Қайднома

Қидирув

Фернандеш эффекти, Сульшер фундаменти «МЮ»нинг сўнгги муваффақиятлари сири

Фернандеш эффекти, Сульшер фундаменти «МЮ»нинг сўнгги муваффақиятлари сири

  24.03.2020 01:33
  0
  852
Фернандеш эффекти, Сульшер фундаменти «МЮ»нинг сўнгги муваффақиятлари сири

«Манчестер Юнайтед» инқирознинг барча турларини бошдан кечириб, ниҳоят, 10та мағлубиятсиз ўйиндан иборат серияни қайд этди. «Қизил иблислар» мавсумнинг якуний палласига юқори кайфиятда етиб келишди, чемпионатдаги ўрин ҳам ёмонмас, Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш имконияти сақланиб турибди, шунингдек, иккита соврин учун ҳамон курашишмоқда.
Оле-Гуннар Сульшер бошчилигидаги жамоанинг сўнгги муваффақиятларидан бири Манчестер дербисида қайд этилди. Хўш, бундай ютуқлар замирида нима ётибди ва қувониш асослими? «МЮ»ни олдинда нима кутяпти? Football.ua сайтининг таҳлилий мақоласи шу мавзуга бағишланди.

Бруно Фернандеш келганидан кейин «Манчестер Юнайтед»нинг ишлари юришиб кетгани тасодиф эмас. Португалияликдан шундай савияли ўйин кўрсатишни кутишгани ҳақида нимадир дейиш қийин, аммо у манкунианликларни «уйғотди». «МЮ», ниҳоят, «ўнлик» позициясидаги яхши ижодкорни - кескин узатмалар берадиган, тўпни олдинга олиб бориб, жарима майдончаси ташқарисидан зарба йўллашга чўчимайдиган футболчига эга бўлди. Боз устига, португалиялик қисқа муддатда ҳақиқий етакчига айланди. Фернандеш ҳам ўзига, ҳам шерикларига талабчан, буни майдонда баралла айтишдан қўрқмайди.

Охирги 10та ўйиннинг атиги 2тасида «Манчестер Юнайтед» дарвозасидан тўп олиб чиқди. Мудофаа чизиғи аввалгидан ишончлироқ ўйнаяптими? Ишонч ортгани тайин. Фернандеш Фреднинг зиммасидаги юкнинг бир қисмини ўзига олди, бразилиялик дирижёрлик вазифасидан хавотир олмаса ҳам бўлаверади, энди у ўз ишини қилади. Бруно ижросидаги самарали узатмаларни асли Лингард ва Перейралар амалга ошириши кутилганди, зеро айнан шу футболчилар португалияликнинг нуқтасида тўп суришарди.

Шунингдек, Неманья Матичнинг хизматларини ҳам эътироф этиш даркор. Серб ажойиб формада ва «МЮ»нинг майдон марказидаги ўйинини сезиларли тарзда мустаҳкамлади. Фреднинг жонкуярлигини ҳам унутмаслик керак, жароҳатдан қутулган Мактоминай ҳам бор. «Қизил иблислар»нинг ўрта чизиғи шаклланиб улгургандек - ҳамма ўз ишини бажаряпти. Қолаверса, Сульшерда ротацияларни амалга ошириш имконияти туғилмоқда. Авваллари бу нарса унга ҳашаматдек туюларди.

Ўйиндаги ижобий жиҳатлардан таш­қари, жамоада ўзига бўлган ишончнинг ортгани ҳам яққол сезилмоқда. Тўғри, Сульшернинг услубини тўлиқ ифодалашга ҳали вақт бор. Манкунианликлар рақиб кучли ҳимояланганда қийинчиликка учрашмоқда. Аммо эндиликда олдинги чизиқда юқоридан келадиган тўпларни эгаллайдиган футболчи бор. «Иккинчи қават»даги курашга мослашмаган Рэшфорд ва Мартиалга йўлланган узатмаларни кўриш оғриқли эди. Хитойдан олиб келинган Игало «МЮ» ўйинига тез кўникди, бир нечта голларни уришга ҳам улгурди. Нигериялик ҳужумчи рақиб жарима майдончасида ўзини қулай ҳис этади, корпусидан унумли фойдаланади. Шу зайл давом этса, «Манчестер Юнайтед» уни тўлиқ сотиб олишга астойдил бел боғласа, ажабмас.

Фернандеш яққол фойдадан ташқари, «қизил иблислар»да кузатилаётган муаммони очиб берди ва бу муаммо ёзда ҳал этилиши керак. Баъзан «МЮ»нинг ўйинларини томоша қила туриб, португалияликка олдинги чизиқда ақлли шериклари етишмаётгандек тасаввур уйғонади. Мартиаль қаерга очилиши кераклигини ҳар доим ҳам тушунмайди, Жеймсдан эса кўпинча одатий қарорлар чиқади. Фернандеш бир неча марта 11 метрли нуқта ёнида ёлғиз қолганига қарамай, шериклари унга пас бермай, дарвоза томон зарба йўллашди. Португалияликнинг ёнида Мата бўлса, бу ижрочилар бир хил тоифадан эканлиги дарҳол сезилади. Уларнинг оёғида тўп бошқача ҳаракатланади.

Ёзда «Манчестер Юнайтед» бир-икки нафар юқори даражали ҳужум чизиғи вакилларини сотиб олиши керак. Навбатдаги номзод сифатида Санчо кўрсатилмоқда, шунингдек, Грилиш ва Мэддисон ҳақида гап-сўзлар бор. Жейдон «МЮ»нинг ўнг қанотига жуда мос. Ваҳоланки, ОАВда хабар берилишича, англиялик вингер Манчестернинг алвон қисмига ўтишга қарши эмас. Бундан ташқари, Фернандешнинг келиши Погба билан бемалол хайрлашиш мумкинлигига ишора берди. Французнинг жамоада эканлиги ортиқча аҳамиятга эга эмас ва ёзда у билан хайрлашиш керак, агар муносабатлар «илиқлашмаса», албатта.

Оле-Гуннар Сульшерга ҳам алоҳида миннатдорлик билдирса арзийди. Балки мураббийлик ишида унга айрим саволлар бордир, бироқ у ўсишга эришмоқда ва буни футболчилар ҳам таъкидлашди. Менежерлик масаласида норвегиялик мутахассис қо-йилмақом иш юритмоқда. У оғир ва узоқ муддатли жараёнга киришди, асосийси, тўғри йўлдан кетяпти. Бироқ кейинги мавсум учун ЧЛ йўлланмаси қўлга киритилмаса, ҳозиргача қилинган ишларнинг қиймати пасаяди. «Бернли» каби жамоалар билан ўйинларда очко йўқотилаверса, кучли олтиликдаги рақиблар устидан қозонилган ғалабалар аҳамиятини йўқотади.

Демак, «МЮ» ёзда трансфер сиёсатини тўғри йўлга қўйиши керак. Магуайр - мудофаа чизиғи етакчиси, Ван-Биссака - майдонда Стерлинг каби вингерлар учун мисоли қўрқинч­ли туш, Жеймс - ўз пулини оқлайдиган ажойиб ўйинчи, Фернандеш - Манчес­тернинг янги юлдузи, Игало эса севимли жамоаси либосида голлар урмоқда. Ҳозирча ҳаммаси яхши, бироқ келаётган ёзда тўғри харидларни амалга оширишдан ташқари, бошланган тозаловни давом эттириш ҳам мақсадга мувофиқ.

Погба иши ҳал этилди. Шунингдек, Сульшернинг режаларига кириши эҳтимоли паст, аммо маоши миқдори юқори бўлган Санчес ҳам муаммо туғдириши мумкин. Лингард ва Перейра юқори даражали ўйинни кўрсатишга қодир эмаслар. Уларнинг астойдил уринишаётгани ҳақиқат, бироқ катта клубларда бунинг ўзи етарли эмас. Қолган футболчиларга ортиқча эътироз йўқ.

Харидлар масаласига қайтсак, ярим ҳимояга креа­тив ўйинчиларни жалб этишдан таш-қари, марказий ҳимоячига ҳам эҳтиёж туғилиши мумкин. Сульшер асосан Линделёф, Магуайр, Байи, Туанзебе ҳамда Жонснинг хизматларига таянмоқда, аммо охирида номи келтирилган икки футболчи майдонда кам кўриниш беришмоқда. Қолаверса, Байи­га ҳам тўлиқ ишониб бўлмайди. Учинчи марказий ҳимоячи ролида баъзан Шоуни кўриб қоламиз. Агар «МЮ» Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритса, йирик ўйинларда уч ҳимоячи тактикасидан воз кечмаслик тўғри бўлса керак. Ахир бу услуб иш беряпти. Эҳтимоли юқори трансфер сифатида Смоллингнинг қайтишини кутиш мумкин. Савияси яхши бўлган тажрибали ҳимоячи. Яна нима керак?

Ван-Биссака ва Шоуга ўринбосарлар масаласи ҳам оғриқли нуқта. Далот оптимал формага кириб улгурмади, Уильямс эса, гарчи юқори салоҳиятига эга бўлсада, ҳали ёш ва кўплаб хатоларга йўл қўймоқда. Уларнинг ўрнига кимдир олинадими, тахмин қилиш мушкул. Ҳужумчи мавзуси ҳам долзарблигини йўқотмаган. Сульшер бир мавсумда 30талаб гол урадиган форвардга эҳтиёж сезмоқда. Бунга ким қодир?

Рэшфорд жароҳат олгунига қадар вингер позициясида 19та гол уришга улгурганди. Мартиаль ҳисобида ҳозирча 16та гол бор. Келажакда топ даражадаги тўпурарга айланиши кутилаётган Гринвуд 11та тўп киритган. Мартиални классик ҳужумчи дейиш қийин - французга қувват етишмайди. Эҳтимол, Антонида ўз ўйини билан Сульшерни янги ҳужумчи сотиб олмасликка кўндириш учун етарлича вақт бор. Боз устига, норвегиялик мураббий Гринвуднинг кўникмаларини ривожлантиришни пайсалга солмаса керак.

Мавсум қандай якунланишидан қатъий назар, Сульшер яхши ишлаб, янги жамоага пойдевор қўйиб улгурди. Ушбу мутахассисга ЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш жуда муҳим ва у шогирдлари билан мазкур турнирга чиқиш йўлида барча ишни қилишга тайёр. Футболчилар Олега, мураббий эса - «Манчестер Юнайтед»га ишонади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz