Қайднома

Қидирув

Мавсум қаҳрамонлари: Қирчиллама «қария»

Мавсум қаҳрамонлари: Қирчиллама «қария»

  15.03.2020 06:18
  0
  391
Мавсум қаҳрамонлари: Қирчиллама «қария»

«Хетафе» ҳужумчиси» - кўпчилик учун саҳифани ёпишга ундовчи ибора. Бироқ бундай қилмасликни, ушбу мақола қаҳрамонига сизни ажаблантириш имконини беришингизни тавсия этамиз. Ишонаверинг, афсусланмайсиз!

Хорхе Молина ҳозир 37 ёшда, 22 апрелда 38га чиқади. Шу «қария» «Барселона» таркибидан жой олиши мумкин эди. Хабарингиз бор, каталонияликлар Усмон Дембеле ва Луис Суареснинг узоқ муддатга сафдан чиққанлиги сабабли трансфер дарчасини кутиб ўтирма таркибга бир ҳужумчи жалб этиш имтиёзига эга бўлдилар. Охир-оқибат, бу имкониятдан фойдаланиш орқали Мартин Брэйтуэйтни сотиб олишди. Ваҳоланки, бу ўринга Молинанинг номзоди ҳам кўрилаётганди.

Хорхе 8 февраль оқшомида «Валенсия»га қарши баҳсда «дубл»га эришиб, кучли рақибни тиз чўктирди. Иккинчи голи - замбаракнинг ўқи! Бу Молинанинг 30 ёшдан кейин Ла Лига доирасида урган 49- ва 50-голлари эди. Қизиғи шундаки, «Хетафе» ҳужумчиси 30га чиққунига қадар элитада бор-йўғи 5та тўп киритганди. У жорий мавсум Испания чемпионатида 5та, Европа Лигасида битта гол урди. 52та гол билан жамоа тарихидаги энг яхши тўпурарга айланган Хорхе энди «Хетафе»ни сардор сифатида майдонга олиб тушмоқда.

Бу форвард 25 ёшгача фақат қуйи дивизионларда тўп сурди, Ла Лига ва Сегундада бир марта бўлсада майдонга тушмади. 2007|2008 йиллар мавсумида «Полидепортиво» сафида 5та гол уриб, Қирол кубоги доирасидаги «Вильярреал»га қарши баҳсда «хет-трик»ка эришди. Бироқ жамоа яна Терсерага тушиб кетди. Шу боис, 27 ёшдан бошлаб Молина Сегундада мунтазам тўп сура бошлади.

«5 йиллик умримни 3-лигада ўтказдим. Ўшанда қачондир Примерода ўйнашимни айтишганида, асло ишонмаган бўлардим, - дейди Хорхе. - Ла Лига мен учун забт этиб бўлмайдиган чўққидек туюларди. Ҳатто Терсерада ҳам гол ўз-ўзидан юзага келмайди, Сегундада янада қийинроқ. Ла Лига хусусида оғиз очмай қўя қолай... «Алькояно» ёшлари сафида биз билан кадетлар ўйнашарди. Дебют мавсумимда 16та гол урдим ва «Севилья» ёки «Валенсия»га ўтиш имкониятига эга бўлдим. Бироқ жамоам ҳаддан ташқари кўп маблағ талаб қилгач, келишув амалга ошмай қолди».

Сегундада «Эльче» таркибида майдонга тушган ҳужумчи 26та гол уриб, «Бетис»га ўтди ва 29 ёшида янги жамоаси билан Ла Лигада дебютини нишонлади. Ўша мавсум 13та, кейингисида 9та тўп киритди. Аммо жамоа Сегундага тушиб кетди. Қуйи дивизионда 19та аниқ зарбаси билан жамоанинг элитага қайтишига муносиб ҳисса қўшди. Лекин яна муваффақиятсизликка юз тутиб, ортга қайтди. 34 ёшли ҳужумчи энди 22 гол билан мавсумни Сегунданинг 2-рақамли тўпурари мақомида якунлади ва яна Примерога кўтарилди. Ўтган мавсум 36 ёшли Молина «Хетафе» таркибида Ла Лиганинг барча учрашувларида майдонга тушди, ўз ҳисобига 14та гол ва 5та «ассист» ёздирди. Айни пайт Молина ва унинг «Хетафе»си Примеро турнир жадвалининг 4-поғонасида бормоқда.

Ҳужумчининг таъкидлашича, шу пайтгача бирор марта у мушаклар шикастланишига дуч келган эмас. Бунинг асосий сабаби, Молина университетда айнан жисмоний тарбия мавзусида диплом иши ёзган, кейин магистратурада илмий изланишларини давом эттирган. «Ана шу тадқиқотлар жараёнида олган билимим менга маш­ғулотлар ва учрашувларда жуда қўл келмоқда. Танамдаги аъзоларнинг қандай ҳолатда эканлиги ва ишлашини бошқалардан кўра яхшироқ ҳис этиб тураман. Шунинг эвазига ҳозирга қадар мушаклар жароҳатига дуч келмадим», - дейди ҳужумчи.

Бундан ташқари, Молина ўз вақтида мураббий ва спорт директори ихтисослари бўйича ҳам таҳсил олиб, тегишли лицензияларга эга бўлган. Қисқаси, универсал билимдон. «Хорхе - кўксига зўрға сиғиб турган улкан қалб соҳиби. У жамоасига сезиларли манфаат келтирадиган туғма тўпурар. Унинг яна бир неча мавсум юксак савияда ўйнай олишига шубҳа қилмайман» - Сегунда ва Терсерада Молина билан ёнма-ён тўп сурган Хули Серданинг собиқ жамоадошига берган баҳоси ана шундай.

«Хетафе» Ла Лиганинг чизиқли услубда тўп сурадиган етакчи жамоа­си. Узатмалар сони бўйича энг паст кўрсаткичга эга жамоа тўпни жарима майдончасига узатиш бўйича 7-натижани, олис узатмалар борасида 2-натижани қайд этмоқда. Уларнинг аксарияти 188 см.ли Молинага мўлжалланган. Хорхе эса тўпни дарвозага ёки тезкор жамоадошлари - Хайме Мата ёки Анхель Родригесга узатади. Дарвоқе, бу футболчилар ҳам анчадан бери «Барселона»нинг диққат марказида туришибди.

Хорхенинг «Хетафе»даги собиқ жамоадоши Хуан Каланинг эътирофи эса қуйидагича: «У - жамоадаги алиштириб бўлмайдиган ягона ўйинчи. Узатмаларимизнинг 60,70 фоизи фақат унга йўлланарди. Хорхе эса, албатта, тўпни эгаллаб оларди. Ҳатто бир неча рақиб ҳимоячилари қуршовида турган бўлса ҳам тўпни бериб қўймасди. У - жамоанинг қон томири, десам муболаға бўлмайди».

Ҳозирда Хорхе Молина Фабио Квальярелла билан биргаликда дун­ёнинг энг қимматбаҳо 37 ёшли футболчиси бўлиб турибди. Transfermarkt бу ҳужумчиларнинг ҳар бирини 2 млн. еврога баҳоламоқда. Агар «Барса» уни ўз таркибига қўшиб олганида, баҳо янада ошиши мумкин эди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz