Қайднома

Қидирув

Йўқ жойдан чиққан ғавғо ёки яна Роналдиньонинг қамалиши хусусида

Йўқ жойдан чиққан ғавғо ёки яна Роналдиньонинг қамалиши хусусида

  17.03.2020 05:29
  0
  537
Йўқ жойдан чиққан ғавғо ёки яна Роналдиньонинг қамалиши хусусида

Футбол оламига Роналдиньо Гаушо номи билан танилган Роналдо де Ассис Морейра ва унинг акаси Роберто яқинда Парагвайга кириб келиш чоғида сохта паспортлардан фойдаланишгани бўйича прокуратура маҳкамасида кўрсатма беришди. Ака-ука Асунсьонга хайрия тадбири ташкил этиш мақсадида келишган ва Ламбара шаҳридаги меҳмонхонага жойлашишганди. Улар тунни соқчилар назорати остида ўтказишди, кейин уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлимига йўл олишди.

Асунсьондаги тадбир пайшанбага режалаштирилганди. Чоршанба куни полиция хизматчилари ака-укадан сохта паспортларни олиб қўйишди, уларни қалбаки ҳужжатлар билан таъминлашда гумон қилинаётган бразилиялик шахс эса ҳибсга олинди. Ҳужжатлар Роналдо де Ассис Морейра ва Роберто де Ассис Морейралар номига ёзилганди. «Барселона»нинг собиқ ўйинчиси акаси билан чоршанба куни Асунсьон халқаро аэропортига қўниб, текширув нуқталаридан муаммоларсиз ўтишганди.

Парагвай ИИВ маҳаллий ОАВга бразилиялик ака-уканинг ҳужжатлари идентификация департаменти рўйхатида қайд этилмаганлигини маълум қилди. Шу сабабли бу борада суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Прокуратура маълумотларига кўра, ака-ука Асунсьонга маҳаллий казино соҳиби Нельсон Белоттининг таклифига биноан келишган, шунингдек, у ерда хайрия жамғармаси ҳисобидан парагвайлик болакайларга тезкор тиббий кўмак бериши лозим бўлган «Қизалоқ ва болакайларга тезкор ёрдам» дастурини ўтказишни режалаштиришганди. Бундан ташқари, тадбирда Роналдиньо ўзининг «Ҳаёт даҳоси» номли китобининг тақдимотини ўтказишни мўлжаллаганди.

Роналдиньо Парагвайда  унга нима сабабдан паспорт беришганини билмайди

Роналдиньо Гаушо ва унинг акасига оид иш бўйича пайшанба куни Асунсьон шаҳрида икки нафар аёл ҳибсга олинди. Ҳозирда улар меҳмонхонадаги «уй қамоғи»далар, Парагвайга сохта паспортлар билан кириш борасида прокуратурага кўрсатма берадилар.

ИИВнинг баёнотига кўра, ҳужжатлар шу аёлларга тегишли бўлиб, улар молиявий рағбат эвазига ўз паспортларини қалбаки ҳужжатларни расмийлаштириш учун беришга рози бўлишган. Уларни ҳибсга олиш арафасида жиноий ишни кўриб чиқаётган прокурор Федерико Дельфино ОАВга ҳужжатлар ўтган йилнинг декабрь ва жорий йилнинг январь ойлари оралиғида Парагвайда берилганлигини маълум қилди. Бу паспортлар рақамлари Роналдиньо ва акасига берилган паспорт­лар рақамлари билан бир хил эканлиги чегарачилар томонидан аниқланди. Паспортлар ҳақиқий, фақат улар ака-укага эмас, икки аёлга тегишли.

Прокурор Дельфино «Барселона» собиқ ҳужумчисига нисбатан «Давлат маҳкамалари томонидан берилган сохта ҳужжатдан фойдаланиш» бўйича айблов қўйилаётганини таъкидлади. Паспортлар Роналдо де Ассис Морейра ва Роберто де Ассис Морейралар номига ёзилган, бироқ Парагвайда бу рақамлар остидаги паспортлар Мария Изабель Гайосо ва Эсперанса Аполония Кабальероларга берилган. Аёллар Миллий полициянинг жиноий тергов бўлимида, футболчи ва акаси эса уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлимида прокуратура қарорини кутмоқдалар. Суриштирув чоғида Роналдиньо ва акасидан паспортлар ва иккита Парагвай идентификация картаси олиб қўйилди. Шунингдек, самолётдан тушиш пайтида уларга сохта ҳужжатларни берганликда гумон қилинаётган Бразилия фуқароси ҳибсга олинди.

Дельфино собиқ футболчи сохта ҳужжатдан қандай мақсадда фойдаланганини билолмаяпти. Бразилияни тарк этаётганда Роналдиньо ўз паспортидан фойдаланганди. Ака-ука Асунсьонга Белоттининг таклифига биноан келганликларини таъкидлашди, аммо улар жойлашган меҳмонхонада пайшанба куни хайрия дастури ташкил этилиши ҳақида расмий маълумот йўқ. Ички ишлар вазири Евклид Асеведо аэропорт миграция департаментини Роналдиньонинг мамлакатга киришини тўхтатиб қолмаганликда айбламоқда. Чунки унинг Парагвай паспорти тизимда қайд этилмаганди.

2018 йилда Роналдиньо экология жаримаси туфайли Бразилия паспортини топширишга мажбур бўлганди. Жанубий Америка матбуотида мана шу вазият уни сохта паспорт олишга ундаган бўлиши мумкин, деган тахмин бор. Гўёки, у қачондир хориж сафарига зарурат туғилса, бемалол бориши учун Парагвай паспортини олишга қарор қилган.

Роналдиньо ва Роберто тақиқланган ҳудуддаги кўлда балиқчилик платформасини ташкил этишгани учун бир неча марта жаримага (умумий миқдори 2,2 млн.га яқин) тортилишганди. Бироқ 2015-2018 йиллар оралиғида улар талабни бажаришмагач, Риу-Гранди-ду-Сул суди айбдорлар паспортларини мусодара қилиш бў-йича қарор чиқарганди. Ака-ука яна муносабат билдиришмади. Шундан кейин федерал прокуратура уларни адлия ва жамоатчиликни менсимаганликда, қонуний талабни бажармаганликда айблади. Охир-оқибат, 2018 йилнинг декабрида Морейралар ўз паспортларини топширишди.

2019 йилнинг сентябрида Роналдиньо ва Роберто 1 млн. евродан кўпроқ маблағни (жарима миқдори ўзаро келишувга биноан қисқартирилганди) тўлаб, ҳужжатларини қайтариб олишди. Роналдиньо Бразилияни Сан-Паулу аэропортидаги чегарачиларга ўз паспортини кўрсатган ҳолда тарк этганлиги маълум. Парагвай паспорти эса унга 2020 йилнинг 7 январида берилган. Ҳужжатда Роналдиньонинг Бразилияда туғилгани, кейин парагвайликка айлангани қайд этилган.

Юз берган воқеадаги мантиққа яқин ягона тахмин шуки, собиқ футболчида ватанни тарк этиш зарурати пайдо бўлган, бироқ у суднинг жарима миқдорини камайтиришга рози бўлиши ва паспортини қайтариб беришига ишонмаган. Шу боис, эҳтиёт чораси сифатида Парагвай паспортини олишга қарор қилган. Бироқ Роналдиньонинг ўзи сохта ҳужжатга муҳтож бўлганлигини инкор этмоқда. Боз устига, ака-ука Морейралар кейинчалик Бразилия паспортларини қайтариб олишган, ундан фақат Сан-Паулуда эмас, Асунсьонда ҳам бемалол фойдаланишлари мумкин эди.

Шунингдек, бразилиялик юлдузнинг Парагвайга паспорт билан, бўлганда ҳам, қалбаки паспорт билан кириши ажабланарли. Жанубий Америка мамлакатларида шахсни тасдиқлайдиган ички ҳужжатларни кўрсатишнинг ўзи етарли ҳисобланади. Демак, Роналдиньо ва унинг акасига Бразилияда берилган ҳар қандай ҳужжат кифоя қиларди.

Ака-ука Парагвай паспортини уларга сафарни уюштирган шахс таклиф этганини таъкидлашмоқда. Унинг исм-шарифи - Вильмондес Соуза, ўзи бразилиялик. Роналдиньо ва акасига қалбаки паспортларни улар назоратдан ўтишларидан аввал берган. Гўёки, Роналдиньо ва Роберто бу паспортларнинг нима учун кераклигини билишмаган ва чегара назоратидан Соуза берган ҳужжатларга асосан ўтишган.

Тергов ишларини олиб бораётган прокурор сўзларига ишонадиган бўлсак, қамоқ жазосига ака-ука де Ассисларга паспорт тайёрлаб берган шахс тортилиши мумкин. Уларнинг ўзи эса жарима билан жазоланиб, мамлакатдан чиқариб юборилади.

Шунингдек, ҳужжатларни талаб даражасида текшириб кўрмаган, бутун дунё танийдиган бразилиялик футбол юлдузи қандай сабабларга кўра мамлакатга Парагвай фуқароси сифатида кириб келганига қизиқиб кўрмаган чегарачилар устидан ҳам суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Хуллас, жумбоқ ҳали тўла ечилгани йўқ. Парагвай прокуратураси ака-укага қалбаки паспортлар нима учун керак бўлиб қолганлиги, уларни Асунсьонга бразилияликлар эмас, параг­вайликлар мақомида киришга ким мажбур этгани ва бундан қандай мақсад кўзланганини, чегарачилар эса нима учун мазкур рақамлардаги паспортлар бошқа шахсларга берилгани, Роналдиньонинг Парагвай ИИВ базасида қайд этилмаганига эътибор қаратишмаганига жавоб топишига умид қилмоқда. Саволлар бисёр, аммо маҳаллий матбуот вакиллари уларга жавоб топилмаслиги, ака-укани қўйиб юборишлари ва жавобгарлик сохта ҳужжат берган шахс зиммасига юкланишини тахмин қилишмоқда.

Асунсьон полицияси раҳбари билан селфи

Буни қарангки, суриштирув жараёнида маҳаллий полиция хизматчиси ўз қизиқиши туфайли ўнғайсиз вазиятга тушиб қолди. Бразилиялик собиқ футболчи қоидабузарликка йўл қўйган бўлсада, юлдузлик мақомини йўқотган эмасди. Шу боис, ҳамма ундан дастхат олишни, биргаликда суратга тушишни истарди. Жумладан, полиция маҳкамаси раҳбари Мигель Лопес Руссо ҳам бразилиялик афсона билан суратга тушиб, ижтимоий тармоққа жойлади ва мақтана бошлади. Бироқ воқеалар ривожи у ўйлаган тарзда кечмади ва Руссо суратни йўқ қилиш ва узр сўрашга мажбур бўлди. Аммо парагвайликлар суратни сақлаб қолишга улгуришганди. Энди Руссони калака қилишмоқда.

«Роналдиньо полиция маҳкамасига олиб келинганида кўпчилик у билан биргаликда суратга тушиш истагида эди. У миллионлаб мухлислар «кумири», мен эса футбол фанатиман. У билан суҳбатлашиш чоғида кўнгилсиз вазиятда учрашганимиз учун узр сўрадим ва эсдалик учун суратга тушишни таклиф этдим. Балки полиция раҳбари бўлганим учун ўз хизмат мав­қеимни суиистеъмол қилгандирман. Полиция хизматчиларининг бош­қа ҳеч қайсиси суратга тушмади. Бу шунчаки оддий сурат эди. Мен уни «Фейсбук»­даги саҳифамга жойладим, мижозларим уни яхши қабул қилишди. Лекин буни нотўғри тушунадиганлар ҳам йўқ эмас, албатта. Бунинг учун узр сўрайман, футбол юлдузи билан суратга тушмаслигим, уни ижтимоий тармоқда эълон қимаслигим керак эди», - деди Мигель Лопес Руссо. Хуллас, ана шунақа гаплар...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz