Қайднома

Қидирув

Миллатлар лигаси: Ҳаммаси ўта зич

Миллатлар лигаси: Ҳаммаси ўта зич

  16.03.2020 09:43
  0
  384
Миллатлар лигаси: Ҳаммаси ўта зич

Ўтган ҳафта тарихда иккинчи марта ўтказиладиган Миллатлар Лигасига қуръа ташланди. Қуйидаги мақолада ушбу воқеани таҳлил қилинган ва унда асосий урғуни мусобақанинг Россияга тегишли қисмига қаратди.

Миллатлар Лигасига нисбатан муносабат ҳамон турлича. Бу турнирга жаҳон чемпионати ёки Еврога бўлгани сингари ўта жиддий қаралмаяпти. Бироқ унинг аввалги мавсумидаги жараён мусобақанинг ўзгача тарзда қабул қилинишига замин яратди. МЛ кўплаб қизиқарли ўйинларни туҳфа этди - ФИФА кунлари ўтказиладиган оддий ўртоқлик учрашувларидан кескин фарқланди. Ҳозир ҳаммаси ўта зич, шиддатли ва мантиқий аҳамиятга эга. Агар турнирнинг ўзига хос моҳияти бўлмаганида, дейлик, Туркия ва Швеция ўртасидаги баҳс ҳаяжонли дақиқаларни келтириб чиқарармиди? Топлар жойлашган «А» лигасидаги беллашувлар эса бир-биридан қизиқ.

Шундай экан, Миллатлар Лигасининг ўтказилиши ўзини тўлиқ оқлади. Тўғри, мусобақанинг финал босқичида оз жамоа қатнашгани сабабли, у бироз зерикарли ўтган бўлиши мумкин, зеро ҳозир МЛнинг дастлабки чемпионлиги қайси термага насиб қилганини ҳамма ҳам эслолмаса керак. Бу - Португалия. Негатив жиҳатлар ҳақида гапирганда, регламентдаги чалкашликни кўрсатиш мумкин: саралаш турнирларидаги иштирок ва Миллатлар Лигасидаги муваффақият аралашиб, якуний хулоса чиқариш мураккаблашмоқда. Умуман олганда, бу одатий ҳол. Шу сабабли ҳам, МЛнинг иккинчи мавсумига қуръа ташлаш маросими кўпчиликнинг эътиборини ўзига қаратди.

Европанинг кучсиз жамоалари жойлашган «D» лигасидаги 7та жамоа икки гуруҳга ажратилди.

«D1»: Фарер ороллари, Латвия, Андорра, Мальта.

«D2»: Гибралтар, Лихтенштейн, Сан-Марино.

Айтинг-чи, бу термаларнинг иштирокига ким қизиқади? Асосийси, уларда ғалабаларга эришиш, даражани юксалтириш учун курашиш имконияти бор. Авваллари мазкур жамоалар оддий очко улашувчилар ҳисобланишган, тўпланган очколар уёқда турсин, бутун турнир давомида урилган бир-иккита гол билан фахрланишарди. Аслида, шартли Лихтенштейн мухлислари учун номи танилмаган футболчилари бор Сан-Маринога қарши ўйин ўтказилганидан кўра, ўз майдонида Англия термаси билан баҳсни кўриш муҳимроқ. Ҳечқиси йўқ, бунинг учун йирик мусобақалар саралашлари бор.

«С» лигада нисбатан жиддийроқ жамоалар жойлашган, улар иштирокидаги ўйинлардан интрига кутса бўлади.

«С1»: Черногория, Кипр, Люксембург, Озарбайжон.

«С2»: Грузия, Ш.Македония, Эстония, Арманистон.

«С3»: Греция, Косово, Словения, Молдавия.

«С4»: Албания, Белоруссия, Литва, Қозоғистон.

«В» лигаси - асосий захира. Ундан элитага яқинроқ, аммо топлар даражасига киролмаганлар жой олган. Эҳтимол, «сараланганлар» таркибига қўшилиш илинжидаги бу термалар иштирокидаги беллашувлар шиддатли ўтади. Хусусан, шундай ҳуқуқ учун курашадиганлар орасида Россия ҳам бор. Бу асосий вазифа, ЖЧ-2022га олиб борадиган захира йўлларидан кўпроқ интрига уйғотади. Гуруҳларга жамоалар қуйидагича тақсимланди.

«В1»: Ш.Ирландия, Руминия, Норвегия, Австрия.

«В2»: Словакия, Исроил, Шотландия, Чехия.

«В3»: Туркия, Венгрия, Сербия, Россия.

«В4»: Ирландия, Болгария, Финляндия, Уэльс.

Таъкидлаш жоизки, эҳтимолли ҳамма вариантлар орасидан Россияга нисбатан бақувватроқ рақиблар тушди. Аслида эса, барча гуруҳларга назар солсак, таркиблар тенг эканлигига гувоҳ бўламиз. Русларни эҳтирос ва азарт эвазига исталган кучли рақибини енгишга тайёр Туркияга қарши баҳслар кутиб турибди. Қўшимчасига, унчалик кўзга ташланмайдиган, аммо элит компанияга қўшилиш илинжида шиддатни оширишга қодир Сербия ва Венгрия ҳам бор. Шундай экан, Россия учун қуръа омадли келди, дейиш қийин. Бошқа квартетларда русларга осонроқ бўларди, гўёки. Бошқа томондан, бу термалар босқичдан-босқичга турлича иштирок билан ажралиб туришади: бир қарасангиз, қойилмақом ўйин кўрсатишади, баъзида эса кутилмаганда ютқазишади. Ҳозир ҳам у ёки бу терманинг Миллатлар Лигаси бошланган пайт қандай ҳолатда бўлишини тахмин қилиш мушкул.

Россия термаси бош мураббийи Станислав Черчесовда ҳам қуръадан кейин ортиқча ҳаяжон ёки хавотир сезилмади: «Тўғри, қоғозда бизнинг гуруҳ энг қийини бўлиши мумкин. Яна турклар билан ўйнаймиз, аввалги Миллатлар Лигасида ҳам улар бизга рақиблик қилишганди. Серблар одатий кучли жамоа, уларга қарши Европа чемпионати арафасида ўйин ўтказамиз. Венгрлар ҳам сўнгги пайтларда ўсишга эришдилар, демак, бизни қизиқарли беллашувлар кутмоқда. Туркия термаси мураббийи (Шенол) Гюнеш билан гаплашдим, унинг қўл остида турк­лар ҳар доим кучли футбол кўрсатишган. Сербларнинг саралаш баҳсларида Украина билан қандай ўйнашганини кўрдим, айрим паллаларда украиналиклар кучлироқ эканликлари кўзга ташланди. Дастлабки турда қайси жамоага қарши тўп суриш осонроқ бўлиши мумкинлиги тўғрисида нимадир деёлмайман, тақвим чиқишини кутамиз. Сўнгги пайтларда турклар билан кўп ўйнаяпмиз. Венгрларга қарши Конфедерациялар кубоги арафасида ўйнагандик. Уларнинг ўйинида ўзгариш бор. Умуман, барча рақибларни биламиз».

Аммо энг қизиғи, барибир, «А» лигаси, энг кучлиларнинг ҳаммаси шу ерда. Қуръа формати ҳам, лигалар ва гуруҳларга ажратиш формати топ термаларнинг зич жойлашишига сабаб бўлди. Ёрқин ўйинлар кўпайишига кафолат бор.

«А1»: Польша, Босния ва Герцеговина, Италия, Нидерландия.

«А2»: Исландия, Дания, Бельгия, Англия.

«А3»: Хорватия, Швеция, Франция, Португалия.

«А4»: Германия, Украина, Испания, Швейцария.

Алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар бир гуруҳда нафақат Германия - Испания, Франция - Португалия, Бельгия - Англия, Италия - Голландия сингари топ қарама-қаршиликлар кузатилади, балки бу квартетларда биттадан «кутилмаган меҳмонлар» ҳам бор. Масалан, Босния ва Герцеговина, Исландия, Украина, Швеция. Аммо Миллатлар Лигасининг жозибаси ҳам шунда, ҳозир иккинчи даражали деб қаралаётган жамоаларда топлар савиясига кўтарилиш имконияти мавжуд.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz