Қайднома

Қидирув

Кўзойнакли «питбуль» ёки Эдгар Давидсдан қизиқарли интервью

Кўзойнакли «питбуль» ёки Эдгар Давидсдан қизиқарли интервью

  01.03.2020 09:25
  0
  222
Кўзойнакли «питбуль» ёки Эдгар Давидсдан қизиқарли интервью

Катта футболда ташқи кўриниши билан алоҳида ажралиб турган  нидерландиялик афсона Эдгар Давидс 13 март куни навбатдаги туғилган айёмини нишонлади. Soccer.ru сайти шу муносабат билан Суринамда туғилган собиқ ярим ҳимоячини қутлаб, унинг ҳаёт ақидаларидан алоҳида тўплам йиғди. Марҳамат, минбар сенга, Эдгар!

Футбол ҳақида

- Асосан 2та сабаб туфайли тўп сурганман. Биринчиси - футболдан ҳамиша завқ олганман, иккинчиси - майдонда доимо ўзимнинг нақадар зўрлигимни кўз-кўз қилишни истаганман. Муҳими, маҳоратимни юксак савияда намойиш этиш шарафига муяссар бўлдим. Миллионлар ўйинининг барча табақаларига ҳурматим баланд. Агар профессионал даражага  кўтарилолмаганимда ҳам, футбодан воз кечмасдим, барибир. Фақат бунда ўйнашга ишдан кейин ёки дам олиш кунлари вақт ажратардим.

Кўча футболи

- Фаолиятим кўчада бошланган, дастлабки, эҳтимолки, энг бебаҳо сабоқларни айнан ўша ерда олдим. Жанубий Америка футболига эътибор билан қарасангиз, аксарият ноёб иқтидорлар кўча ўйини воситасида шаклланишганини кўрасиз. Мен ҳам шунга ўхшаш йўлни босиб ўтдим: тўпга жуда кўп тегиниш, тезлик, ижодкорга хос фикрлаш - буларнинг барчаси фаолиятим давомида роса қўл келди.

Оғриқлар қийноғи

- Фаолиятимнинг якуний босқичида оғриқларсиз бемалол ўйнаш мумкинлигини бутунлай унутдим. Бироқ бу қийноқлар ҳам мени майдонга тушишдан тўхтатолмади.

Ўйин услуби, майдондаги роли

- Ўйин тақдирини кўпинча суперҳужумчилар ва фантазиячилар ҳал қиладилар. Лекин ҳар қандай жамоа жисмонан кучли ва қаттиққўл ўйинчиларга ҳам катта эҳтиёж сезади. Бундай ижрочилар учрашувда муҳим аҳамиятга эгалар. Рақибдан тўпни тортиб олиш ва футбол нафислигини шундайлар таъминлашади. Назаримда, бу вазифаларни кўнгилдагидек адо этардим.

Футбол юлдузлари

- Буюк иқтидор соҳиблари доимо ўзига хос табиатли кишилар орасидан чиқишган. Шу нуқтаи назардан гапирсак, қайси жамоада юлдузлар кўп йиғилишса, худбинлик ўз-ўзидан кучайиб кетади ва ўйинни бинойидек бошқариш қийинлашади. Қисқаси, ҳар бир ишда мувозанатни сақлаш лозим.

Ташқи кўриниши

- Кўзойнак ва соч турмагим ёрдамида қўшимча машҳурликка эришганимни яхши биламан. Бу яхши имидж.

Устозлари

- «Аякс»да Луи ван Гал ва «Ювентус»да эса , Марчелло Липпидан ҳам футбол, ҳам ҳаёт бобида кўп нарсаларни ўргандим. Улардан беҳад миннатдорман.

Фанатлар

- Бу сийқаси чиққан эътироф бўлсада, айни ҳақиқат: футбол жамоалари мухлислар ҳисобига фаолият юритади. Футболчиларнинг рисоладагидек маош олишлари ҳам мухлислар туфайли. Бизга ўйнаш имкониятини беришгани учун улардан қарздор эканлигимизнит ҳис қилишимиз керак.

Ҳаёт фалсафаси

- Футболчи узлуксиз равишда, деярли ҳар куни ўзига зарар келтирадиган ёки янада кучлироқ ўйнашига турт­ки берадиган қандайдир омилларга дуч келади. Барчасини ўзига зиён етказмайдиган йўсинда қабул қилиш - етуклик белгиси. Бу фазилат бирданига шаклланмайди, футболчи вақт ўтиши билан мўлжални тўғри олишни ўрганади. Яъни мақсад сари қандай ҳаракатланиш зарурлигини теран тушуниб боради.

Ҳақиқат таъми

- Футболда ҳам ҳаётдаги каби энг муҳим жиҳат - ҳақиқат. У болаликдан шаклланиши керак. Сен олдинги чизиқда тўп суриш ва голлар уришни истайсан. Аммо буни уддалолмайдиган бўлсанг, ўзингни алдама. Ҳа, баъзан ҳақ гап ҳам зарар келтириши мумкин, қачонки, сабринг тугаб, бор ҳақиқатни мураббий юзига очиқ айтсанг... Асосийси, ҳар ким ҳақ гапни айтиш ҳуқуқига эга.

Садоқат тушунчаси

- Футболда садоқат мавжуд эмас, унинг кераги ҳам йўқ. Шунчаки, ҳурматнинг ўзи етарли.

ЕЧЛга муносабат

- Бу - севимли турнирим. Мусобақа шунчалик мураккабки, гоҳида лотереяга айланиб кетади: омадинг келиши ёки келмаслигини асло билмайсан.

Ирқчилик муаммоси

- Ирқий камситишларни илдизи билан йўқотиш - давр талаби. Бунда ҳар ким ўз сўзи учун жавоб бериши шарт. Айниқса, кўпчиликка гапини ўтказадиган кишилар. Аксарият ирқчилар қўйлар ўхшашади, қонун-қоидалари эса подага. Уларда ирода ҳам, танқидий фикрлаш ҳам мутлақо йўқ.

Мураббийлик соҳаси

- Юксак савияли футболчи сифатида танилиш малакали мураббийга айланишдан анча осонроқ. Қандайдир ғояни амалга ошириш учун вақт талаб этилади. Айниқса, янги ғояни. Арриго Саккини эсга олинг: «Милан»­да ислоҳотни бошлагач, аввалига истеъфо хавфи остида қолганди. Кейин мураккаб вазиятдан чиқиб кетди ва буюк мураббий мақомига эришди.

Катта ва митти клубларни бошқариш фарқи

- Менимча, мураббийнинг йирик клубда ишлаши осонроқдек. Зеро, у иккинчи даражали юмушларни ёрдамчилари зиммасига юклаб, ўзи асосий вазифа билан шуғулланиши мумкин. Камтарин жамоа устози эса, «арава»ни ёлғиз ўзи тортади. Ёрқин мисол - Франк Райкаард Роттердамнинг «Спарта»сида «фалокат» эди, кейин «Барселона» билан барча чўққиларни забт этди.

Футбол ва шахмат таққоси

- Бу икки спорт тури кўпчилик ўйлаганидек турлича эмас. Футбол майдонида ҳам, катакли тахта устида ҳам муайян схема ва юришлар мавжуд. Ғолиблик тезроқ ва бехато фикр­лайдиганга насиб этади.

Месси ва Роналду баҳси

- Месси - феномен, футболдаги чин аномал ҳолат. У фантастик финт­лар, голлар, узатмаларни амалга оширади, ўйинни мукаммал даражада тушунади. Роналдуга келсак, у - шунчаки, атлет. Ўз ўйинини яхшилаш устида жуда кўп тер тўкади. Хўш, тинимсиз машғулотлар эвазига Мессидек бўлиш мумкинми? Йўқ, бунинг иложи йўқ. Роналдуга айланиш-чи? Ҳа, тўлиқ бўлмаса, муайян даражада...

Энг кучли шериги

- Аввало, Зайниддин Зиданни эътироф этаман - бетакрор футболчи ва инсон. У билан «Ювентус» ярим ҳимоясида ёнма-ён тўп сурганимдан алоҳида фахрланаман. Ўйлайманки, Зизу ҳам мен ҳақимда шундай фикрда.

«Ювентус»даги яна бир дўсти

- Футбол олами Алессандро Дель Пьеродек футболчига қайта дуч келмаса керак.

Жисмонан энг кучли футболчи

- Яп Стам билан бирга ўйнаганман. У футболчи эмас, улкан қоя...

Ўз организмига ёндашуви

- Ҳаётим давомида ўткир ичимликлар, гиёҳванд моддалар ва тамаки маҳсулотларидан мутлақо тийилганман. Шубҳали дори-дармонларни ҳам қабул қилмайман. Агар улар саломатлигимга зиён етказиши мумкиндек туюлса, албатта. Чунки қалбимни асраб тургувчи баданим ягона. Уни алмаштиришнинг иложи йўқ. Демак, организмимизни авайлашимиз шарт.

Футболчилик фаолияти

- Шундай ажойиб йўлни босиб ўтганимдан бахтиёрман. Нимадандир нолишга ҳаққим йўқ.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz