Қайднома

Қидирув

Ашраф Ҳакими «Мадрид» чорловига тайёр

Ашраф Ҳакими «Мадрид» чорловига тайёр

  19.03.2020 01:07
  0
  344
Ашраф Ҳакими «Мадрид» чорловига тайёр

Дортмунднинг «Боруссия»сида ижара келишуви асосида тўп сураётган марокашлик Ашраф Ҳакими Парижда ЕЧЛ доирасида «ПСЖ»га қарши кечган нимчорак финал босқичи жавоб учрашуви (0:2) арафасида Франциянинг Telefoot дастурига интервью берди. Ҳужумга ўтишни хуш кўрувчи ҳимоячи суҳбат давомида нуфузли турнирдаги иштироки, «Реал» тизимидаги даври ва Зайниддин Зиданга муносабати хусусида алоҳида тўхталди.

- Ашраф, сенда профессионал футболчи бўлиш орзуси айнан қачон туғилганини эслай оласанми?

- Албатта. Болалигим чоғи ҳовлида ўртоқларим билан тўп ортидан югуриб чарчамасдик. Ўша даврдаёқ бу тўп тепиш катта қизиқиш уйғотганди. Кейинроқ ҳар биримиз голни нишонлаш учун ўзимиз ёқтирган қайсидир футболчини танлаб олишга одатландик. Шу-шу фақат футбол ҳақида ўйлайман, бу ўйин асириман. Шунинг баробарида виртуал футболга ҳам меҳрим ғоят баланд. Умуман, қачондир ўзим ёқтирган юлдузлар даражасига чиқишни орзу қилардим.

- 7 ёшингда «Реал» академиясида таҳсил ола бошлаган экансан. Ўша даврдан қандай таассуротлар қолган?

- Очиғини айтсам, барчаси худди ширин тушга ўхшарди, аммо чин ҳақиқат эди. Асосийси, академия тизимида энг сара футболчилар ёнида бўлишдек бахтга эришдим, улар билан бирга шуғулланиш, тўп суриш орқали аста-секин маҳоратимни ошириб бордим. Хуллас, профессионал футболчи мақомига кўтарилишимда «Реал»даги давр катта ўринга эга.

- Мана, 2 йилдан буён Дортмунд «Боруссия»сида ўйнаяпсан. Бу шахсан ўзинг учун нечоғли манфаатли қарор?

- Фаолиятимнинг ортда қолган қисмини таҳлил қилсак, Германия чемпионатига кўчиб ўтиб, хато қилмаганим ойдинлашади. Бинобарин, ёш футболчи учун амалиётсиз қолишдан ёмони йўқ. Дортмундда эса мунтазам ўйнаяпман, футболчи сифатида ўсишда давом этяпман. Мен учун айни паллада энг муҳими ҳам шу. Демак, «Боруссия»да мутлақо бахтиёрман.

- Ҳозирга қадар 10та самарали узатма ва 6та голга муаллифлик қилдинг. Жумладан, ЕЧЛдек турнирда рақиблар дарвозасига 4 марта йўл топдинг. Кўриниб турибдики, ҳимояланиш баробарида ҳужумни қўллаб-қувватлашга етарли салоҳиятинг бор ва гол уришни ҳам яхши эплайсан...

- Дарҳақиқат, жорий мавсум мен учун анча самарали келди. Ҳа, ўз жамоаси дарвозасидан узоқлашмайдиган ҳимоячилар тоифасига кирмайман, олдинга ўтиш, ҳужумда ҳам ҳаракатланиш - жону дилим. Энг асосийси, жамоага ҳимоя ва ҳужумда бирдек наф келтиришни истайман, шунга интиламан. Зеро, замонавий ҳимоячидан айнан шундай ўйнаш талаб этилмоқда.

- Хўш, илк учрашувда «ПСЖ»дек жиддий рақибни нималар эвазига маҳв эттинглар?

- Аввало, Дортмунддаги ўйин ўта мураккаб тус олганини айтишим жоиз. Таркиб жиҳатидан қарасак, рақибимиз чиндан ҳам, жуда кучли. Ўйлашимча, парижликларни аввало,  жамоа­вий ўйин ва ҳамжиҳатлик ҳисобига мағлуб этдик. Ўз майдонимизда ғалаба қозонишимиз жуда муҳим эди. Тушуниб турибман, Парижда бизга осон бўлмайди: агар кейинги раундга чиқишни истасак, ҳимояда ўта тартибли ва ишончли ҳаракатланиш баробарида ҳужумда кичик имкониятдан ҳам унумли фойдаланишимиз керак (Парижда меҳмонлар бу ишни уддалай олишмади ва 0:2 ҳисобидаги мағлубиятни тан олиб, турнирдан чиқиб кетишди).

- «ПСЖ» бош мураббийи Томас Тухель шогирдлари Дортмундда бироз хавотир билан тўп суришганини айтди. Бу фикрга қўшиласанми?

- Йўқ, асло. Ахир парижликлар «Боруссия» анойи рақиб эмаслигини жуда яхши биладилар. Шундай экан, ўйин бобида савиялироқ кўринганимиз учун устун келдик. Лекин рақиб ҳам ўз олдига қўйилган минимум вазифани бажарди. Ҳар ҳолда, «плей-офф»нинг биринчи учрашувидаги 1:0 ҳисоби кейинги раунд йўлланмасига кафолат эмас. Ўз-ўзидан тушунарли, «ПСЖ» ўз майдонида ҳужумкорликка зўр бериб, умумий ҳисобни ўз фойдасига буришга уринади, биз эса биринчи навбатда, кичик устунликни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз, албатта.

- Кўпчилик Эрлинг Холанд ижросидаги ўйин ва голлардан лол қолмоқда. Жамоадошларинг ҳам ҳайратга тушаётгандирлар...

- Йўқ-йўқ, дейлик, шахсан мен унча ҳайратда эмасман. Умуман, голга чан­қоқ ҳужумчи жамоамизни ортиқча ажаблантирмайди. Ахир моҳиятан олганда, ҳужумчи майдонга айнан гол уриш учун тушади. Мана, Эрлинг маҳсулдор ўйини билан жамоамизга сезиларли наф келтирмоқда, унинг самарали фаолияти узоқ давом этишидан умидворман.

- Неймар ҳамда Килиан Мбаппедек топ-рақиблардан ҳам ёрқин ўйин кутяпсанми?

- Ҳа, улар айнан ҳал қилувчи паллада ёрқин ўйин кўрсатишни ёқтирадиган ўйинчилар тоифасига киришади ва менимча, шунга тайёрлар. Биз эса имкон борича халақит беришга уриниб кўрамиз. Бундан нима чиқади - вақт кўрсатади.

- Фаолиятингда «Реал» устози Зайниддин Зидан ўрни қандай?

- Зидан - фаолиятимда энг муҳим ролни бажарган мутахассислардан бири, албатта. Мени профессионал даражада муносиб тўп сура олишимга айнан у ишонтирди. Билдирилган юксак ишонч ва самимий муносабат учун Зидандан  бир умр миннатдорман.

- Янги мавсумда шахсий тарихингни «Мадрид» бағрида ёзиш ҳақида ўйлаяпсанми, умуман, қайтиш имкониятинг қандай?

- «Мадрид» - жонажон уйим. Ҳаё­тимнинг энг бахтиёр дамларини айнан «Реал» бағрида ўтказдим, бир қатор эсда қоларли ўйинларда иштирок этдим. Агар жамоа мени ортга қайтаришни лозим топса, бунга доимо тайёрман. Бордию, буни истамаса, унда бошқа бирор топ-клубни танлашимга тўғри келади.

- Катта футболга йўл олишингда Марокаш миллий жамоаси бош мураббийи сифатида ишлаган Эрве Ренарнинг ҳиссаси ҳам катта. Айнан у халқаро майдонда ватанинг шарафини ҳимоя қилиш имкониятини тақдим этганди.

- Ҳа, Рене анча ёш бўлишимга қарамай, мени олға ундади, салоҳия­тимга мутлақо ишонди. Унинг далдаси туфайли қисқа вақт ичида ҳозирги мақомга эришдим. Устозим қаерда ишлашидан қатъий назар, унга омад тилайман, муваффақият ёр бўлсин.

- Жорий мавсумни қандай натижа билан якунлаш ниятидасан?

- Шахсий кўрсаткичлар борасида гапирсам, самарали узатмалар ва голлар сонини иложи борича кўпайтиришга ҳаракат қиламан, албатта. Муҳими, шахс ва футболчи сифатида ўсишдан тўхтаб қолмасам, бас. Жамоа сифатида ҳам имкон қадар юксакроқ чўққиларга кўтарилишни истаймиз. Дейлик, қандайдир сов­ринни қўлга киритсак, ёмон бўлмасди. Шунингдек, Бундеслигадаги иштирокимиз мухлисларга манзур тушиши керак.

- ЕЧЛ бош совринига эга чиқиш умиди ҳам борми?

- Албатта. Ахир ҳаётда имконсиз ишнинг ўзи йўқ: қўлдан келганича курашиб, узоқроққа боришни, талаб даражасида тўп суриб, нуфузли кубокка даъво қилишимиздан умидворман. Бордию, буни уддасидан чиқолмасак ҳам, эзгу мақсад йўлида бор куч-маҳоратимизни сарфлаганимиз учун мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz