Қайднома

Қидирув

Абадий элита ёхуд "олий" двизионда "қотганлар" ҳақида

Абадий элита ёхуд "олий" двизионда "қотганлар" ҳақида

  19.03.2020 08:42
  0
  412
Абадий элита ёхуд

Ўтган мавсум «Крузейро» клуби ўз тарихида илк марта Бразилия элит лигасидан тушиб кетди. Лекин Пеле юртида қуйи дивизионга қулаш нималигини билмаган яна 3та жамоа бор, жаҳон футболида эса элит гуруҳда абадий кун кўраётганлар етарли. Хуллас, soccer.ru сайтининг қуйидаги мақоласи айнан пастга тушиш мусибатига учрамаган клубларга бағишланади. Сайт ходимлари бунда асосан йирик чемпионатлар вакилларига эътибор қаратишган.

Бразилия: «Фламенго», «Сантос», «Сан-Паулу»

Аввало, айтиш керак, «Крузейро» фанатлари ўтган мавсум якунида севимли клубларининг Бразилия «А» серияси билан хайрлашганини жуда оғриқли тарзда қабул қилишди. Бинобарин, мамлакатнинг кўп карра чемпиони нақ 98 мавсум давомида элит лигада ўйнаганди. Оддий айтганда, «Крузейро» 1921 йил (клуб ташкил этилган вақт)дан буён кучлилар сафида эди, энди эса илк бора қуйи дивизион об-ҳавоси билан танишмоқда. Диққатни тортадиган томони, 3 йил олдин ҳам Бразилияда элит дивизиондан ҳеч қачон тушиб кетмаган жамоалар сони 5та эди. Бироқ 2016 йили 107 йиллик тарихида бошқа лигани кўрмаган даҳшатли «Интернасьонал» илк марта қулаш нималигини ўзида синаб кўрди, кейин «Крузейро» ҳам шу қисматга дучор бўлди. Алал-оқибат, 3та «куймас» жамоа қолди: «Фламенго» (Рио-де-Жанейро), «Сан-Паулу» ва «Сантос» (Сан-Паулу).

 

Жанубий Америка: «Бока Хуниорс» (Аргентина), «Пеньяроль» ва «Насьональ» (Уругвай), «Коло-Коло» (Чили), «Гуарани», «Олимпия» ва «Серро Портеньо» (Парагвай), «Университарио» (Перу)

Умуман олганда, бутун Жанубий Америка футболида атиги 11та клуб ҳеч қачон қуйи лигага тушиб кетмаган. Бразилия вакилларини ҳисобга олмаганда, «абадийлар» гуруҳидан чиқиб кетган охирги клуб - бу «Ривер Плейт». Аргентина элит дивизионида қаторасига 102 мавсум кун кўрган бу клуб 2011 йили илк бора пастга шўнғиди. Тўғри, моҳиятан олганда, бу муваффақиятсизлик жамоага ижобий таъсир қилди. Яъни «Ривер Плейт» қисқа фурсатда ўз «оила»сига қайтиб, Аргентина чемпиони бўлишга улгурди, қолаверса, Либертадорес кубоги турнирида икки бора зафар қучди. Хуллас, «Ривер» мухлислари олдидаги айбини ортиғи билан ювди. Жанубий Америкада элит дивизионда узлуксиз ўйнаш бобидаги рекорд эса «Пеньярол»га тегишли - Уругвай клуби 114 мавсумни ўз ичига олган 119 йил (!) мобайнида пастга тушмаган (XX асрнинг биринчи ярмида мамлакат чемпионатининг айрим мавсумлари маълум саьбаблар туфайли охирига етказилмаган).

Англия: абадийлик йўқ

Англияда футбол лигасига узоқ 1888 йили асос солинган. Ортда қолган 132 йил давомида кучлилар сафини бирор марта тарк этмагани билан мақтанадиган жамоа­нинг ўзи қолмади. Агар АПЛ йўлга қўйилган 1992 йилдан буёғига қарасак, атиги 6та клуб қулаш нималигини билмади: «МЮ», «Арсенал», «Ливерпуль», «Челси», «Тоттенхэм» ва «Эвертон».

 

Испания: «Реал», «Барселона», «Атлетик»

Испания Примероси бундан 90 йил олдин ташкил этилган бўлиб, ҳозирга қадар 3тагина клуб қуйига тушгани йўқ. Испанлар аслида айнан «Реал», «Барселона» ва «Атлетик» ўртасидаги учрашувларни «Эль-класико» сифатида тилга олишади. Ҳа, Мадрид ва Каталония гранди оламшумул ғалабалари билан алоҳида ажралиб туради. Лекин Бильбао вакилининг бир анъанаси кўпчиликни чинакамига ҳайратга солади: «Атлетик» бутун тарихида ўзига хос кадрлар сиёсати (жамоада фақат баск миллатига мансуб футболчилар ўйнашади)га амал қилаётганига қарамай, кучлилар қаторидаги ўрнини сира бўшатаётгани йўқ.

Италия: «Интер»

«Ювентус» мустақил равишда бирор марта пастга тушмаган, бироқ 2006 йили «Кальчополи» можароси туфайли «B» серияга бадарға қилинган. Шу тариқа «Интер» мағрур ҳолда ягона мақомини олди. Айтганча, «Милан» ҳам элита билан мажбурий тарзда хайрлашган: 1980 йили «А» сериядаги келишилган ўйинларни фош этиш учун олиб борилган текширувлар зарбаси «россонерлар»га насиб этганди. Хуллас, «Милан» ва «Ювентус»­дан фарқли ўлароқ, қоидаларга хилоф иш тутмаган (ёки «қўл»га тушмаган) «Интер» эндиликда Италияфутболида алоҳида кўрсаткичга эгалиги билан мақтанишга ҳақли.

 

Германия: «Гамбург» таслим бўлди

«Гамбург» бежиз «динозаврлар» лақабини олган эмас. Зеро, гап Германия чемпионати юқори дивизионида ҳаммадан узоқроқ ушланиб турган жамоа ҳақида кетмоқда. Эҳ, «қизилиштонлар» юбилей маррага етиш арафасида таслим бўлишди-я... Аниқроғи, «Гамбург» 99 йиллик иштирокдан кейин илк марта элит гуруҳ билан хайрлашди ва ўтган йили дарҳол Бундеслигага қайтиш миссиясини бажаролмади. Жамоа ҳозир иккинчи уринишда...

 

Франция: йўқ

Ҳа, Францияда ҳам худди Англиядаги каби элит дивизионнинг доимий иштирокчиси қолгани йўқ.

 

Россия (собиқ иттифоқ): эҳ, «Динамо»...

Собиқ иттифоқ чемпионини ҳам ҳисобга олганда, элит лигада энг кўп ушланиб қолган клуб - бу Москва «Динамо»си. Бироқ «оқ-кўклар» мавсум-2016да, боз устига, собиқ иттифоқ биринчилигида расмийлаштирилган биринчи чемпионликнинг 80 йиллик юбилейида илк бора қуйига равона бўлишди. Шу тариқа Россия футболида мунтазам элита ҳавосидан баҳра олган бирор жамоа қолмади. Тўғри, фақат Россия чемпионати инобатга олинса, 28 мавсумнинг барчасида иштирок этган 3та клуб топилади - «Спартак», ЦСКА ва «Локомотив».

 

Украина: «Динамо» К.

Грузия: «Динамо» Тб.

Ҳар икки «Динамо» собиқ иттифоқ чемпионатининг биринчи мавсумида ўйнаган ва охирига қадар пастга тушмаган. Киев ва Тбилиси «динамочилари» тегишлича Украина ҳамда Грузия миллий лигаларида ҳам «қоқилмай» юришни давом эттиришмоқда.

 

Жаҳон рекордчилари: «Селтик» (Шотландия), «Клифтонвилл», «Гленторан», «Линфилд» (Шимолий Ирландия)

Буюк Британиянинг ушбу 4та жамоаси миллий федерацияларнинг биринчи рақамли дивизионларидаги иштирок давомийлиги бўйича жаҳон рекордчиларидир. Диққат қилинг, Шотландия гранди ва Шимолий Ирландия триоси 129 йилдан буён кучлилар қаторида. Лекин бу квартетда «Селтик» алоҳида ўрин тутади, чунки «кельтлар» Шотландия чемпионатининг 122та мавсумида қатнашишган. «Клифтонвилл», «Гленторан» ва «Линфилд» ҳисобида эса 118та мавсум бор. Дарвоқе, «Глазго Рейнжерс» ҳам ҳозир «Селтик» билан бир қаторда туриши мумкин эди, бироқ буюк клуб натижалар эмас, молиявий муаммолар туфайли Шотландия футболининг қуйи дивизионлари билан ҳам танишиб чиқишга мажбур бўлди. «Селтик» эса мамлакатда қуйига элтувчи «лифт»га чиқмаган ягона жамоа эмас, барибир. Зеро, Шотландия чемпионатининг юқорисида 1905 йили дебют қилган «Абердин» ҳам ҳали айрилиқ азобига дучор бўлгани йўқ.

 

 

 

Chevrolet «МЮ»дан воз кечмоқчи

Chevrolet - 2014 йилдан буён «Манчестер Юнайтед»нинг титул ҳомийси. Автомобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган General Motors компанияси «қизил иблислар» билан деярли бир йил давомида музокара ўтказганди. Натижада GM 6 йиллик реклама (ва икки йиллик (2012-2013) шериклик) учун 450 миллион фунт тўлади. Ўшанда АҚШ компаниясининг маркетинг бўлими раҳбари Жоэл Эваник бу келишувнинг амалга ошиши аниқлиги, даромад ўзлари тўлаган пулдан 4 марта кўпроқ бўлишига ишончи комил эканини таъкидлаганди.

 

Шартнома имзоланганидан бир неча ҳафта ўтиб, Эваникни ишдан бўшатишди: GM бу қарорни мутахассис «иш берувчининг ишончини оқламагани» билан изоҳлади. General Motors вакилларига «МЮ»нинг аввалги ҳомийси - AONдан кўпроқ пул тўлашгани ёқмади.

GM ва «Манчестер Юнайтед» ўртасидаги келишув мавсум-2020|2021 охиригача амал қилади, катта эҳтимол билан автомобиллар компанияси ҳамкорликни узайтиришга ошиқмайди. Нуфузли The Times нашрининг маълумотларига кўра, General Motors вакиллари Англия жамоаси қайд этаётган натижалардан хафа, бу ҳамкорлик учун жуда катта пул тўладик, деб ҳисоблашмоқда - айниқса, «МЮ»нинг 2019 йилги муваффақиятсиз иштироки глобал мухлислар қизиқишини сусайтирган.

Мазкур шартнома самараси ўлароқ, «Юнайтед»нинг 2013 йили 152 млн. фунтни ташкил этган даромади 2016 йилга келиб 268 млн.гача ошди. Кейин эса вазият мураккаблаша бошлади. Кейинги учта молия йилида «МЮ» ўсишга эришолмагани намоён бўлди - 2017 йилда 275,5 млн., 2018 йилда 276,1 млн. ва 2019 йилда 275,1 млн. Бой берилган 1 миллион - футболкалар ва клубнинг лицензион маҳсулотлари сотувининг қисқариши таъсири.

«МЮ» вице-президенти Эд Вудворд ва унинг ёрдамчилари бозордан янги ҳомий қидиришни бошлашди, талаб бор - кўплаб топ даражадаги брендлар соҳиблари ушбу масала юзасидан гаплашишга тайёр эканликларини билдиришган. Аммо ҳозирча улар камида Chevrolet ажратган маблағни беришга тайёрларми-йўқми, ноаниқ. Sky вакилларининг хабар беришича, улар нафақат шундай шарт-шароитга кўниш, балки янада кўпроқ тўлашга ҳам розилар.

«МЮ» чиндан ҳам жуда катта даромад қилади. Мавсум-2018|2019 якунлари ҳисоб-китоб қилинганда, соф фойда рекорд даражадаги 627 млн. фунт (Англиядагилар орасида энг кўпи)ни ташкил этгани ойдинлашди. Бироқ «Юнайтед» раҳбариятининг тахминича, жорий мавсум якунида ушбу сумма кескин пасайиб, 560-580 млн. фунтга тушиб қолиши мумкин. Бу 2017|2018 йиллар мавсумидагидан ҳам камроқ дегани. Ҳаммасига Чемпионлар Лигаси йўлланмаси қўлга киритилмагани асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Чунки Европа Лигасидаги мукофот пуллари ЧЛга нисбатан анча кам.

Шундай ҳолатда клуб футболчиларга жуда кўп пул сарфлайди: ҳам трансферларга, ҳам маошга (бу борада лигада биринчи ўринда, 2018 йил билан солиштирганда, 12 фоизга ўсиш кузатилган). Даромадлар камайиши соф фойдага таъсир кўрсатиши турган гап. «Манчестер Юнайтед»нинг солиқ тўловларидан ташқа­ри қўлга киритган соф фойдаси 27 млн. фунтни ташкил этганди. Мавсум-2017|2018 сарҳисоби билан солиштирганда, «МЮ» ушбу кўрсаткич бўйича АПЛнинг 8-жамоаси бўлди. Афтидан, бундай фойда якунда «минус»га ишлаши мумкин. 2015 йили «минус» унчалик катта эмасди, ҳозир эса рақамлар анча ошиши кутилмоқда.

«Биз ҳамон клуб ва мураббий фалсафасига мос равишда, жамоани тиклаш ҳамда ёшлар тизимимизни мустаҳкамлашни давом эттириш бўйича режаларимизга катта эътибор қаратяпмиз, - дейди Эд Вудворд. - Бу маҳоратли янги футболчилар сотиб олинаётгани, асосий ўйинчилар ва академиядаги иқтидорлар билан шартномалар узайтирилаётганида ўз аксини топмоқда. «Манчестер Юнайтед»да ҳамма ягона мақсадни амалга ошириш - сов­ринларни қўлга киритиш учун астойдил меҳнат қилмоқда».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz