Қайднома

Қидирув

Йосип Иличич - № 14 ёки ЕЧЛдаги барча «покер»|«флэш»лар...

Йосип Иличич - № 14 ёки ЕЧЛдаги барча «покер»|«флэш»лар...

  21.03.2020 03:10
  0
  179
Йосип Иличич - № 14 ёки ЕЧЛдаги барча «покер»|«флэш»лар...

«Аталанта»нинг словениялик ҳужумчиси Йосип Иличич еврофутболнинг бош турнири - ЧЛ дтарихида битта ўйинда 4та ёки кўпроқ гол урган 14-футболчи бўлди. Soccer.ru сайти шу муносабат билан дарҳол тарих варақларини титкилаб, барча «покер»|«флэш»ларни ёдга олишни лозим топди.

№ 1. Марко ван Бастен (Нидерландия)

Ўйин: «Милан» — «Гётеборг» — 4:0 (1992 йил 25 ноябрь)

ЧЛнинг замонавий тарихидаги биринчи «тетра-трик» ёки «покер» Европа Чемпионлар кубоги турнири янги шаклга кирган дастлабки мавсумдаёқ қайд қилинди. «Милан» мавсум-1992|1993 гуруҳ босқичи 1-турида «Гётеборг»ни қабул қилади ва «учқур» Марко ван Бастен шведларни 4та аниқ зарбаси билан алоҳида «сийлайди». Айтганча, ўша ўйин гувоҳлари нидерландиялик томонидан урилган голлардан бирини ўз мияларига муҳрлаб қўйишган - чин шедевр сифатида.

№ 2. Симоне Инзаги (Италия)

Ўйин: «Лацио» — «Марсель» — 5:1 (2000 йил 14 март)

Марко ван Бастен ўзини тезда кўрсатган бўлса, кейинги «покер»ни нақ 8 йил кутишга тўғри келган. Ўша вақт унча самарадор ҳужумчи саналмаган ва ҳозир «Лацио»ни муваффақият билан бошқараётган Симоне Инзаги иккинчи гуруҳ раунди доирасидаги ўйинда «Марсел»ни шунчаки, нокаутга учратади. Симоне Рим колизейи - «Олимпико»да бўлиб ўтган баҳснинг биринчи бўлимидаёқ 3та гол ургач, рақиб жамоа бош мураббийи дарвозабонни алмаштиради, аммо бу чора ҳам иш бермайди.

№ 3. Дадо Пршо (Хорватия)

Ўйин: «Монако» — «Депортиво» — 8:3 (2003 йил 5 ноябрь)

Монегасклар ва галисияликлар мавсум-2003|2004да битта гуруҳга тушишади ва тақвимга кўра, 3-4-турлар (икки ҳафта оралиғи)да ўзаро куч синашишади. Қандай хилма-хил ўйинлар! «Риасор»да мезбонлар Диего Тристан томонидан урилган гол эвазига ғалаба қозониб, князликка хотиржам йўл олишади. Бироқ уларни шармандали ҳисоб кутиб турганди. Хуллас, нақ 11та гол урилган баҳсда «Монако»нинг 50 фоиз аниқ зарбасини хорватиялик ҳужумчи Дадо Пршо ижро этади. Энг эътиборли жиҳати, у ўша куни 29 ёшга тўлганди. Ўзининг туғилган кунига чиройли совғача!

№ 4. Рууд ван Нистелрой (Нидерландия)

Ўйин: «МЮ» — «Спарта» — 4:1 (2004 йил 3 ноябрь)

Ноябрь — ЧЛда «тетра-трик»ларни тўплаш ойи. Ушбу анъанани ван Бастен 25-санада бошлаганди, Инзаги эса мартда ўзини кўрсатгач, Пршо ва ван Нистелрой куз фаслига хотима ясаб берувчи ойнинг илк кунлари (тегишлича 5 ва 3-сана)да «покер» расмийлаштиришади. Голландиялик ҳужумчи Прага «Спарта»сини ёлғиз ўзи таслим қилганди, ҳисоб. Қизиғи, Рууд фаолиятидаги биринчи «хет-трик»ни ҳам айнан шу номдаги жамоа билан баҳсда қайд этган, фарқи шуки, ўшанда Роттердам дружинаси жабрланувчи ролида бўлганди.

№ 5. Андрей Шевченко (Украина)

Ўйин: «Фенербахче» — «Милан» — 0:4 (2005 йил 23 ноябрь)

Марко ван Бастеннинг «Гётеборг»га қарши учрашувда ажойиб натижа кўрсатганидан 13 йил ўтиб, «Милан» вакили ЧЛда яна бир «покер» муаллифига айланади, яна ноябрда. Ўшанда «россонерлар» томонидан урилган 4та гол ҳам украиналик Андрей Шевченко номига ёзилганди. 5-«покер»нинг дастлабки 4тасидан фарқли томони, у сафар учрашувида кузатилганди.

№ 6. Лионель Месси (Аргентина)

Ўйин: «Барселона» — «Арсенал» — 4:1 (2010 йил 6 апрель)

Лионель Месси ҳам бир неча йўналиш бўйича биринчи бўлади. Аргентиналик юлдуз - ЧЛ ўйинида 3тадан кўп гол урган жанубий Американинг илк вакили ва «плей-офф» босқичида «покер»га эришган биринчи футболчи. Айтганча. «Камп Ноу»даги ўша чорак финал учрашуви лорд Никлас Бендтнер голидан бошланган ва қирол Лео бунга 4та аниқ зарба билан жавоб бериб, «канонирлар»ни шунчаки, «кўмиб» қўя қолганди.

№ 7. Бафетимби Гомис (Франция)

Ўйин: «Динамо» Зг. — «Лион» — 1:7 (2011 йил 7 декабрь)

ЧЛ-2011|2012 турли трюклар ва «трик»ларга бой бўлди. Хусусан, гуруҳ босқичи охирги турида «Лион» Загребга йирик ҳисобли ғалаба умидида борди (якуний турнир жадвалида «Аякс»дан олдинга ўтиб олиш учун тўплар нисбатини яхшилаши керак эди). Бу ўйин кейинчалик кўпчиликда шубҳа уйғотди, аммо келишув характерини ҳеч ким исботлай олмади. Шу аснода учрашув тарихга «тўқувчилар»нинг ажойиб иродали ғалабалари сифатида кирди. Қисқаси, Бафетимби Гомиснинг 4та голи «Лион»га «плей-офф» йўлини очгани билан ҳам алоҳида қадрланганди.

№ 8. Лионель Месси (Аргентина) 

ўйин: «Барселона» — «Байер» — 7:1 (2012 йил 7 март)

2011|2012 йиллар мавсуми «плей-офф» раундларида қувноқлик даражаси янада ошди. Ўша мавсум ҳозиргача ЧЛ учун ноёб ҳисобланади. Дейлик, Лионель Месси «Байер» билан учрашувда «флэш» (4 } 1та гол)лар ҳисобини очди. Умуман, у ҳозиргача Члнинг «ҳаёт-мамот» раунди доирасидаги 1та ўйинда 5та гол урган ягона футболчидир. Бундан ташқари, Лео турнирнинг 2та ўйинида 4 марта ёки кўпроқ гол қувончини туйган биринчи футболчига айланганди.

№ 9. Марио Гомес (Германия)

Ўйин: «Бавария» — «Базель» — 7:0 (2012 йил 13 март)

Мессининг қойилмақом натижасига бир ҳафта бўлар-бўлмай, ЧЛдаги «покер»чилар сафи яна кенгайди — ҳеч қачон турнирда бунчалик қисқа муддат оралиғида 2та юқори кўрсаткич кузатилмаганди. «Бавария» ўз майдонида «Базель» билан дуэлга алам билан киришганди. Зеро, мюнхенликлар Швейцарияда сенсацион тарзда ютқазиб қўйишганди (0:1). Шу мағлубият таъсиридами, немислар жавоб баҳсида меҳмонларни сира аямадилар - 7:0. Марио Гомес эса ҳаммадан кўпроқ ҳаракатланди ва ЧЛ тарихига алоҳида кўрсаткичи билан кирди.

№ 10. Роберт Левандовски (Польша)

Ўйин: «Боруссия» Д. — «Реал» — 4:1 (2013 йил 24 апрель)

Ҳисоб бўйича юбилей - 10-«покер» ЧЛ тарихида алоҳида аҳамиятга эга. Биринчидан, Левандовсктгача ҳеч кимга турнирн ярим финалида «ҳунар» кўрсатиш насиб этмаганди. Иккинчидан, Роберт «Базель», «Байер» ёки «Динамо» Зг. каби ўртамиёна даражадаги рақиб эмас, Жозе Моуриньо бошқарувидаги «Реал»дек қудратли жамоа дарвозасини 4 марта нишонга олганди. «Қироллик клуби» президенти Флорентино Перес ўша учрашувдан кейин польшалик голеадор трансфери ҳақида бош қотира бошлаган бўлсада, ҳалигача ниятига етмади. Айтганча, «қаймоқранглар»нинг жавоб ўйинида барчасини ўз ўрнига қўйишларига оз қолганди. Эҳ, қандай вақтлар!

№ 11. Златан Ибрагимович (Швеция)

Ўйин: «Андерлехт»  - «ПСЖ» — 0:5 (2013 йил 23 октябрь)

Бундай элит рўйхат Златансиз тўкис бўлармиди? Умуман, швециялик мағрур футболчи имкониятни қўлдан чиқармайдиганлар тоифасидан. У жумладан, 2013 йилнинг кузида «Андерлехт» стадионидаги гўзал оқшомни мутлақ ўз фойдасига ҳал қилди. Ибра ҳаттоки, стадионни тўлдириб ўтирган бельгиялик мухлислар аҳволини ҳам ўйламаганди.

№ 12. Луис Адриано (Бразилия)

Ўйин: БАТЭ  - «Шахтёр» — 0:7 (2014 йил 21 октябрь)

Луис Адриано 1та ўйин маҳсули ўлароқ, кимсан Месси билан бир қаторга жойлашди. Яъни унга ҳам ЧЛда «флэш» қайд этишдек бахт насиб этди. Лекин фарқи бор - бразилиялик футболчи аргентиналик юлдуз каби «плей-офф» босқичи эмас, гуруҳ доирасидаги ўйинга жозиба бағишлади. Яна бир томони, Адриано ўша мавсум бечора БАТЭ дарвозасига нақ 8та гол урди («кончилар» ўз майдонларида 5:0 ҳисобида ғалаба қозонган баҳсда Луис «хет-трик»ка эришганди).

№ 13. Криштиану Роналду (Португалия)

Ўйин: «Реал»  - «Мальмё» — 8:0 (2015 йил 8 декабрь)

ЧЛ тарихидаги энг сермаҳсул футболчи рўйхатдан четда қолиши мумкинми? Тўғри, Роналду «4 } гол клуби»га кириш йўлида узоқ уринди ва 2015 йил охирида ниҳоят, ниятига эришди. Ўшанда «Мадрид» гуруҳ раундининг охирги турида Швециянинг мажолсизгина «Мальмё»сини бутунлай «тилка-пора» қилиб ташлаган ва Криштиану 8та голнинг тенг ярмини ўз номига расмийлаштирганди. Карим Бензема эса майдондан «хет-трик» билан чиққан, яъни у ҳам «покер»га яқин келганди.

№ 14. Серж Гнабри (Германия)

Ўйин: «Тоттенхэм»  - «Бавария» — 2:7 (2019 1 октябрь)

Роналду узоқ кутилган «покер»га эришгач, футболчилар бу борада деярли 4 йил сукут сақлашди. Мана, жорий мавсум қувноқлик яна давом этди. Аввалига «Арсенал»нинг собиқ футболчиси Серж Гнабри 2-тур баҳсида «Тоттенхэм»ни шунчаки, таҳқирлади. Ахир турнирнинг амалдаги финалчиси дарвозасига урилган 4та голга бошқача таъриф бериб бўлмайди.

№ 15. Роберт Левандовски (Польша)

Ўйин: «Црвена Звезда»  - «Бавария» — 0:6 (2019 йил 26 ноябрь)

Кейинги «тетра-трик» ҳам «Бавария» вакили томонидан қайд этилди. Эътиборли жиҳати, Левандовски ҳам худди Гнабри каби сафар ўйинида ўзини кўрсатди. Мюнхенликлар Белградда «Црвена Звезда»ни уялтирган баҳсда поляк тўпурари ЧЛда 2 марта 4та гол марррасига етган иккинчи футболчига айланди (Мессидан кейин). 

№ 16. Йосип Иличич (Словения)

Ўйин: «Валенсия»  - «Аталанта» — 3:4 (2020 йил 10 март)

Бу «қария»нинг элит рўйхатни тўлдиришини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Ҳа, Йосип Иличич «Аталанта»нинг «А» сериядаги ўйинларида жуда зўр ўйнамоқда, аммо 32 ёшли словениялик ЧЛда энди дебют мавсумини ўтказмоқда. У ёш Эрлинг Холанд дебютини 10та гол билан безаганидан илҳомландими, ҳар ҳолда, «плей-офф»нинг сафар учрашувида «покер»га эришган биринчи футболчи мақомини олди. Қойил, Йосип!

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz