Қайднома

Қидирув

Трансферлар балансини ушланг!

Трансферлар балансини ушланг!

  20.03.2020 03:53
  0
  429
Трансферлар балансини ушланг!

Жаҳон клубларининг охирги 10 йилликдаги трансферлар баланси. Диққат, еврокубоклардан четлаштирилган «Манчестер Сити» кўрсаткичи минус миллиард еврога тенглашибди. Мана, қуйидаги тасвирлар ва фактларга қараб, бу борада ўзингиз хулоса чиқаришингиз мумкин.

** Охирги 10 йил бадалига «Манчестер Сити»нинг битта мавсум давомидаги харажати атиги 2 марта 100 млн. еврога етмади. Бундай ҳолат Хосеп Гвардиола бошқаруви даврида бир бора (ўтган мавсум) кузатилди. Айниқса, 2015-2017 йиллар оралиғидаги салбий баланс жуда ваҳимали. Ўшанда БААдан келаётган пул оқими жўмраги бутунлай очилган ва «Сити» футбол бозорида 730 млн. евродан кўпроқ сарфлаганди. Энг ажабланадиган томони, «шаҳарликлар» бирор марта «ёввойи» трансферга қўл уришмаган. Дейлик, клубнинг энг қимматбаҳо хариди (Кевин де Брюйне) 76 млн. еврога тушган. Қолаверса, баҳоси 50 «лимон»дан ошган ўйинчилар сони 11 нафар, холос. Хуллас, «Сити»нинг катта камомади асосан трансферлар сонига боғлиқ. Шунинг баробарида жамоа манфаатли тарзда футболчи сотишда ҳам оқсаган. Рекорд даражадаги рақам кулгули: Данило учун «Ювентус»дан атиги 37 млн. евро олинган. 2005 йили амалга оширилган келишув ҳамон сотиш бобида клуб тарихидаги иккинчи йирик трансфер бўлиб тургани кўп нарсадан далолат. Ўшанда Шон Райт-Филлипс «Челси»га 31 млн. евро эвазига ўтганди.

** Кўпчилик «ПСЖ»ни «пул қопи» сифатида таърифлайди, бироқ охирги 10 йилликдаги харажатлар рўйхатига қарасак, Париж клуби ҳаттоки, юқори учталикка ҳам кирмайди. Агар Неймар учун берилган 222 млн. еврони ҳисобга олмасак, «ПСЖ» энг серхаражат 10та клуб орасида охирги қаторга жойлашарди. Тўғри, парижликларда трансферлар баланси жуда ёмон, барибир. Демак, ҳамма гап яна сотиш ишларига тақалади. «ПСЖ» охирги 10 йилда атиги икки футболчисини нисбатан муносиброқ суммада пуллади - Гонсало Гуэдеш учун «Валенсия»дан 40 млн. ва Давид Луиз учун «Челси»дан 35 млн. евро олинди. Таққослаш учун айтсак, «Милан» ҳам шу даражада футболчи сотмоқда, фарқи шуки, Италия клуби харидларга Франция грандига нисбатан 4 баравар кам сарфлайди.

** Топ-клублар орасида «Челси»да харажат ва даромад баланси қолганларникига нисбатан бироз яхшироқ. Янги аср бошида футбол бозорини «портлатиб» юборган Лондон клуби ҳамон харажат қилишдан тийилмаяпти, лекин шунинг баробарида даромади ҳам чакки эмас. Дейлик, «Челси» ҳисобида суммаси 50 млн. евродан ошган 4та трансфер бор. Қолаверса, лондонликлар 7 нафар футболчи учун 30 млн. евродан кўп олишган. Эден Азар (100 млн. евро), Диего Коста (66 млн. евро) ва Оскар (60 млн. евро) трансфери эса балансни нисбатан эпақада ушлаб турибди.

** «Бавария»га ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак - охирги 10 йилда ЧЛ финалига 3 марта чиққан (тўғри, 10 йилликнинг бошида) Германия клуби трансферлар бозорида бирор марта ўзини йўқотиб қўйгани йўқ. «Бавария»да сотув ишлари унча яхши эмас, шунинг баробарида харидлар меъёрида: суммаси 40 млн. евродан ошган 1тагина трансфер бор.

** Асосий факт: трансферлар баланси энг ёмон 3та клубдан ҳеч бири охирги 10 йилда ЧЛ бош совринини қўлга киритмаган.

 

** Кўпчилик «Бенфика»нинг трансферлар бобида энг яхши клуб эканлигини билади, лекин плюс даражасини тасаввур қилмаган бўлса керак. Тўғри, Португалия жамоасининг бу борада қолганлардан яққол ўзиб кетганида битта салмоқли сабаб бор - Жоау Фелиш трансфери. Зеро, «Бенфика» шу биргина футболчи учун «Атлетико»дан нақ 126 млн. евро олди. Умуман олганда, лиссабонликларда қимматбаҳо трансферлар қалашиб ётибди, акс ҳолда, 10 йилликдаги даромад миқдори 1 миллиард еврога етмасди. «Бенфика» бу борада ягона.

** «Порту» ва «Аякс»нинг кўрсаткичи деярли тенг - ўртада атиги 80 млн. евролик фарқ бор. Диққат қилинг, «Аякс» ҳаттоки, «Удинезе»дан ҳам кам сарфлайди. Нидерландия грандининг энг қимматбаҳо хариди - Миралем Сулаймони (16 млн. евро). Фарқни қаранг, амстердамликлар биргина Маттейс де Лигт учун нақ 85 млн. евро (сотиш бобида энг қимматбаҳо трансфер)ни қуртдек санаб олишган.

** «Сантос» (Бразилия) ва «Динамо» Зг. (Хорватия) менежерларига тасанно. Ҳа, бу жамоаларнинг кўрсаткичи «Бенфика» плюси олдида ҳеч нарса эмас, лекин уларда португалияликлардан фарқли ўлароқ, тижорат ва телевизион даромадни ошириш имконияти жуда паст. Бразилияликлар суперюлдузлар - Неймар ва Родриго трансфери (100 млн. евродан кўп) туфайли балансда плюсни таъминлаган бўлсалар, хорватлар сон ҳисобига мувозанатни яхши ушлаб туришибди, яъни улар футболчиларнинг ёрқин юлдуз бўлишларини кутиб ўтиришмайди. Мисол учун, Лука Модрични ҳам «мурғак»лигида сотишган. Энг муҳими, «Динамо» нақ 6 трансферда 10 млн. евродан кўп олган. Энг қимматбаҳо ўйинчилар: Марко Пьяца (2016 йили «Ювентус»га 23 млн. еврога сотилди), Дани Ольмо (2019 йили «РБ Лейпциг»га 20 млн. еврога сотилди) ва Филип Бенкович (2018 йили «Лестер»га 14,5 млн. еврога сотилди).

 

** Агар Россия клублари кўрсаткичига қарасак, «Зенит» манфий балансга эга жаҳон клублари орасида юқори 20таликда! Питер клуби Россиянинг ўзида мутлақ пешқадам!

** Охирги 10 йилликда Россия Премьер-лигасида лоақал 1 марта ғолиб чиққан клублардан биргина ЦСКАнинг баланси плюс, холос. Чунончи, «армиячилар» 8та трансфердан бинойидек пул олишган: Александр Головин (30 млн. евро), Юрий Жирков (21 млн. евро), Аҳмад Мусо (19,5 млн. евро), Милош Красич (15 млн. евро), Сейду Думбия (14,4 млн. евро), Вагнер Лав (22 млн. евро, 2та келишув суммаси), Витиньо (12 млн. евро).

** «Кубань»! Бу клуб мисоли трансферлар балансига жиддий эътибор қаратмаслик кераклигига ишорами? Краснодарликлар дейлик, Ласина Траоре трансфери (18 млн. евро)дан кейин ўзларини ўнглаб олишлари мумкин эди, бироқ катта пул таъсири билингани йўқ...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz