Қайднома

Қидирув

Ана, холос: Икки ой ишлаган мураббий учун 10 «лимон»

Ана, холос: Икки ой ишлаган мураббий учун 10 «лимон»

  18.03.2020 11:26
  0
  434
Ана, холос: Икки ой ишлаган мураббий учун 10 «лимон»

Ҳозирги «Спортинг» - бу доимий жанжаллар, етакчиларнинг бирин-кетин сотилиши, молиявий муаммолар ва бошқа тушунарсизликлар... Одатда, бу каби нотекисликлар жамоанинг натижа кўрсатишига халақит беради, Лиссабон клубининг жорий мавсумдаги иштирокида ҳам истисно ҳолат кузатилмаяпти. Ҳар ҳолда, «Спортинг» Португалия Примеросида чемпионликдан умид узиб бўлди, ҳисоб. Қолаверса, лиссабонликлар мамлакат Лига кубоги ва ЕЛдан тушиб кетишга улгуришди...

Тушунарлики, натижа пасайгач, бундан кимлардир жабр чекишади. Мана, «Спортинг» жорий мавсум нақ 4 нафар бош мураббий қўл остида майдонга тушди. Жамоани чемпионатга тайёрлаган Марсель Кайзерни сентябрь ойи бошидаёқ истеъфога чиқаришди. Унинг ўрнини эгаллаган ёшлар жамоаси устози Понтешнинг бош мураббийлик даври эса 1 ойга ҳам чўзилмади. Кейин «Белененсеш»­нинг собиқ бош мураббийи Силаш чақирилди ва нисбатан кўпроқ муддат ишлади - «Спортинг» ЕЛ турниридан чиқиб кетишига қадар.

Лиссабон жамоасининг янги мураббийи - 35 ёшли Рубен Аморим. Бу тайинлов жуда-жуда қизиқарли. Аморим футболчилик фаолиятининг катта қисмини «Белененсеш» ва «Бенфика»да ўтказган, «Спортинг» билан эса ҳеч қандай алоқаси бўлмаган. Муҳими, Аморим жорий мавсум мураббийлик соҳасида дарҳақиқат, катта тараққиётга қадам ташлади. Аслида ишни «Брага» ўринбосарлар жамоасида бошлаган мураббий 23 декабрь куни кутилмаганда, асосий таркиб бошқарувини қўлга олди ва дарҳол бирин-кетин ижобий натижаларни таъминлади. Рақамларда айтсак, «Брага» Аморим раҳбарлигидаги 13та ўйиндан 10тасида ғалаба қозонди. Қолаверса, клуб шу қисқа вақт ичида Португалия Лига кубогини қўлга киритди ва фақат ЕЛда Стивен Жеррард бошқарувидаги «Рейнжерс»­-га бас келолмади, холос. Айни пайт «Брага» Португалия чемпионати турнир жадвалида «Спортинг»дан олдинда. Тахмин қилинишича, бронза медали учун айни икки клуб ўртасида кураш боради. Ушбу қарама-қаршиликда Аморим энди «Спортинг» томонида. «Брага» аслида истиқболли мураббийни қўйиб юбормоқчи эмасди, аммо шартномадаги банд халақит берди, қолаверса, Аморимнинг ўзи ҳам кетишни истади. Оддий айтганда, «Спортинг» мураббий ҳуқуқини «Брага»дан 10 миллион еврога сотиб олди. Келишувга кўра, лиссабонликлар 2 марта 5 миллиондан ўтказиб беришади. 2та ўтказма орасидаги фоиз эса 155 минг еврони ташкил қилади. Хуллас, «Брага» худди топ-футболчи сотгандек, катта фойда кўрди.

Аморимнинг ўзи «Спортинг»даги истиқболига катта умид боғламоқда: «Биламан, бу катта чорлов ва синов, асосийси, клубга мутлақо ишонаман. «Спортинг»дек жамоа уйига кириш ва уни ҳимоя қилиш - катта шараф. Бор эътиборим ишга қаратилган. Менга ишонмаётганлар фикрини ўзгартиришга уриниб кўраман, чунки футболда фақат ғолибларга ишонишади. Яна нима дердим, янги синовга тайёрман. Клуб раҳбарияти мени танлаб, хато қилмаганини исботлаш учун бор имкониятимни ишга солишим тайин».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz