Қайднома

Қидирув

Евротур: Баҳорий босқич томошалари

Евротур: Баҳорий босқич томошалари

  14.03.2020 21:25
  0
  152
Евротур: Баҳорий босқич томошалари

Ортда қолган дам олиш оқшомларида бўлиб ўтган учрашувларда ҳатто фаворитлар ҳам нав­батдаги ғалабани расмийлаштиришда жиддий қийинчиликларга дуч келишди. Албатта, истисно тариқасида йирик ҳисоблар билан ниҳоясига етган ўйинлар ҳам йўқ эмас. Бироқ баҳсларнинг аксариятида мухлислар сўнгги дақиқаларгача ҳаяжон таъсирида бўлишди.

 Англия. «Ливерпул»дан... иродали Ғалаба

Аввалги турда «Уотфорд»га барча жиҳатларда имкониятни бой берган мавсум етакчиси бу гал яна бир аутсайдер - «Борнмут»ни афсунгар «Энфилд»да қабул қилди. Бироқ аренадаги таъсирчан муҳит меҳмонларга заррача бўлсада салбий таъсир кўрсата олмади. Аксинча, улар рақибдан очко тортиб олиш учун келганликларини илк дақиқалардаёқ исботлашди. Ўйиндаги тезкор гол эса уларни олдинга олиб чиқди. Лекин «Уотфорд» жасоратини такрорлаш меҳмонларга насиб этмади. Аввалги мағлубиятлардан тегишли хулоса чиқарган мезбонлар эса, табиийки, вазиятни ўнглаш мақсадида фаолликни оширишди. Муҳаммад Салоҳ ва Садио Мане томонидан йўлланган аниқ зарбалар «қизиллар»га танаффусни ғолиб мақомида ўтказиш имконини берди.

Иккинчи бўлим Клопп жамоасининг устунлигида ўтган бўлсада, меҳмонлар ҳам курашни давом эттиришди, бир қатор хавфли ҳужумлар уюштиришди. Аммо мағлубиятдан қутулиш иложини топа олишмади. Шунингдек, майдон эгалари ҳам рақиб дарвозасига йўл топа олмадилар. Натижада мухлислар ҳакамнинг халоскор ҳуштаги чалингунича «игна» устида ўтиришга мажбур бўлишди.

«Арсенал» ва «Вест Хэм» ўртасидаги пойтахт дербиси янада кучлироқ ҳаяжон ва хавотир остида ўтди. Хавфли ҳудуддан узоқлаша олмаётган «болғачилар» ташаббусни мезбонларга топшириб, аввало, ўз дарвозалари хавф­сизлиги борасида бош қотиришди. Лекин шу билан бирга, вақти-вақти билан Ленони безовта қилишга ҳам имкон топишди. Майдон эгалари эса анчадан бери дуранглар «эпидемияси»га даво топа олмай келишаётганди. Айнан шу сабабли еврокубоклар ҳудудига кўтарила олмаётган «тўпчилар» тинчликсевар сиёсатга барҳам бериш илинжида тўп суришди ва Ляказеттнинг ягона голи эвазига ғалаба қозонишди. Қимматли 3 очко Микель Артета жамоасига бир поғона бўлсада кўтарилиб олиш имконини берди. Ҳозирда «Арсенал» 2020 йилда мағлубиятга учрамаган АПЛдаги ягона жамоа бўлиб турибди.

Бёрнлида меҳмон бўлган «Тоттенхэм» сафардан 1 очко (1:1) билан қайтди. «Челси» эса «Стэмфорд Бриж»да «Эвертон» дарвозасига 4та жавобсиз гол урди ва ўз мав­қеини мустаҳкамлаб олди.

«Олд Траффорд»да бўлиб ўтган Манчестер дербисида мезбонлар 2:0 ҳисобида зафар қучишди. Натижада «Челси» билан ўртадаги фарқ ўзгаришсиз қолди. Таъкидлаш жоизки, тенг курашлар остида кечган учрашув тақдирини Эдерсоннинг қўпол хатолари ҳал қилди. Бразилиялик дарвозабон аввалига Мартиалнинг яқин бурчакка йўллаган тўпини қайтара олмади. Танаффусдан кейин эса қўшимча вақтнинг сўнгги дақиқасида тўпни жамоадошларига узатишда шошилиб, Мактоминига «сов­ға» берди. Скотт эса бўш қолган дарвозани осонгина ишғол этди.

Душанба оқшомида «Астон Вилла»ни йирик (4:0) ҳисобда маҳв этган «Лестер» «шаҳарликлар»га анча яқинлашиб олди.

Испания. ПешҚадамлик чемпионга ўтди

Дуранглар сони бўйича АПЛда «Арсенал» ва «Вулверхэмптон» (13тадан) етакчилик қилаётган бўлсалар, Ла Лигада «Атлетико» бу борада танҳо пешқадам. Диего Симеоне шогирдлари навбатдаги турда «Севилья» билан жанговар дуранг (2:2)га имзо чекиб, мавсумда 12-марта 2 очкодан маҳрум бўлишди. Натижада Андалусия клуби 3-ўринни сақлаб қолди. Қизиғи шундаки, дастлабки бўлимда 2тадан гол уришга улгурган жамоалар танаффусдан кейин рақиб дарвозасига йўл топа олмадилар.

Шунингдек, 4-поғонани банд этган «Хетафе» ҳам ўз майдонида «Сельта» билан нурсиз дуранг (0:0)га рози бўлди ва 3-ўринга кўтарилиб олиш имкониятини барбод қилди.

Аввалги турда пешқадамлик унвонини «Реал»га топширган «Барселона» бу турда «Реал Сосьедад»ни қабул қилди. Аммо «класико»даги мағлубият аламини олиш Каталония гранди учун осон бўлмади. ЕЧЛ йўлланмасидан умидини узмаган меҳмонлар номдор рақибга муносиб қаршилик кўрсатишди, ҳатто ҳисобни очиш учун бир қатор хавфли ҳужумлар уюштиришди. Лекин гол уришни уддалай олишмади. Майдон эгалари эса ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолганида пенальти эвазига камтарин ғалабани қўлга киритишди. Месси «нуқта»дан зарба йўллашда хатога йўл қўймади, аммо ўйин давомида ўз маҳоратини тўлиқ намойиш этолмади. Бундан ташқари, аввалги икки учрашувдаги каби, бу баҳсда ҳам сариқ карточка билан жазоланди. Лео - биз билган даҳочага ўхшамаяпти.

Севильяга етакчи мақомида йўл олган «Реал» камтарин «Бетис»га имкониятни (1:2), азалий рақибига пешқадамликни бой берди. Таажжубки, шу оқшом Зидан жамоаси «Уотфорд» қаршисида ожиз қолган «Ливерпул»ни эслатди. 45 дақиқа ичида «Қироллик клуби» рақиб дарвозаси томон атиги 1 марта аниқ зарба йўллади. У ҳам бўлса, пенальти эди ва Бенземанинг аниқ зарбаси эвазига ҳисоб тенглашди. Бундан сал аввалроқ мезбонлар вакили Сидней «Бетис»ни олдинга олиб чиққанди.

Танаффусдан кейин ҳам меҳмонлар ўйинида ижобий ўзгаришлар кузатилмади. Майдон эгалари эса 6 ўйинли ғалабасиз серияга нуқта қўйиш умидида ҳужумга зўр беришди. Таажжубки, танаффус арафасида мувозанатни тиклаган Карим Бензема энди антиқаҳрамонга айланди - «Бетис» вакиллари ҳужумга ўтган паллада ҳимоячиларга ёрдам беришга чоғланган франциялик ҳужумчи тўпни рақибига олдириб қўйди, у эса қулай вазиятда турган Кристиан Тельони тўп билан таъминлади. Шу тариқа «Бетис» ғалабага эришди.

Шунингдек, «Мальорка»нинг Эйбардан, «Леганес»нинг Вильярреалдан бир хил ҳисобдаги (2:1) ғалабалар билан қайтишгани алоҳида эътиборга лойиқ. Бу икки аутсайдер «қора» гуруҳни тарк этишгани йўқ, лекин юқоридаги қўшниларига яқинлашиб олишди.

Италия. Энди мухлислар кўмагисиз

«А» серия 26-турининг кечиктирилган 6 учрашуви маълум сабабларга кўра бўм-бўш стадионларда ўтказилди. Шу сабаблими ёки аутсайдерлар шижоати рақиблар савиясидан устунлик қилдими, нима бўлганда ҳам, СПАЛ Пармада 1:0, «Женоа» эса Миланда 2:1 ҳисобларида номдош жамоалардан устун келишди.

Генуяда «Сампдория» ўзидан 8 поғона олдинда бораётган «Верона»ни енгди - 2:1. «Удинезе» - «Фиорентина» беллашувида ҳисоб очилмади.

Ниҳоят, «Ювентус» Туринда «Интер» устидан ишонарли (2:0) тарзда зафарга эришиб, етакчилик унвонини «Лацио»дан қайтариб олди.

Германия. Тўйга тўёна билан

Бундеслиганинг амалдаги ғолиби ва жорий мавсум етакчиси бўлган «Бавария» «Аугсбург»га қарши баҳсга алоҳида тайёргарлик кўрди: ўзининг 120 йиллик юбилейини нишонлаётган жамоа бунинг шарафига майдонга махсус либосларда тушди. Шунингдек, «Альянц Арена»даги мухлислар ҳам ўз совғаларини тайёрлаб қўйишганди.

Бироқ камтарин меҳмонлар ҳам бегоналардек байрамдан четда қолишни истамадилар ва майдон эгаларига муносиб қаршилик кўрсатдилар. Шу сабабли дастлабки 45 дақиқа давомида дарвозалар дахлсизлигига путур етмади. Аммо танаффусдан кейин Томас Мюллер ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Меҳмонларнинг ҳаракатлари эса самара бермади. Ниҳоят, захирадан майдонга тушган Леон Горецка қўшимча вақтда ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди - 2:0. Шу тариқа етакчининг узлуксиз ғалабалари сони 4тага етди.

Икки номдош жамоалар - «Боруссия»ларнинг Менхенгладбахдаги беллашувида меҳмонлар камтарин ҳисобда (2:1) зафар қучдилар ва 2-ўринга чиқиб олдилар. Чунки «РБ Лейпциг» Вольфсбургда маҳаллий жамоа билан битимга (0:0) имзо чекканди.

Ўз майдонида «Айнтрахт»ни 4:0 ҳисобида таслим этган «Байер» гладбахликларни 5-ўринга суриб қўйди.

Франция. «Ренн»нинг шашти баланд

Афсуски, коронавирус иллати Францияга ҳам етиб борди. Айнан шу омил туфайли «Страсбург» - «ПСЖ» учрашуви ўтказилмади. Лекин 28-турнинг қолган барча ўйинлари белгиланган вақтда, томошабинлар гувоҳлигида ташкил этилди. Жумладан, 2-ўринга ўрнашиб олган «Марсель» ўз уйида «Амьен»га очко совға қилди. 57-дақиқада икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олган майдон эгалари сўнгги дақиқалардаги хотиржамлик учун муносиб жазоланишди - аввалига Гирасси 83-дақиқада пенальтидан ҳисобдаги фарқни қисқартирди, кейин қўшимча вақтнинг 6-дақиқасида Годдос мувозанатни тиклади.

3-поғонадаги «Ренн» эса етакчи еттиликка интилаётган «Монпелье»ни 5 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиқишга мажбур этди - 5:0. Квартетнинг сўнгги вакили - «Лилль» «Лион» устидан камтарона (1:0) ғалабага эришиб, таъқибчилардан анча узоқлашиб олди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz