган маълумотлар асосида танасини бошқара бошлайди ва у керакли пайт керакли жойда пайдо бўлади. Бу «ҳолат»­да футболчининг юксак даражадаги техникаси ҳам бор, гол ҳам бор, барча саволларга жавоб ҳам бор. Бу ерда ҳеч қандай тасодиф йўқ, фақат суяккача зирқиратадиган қонуният бор.

Хўп, майли! Парданинг бир четини озгина кўтараман. Жуда ўқимишлилардан кимдир айтганди: «Икки карра икки тўрт бўлади». Сизнинг руҳий қисмингиз учун икки карра икки тўрт эмас. Бошқа сон чиқади. Ҳар ҳолда, тўрт эмас.  Келинг, вақт ҳақида гаплашамиз. Вақт нисбий тушунча. Одамлар яшаб ўтган умрини сарҳисоб қилиш учун ҳаётга ВАҚТ тушунчасини киритдилар. Реал ҳаётимиз учун вақт чиндан ҳам, жуда муҳим аҳамиятга эга. Аммо руҳий қисмингиз учун ВАҚТ тушунчаси йўқ. Вақтнинг на боши, на охири ва на оқими бор. Ўтмиш ёки келажак тушунчалари ҳам йўқ. Сиз «у томон», яъни вақт ва маълумотлар кенглиги майдонидан ўзингиз учун зарур маълумотни олишингиз мумкин. Тўғрироғи, бизга маълумотлар келиб туради, аммо уларни «эшитмаймиз», «кўрмаймиз», «сезмаймиз». Шу ерда тўхташ керак. Ҳозирча етарли.

Хуллас, Мессида бор «нарса» футболчиларимизда ҳам бор, уни «белкурак» билан қазиб чиқариш мумкин. Месси ва Роналдуга ўхшаганлар футболда чегара эмас. Аслида бу ИЛМдан фойдаланиш велосипед ҳайдашдек осон. Биласизми, энг қийини нима? Футболчиларимизнинг шаклланган онги, феъл-атвори, ҳиссиётларини назорат қилиш, эҳтиросларини жиловлаш. «Олтинчи сезги» эҳтиросларга берилмаслик, ички хотиржамлик ва юксак иштиёқ талаб қилади. Ҳа, бу қобилиятни онгли равишда ишга тушириш мумкин. «Олтинчи сезги» ортиқча қобилият, тасодифий истеъдод эмас, заруриятдир.  

- Сиз илгари сурган ғояларни футболчилар қўллаб-қувватлашса, уларга амал қилишса, келажакда ҳақиқий юлдузлар етишиб чиқиши мумкин, шундайми?

- Албатта, бунга ишонаман! Чунки руҳий чегарадан ўтиб бўлганман. Кўп нарсаларга ишонаман. Масалан, китобда жаҳон чемпионларини тайёрлаш услуби (методи) берилган. Чемпионлик қонунга биноан содир бўлади. Ҳеч қандай тасодиф йўқ, фақат қонуният...

- «Орзу» китобида чиройли жумла бор: «Шундай вақтлар келадики, дунёдаги энг кучли чемпионатлардан бири Ўзбекистонда бўлади».

- Тушундим. Ҳозирги кунда жаҳондаги миллиардерлар Европа футбол бозорига сармоя киритишмоқда. Еврофутболга пул дарё мисоли оқмоқда. Футбол энг сердаромад бизнеслардан бирига  айлангани ҳам рост. Миллиардерлар пул оқими қаёққа қараб оқишини жуда яхши билишади. Уларнинг мақсади - дарё бошида туриб, барчадан кўпроқ пул топиш. Энди Хитойга назар соламиз. У ерда ҳам футболга миллиардлар сарф­ланяпти. Хитойлик тадбиркорлар ҳаттоки, Европа футбол бозорига таҳдид солишмоқда. Уларнинг мақсадлари нима? Хитойлик ишбилармонлар 2050 йилгача мўлжалланган аниқ дастур асосида ишламоқдалар. Демак, асосий мақсад - Европага оқаётган пул оқимини  Хитойга буриш. Шу аснода хитойлик футболчилар савия­сини кўтариб, жаҳон миқёсида улкан муваффақиятни таъминлаш.

Хитойда пул бор. Ўзбекистонда ИЛМ бор. Хитой ҳам, Ўзбекистон ҳам ФУТБОЛ аталмиш «денгиз»га тўр ташлаган «балиқлар»ни овлаш учун. «Балиқ» - жаҳон даражасидаги футболчи. Биз «балиқлар» галаси қаерда эканлигини билиб, ўша жойга тўр ташласак, Хитойга нисбатан самарадорлигимиз анча юқори бўлади. Фикримга қўшиласизми? Агар бутун ўзбек футбол жамоатчилиги бирлашиб, камчиликларни бартараф этсак, ишларни тўғри ташкил қилсак, жаҳон аренасига ҳеч кимникига ўхшамайдиган, ўзимизга хос ва мос соф ўзбекча усул билан дадил кириб борамиз. Яна Хитойга қараб оқиши кутилаётган пул оқими дарёсининг битта ўзанини Ўзбекистонга буриб юбориш мумкин. Энг муҳими - ғоя!

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Ўйлаймизки, китобингиз юртимиздан машҳур футболчилар етишиб чиқишига катта туртки беради.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz