Қайднома

Қидирув

Жараён: Мажбурий танаффусдан кейин...

Жараён: Мажбурий танаффусдан кейин...

  22.03.2020 03:24
  0
  320
Жараён: Мажбурий танаффусдан кейин...

Европанинг бешта топ-лигаси коронавирус пандемияси сабабли танаффусга чиқди. Ҳозирча ушбу турнирларнинг тақдири сўроқ остида. Мабодо, вазият ўнгланиб, чемпионатлар давом эттирилса, мавсумни қандай сақлаб қолиш мумкин? Қуйидаги мақола шу ҳақда.

ИТАЛИЯ

Чемпионат қачонгача тўхтатилган: 3 апрель

Клублардаги касалланган футболчи, мураббий ва функционерлар: Даниэле Ругани, Блез Матюиди («Ювентус»), Маноло Габбьядини, Омар Колли, Альбин Экдаль, Антонино ла Гумин, Мортен Торсбю ва жамоа шифокори Амедео Балдари (барчаси - «Сампдория»), Душан Влахович («Фиорентина»)

Финишгача нечта тур қолган: 12та (айрим жамоаларда 13тадан)

Еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётганлар: «Ювентус» - 63 очко (26та ўйин). «Лацио» - 62 (26). «Интер» - 54 (25). «Аталанта» - 48 (25). «Рома» - 45 (26). «Наполи» - 39 (26). «Милан» - 36 (26)...

«Кўҳна қитъа»да коронавирус экспансияси бўйича ҳаммадан олдинда бораётган Апеннинда чемпионатни тўхтатиш пайсалга солинди. Ўйинлар дастлаб бир неча кун кейинга қолдирилди, жанубий шаҳарларда 26-тур доирасидаги айрим учрашувлар ўтказилди ҳам. Аммо ке-йинчалик вазият кескинлашди ва «Ювентус» клуби ва Италия термаси ҳимоячиси Даниэле Руганида инсон ҳаё­ти учун хавфли саналган вирус аниқлангач, футбол раҳбарларида чемпионатни давом эттириш бўйича барча уринишлардан воз кечишдан ўзга илож қолмади.

Ҳозирча «А» серия апрель бошигача танаффусга чиққани айтилмоқда, бироқ таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, маҳаллий мухлислар суюклилари иштирокидаги ўйинларни фақат май ойи охирларида кўришлари мумкин. Энг яхши ҳолатда шундай бўлади - агар турнирни тиклаш уддаланса, албатта.

Ахир, шундай мавсумни муддатидан аввал якунлаш жиноятга тенг. «Ювентус»нинг сўнгги йилларда яккаҳокимлиги кўпчиликни зериктирганди, ҳозир эса Италия чемпионатида интрига пайдо бўлди. «Лацио» «кекса синьора»дан 1 очкога ортда қоляпти, «Интер» Туринда ғалаба қозонганда, етакчи билан орадаги фарқни 6 очкога қисқартирарди, 25та ўйинда 70та гол урган «Аталанта» «Рома» билан Чемпионлар Лигаси йўлланмасини «талашмоқда» - шундай ёрқин ва ўзгача чемпионатни бекор қилиш мумкинми?

Айнан шу сабабли, қолган турларни июлгача якунлаш имконияти топилмаса, «тўртлик финали»ни ташкил этиш варианти «А» серияга мос тушмаслиги мумкин. Апеннинда ЧЛ чиптаси учун даъвогарлар 4тадан кўп, демак, кучли квартетдан четда қолаётганларни мусобақадан чиқариш адолатсизликка тенг бўлади.

Агар 8та клуб иштирокида «плей-офф» баҳслари ташкил этилса (чунки «Верона» ва «Парма» битта ўйин кам ўтказган ҳолда, «Милан»дан атиги 1 очкога ортда қоляпти), мақсадга мувофиқ бўлади. Ўз навбатида, ғолиб номи битта учрашувда аниқланса, янада яхши. Мезбонликни турнир жадвалида нисбатан юқорироқда турган жамоага топшириш керак.

Мазкур ҳолатда, чорак финалда чиқиб кетганларда ҳам мотивация сақланиб қолади - Европа Лигаси йўлланмаси учун қўшимча раундларда майдонга чиқишади. Энг яхшилар тўртлигидагилар эса скудетто соҳиби ва совриндорлар номига аниқлик киритишади.

 

ИСПАНИЯ

Чемпионат қачонгача тўхтатилган: номаълум муддатга

Клублардаги касалланган футболчи, мураббий ва функционерлар: Мартин Ортега («Леганес» бош директори), «Валенсия»нинг 3 футболчиси

Финишгача нечта тур қолган: 11та

Еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётганлар: «Барселона» - 58. «Реал» - 56. «Севилья» - 47. «Реал Сосьедад» - 46. «Хетафе» - 46. «Атлетико» - 45. «Валенсия» - 42...

Испанлар Европада коронавирус эпидемияси ўчоғида яшаётган итальянлар билан алоқани четлаб ўтишга астойдил интилишди. Европа Лигаси доирасида «Севилья»га қарши ўйин ўтказиш учун келган «Рома»нинг футболчи ва мураббийлари жойлашган самолётни Пиренейга киритмоқчи эмасликларини билдиришди. Шунингдек, ўзлари ҳам («Хетафе» делегацияси мисолида) ўша турнирнинг ўша босқичидан ўрин олган «Интер» билан баҳсда майдонга тушиш учун Апеннинга боришни хоҳлашмади. Якунда глобал мақсад амалга ошди - еврокубоклар вақтинчалик тўхтатилди - испанлар ниятларига етишди, бироқ бу маккор инфекциядан сақланиш учун камлик қилди.

Ла Лигада коронавирус юқтириш бўйича камида иккита ҳолат аниқланди. «Леганес» бош директорида шундай касаллик борлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, «Реал» баскетболчиси Трей Томпкинс ҳам хасталикка чалинганини қўшимча қилиш даркор. Мадрид грандининг футбол ва баскетбол клублари ягона холдингга тегишли, шу боис, «қаймоқранглилар» раҳбарлари ҳар икки жамоани тўлиқ таркиб билан карантинга жойлашди. Примерада одатий икки гранд бошқа таъқибчиларини сезиларли фарқ билан (деярли 10 очкога) ортда қолдирганини инобатга олсак, «форс-мажор» ҳолатида «Барселона» ва «Реал» ўртасида ўзига хос «плей-офф» ўтказиш мумкин - ғолиблик иккита (учта бўлса яна яхши) ўйинда ғалаба қозонганга берилади. Мезбонлик бўйича устунлик табиийки, турнир жадвалида юқорироқда бораётган жамоага топширилади. Мана бу учрашувлар испаниялик фанатлар учун ҳақиқий совға бўларди!
Қолган 4 ёки 6 (8) клублар эса Чемпионлар Лигасининг қолган икки йўлланмаси учун курашишсин. Яна иккита жамоа Европа Лигасидаги икки чипта учун курашади. Ўйинларни бир даврали лига тизимида ёки (8 иштирокчи вариантида) «плей-офф» кўринишида ўтказса бўлади.

АНГЛИЯ

Чемпионат қачонгача тўхтатилган: 4 апрель

Клублардаги касалланган футболчи, мураббий ва функционерлар: Микель Артета («Арсенал»), Каллум Хадсон Одои («Челси»), «Лестер»нинг 3, «Эвертон»нинг эса 1 ўйинчисида касаллик аломатлари аниқланган

Финишгача нечта тур қолган: 9 (айрим жамоаларда 10тадан)

Еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётганлар: «Ливерпуль» - 82 (29). «Манчестер Сити» - 57 (28). «Лестер» - 53 (29). «Челси» - 48 (29). «МЮ» - 45 (29). «Вулверхэмптон» - 43 (29). «Шеффилд Юнайтед» - 43 (28). «Тоттенхэм» - 41 (29). «Арсенал» - 40 (28)...

Ҳозир жаҳон спортида рўй бераётган инқирозли вазият АПЛнинг жорий мавсумига жиддий таъсир кўрсатиши турган гап. Тасаввур қилинг, маҳаллий футбол ассоциацияси мутасаддиларидан бирининг миясига ҳозирги кўрсаткичларни нолга тенглаштириш фикри келиб қолса нима бўлади? «Ливерпуль» учун бу даҳшатли тушга айланади: ахир сўнгги маротаба 1990 йили чемпионликни қўлга киритган мерсисайдликлар бош совринга эга бўлишга яқин туришганди. Тақдир ҳазилими - ўшанда Англия Премьер-лигаси номли турнир ҳали йўқ эди: АПЛга 1992 йили асос солинган. «Ливерпуль» эса шу ўтган 30 йил ичида икки марта Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди (2005, 2019), шунча марта турнир финалигача етиб борди (2007, 2018).

Аммо мавсумнинг асосий қисмини 24 ғалаба ва 1 дуранг билан ўтказган Юрген Клопп жамоасидан деярли қўлга киритилган чемпионликни тортиб олиш ҳақиқий адолатсизлик бўлади. Қолган 10та тур арафасида иккинчи ўринда бораётган таъқибчидан 25 очкога илгарилаб кетиш - фантастиканинг ўзгинаси.

Шу боис, Ла-Манш ортида мавсумни якунлаш масаласи боши берк кўчага кириб қолса, яхшиси, якунни ҳозирги ҳолатга кўра амалга ошириш лозим. Бошқача айтганда, чемпионатни қўшимча турнирларсиз тугатиш мумкин. Дарвоқе, Daily Mail нашрининг ёзишича, коронавирус пандемияси охирласа, АПЛнинг аксарият клублари айнан шундай қарорга келишлари кутилмоқда.

Умуман олганда, Чемпионлар Лигасидаги потенциал ўринлар учун, барибир, қўшимча мусобақа ташкил этса ҳам бўлади. Бунда УЕФА «Манчестер Сити»га тақиқ қўйгани сабабли АПЛнинг бешинчи жамоасига аталган йўлланма учун кураш кечади. Шунингдек, чемпио­нат аутсайдерлари ўзаро куч синашишади, гарчи «Норвич»га ҳеч қандай «пулька» ёрдам беролмайдигандек кўринсада.

Қизиғи, британияликлар қитъада бошқалардан қатъийроқдек кўринишганди, АПЛнинг навбатдаги тур ўйинларини ўтказишга ҳам тайёр туришганди. Бироқ эпидемия ҳаммадан кўпроқ уларга таъсир кўрсатиши ҳеч гап эмасди. «Арсенал» устози Микель Артетада коронавирус борлиги аниқланди, «Челси»нинг ёш вакили Каллум Хадсон Одои ҳам касалликка йўлиқди. Албатта, «кўклар» футболчиси бир ҳафталик карантиндан кейин ўзини яхши сезаётгани ҳақида хабар беришга ҳам улгурди.

Шунга қарамай, кейинчалик лигадаги бошқа ўйинчиларда ҳам коронавирус аломатлари сезилди: «Лестер»да учта шубҳали ҳолат қайд этилди, «Эвертон» аъзолари тўлиқ таркиб билан карантинга чиқишди, чунки жамоада бир кишининг аҳволи яхши эмаслиги айтилди. Хуллас, АПЛ хавфли касалликка чалинганлар сони бўйича яққол етакчига айланиб қолмаса эди.

 

ФРАНЦИЯ

Чемпионат қачонгача тўхтатилган: муддати аниқланмаган

Клублардаги касалланган футболчи, мураббий ва функционерлар: -

Финишгача нечта тур қолган: 10 (икки жамоада 11тадан)

Еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётганлар: «ПСЖ» - 68 (27). «Марсель» - 56 (28). «Ренн» - 50 (28). «Лилль» - 49 (28). «Реймс» - 41 (28). «Ницца» - 41 (28)...

Хайрият, Францияда ҳозирча футболчи, мураббий ёки клуб ходимлари орасида касалланганлар аниқланмади, лекин барибир, маҳаллий федерация раҳбарлари мамлакат чемпионатини тўхтатиб туришни маъқул кўришди. Бу жуда ақлли қарор. Турнир қачон давом эттирилиши ҳозирча номаълум - Лига 1 1-2 ойлик танаффусга чиқиши айтилаётганди.

Афтидан, Чемпионлар Лигаси 1|8 финали доирасидаги «Боруссия Дортмунд»га қарши баҳсда «ПСЖ»нинг бўш трибуналар қаршисида ўйнагани французларга ўта жиддий таъсир ўтказган кўринади. Гарчи Томас Тухель жамоаси еврокубокнинг чорак финалига чиқиб, керакли натижага эришган бўлсада, кўпчилик «Бизга бундай футболнинг кераги йўқ!» де-йишга тайёр эди.

Франция чемпионатидаги ҳозирги ҳолат мусобақани ортиқча ўйинларсиз якунлаш учун идеалдир. «ПСЖ»нинг чемпионликка эришиши деярли аниқ бўлиб улгурган, пойтахтликлар асосий таъқибчи ҳисобланган «Марсел»ни сезиларли фарқ билан ортда қолдиришмоқда. Ўз навбатида, марселликлар иккинчи ўринни деярли нақд қилишган. Мазкур вазиятда «Ренн» ва «Лилль» Чемпионлар Лигасига бериладиган учинчи йўлланма соҳибини аниқлаш йўлида ўзаро ўйинлар ўтказишлари мумкин. Омадсиз жамоа Европа Лигаси чиптаси билан кифояланади.

Аутсайдерлар масаласи ҳам 67 фоизга аниқ: «Амьен» ва «Тулуза»ни элитани тарк этишдан ҳеч нима асраб қололмаса керак. Ўтиш ўйинлари иштирокчисини (ҳозирча бу ролга «Ним» «даъвогар») аниқлаш учун эса икки раундли дуэль ташкил этса бўлади. Ёки 3-4та жамоа ўртасида мини-турнир ўтказиш мумкин.

 

ГЕРМАНИЯ

Чемпионат қачонгача тўхтатилган: 2 апрель

Клублардаги касалланган футболчи, мураббий ва функ­ционерлар: Тимо Хюберс, Яннес Хорн (иккиси - «Ганновер», 2-дивизион), Фабиан Нюрнбергер («Нюрн­берг», 2-дивизион)

Финишгача нечта тур қолган: 9 (икки жамоада 10тадан)

Еврокубоклар йўлланмаси учун курашаётганлар: «Бавария» - 55. «Боруссия Д» - 51. «РБ Лейпциг» - 50. «Боруссия М» - 49. «Байер» - 47. «Шальке» - 37. «Вольфсбург» - 36. «Фрайбург» - 36. «Хоффенхайм» - 35...

Немислар ҳам, худди британияликлар сингари, чемпионатни давом эттиришга охиригача интилишди. 13 мартда «Фортуна» - «Падерборн» ўйини билан 26-турга старт берилиши режалаштирилганди. Кейин эса тўлиқ дастур асосида қолган учрашувлар ҳам ўтказилиши кўзда тутилганди. Аммо бутун Европа футболида фавқулодда ҳолат эълон қилингач, Германия ҳам мухлислар, футболчилар ва уларнинг атрофидагилар соғлиғини сақлаш чораларини кўришга мажбур бўлди.

Биринчи Бундеслигада коронавирус билан касалланиш ҳолати кузатилмади, 2-дивизионда эса иккита вирусга чалиниш аниқланди: бири «Ганновер»дан, иккинчиси «Нюрнберг»дан. Демак, Германия чемпионатни тўхтатиш (ҳозирча танаффус 2 апрелгача давом этиши белгиланган) бўйича ўз вақтида қарор чиқарди.

Бундеслига совринлар ва еврокубоклар йўлланмаси, шунингдек, элитада қолиш учун кураш бўйича «А» серияга тенг­лашиши мумкин. Ягона катта фарқ - 5 ва 6-ўринлар ўртасида кузатилмоқда: «Байер» билан «Шальке» тўплаган очколар тафовути 10тага тенг.

Шундай экан, немисларга қолган 9та турни одатдагидек ўтказиш маъқулроқдек. Боз устига, бу ўйинларни 2 ой ичида ташкил этиш имконияти мавжуд. Мабодо, муқобил вариант қидириш эҳтиёжи туғилса, 4та аутсайдер ўзига хос ўтиш турнирида қатнашишлари мумкин; 3-14-поғоналардаги клублар иштирокида «плей-офф» раунди ташкил этиб, ундан Бундеслиганинг икки етакчисини (айни пайт бу «Бавария» ва Дортмунд «Боруссия»си) озод этиш мумкин. Ушбу бос­қичда ғолиб чиққан 6 жамоага кейин икки фаворит ҳам қўшилишади ва у тўлақонли чорак финал вазифасини ўтайди. Қолгани юқоридаги (Италия ва Испанияга таклиф қилинган) схема бўйича давом этади.

Албатта, юқорида миллий кубок беллашувлар ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Тўғри-да, бунга фурсат ҳам йўқ. Умуман, айрим мамлакатларда даража бўйича иккинчи ўринда турувчи турнирлар якуний босқичга келган ва бир-икки ҳафтани ажратиб, уни охирига етказиб қўйиш мумкин. Мабодо, фавқулодда вазият туфайли бундай имконият бўлмаса, кубок баҳсларини қурбон қилса ҳам бўлаверади. Асосийси, коронавирус сабабли кучли бешлик чемпионатлари энг қизиқ паллада мантиқсиз якун топмасин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz