Қайднома

Қидирув

Жавоҳир Илёсов: «Ўз вақтим келишигаишонаман»

Жавоҳир Илёсов: «Ўз вақтим келишигаишонаман»

  21.03.2020 01:44
  0
  356
Жавоҳир Илёсов: «Ўз вақтим келишигаишонаман»

Янги мавсум «Локомотив» учун жуда омадсиз бошланди. «Темирйўлчилар» илк расмий учрашув, яъни ОЧЛ саралаш босқичидан ўрин олган муҳим баҳсда Тожикистоннинг «Истиқлол» клубидан аламли мағлубият қабул қилиб олишди. Суперлига 1-турида «Андижон» устидан ғалаба қозонилган бўлсада, ўша куни меҳмон ролида ўйнаган водийликлар камида бир очкога лойиқ кўринишди. 2-турда эса Андрей Фёдоров жамоаси Наманганда «Навбаҳор» олдида шунчаки, ожиз қолди. Албатта, жамоа янгитдан шакллантирилаётгани, таркиб кескин ўзгарганини инобатга олиш керак. Дейлик, аввалги мавсум «Локо» шарафини ҳимоя қилган Анзур Исмоилов, Жамшид Искандеров, Ислом Тўхтажўжаев, Остон Ўрунов каби футболчилар қишки трансферлар вақти «темирйўлчилар» билан хайрлашишди. Шунга қарамай, мураббийлар штаби қисқа вақтда ҳар бир чизиқда рақобатни юзага келтиришга уринди. Мисол учун, айни пайт дарвозани қўриқлаётган тажрибали Игнатий Нестеровга иқтидорли Жавоҳир Илёсов рақобат тақдим этишга ҳаракат қилмоқда. Аслида «Машъал» тарбияланувчиси катта футболга айнан «Локо» сафида қадам қўйди ва кейинчалик «Металлург»да тажриба оширди, ўзини кўрсатди. Самвел Бабаян олимпия жамоасини бошқарган вақт Жавоҳирни таркибга жалб этганди. Ўтган мавсум Нестеров Саудиянинг «Уҳуд» клуби билан шартнома тузгач, «Локо» унинг ўрнига айнан Илёсовни таклиф қилди. Натижада у биринчи даврада жамоанинг асосий киперига айланди, жумладан, ОЧЛда дебют қилди. Якунда миллий жамоамиз йиғинига ҳам чақирилди. Хуллас, яқинда Жавоҳирни суҳбатга тортиб, кўпчиликни қизиқтираётган баъзи саволларга жавоб олишга уриндик.

 

- Жавоҳир, ўтган мавсум «Локомотив»нинг асосий таркибидан жой олдингиз ва фаолиятингиздаги энг яхши ўйинларингизни ўтказдингиз. Ҳар ҳолда, мухлислар назарига тушдингиз, эътирофга сазовор бўлдингиз. Лекин кейинчалик Нестеров қайтгач, ўз-ўзидан «соя»га ўтдингиз. Тажрибали амплуадошингизга рақобатда ютқазганингиз руҳиятингизга салбий таъсир қилмадими? Клубдаги келажагингизга қандай қараяпсиз?

- Рақобатнинг салбий таъсири йўқ. Ахир биз футболчилармиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ўзимизни профессионаллардек тутишимиз шарт. Умуман, соғлом рақобатга муносабатим ижобий. Чунки футболчи рақобатсиз ўсишга эришмайди. Агар олдингизда кучли рақобатчини кўрсангиз, ўз салоҳиятингизни намойиш этиш учун янада қаттиқ ишлайсиз. Бу - кони фойда. Қисқаси, бир жойда тўхтаб қолмайсиз. Клубдаги келажагимга келсак, ҳозирча имкониятим келишини кутмоқдаман. Бу ҳар бир дарвозабон фаолия­тида кузатиладиган ҳолат. Ишонаманки, машғулотларда астойдил ишласам, менга ҳам ўйнаш имкониятини беришади, албатта. Айни пайт машғулотларда ўзимни кўрсатишга ҳаракат қиляпман. Захирада қолаётганим мен учун руҳий зарба эмас, аксинча, қўшимча мотивация ҳисобланади. Ҳозир умумий ҳолатим ажойиб. Нолишга асос йўқ. Ҳамма билади, Нестеров юртимиздаги энг тажрибали ва кучли кипер. Ундан кўп нарсаларни ўрганиш мумкин. Ўзаро муносабатимиз ҳам яхши.

- «Локомотив» янги мавсумни омадсиз бошлади. Бунга сабаб сифатида нимани кўрсата оласиз? Балки жамоа ўз ўйинини топишда қийналаётгандир... Мисол учун, «Андижон»га қарши кечган 1-тур ўйинида ҳам жамоангиз кутилган даражада ўйнолмади. «Навбаҳор» билан бўлган ўйин ҳақида-ку гапириш шарт эмас. Боиси, ҳамма кўрди - жамоанинг режалари ўхшамади. Айтингчи, «Локо»га айнан нима етишмаяпти?

- Шошилманг, мавсум энди бошланди. Хулоса чиқаришга ҳали эрта. Жамоамиз ҳамиша ўз олдига юксак вазифаларни қўяди. Албатта, бу йил ҳам совринли ўринлардан жой олишни истаймиз. Тўғри, бу осон эмас. Зеро, Суперлигада кучли рақиблар кўпаймоқда. Дейлик, ҳар бир иштирокчи ўз таркибини имкон қадар кучайтирди. Ўйлайманки, бизда ҳам таркиб чакки эмас.

- Хўш, совриндорлар қаторига киришга нима туртки бериши мумкин, қайси жиҳатни «Локо»нинг устун томони сифатида айта оласиз?

- Биринчидан, аҳил ва иноқ жамоамиз. Ички муҳит жуда яхши. Тўғри, ҳозирдан баралла гапириш ярамайди. Биласиз, футболда сониясига ўзгариш юз бермоқда. Лекин жамоа билан юқори ўринлардан бирини эгаллашимизга ишонаман.

- Демак, сизнингча, кўпчилик айт­ганидек, «Локо» кучсизланмаган, шундайми?

- Жамоага номларга қараб, баҳо бермаслик керак. «Локо» бир неча йиллардан буён кучли клублардан бири эканлигини исботламоқда. Менимча, бу йил ҳам асло заифлашмадик. Кетган футболчилар ўрнига муносиб ижрочилар келишди. Ҳа, ҳозир таркибимизда ёшлар кўпроқ, лекин улар ҳам иқтидорли.

- Ҳимоявий ва қарши ҳужумга асосланган футболга муносабатингиз қандай?

- Мудофаани мустаҳкамлаган ҳолда қарши ҳужумлардан самарали фойдаланишга эътирозим йўқ. Ўтиш даврида бундай усулни қўллашда ёмон томони бўлмаса керак.

- Дастлабки турларда чакки таассурот қолдирмаган собиқ клубингиз - «Машъал» ҳақида нима дея оласиз?

- «Машъал» - ўзбек футболидаги ёрқин аланга. Жамоанинг Суперлигага қайтганидан хурсандман, натижаларига бефарқ эмасман. Ахир 9 йил давомида шу жамоада ўйнадим. Ўйлайманки, «Машъал» ҳали ўз отадига кўра, кўплаб жамоаларни қийнаб қўяди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz