Ўзбекистоннинг Осиё футболидаги обрўси қанчалик юқори бўлмасин, у совринларга бой эмас. Мамлакатимиз термаси 1994 йилги Осиё ўйинларида зафар қучган бўлса, 2018 йили 23 ёшли футболчиларимиз қитъа чемпионати ғолибларига айланишди. Клубларимиз ичида эса «Насаф» нуфузли турнир - ОФК кубогини қўлга киритган ягона вакил саналади. Бу воқеа 2011 йили содир бўлганди.
Ўзбекистонлик мухлислар учун жуда қадрли бўлган ўша ютуқ «Қувайт СК» клубига қарши кечган финал баҳсида (2:1) қўлга киритилганди. Ўшанда жамоага украиналик мутахассис, Киев «Динамо»сининг собиқ ҳимоячиси Анатолий Демьяненко мураббийлик қилганди.
Муваффақиятли мавсумда Қарши клуби Ливан, Ҳиндистон, Яман, Иордания, Таиланд ва Қувайт клубларини ортда қолдириб, 12та учрашувда рақиблари дарвозасини 37 бор ишғол қилганди. Таъкидлаш жоизки, «аждарлар» ўша йили Ўзбекистон кубоги финалигача етиб боришган, ички чемпионатда эса 2-ўринни эгаллаб, кумуш медалларга сазовор бўлишганди. Осиё миқёсидаги ғалабадан кейин «Насаф» футболчиларини ҳам мамлакатимиз, ҳам унинг ташқарисида кўпчилик таний бошлади.
Яқинда ОФК расмий сайти тарихга назар ташлаб, «Насаф»нинг ёқимли дамларини ёдга олди, ўша муваффақиятга катта ҳисса қўшган қаҳрамонларнинг кейинги тақдири билан қизиқди.
Дарвозабон: Мурод Зуҳуров
ОФК кубоги-2011: 12та ўйинда 7та гол ўтказиб юборган
Ҳозир: «Бунёдкор» академиясида ишламоқда
Миллий жамоанинг 2011 йилги Осиё кубоги учун тузилган таркибидан жой олган кипер қитъа чемпионатида бирорта ҳам ўйин ўтказмади. Зуҳуров 2011 йилда олий лига (ҳозирги Суперлига)даги 26та ўйиннинг бор-йўғи 10тасида «Насаф» шарафини ҳимоя қилган бўлсада, ОФК кубогида жамоанинг асосий дарвозабонига айланган. Кейинчалик қадрдон жамоаси «Бунёдкор»га қайтиб, ўтган мавсум футболчилик фаолиятини якунлади.
Ҳимоячи: Мақсуд Каримов
ОФК кубоги-2011: 12та ўйин, 1та гол
Ҳозир: «Хоразм» клуби бош мураббийи
Демьяненко қўл остида жамоанинг асосий футболчисига айланган Каримов «Насаф»нинг ОФК кубогидаги барча ўйинларида майдонга тушган. У қитъа турниридаги ғалабадан кейин 7 йил мобайнида Қарши жамоаси учун сидқидил меҳнат қилди. Шу вақт мобайнида Ўзбекистон термасига чақирилди. 34 ёшида бутсаларини михга илишдан аввал 2019 йили «Қизилқум» сафида ўйнашга улгурди. Бугунги кунда биринчи лигада қатнашаётган «Хоразм» клуби бош мураббийи.
Ҳимоячи: Боян Малишич (Сербия)
ОФК кубоги-2011: 10та ўйин
Ҳозир: эркин агент
Баланд бўйли (188 сантиметр) ҳимоячи «Насаф»да ўйнаган пайти 26 ёшда эди. У «Насаф»даги дебют мавсумидаёқ ОФК кубогида зафар қучганлардан бири. Ўзбекистон чемпионатида 21та ўйин ўтказган Боян кейинчалик Гонконг, Филиппин, Хитой ва Индонезия клубларида тўп сурди. Сўнгги бор у Индонезиянинг «Бадаку Лампунгу» клуби таркибида кўриниш берган.
Ҳимоячи: Ботир Қораев
ОФК кубоги-2011: 10та ўйин
Ҳозир: «Машъал»да мураббий ёрдамчиси
«Насаф» фахрийси клубнинг ўтказилган ўйинлар бў-йича рекордчиси саналади. Қораев олий лигада («Машъал» ва «Шўртан»даги иштирокини ҳам ҳисоблаганда) 300дан ортиқ учрашувда майдонга тушган. ОФК кубогидан ташқари, у Ўзбекистон чемпионатидаги битта кумуш ва 8та бронза медаллари билан ҳам мақтана олади. Бу йил 40 ёшга тўладиган Қораев ҳозир Муборакнинг «Машъал» жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида фаолият юритмоқда.
Ҳимоячи: Жаҳонгир Жиямуродов
ОФК кубоги-2011: 10та ўйин, 1та гол
Ҳозир: «Зомин» бош мураббийи
Бу футболчи бир неча марта мамлакат чемпионати рамзий жамоасига киритилган. ОФКдаги чемпионликдан сўнг кейинги йили «Насаф» сафида ОЧЛда ҳам иштирок этди. Ҳозир 32 ёшни қаршилаган Жиямуродов қуйи дивизионда қатнашаётган «Зомин» жамоаси бош мураббийи саналади.
Ярим ҳимоячи: Андрес Переплёткинс (Латвия)
ОФК кубоги-2011: 12та ўйин, 4та гол
Ҳозир: эркин агент
Ўз вақтида «Андерлехт» ва «Саутгемптон» сингари жамоаларда тажриба тўплаган футболчи «Насаф»нинг чемпионлигига катта ҳисса қўшганлардан бири. Ўша мавсум Андрес «аждарлар» сафида 40та ўйин ўтказиб, 12та гол урганди. Кейинчалик Эстония, Арманистон, Кипр ва Латвия клублари шарафини ҳимоя қилди. 2019 йили «Супер Нова» жамоасида тўп сурди.
Ярим ҳимоячи: Лутфулла Тўраев
ОФК кубоги-2011: 12та ўйин, 4та гол
Ҳозир: «Бунёдкор»да
Ўша йили «Машъал»дан «Насаф»га кўчиб ўтган Лутфулла ОФК-2011нинг барча 12та ўйинида қатнашган. Финалдан 2 ой ўтар-ўтмас у Тошкентнинг «Бунёдкор» клубига ўтиб, 2013 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлди. Кейинчалик «Локомотив» (Тошкент), АГМК ва Малайзиянинг «Фельда Юнайтед» ва «Теренггану» клубларида ўйнади. Бир неча марта Ўзбекистон миллий жамоасига чақирилган, 2015 йили Осиё кубогида майдонга тушган. Ҳозир «қалдирғочлар» шарафини ҳимоя қилмоқда.
Ярим ҳимоячи: Артур Геворкян
ОФК кубоги-2011: 11та ўйин, 4та гол
Ҳозир: «Аҳал» (Туркманистон)да
Ўша муваффақиятли турнирнинг энг яхши футболчиси, ОФК кубоги финалидаги ҳар икки голнинг ассистенти Демьяненко жамоасининг асосий ўйинчиси саналган. У мавсум-2011да барча мусобақаларда 11та гол урган. 2014 йилда 18та гол билан Ўзбекистон чемпионати тўпурарлар пойгасида ғолиб чиққан. Кейинчалик тақдир тақозоси билан Артур Тошкент «Локомотив»и, «Қизил-қум» ва Индонезиянинг «Персиба Бандунга» клубларида ўйнади. Ҳозир Ашхободнинг «Аҳал» жамоасида тўп сурмоқда.
Ярим ҳимоячи: Эркин Бойдуллаев
ОФК кубоги-2011: 9та ўйин
Ҳозир: АГМКда
Бойдуллаев ОФК кубогида «Насаф» ғалабасига катта ҳисса қўшган. Ўша мавсум мамлакат чемпионатининг 21та ўйинида майдонга тушган футболчи 2016 йилгача «аждарлар» сафида қолди. Шу вақт ичида Ўзбекистон миллий термасидан чақирув олишга ҳам улгурди. Сўнгра «Қизилқум»га ўтди. Ҳозир 35 ёшда ва АГМК сафида Суперлигада жавлон урмоқда.
Ҳужумчи: Илҳом Шомуродов
ОФК кубоги-2011: 8та ўйин, 3та гол
Ҳозир: -
Ёрқин ҳужумчи ўша мавсум 10та гол урган, уларнинг 3таси ОФК кубогида амалга оширилганди. Илҳом 2012 йили «Бунёдкор»га ўтди, кейин «Насаф»га қайтди ва фаолиятининг қолган қисмини «аждарлар» сафида ўтказди. У ҳозир футбол билан шуғулланмаяпти, аммо жияни Элдор Шомуродов ҳам Россиянинг «Ростов» клубида, ҳам миллий жамоада порламоқда.
Ҳужумчи: Иван Бошкович (Черногория)
ОФК кубоги-2011: 10та ўйин, 10та гол
Ҳозир: «Бунёдкор» академиясида мураббий
2011 йилги ички биринчиликда атиги 4та гол урган черногориялик форвард ОФК кубогида ажойиб кўрсаткич қайд этди: 10та ўйинда 10та гол уриб, мусобақа тўпурарига айланди. «Демпо»га қарши баҳсда рақиб дарвозасини 4 марта ишғол қилганди. «Ал-Виҳдат»га қарши ўйинда тўп киритиб, «Насаф»га муҳим ғалабани тақдим этганди. «Чонбури» сафига ўтгунига қадар яна бир мавсум «Насаф» либосида ҳаракат қилди. Яқинда Бошковичнинг «Бунёдкор» академияси тизимида иш бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди.
ШУНИНГДЕК
Ҳужумчи Носир Отақўзиев 2011 йили «Насаф» сафида 5та гол урди. Ярим ҳимоячи Фозил Мусаев ҳозир ҳам миллий жамоадан чақирув олмоқда. 2019 йилги Осиё кубогида қатнашган бу футболчи айни пайт Япониянинг «Жубило Ивата» клуби аъзоси саналади. Шарқ саёҳатига отланганлар орасида Артём Филипосян ҳам бор. У Хитой ва Таиланддан кейин Индонезияда қўним топди. 2011 йили захира дарвозабони саналган Элдор Суюнов бугунги кунда «Пахтакор» клуби ва миллий жамоанинг асосий дарвозабони ҳисобланади.
Бош мураббий: Анатолий Демьяненко
Ушбу мутахассис футбол майдонларидаги иштироки орқали кўпчиликка яхши таниш бўлиб улгурганди. «Насаф»да иш бошлашидан аввал Киевнинг «Динамо» клубида ажойиб ўйинлар ўтказганди. Афсуски, «аждарларни» атиги бир йил бошқарган мураббий кейинчалик Украинанинг «Волинь-Луцк» клубига ўтиб кетди. Бу жамоада ҳам бир йилдан ошиқ ишлагач, «Нитра»дан тушган таклифини қабул қилиб, Словенияга кўчиб ўтди.
Клуб менежери: Усмон Тошев
Ўзбекистон термасининг собиқ футболчиси 2011 йили «Насаф»га менежерлик қилган, Демьяненко кетгач, бош мураббийликни қабул қилиб олганди. Кейинчалик мамлакатнинг турли клубларида ишлади, сўнгра ОФК ва ФИФА инструктори вазифаларида фаолият юритди. Айни пайт Тошев Тожикистон миллий жамоаси устози саналади. 54 ёшли мутахассис бу термани 2022 йили Қатарда ўтадиган жаҳон чемпионати ёки 2023 йилги Осиё кубоги финал босқичига олиб чиқиш ҳаракатида.
Ўткир УМАРОВ тайёрлади
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20