Қайднома

Қидирув

Эрта уйғонганнинг ошиғи олчи

Эрта уйғонганнинг ошиғи олчи

  18.03.2020 10:24
  0
  709
Эрта уйғонганнинг ошиғи олчи

Март ойининг иккинчи ҳафтасида Coca Cola Суперлигада 2-тур баҳслари ўтказилди. Жамоалар қизиқарли, муросасиз, курашларга бой ўйинларни тақдим қилишди. Кимлардир чиройли ўйнаб ютқазди, айримлар эса, ёпиқ ўйин кўрсатган ҳолда ғалаба қозонишни маъқул кўрди. Асосийси, нисбатан кучсизроқ саналган клубларнинг кучли рақибга тенгма-тенг кураш тақдим этишга урингани таҳсинга лойиқ.

«Локомотив» Наманганда 0:2 ҳисобида ютқазди. Голларнинг бири пенальтидан, иккинчиси ҳимоячиларнинг қўпол хатосидан сўнг урилди. Бундан хулоса чиқариш мумкинки, «темирйўлчилар» ёмон ўйин кўрсатишмади. «Локомотив»нинг ишқибозлари энди кейинги тур учрашувларига умид боғлашади. Худди шу гап «Бухоро», «Андижон», «Машъал», «Қўқон-1912», «Қизилқум» клубларига ҳам тегишли. Бунинг учун, аввало, улардан тезроқ «уйғониш» талаб этилади. Тўғри, айрим жамоалар учун тақвим нисбатан оғир келди. Кетма-кет сафар ўйинлари, кучли жамоалар билан тўқнашувлар ва ҳоказо. Агар старт қийин келганини рўкач қилаверсак, «баҳорги уйғониш» шунчалар мураккаблашаверади.

Пойтахт жамоалари айни пайт ажойиб спорт формасига кириб улгурган. Чунки мавсумни бошқалардан эртароқ бошлашган. Лекин «Бунёдкор» ҳам, «Локомотив» ҳам ОЧЛни барвақт тарк этгач, деярли бир ой расмий ўйинлардан четда юрди. Биргина «Пахтакор» бундан мустасно. Кўклам фасли пойтахт жамоаларини анча эрта уйғотди ва бу уларга фойда келтирмоқда. Вадим Абрамов ва Шота Арвеладзе шогирдлари дастлабки икки турда юз фоизлик натижа қайд этишди. Бироқ вилоят жамоа­лари ўз ўйинларини тўғри йўлга қўйиб олишга улгуришганича йўқ, клубларнинг деярли ҳаммаси янги футболчилардан тузилган таркиб билан ҳаракат қилмоқда. Жамоавий ўйин шакллангунига қадар натижа «қурбон» бўлади. 2-турда айрим жамоалар худди 1-турдаги каби ҳисобларда ютқазишди. «Насаф»да эса ёшлик шижоати барча нарсани ҳал қилмоқда. Демак, қолганлар ҳам легионерларга эмас, маҳаллий иқтидорларга таянишса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Турни очиб берган ўйинлардан бири - «Металлург» - «Қўқон-1912» баҳсида меҳмонлар мухлисларини бироз ранжитишди. «Нега «бироз», ахир мағлубият-ку?!» дейдиганлар ҳам топилади. Қўқонлик ишқибозлар кўнгилларини хотиржам қилишса бўлаверади, зеро уларнинг суюклилари Бекободда жуда яхши ўйин намойиш этишди. Рақиб эса фақат пенальтидан урилган гол эвазига ғалаба қозонди. Бахтиёр Ашурматов таркибга ўзи истаган футболчиларни қўшиб олди, янги мавсумга ҳозирлик аъло даражада олиб борилди, ажойиб жамоа шаклланмоқда. Фақат... яна озгина вақт керак, холос. Жамоада тажрибали футболчилар билан бир қаторда иқтидорли ёшлар ҳам кўп. Қизиғи, Ашурматов аввал ишлаган жамоаларида ҳам вақт билан боғлиқ муаммоларга дуч келган, таркибни шакллантиришга фурсат камлик қилган. Демак, эндиликда мухлислар сабрлироқ бўлишлари лозим.

Наманганлик ашаддий ишқибозларни «Локомотив»га қарши кечган баҳсда эришилган ғалаба шукуҳи ҳамон тарк этмагани турган гап. Андрей Канчельскис биринчи турдаги мағлубият тасодиф эканлигини исботлашга уринди ва буни жуда яхши уддалади. Трибуналарда тўлиб-тошган мухлислар футболчиларнинг жанговар руҳда тўп суришларида кўмакчи бўлишди. Вадим Абрамов кўпинча «Эҳтирос ақлдан устун келди», дейди. Бу сафар «лочинлар» мазкур жумлага терс ўлароқ, ўзларини йўқотиб қўйишмади ва Андрей Фёдоров шогирдларидан устун келишди.

Бақоевнинг «Сўғдиёна»сига нима бўлди? Очиғи, Жиззах жамоасини қайси мураббий бошқаришидан қатъий назар, улар доим кеч уйғонишади, мавсум ўрталарига келибгина ўз ўйинларини топиб олишлари мумкин. Таркиб яхши, легионерлар, маҳоратли маҳаллий футболчилар эвазига кучайса кучайдики, асло кучсизланмади. Келинг, «Сўғдиёна»нинг аввалги мавсумларни қандай бошлаганини эслаб кўрамиз.

Суперлига-2017нинг дастлабки қисмида Даврон Файзиев мураббийлик қилган, иккинчи давра бошланмай ишдан олинганди. Мавсум-2018 стартида жамоа Александр Мочинов мураббийлигида омадсизликка учради. Натижада яна мураббий истеъфоси кузатилди. Суперлига-2019ни Сергей Лушан қўл остида бошлаган жамоа беш-олти учрашувда ғалаба нималигини билмади. Дебютант «Сурхон»дан йирик ҳисобда енгилди, Қаршида «Насаф»га ютқазди. Натижада яна мураббий алмашди. Афтидан, агар «Сўғдиёна» кейинги турларда ҳам очко улашишда давом этса, аввалги мавсумлардаги ҳолат такрорланиши ҳеч гапмас. Жиззахликлар 3-турда «Қўқон-1912» меҳмони бўлишади. Мезбонлар «Металлург» билан ўйиндаги мағлубиятдан кейин аламзада ҳолда ўйнашлари аниқ. Демак, Бақоевни олдинда катта синов кутмоқда. «Сўғдиёна» 4-турда ўз уйида «Пахтакор»ни қабул қилади, кейин эса «Локомотив» билан беллашув бор. Агар АГМК билан ўйинда ғалабани сақлаб қолганида, жамоада умид юзага келарди...

Дарвоқе, Миржалол Қосимов мураббийлигидаги олмалиқликларга ҳам маълум вақт керак. ОЧЛ йўлланмаси учун курашишни мақсад қилган жамоани олдинда оғир ўйинлар кутиб турибди. Айниқса, «Бунёдкор»га қарши баҳс осон ўтмаслиги, «қалдирғочлар» осонликча очко улашмаслиги аниқ. Муҳими, Қосимовнинг ихтиёрида маҳоратли ижрочилар етарли. Элгужа Григалашвили, Мате Ватсадзе, Арсланмурат Аманов кабилардан ҳар қандай ҳолатда хавф кутиш мумкин.

Мавсумни йирик ҳисобли ғалаба билан бошлаган «Машъал» сафарда «Бунёдкор» билан тенгма-тенг ўйнади. Баҳсни бевосита стадиондан кузатган томошабин сифатида муборакликларнинг ўйини ва рақибга қарши курашишини аъло даражада баҳолаган бўлардим. Дилявер Ваниев шогирдларига қандай пайтда рақибга босим уюштириш, қайси паллада ҳимояланиш кераклигини тушунтира олган. Унинг кўрсатмалари майдонда яққол сезилиб турди. «Машъал» футболчилари «қалдирғочлар»нинг тўп узатишларидаги хатоларини кўра олишди ва керакли пайтда олдинга ўтиб, хавфли вазиятлар яратишди. Агар жамоа ўз устида ишлашда давом этиб, ўйинини кучайтирса, турнир жадвалида юқори ўринларни эгаллаши мумкин. Маълумотларга қараганда, клуб академияси яна аввалгидек равон йўлга қайтмоқда. Таълим маскани биноси қайта таъмирдан чиқарилган, болалар учун барча шароитлар яратилган.

«Бунёдкор» ҳақида гапирадиган бўлсак, жамоа яхши спорт формасида, легионерлар шериклари билан чиқишиб кетишга ҳаракат қилишмоқда. Доимгидек майдонда Лутфулла Тўраев бошқарувчи. Ҳимояда Анвар Ғофуров бош ролда. Дарвозабон Абдумавлон Абдужалиловдан умид катта. Ҳумоюн Муртазоев тўпурарлик сифатларини кўрсатмоқда. Эътирофга лойиқлар орасида Жасур Жалолиддинов ҳам бор, албатта. Унинг 2-турда рақиб дарвозасига урган ажо-йиб голи ғалабани таъминлади.

Беллашувдан сўнг Жасур ушбу голи ҳақида қуйидагича изоҳ берди: «Мураббийимиз ҳар бир учрашувдан олдин узоқдан кўпроқ зарба беришим кераклигини айтади. Бугун унинг кўрсатмаларини бажардим ва гол урдим. Ҳисоб йирик кўриниш олиши мумкин эди. Лекин дарвозабон маҳорат кўрсатди».

Шунингдек, захирадан ўйинга қўшилган Суҳроб Иззатов ҳам фикр­лари билан бўлишди: «Тўп узатишларимизда камчиликлар кузатилди. Иккинчи бўлимда асосан натижани ушлаб қолиш, хато қилмаслик ҳақида ўйладик. Бу руҳият билан боғлиқ. Ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба уч очко олиб келарди. «Машъал» менда илиқ таассурот қолдирди. Ёшлар жуда яхши ўйин кўрсатишди, бизга муаммо туғдиришди».

«Қизилқум» афтидан, бу йил ҳам қуйи ўринларда юради, шекилли. Чунки жамоа шу вақтгача бунданда кучлироқ таркиб билан ҳам бирор-бир натижага эриша олмаган. Ҳар йили кучли легионерлар олинади, тажрибали футболчилар сафга қўшилади. Очиғи, «Қизилқум» легионерларга сарф­лаётган пуллар унча-мунча жамоада йўқ, ҳисоби. Яъни бу клубда ҳавас қилса арзирли имконият бор, демоқчиман. Аввало, ўз академиясига асос солиши, маҳаллий иқтидорларга кўпроқ имконият бериши, уларга ўзларини кўрсатишлари учун шароит яратиши лозим. Нима, Навоийда янги Жасур Жалолиддинов, Аббос Ғуломов, Остон Ўрунов ёки Элдор Шомуродовлар йўқ деб ўйлайсизми? Бор, албатта. Фақат, уларни кашф этиш мураббий маҳоратига боғлиқ. Тўғри, кўпчилик «Қизилқум»ни кайфият жамоаси деб атайди. Чунки олдинги мавсумларда пойтахт грандларини бир неча маротаба ютишни уддалаган. Ҳозир жамоада легионерлар кўп, аммо уларга ҳам маълум фурсат керакка ўхшайди. Қани, кўрамиз, вазият нима билан якун топар экан. Лекин Навоий жамоа­си ёшларга, маҳаллий иқтидорларга эътиборни ошириши шарт.

«Сурхон»га янги мураббий келгани таъсир қилган кўринади. Баҳром Ҳайдаров юртимиздаги иқтидорли мураббийлардан бири. Ўз вақтида «Нефтчи»да ёмон фаолият юритмаган, ўз услубига эга мутахассис.

«Пахтакор» - «Бухоро» ўйинида ғолиб номи олдиндан тахмин қилинганди ва у ўзини оқлади. Лекин шу куни Муҳсин Муҳаммадиев шогирдлари мезбонларга жиддий қаршилик кўрсатишга уринишди, деярли бунинг уддасидан чиқишди ҳам. 65 дақиқа ҳимояда яхши ўйнашди. Дастлабки гол баҳсли бўлди. Драган Черан ҳужумда қоида бузгандек кўринди. Иккинчи ва учинчи голлар - пенальти ва стандарт вазият самараси. Бошқа томондан, маҳорат ҳам ўз сўзини айт­ганини тан олиш лозим.

Қаторасига иккинчи турда ҳам йирик ҳисобда ютқазиш «Бухоро» футболчилари руҳиятига салбий таъсир қилиши турган гап. Эътиборлиси, жамоа асосан стандартлардан тўп ўтказиб юбормоқда. Ўйинда тактика ва услуб бор, ҳар ҳолда. Дастлабки беш турда «Бухоро»нинг очко улашиши мумкинлигини тахмин қилиш қийин эмас. Зеро, жамоа учун тақвим ниҳоятда оғир келди: кейинги учта турни «Локомотив», «Андижон», «Навбаҳор»га қарши ўтказади. Демак, кўрамиз ва кузатамиз.

«Насаф» бу йил таркибини легионерлар ҳисобига кучайтирди. Марко Станоевич ва Дилавер Харин қаршиликлар сафига қўшилди. Шунинг­дек, Дилшод Раҳматуллаев, Жавоҳир Эсонқуловлар ҳам таклиф этилди. Муҳими, жамоада салоҳияти юқори ёшлар бор, дастлабки турларда уларнинг кўп нарсага қодирлигини кўрдик. «Андижон» ҳам Александр Хомяков қўл остида аста-секин шаклланмоқда. Бу мураббий ихтиёридаги камтарона «масаллиқ»дан ажойиб «таом» тайёрлашга қодир.

3-тур бошланиш арафасида, жамоалардан иложи борича тезроқ уйғонишлари, мавсумга астойдил киришишларини сўраб қоламиз. Кўп нарса хоҳиш-истак, ишончга боғлиқ. Агар барча клублар майдонга юқори ишонч билан чиқишса, ўйинлар муросасиз ва қизиқарли ўтади. Муҳими, баҳорда қайси жамоа биринчилардан бўлиб уйғонишни уддаласа, йил давомида ўшанинг ошиғи олчи бўлади.

АБДУЛАЗИЗ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz