Қайднома

Қидирув

Футбол коронавирусга қарши: Шифохоналарга ёрдам бераётган клублар, футболчилар ва ...

Футбол коронавирусга қарши: Шифохоналарга ёрдам бераётган клублар, футболчилар ва ...

  23.03.2020 08:40
  0
  185
Футбол коронавирусга қарши: Шифохоналарга ёрдам бераётган клублар, футболчилар ва ...

Футбол дунёси коронавирус пандемиясига қарши курашда ўз ёрдамини аяётгани йўқ: ниқоблар сотиб олишдан тортиб, вирусга қарши кураш учун пул маблағлари йиғишга қадар. Қуйида шулардан бир нечтасини намуна сифатида тақдим этамиз. Катта эҳтимол бундай вақтда қилинаётган хайрли ишлар миқдори ўйлаганимиздан ҳам кўп. Бироқ биз улар ҳақида бироз вақт ўтиб билармиз, балки умуман улар ҳақида била олмаслигимиз ҳам мумкин.

Фото: Getty Images

— Италиянинг собиқ бош вазири ва «Милан» клуби собиқ эгаси Силвио Берлускони Ломбардия шаҳрида коронавирусга қарши кураш учун 10 миллион евро хайрия қилди. Қайд этиш жоиз, Италиянинг ушбу ҳудудида вирус билан зарарланганлар сони бошқа ҳудуддагиларга нисбатан анча кўп. Ушбу маблағга 400 беморни доимий парвариш қилиш имкониятига эга шифохона қурилиши бошлаб юборилди.

— «Ювентус»га эгалик қиладиган Аньелли ойиласи Ломбардияга қўшни Пемонт шаҳрига Берлускони каби 10 миллион евро тақдим этди. Бундан ташқари Турин клуби соғлиқни сақлаш маҳаллий департаментига 500 минг евро миқдорида пул йиғиб берди. Ушбу маблағга шифокорлар учун арзон бўлмаган 150 та респиратор сотиб олинади.

Фото: Getty Images

— Донецкнинг «Шахтёр» клуби хўжайини Ринат Ахметов коронавирус билан қарши курашга 10 миллион евро атрофида маблағ ажратди. Ушбу пулларга коронавирусни аниқлайдиган 20 мингдан ортиқ экспресс-тестлар, таҳлил аппаратлари, шахсий ҳимоя воситалари ва енгил сунъий вентиляция дастгоҳлари харид қилинади. Бундан ташқари Ахметов яна 300 мингта тест ҳамда 200 та вентиляция аппаратлари сотиб олиб беришни ваъда қилган.

«Коронавирус — инсоният биринчи бор катта кўламда дуч келган оғир мусибат. Бундай ҳолатда ҳар бир украиналик мамлакатимизга аниқ қандай ёрдам кўрсата олиши ҳақида ўйлаб кўришига ишонаман. Биз четда турмаймиз — ёрдам берганмиз, беряпмиз ва бунда давом этамиз. Фақатгина кучларимизни бирлаштирган ҳолда Украина олдида турган барча қийинчиликларни енга олишимиз мумкин», — дейди Ахметов.

Фото: Getty Images

— «Бавария» ҳамда Польша терма жамоаси ҳужумчиси Роберт Левандовски ҳам кўнгилли равишда рафиқаси Анна билан биргаликда коронавирусга қарши кураш учун хайрия жамғармасига 1 миллион евро хайрия қилди.

«Ҳаммамиз қийин вазиятда қолдик. Ҳозир барчамиз битта жамоада ўйнаяпмиз. Келинглар, ушбу жангда кучлироқ бўламиз. Агар кимгадир ёрдам бериш қўлимиздан келса, келинг буни амалга оширамиз. Ҳаммаси тез орада ўз ўрнига тушишига ишонамиз», — дейилади Левандовскилар баёнотида.

— Левандовскилар қаторида унинг клубдошлари Йозуа Киммих ҳамда Леон Горетцка ҳам 1 миллион евро миқдоридаги маблағни коронавирус билан курашга йўналтирди. Улар Wе Kick Cоronа платформасини ишга туширди. Унга ҳар бир хоҳловчи қўшилиши мумкин. Хайрия қилиш ёки ёрдам сўраш имконияти яратилди. «Саломатлик — биз учун ҳамма нарса. Ҳозир эса қандай бўлмасин, хоҳ кичик ёки катта бирдамлик зарур. Ҳамма ёрдам бериши мумкин», — дея таъкидлади Киммих.

Йозуа ва Леоннинг ғоясини Матс Ҳуммелс, Лерой Сане, Бенедикт Ҳеведес каби футболчилар қўллаб-қувватлади. Улар ҳозирга қадар 2,5 миллион евродан ортиқ маблағ йиғишга эришди. Бундан ташқари Германия терма жамоаси футболчилари ва мураббийлари биргаликда вирусга қарши кураш учун 2,5 миллион евро тақдим этади.

Фото: Getty Images

— «Интер» собиқ хўжайини Массимо Моратти Ломбардия соғлиқни сақлаш вазирлигига 1 миллион евро ажратди.

— Златан Ибрагимович Kick the Coronavirus away ташвиқот кампаниясини бошлади. У 100 минг евро ажратди. 2 кунда эса кампания орқали 300 минг евро йиғишга эришди.

Фото: Getty Images

— «Келинг биргаликда бу вирусни улоқтириб ташлаймиз ва бу ўйинда ғалаба қозонамиз. Агар вирус Златанга келмаса, Златан вирус ёнига боради», — дея чиқиш қилди Златан Ибрагимович.

— Хайрия қилган футболчилар рўйхати ҳам бойиб бормоқда. Улар қаторида Лоренцо Инсинье (100 минг евро), Садио Мане (40 минг фунт), Каспер Шмейхель (20 минг фунт) каби футболчиларни кўриш мумкин.

— СПАЛ ҳужумчиси Андреа Петанья вирусга қарши кураш учун 30 минг евро хайрия қилди. Шунингдек, яна 170 минг евро йиғилишида бош-қош бўлди. Йиғилган маблағлар Миландаги шифохоналардан бирига тақдим этилган. «Торино» ҳужумчиси Симоне Заза 10 минг евро хайрия қилиб яна 50 минг евро йиғилишига ёрдам берди. Ҳозирда маблағ йиғиш ишларини фаол давом эттирмоқда. «Ювентус» вакли Федерико Бернардески 50 минг евро ўз ёнидан вирусга қарши кураш учун ажратди. У ҳам Заза сингари пул йиғиш ишларида қатнашмоқда. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

— «Аталанта» мухлислари ташаббус орқали чиқиб, 40 минг евро йиғди ва пулларни Бергамодаги шифохоналардан бирига тақдим қилди. Бергамо Ломбардиядаги коронавирусдан энг кўп зарарланган ҳудудлардан бири бўлиб турибди.

— Клублар ҳам четда тургани йўқ. «Интер» краундфандинг орқали Миландаги Луижи Сако номидаги шифохона учун #TogetherAsATeam шиори остида маблағ йиғишни бошлаб юборган. Футболчилар 500 минг евро йиғиб берди. Мухлислар эса 100 минг евродан кўпроқ маблағ йиғиб берди. Ушбу маблағлар ҳисобидан маҳаллий соғлиқни сақлаш ташкилоти учун 300 минг дона ниқоб харид қилинди.

— «Рома», «Фиорентина», «Милан», «Ювентус» клублари краудфандинг орқали ҳар бири 400—500 минг евродан маблағ йиғишга эришди. Римликлар бундан ташқари жамоа билан 200 минг евро йиғиб, 8 минг жуфт тиббиёт қўлқоплари, 2 минг шиша антисептик воситалари, 5 та енгил сунъий вентиляция аппаратлари ва доимий парвариш учун бир нечта осма каравотлар сотиб олди.

— Англияда чемпионат ўйинлари охиргилардан бўлиб тўхтатилди. Шунга қарамай АПЛ клублари ҳам қараб тургани йўқ. Масалан, «Челси» клуб хўжайини Роман Абрамовичнинг топшириғи билан «Стемфорд Бриж» яқинидаги меҳмонхонасини мамлакат соғлиқни сақлаш тизими ходимларига бепул фойдаланиш учун тақдим этди.

— «Манчестер Сити» ва «Манчестер Юнайтед» биргаликда #ACityUnited ҳештеги остида 100 минг фунт йиғди ва мухлисларни ҳам бу хайрли ишга қўшилишга чорлади.

— «Спортинг» хўжайини Фредерику Варандаш қийин вазиятда ватани олдидаги бурчини узиш учун асосий касби — шифокорликка қайтди.

Фото: Getty Images

— Таниқли агент Жорже Мендеш 200 мингта тиббиёт халати, Портудаги шифохона учун 3 та енгил сунъий вентиляция аппаратларини сотиб олди. Унинг асосий мижози Криштиану Роналду эса она ватанидаги госпиталлардан бирига 40 мингта маска сотиб олиб берди.


Манба: daryo.uz, iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz