Қайднома

Қидирув

Шошилинч истеъфо жамоа зарарига ишламайди-ми?

Шошилинч истеъфо жамоа зарарига ишламайди-ми?

  22.03.2020 01:57
  0
  462
Шошилинч истеъфо жамоа зарарига ишламайди-ми?

Суперлиганинг 3-тури ҳам якунланди ва коронавирус карантини сабабли чемпионатимизда танаффус эълон қилинди. Ўтган вақт мобайнида айрим жамоалар ўзлари учун муҳим бўлган очколарни жамғаришди, баъзилар ҳамон очко улашиш билан банд. Одатда, кетма-кет мағлубиятлар, қониқарсиз натижалардан кейин клублар раҳбарияти бош мураббийни истеъфога чиқаради. Гўёки, шу билан натижа яхшиланиб қоладигандек. Ўтган мавсум бу борада рекорд ўрнатилганди. Биринчи давра якунига етмасиданоқ, Суперлига клубларининг ярмида мураббийлар алмашганди. Афтидан, ҳозир ҳам айрим жамоаларда вазият шунга қараб кетмоқда. Мавжуд натижалардан келиб чиқиб, шу мавзуда мулоҳаза юритсак.

Жорий мавсумдаги дастлабки истеъфо «Андижон»да кузатилди - Александр Хомяков ишдан бўшади. Эътиборлиси, «Навбаҳор»га қарши кечган баҳсдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида мутахассис жамоадан кетишига шаъма қилганди: «Раҳбарлар натижа талаб қилишларини жуда яхши биламан, бугуноқ улар билан учрашиб, сўнг кетаман. Натижа йўқ экан, балки янги мураббий футболчиларни руҳлантириб юборар». Хомяков билан биргаликда мураббий Жамшид Саидов ҳамда спорт директори Николай Меньков ҳам жамоани тарк этишди.

«Андижон»нинг натижаларига эътибор қаратадиган бўлсак, «Локомотив» билан ўйинда дурангга жуда яқин келганди. «Насаф» майдонида биринчи бўлиб ҳисобни очганига қарамасдан, мағлубиятга учради. Водий дербисида эса нурсиз дуранг қайд этилди. Олдинда «Бухоро», «Металлург», «Сўғдиёна» билан ўйинларда ижобий натижалар қайд этилишига умид қилса бўлади. Чунки жамоа ўз даражасидаги рақибларга қарши майдонга чиқади.

«Сўғдиёна», мана уч турки, ғалаба нималигини билмаяпти. ОЧЛ йўлланмаси учун курашиши кутилган жамоанинг стартдаги натижалари яхши эмас. Илк турда Муборакда «Машъал» меҳмони бўлган Улуғбек Бақоев шогирдлари ортга йирик ҳисобли (0:3) мағлубият билан қайтишди. Дастлабки тур бўлгани боис, хулоса чиқаришга шошилмагандик. Аммо жиззахликлар кейинги турда ўз майдонларида АГМКни қабул қилиб, ғалабани бой беришди (1:1). 3-турда эса жамоа Қўқонга ташриф буюрди. Мазкур учрашувда устунлик бироз бўлсада мезбонлар томонида бўлиши тахмин қилинганди, амалда ҳам шундай бўлди. Гарчи «Сўғдиёна» иккинчи бўлимда ўйин суръатини тенглаштирган бўлсада, яна мағлубият аламини тотишдан бошқа илож тополмади. Шоҳруз Норхоновнинг голи эса етарли бўлмади. Кейинги тур қачон ўтказилиши ҳозирча номаълум. Тақвимга кўра, Жиззах жамоа­си навбатдаги баҳсларни «Пахтакор» ва «Локомотив»га қарши ўтказади. Мураккаб кечиши кутилаётган бу икки ўйин Бақоев ва шогирдлари учун навбатдаги синов бўлади.

«Қизилқум» атрофида ҳам Ҳамид Актамовнинг жамоадан кетиши билан боғлиқ гаплар юрибди. Турли нашрларда унинг ўрнига Виктор Кумиков, Даврон Файзиев, Александр Хомяковдан бирининг келиши ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин булар расмий маълумот эмас. «Қизилқум»ни «Машъал» билан учрашувда Акмал Холиқов бош­қарди. Ҳамид Актамов эса соғлиғи билан боғлиқ муаммо борлиги сабаб ўйинни захира ўриндиғида кузата олмади. Умуман, навоийликларнинг ўтган учта турда қайд этган натижалари ҳавас қиларли даражада эмас. Таркибда яхши ижрочилар бор. Мураббийлар штабига туркманистонлик Равшан Мередов қўшилган. «Қизилқум» 3-турга келибгина бир очко ишлади. Навбатдаги турларда жамоага АГМК, «Қўқон-1912», «Пахтакор» рақиблик қилади.

«Бухоро»да ҳам мураббий алмашадими? Натижалар қониқарсиз, жамоа ҳисобида бирорта ҳам гол йўқ. Назаримда, клуб мутасаддилари тожикистонлик мутахассисга имконият беришда давом этишади. Боиси, Муҳсин Муҳаммадиев ўтган мавсум жамоани қийин шароитда қабул қилиб, уни кучлилар сафида олиб қолганди. Таркибда маҳоратли футболчилар бор. «Бухоро»ни кейинги турларда оғир беллашувлар кутмоқда. «Андижон», «Навбаҳор», «Насаф» билан кечадиган ўйинлар осон ўтмаслиги аниқ.

Қолган жамоаларда ҳозирча ишлар кўнгилдагидек. Аммо бу мавсум боши. Финишга қадар яна ўзгаришлар рўй беришига шубҳа йўқ. Мураббийлар тақдири ўз қўлида эмас. Тўғри, таркибни улар танлашади, майдонга кимни тушириш ёки туширмасликни ҳал қилишади. Аммо биргина хато истеъфога етаклаши ҳеч гапмас. Мутассадилар натижа исташади, аммо келажакда асқотмайдиган натижанинг кимга кераги бор?

Ўз вақтида турли ёшдаги терма жамоаларимизда катта натижалар қайд этилганини кўрдик. Қани ўша натижаларга сабабчи бўлган қаҳрамонлар? Қачонгача клубларимиз фақат бугун билан яшайди? ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов УЕФА вакили билан кечган матбуот анжуманида бу оғриқли мавзуга алоҳида урғу берди: «Футболимиз боқимандалик руҳида кун кечирмоқда. Клубларимиз ҳам фақат бир кун билан яшайди. Биз доим эрта билан, келажакни ўйлаган ҳолда иш тутишимиз лозим».

Албатта, бунинг учун клубларимизда ишни тўғри ва мақсадли йўлга қўйиш керак бўлади. Жаҳон амалиётидан гапирсак, Оле-Гуннар Сульшер «МЮ»га келган илк даврида кетма-кет ижобий натижалар қайд эта бошлади. Ҳамма хурсанд. Бироқ кўрсаткичлар ёмонлашгач, кўпчиликда шубҳа уйғонди. Норвегиялик мутахассис эса вазиятни ўнглашига ишонди. Чунончи, клуб академиясига катта эътибор қаратила бошланди, Брендон Уильямс, Мэйсон Гринвуд сингари ёшлар ўйинга «янги қон» олиб киришди. Қишда унчалик қиммат бўлмаган Фернандеш харид қилинди. Мавсум бошида Лукаку, Санчес каби юлдузларга жавоб бериб юборилди. Погбанинг йўқлиги ҳам сезилмаяпти. Тўғри, мавсум аввалида «қизил иблислар»да ҳам мағлубиятлар, қора кунлар бўлди. Бироқ клуб раҳбарлари оқилона иш тутишди. Сульшерга имкон беришди ва энди ишонч оқланмоқда.

Шундай экан, хулоса чиқариш ўзингиздан!

АБДУЛАЗИЗ


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz