Қайднома

Қидирув

Малком: «Танқидчилар – эслашга арзимайдиган шахслар»

Малком: «Танқидчилар – эслашга арзимайдиган шахслар»

  16.03.2020 03:21
  0
  159
Малком: «Танқидчилар – эслашга арзимайдиган шахслар»

Россия Премьер-лигасининг энг қиммат (40 млн. евро) футболчиси, Санкт-Петербургнинг «Зенит» клуби ҳужумчиси Малком яқинда россиялик ҳамкасбларимизга интервью берди. 26 февраль куни 23 ёшга тўлган бразилиялик футболчи мазкур суҳбат давомида жароҳати, «Барселона»даги фаолияти, шунингдек, йўлбарсни қандай силагани ҳақида гапирди. Малком ўтган йилнинг 10 августида Россия чемпионати доирасидаги «Динамо»га қарши баҳсда жароҳат олиб, жорий йилнинг 6 февралига келибгина тўлиқ соғайганди. Шу тариқа, оёғининг сон қисмидаги жароҳатини даволатиб, майдонга қайтиши учун ярим йил вақт кетди. Championat.com сайти журналистлари «Барселона»нинг собиқ футболчиси билан уюштирилган суҳбатни шу мавзу билан бошлашди.

 

- Жароҳат олган лаҳзангизни эслай оласизми?

- Ҳа, менга нисбатан қўполлик ишлатишди, ҳуштак чалинди... Тўғрисини айтсам, бу ҳақда ҳаттоки, эслашни ҳам хоҳламайман. Фақатгина шуни таъкидлашим жоизки, «Зенит»­нинг ғалабаси учун бор кучимни ишга соламан. Чунки бошқа ватандошларим сингари клуб тарихидан жой олишни орзу қиламан.

- Танқидчиларнинг фикрларига кўра, клуб шикастланган футболчини харид қилган. Аммо сиз аввал узоқ муддатга чўзилган жароҳатларга йўлиқмагансиз. Шундайми?

- Бу борада ҳеч қачон муаммо юзага келмаган. Танқидчиларнинг фикрлари менга асло таъсир қилмайди. Уларни интервьюда тилга олишга арзимайдиган шахслар, деб ҳисоблайман. Янги мавсумда футбол ўйнаш ва «Зенит»да ўзимнинг энг яхши сифатларимни намойиш этишга ҳаракат қиламан.

- Олти ойлик танаффусдан сўнг «Сабуртало» ва ЦСКА жамоаларига қарши кечган ўртоқлик ўйинларида ўзингизни қандай ҳис этдингиз?

- Ҳаммаси яхши ўтди. Балки ўшанда ҳали майдонга тушишга тўлиқ тайёр бўлмагандирман, лекин ўйин ритмига тезда киришиб кетдим ва рақибни ҳис қилдим. Ўртоқлик баҳсларида майдонда ўтказган дақиқаларим менга хотиржамлик бағишлади.

- Жароҳатдан тикланиш жараёнидаги энг қийин нарса нима?

- Жарроҳлик столига ётишимга тўғри келганда, мураккаб даврни бошдан кечирдим. Аммо кейинчалик «Зенит»нинг барча тиббиёт вакиллари ва мураббийлар штаби чиройли ишни амалга ошириб, жароҳатимдан тўлиқ тикланишимга ёрдам беришди. Фурсатдан фойдаланиб, менга кўрсатган ёрдамлари ҳамда эътиборлари учун уларнинг барчаларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Энди аввалги формамни деярли юз фоиз тиклаганимда, фақат келажак тўғрисида ўйлаб, ўша жароҳатни эсламасликка ҳаракат қиламан. Энг ёмони ортда қолди.

- Мухлисларнинг ҳақиқий ёқимтойига айланиш учун Россиянинг қайси жамоаси дарвозасига гол уришингиз кераклигини биласизми?

- Ҳа, албатта! (Кулади). Россияда «Зенит»дан ташқари, яна бир нечта буюк клублар - ЦСКА, «Локомотив», «Спартак» ҳам борлигини биламан. Лекин мен учун муҳими ушбу жамоа­ларнинг қайсидир бири билан кечадиган ўйинда гол уриш эмас. Ҳамма учрашувларда «Зенит» рақиблари дарвозасига тўп киритишни хоҳлайман. Асосий мақсадим шу.

- «Зенит» бош мураббийи Сергей Семак борасидаги фикрингиз қандай? Унинг ўзгачалиги нимада?

- Ушбу мутахассис футболчилар билан суҳбатлашади, ўзаро яхши муносабат ўрнатишга интилади, ҳар бир шогирдини тушунишга ҳаракат қилади. Ўйинчиларнинг майдонда ўзларини қандай тутишлари билан қизиқади. Бу мен учун мураббий билан муносабатнинг янги услуби, лекин ёқади.

- Ижтимоий тармоқларда жамоа­га қайтишингизни сўраган «Барселона» мухлисларининг хабарларини кўрдингизми?

- Кўрдим. «Барселона» ишқибозларини жуда яхши кўраман. Улар доимо мени қўллаб-қувватлашган, ёқимли сўзларни йўллашган. Жамоа­ни тарк этмаслигимни ёлворишди. Уларга бунинг иложи йўқлиги, ўзимни «зенитчи» деб ҳисоблаётганимни айтдим.

- Маълумки, бразилияликлар аргентиналиклар билан унчалик чиқиша олишмайди ва бир-бирлари билан ҳазиллашишади. Лионель Месси билан муносабатингиз қандай эди?

- Жуда яхши чиқишардик. У нафақат майдонда, балки оддий ҳаётда ҳам фантастик, ўзгача инсон. Лео ва унинг оила аъзоларига ҳурматим баланд. Чунки улар ҳам Месси сингари ажойиб инсонлар.

- Лионель сизга қандай қимматли маслаҳатни тақдим этган?

- «Нима бўлган тақдирда ҳам, доимо хотиржамликни йўқотма, ҳар куни яхши бўлишга интил», деганди.

- «Барселона»да энг ҳазилкаш футболчи ким эди?

- Бу борада уч кишининг номини айтишим мумкин - Жорди Альба, Артуро Видаль ва Жерар Пике бош­қалардан ажралиб туришарди. Биз тез-тез бир-биримиз билан ҳазиллашиб турардик. Эсимда, бир куни Пике машғулотга махсус ҳимоя пайпоғи (бахила)да келганди. Уни меҳмонхонада кийиб, ечишни унутган экан. Биз эса буни видеога олиб, интернетга жойлаштиргандик. Жуда кулгили ҳолат бўлганди (кулади).

- Неймар ҳақида нима дейсиз?

- У билан шунчаки ҳамкасб эмас, балки дўстмиз. Кўпинча интернет орқали бир-биримизга ҳазил-ҳузул қилиб турамиз.

- Рақибининг жиғига тегадиган финтлари сабабли Неймарга сариқ карточка кўрсатадиган ҳакамлар қарори борасидаги фикрингиз?

- Бу афсусланарли ҳолат. Боиси, Неймар қувноқ ўйин намойиш этишни яхши кўради. Футбол майдони унинг учун мисоли театр. Неймарга бошқалардан ажралиб туриш ёқади. Бу эса чиндан ҳам қизиқарли. Футбол - жиддий спорт тури ва Неймар бу ўйинга хурсандчилик олиб кирмоқчи. У мухлисларни руҳлантиради. Шунинг учун, айниқса, томошабинлар унинг хатти-ҳаракатларини диққат билан кузатишади. Неймар - мен учун даҳо.

- Энди футболга оид бўлмаган бир нечта саволлар билан мурожаат этаман. Дубайдаги Fame Park ҳайвонот боғига ташриф буюрганингиздан хабаримиз бор. Бу фақатгина айрим юлдузлар учун рухсат этилган ёпиқ жой. Ушбу масканнинг ўзгачалиги нимада?

- У ерда кўплаб ғаройиб, ўзгача ҳайвонлар, масалан, оқ шер ва оқ йўлбарсни кўрдим. Ҳаттоки, йўлбарснинг олдига бориб, унга қўл ҳам теккиздим. Шунингдек, айиққа ҳам яқинлашдим. Бу ҳақиқий мўъжиза эди! Мен учун муҳими, жониворларга инсонларнинг яқинлашишларини хотиржам қабул қилишлари учун махсус дорилар беришмайди. Шунчаки, уларни яхши боқишади. Шу боис, ҳайвонлар ҳеч кимга ҳужум қилишмайди.

- Ушбу кўнгилхушлик сизга жуда қимматга тушган бўлса керак?

- Ҳайвонот боғи хўжайини яхши дўстларимдан бири. Унинг ўзи мени у ерга таклиф қилди. Шунинг учун Дубайга уюштирилган саёҳат менга текинга тушди.

- Сирға тақасиз. У билан машғулот ўтказа оласизми?

- Албатта, бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ.

- Қулоғингизни нега тешгансиз?

- Тўғрисини айтсам, қулоғимни тешишимга онам мутлақо қарши бўлган. Аммо барибир шу ишни амалга оширганман. Айни пайт ҳар бир қулоғимда биттадан тешик бор. Бу эса менга ўзгача услуб бағишлайди.

- Футболчилик фаолиятингиздаги илк маошингизни нимага сарфлагансиз?

- Менинг энг муносиб илк харидим - онам учун уй сотиб олганим эди. Хонадоннинг нархи жуда қиммат бўлган. Аниқроғи, ўшанда уни ўзим учун жуда қиммат деб ҳисоблагандим. Чунки футболдаги илк пулларимни эндигина ишлаб топаётгандим-да!

- Ҳозир эса ҳаммаси бошқача. Баъзан машҳурлигингиз ҳам жонингизга тегиб кетар?

- Аксинча, мухлисларнинг олдимга келиб, мен билан суратга тушишни исташлари ёқади. Бу йўлни ўзим танладим. Таниқли бўлиш кишига ҳузур бағишлайди. Умуман, атрофдагилар билан мулоқотга киришишни ёқтираман.

А.Ҳамидов тайрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz