Қайднома

Қидирув

«Оёқда битилган тарих». Нега 90-йиллар болалари Бекхэмдек ўйнашни орзу қилишган?

«Оёқда битилган тарих». Нега 90-йиллар болалари Бекхэмдек ўйнашни орзу қилишган?

  02.05.2020 11:01
  0
  140
«Оёқда битилган тарих». Нега 90-йиллар болалари Бекхэмдек ўйнашни орзу қилишган?

Ўтган аср интиҳоси, ҳозирги аср бошидаги энг зўр тўптепарлардан бири — Дэвид Бекҳэм бугун, 2 май куни 45 ёшини қаршилаяпти. Қойилмақом жарима зарбалари устаси майдонда «қолиб кетганида» шунчалик машҳурликка эришармиди, билмадик, аммо миллионер, жамоат арбоби, модалар олами юлдузи, энг машҳур ва нуфузли инсонлардан бири сифатида ҳалиям модада. Россиялик ҳамкасбларимиз Дэвид Бекҳэмни таваллуд айёми баҳона эслашибди.

Лондонлик

Дэвид Бекҳэм Лондонда туғилганини кўплар билмаса керак (ҳақиқий фанатлардан узр сўраймиз). Қизиғи, Бекҳэм номи билан бирга тилга олинадиган шаҳарлар рўйхатида Лондонни учратиш амри маҳол. Тўғри, эсланади, улар ҳам кўпинча Бекҳэм Британия пойтахтига келиб «Челси», «Тоттенҳэм», «Арсенал» дарвозасига ёки бўлмаса Англия терма жамоасининг меҳмонхонаси — Уэмлида рақиб термаларга урган саноқсиз голлар билан боғлиқ ўйинлар бўлиб чиқади. Дэвид Бекҳэм қалбан ҳеч қачон лондонлик бўлмаган, энг қизиғи, бунга футбол айбдор.

Дэвид Эдвард Алан Бекҳэм жажжи Дэвид билан. Фото: «Global Look Press/Wiese»

Аслида ҳайрон қолмасаям бўлади. Футбол британиялик учун кичик ватан — тураржойни истаганча алмаштириш мумкин, севимли клубни эса — ҳеч қачон. Бекҳэмнинг отаси «Манчестер Юнайтед»нинг ашаддий ишқибози эди, деярли ҳар ўйинни қолдирмасдан «Олд Траффорд»га отланарди (ўша пайтдаги транспортнинг ҳолати нуқтаи назаридан буям қаҳрамонлик) ва қайсидир маънода «МЮ»га муҳаббатни ўғлига ҳам юқтирган.

Дэвид Бекҳэм «Юнайтед» академиясини 1992 йили битиради. Бу нафақат Англия футболи, умуман, спорт олами тарихидаги энг яхши битирувчилар гуруҳларидан эди. Бекҳэм билан катта футболга учирма бўлганлар ҳақиқий юлдузлар сифатида порлашди: Райан Гиггз, Фил ва Гэри Невиллар, Пол Скоулз ва Ники Батт. Англия ўсмирлар кубоги финалида 1992 йили бу жамоа (уни кейинчалик «Класс 92» деб аташади) «Кристал Пэлас»ни мағлуб этган, Бекҳэм муҳим ўйиндаги биринчи голини киритганди.

«Кристал Пэлас» устидан қозонилган ғалабанинг нишонланиши, 1992 йил 15 май. Фото: «Manutd.one»

1990-йиллар иккинчи ярмидаги Буюк «Манчестер Юнайтед» биринчи навбатда «Бекҳэм жамоаси» эди. Тўғрироғи, сэр Алекс Фергюссон ва Дэвид Бекҳэм жамоаси. Иккита қўчқорнинг калласи ҳеч қачон битта қозондай қайнамаган. Қўш ғалабаларни эса худди шу зиддиятли тандемнинг меваси дейишади, янаям ким билсин... Олти карра Англия чемпионлиги (шундан учтаси кетма-кет), Чемпионлар лигасидаги зафар — минг йилликлар чегарасида «Юнайтед»ни тўхтатиш осонмасди. Фақат «Реал Мадрид» буни яхши уддалаган ва «МЮ»ни лигадан икки марта чиқариб юборган. Айниқса, 2003 йилдаги сўнгги тўқнашувни манчестерликлар унутишмаса керак — мағлубият етмаганидек, орадан кўп ўтмай мадридликлар Дэвид Бекҳэмни ҳам ўзларига оғдириб олишганди.

Ер фарзанди

Дэвид Бекҳэм ҳар қанча суперюлдуз деб алқанмасин, барибир, уни «Юнайтед»нинг «юзи», рамзи дея олмаймиз. Ахир бу ерда бутун фаолиятини (24 йил!) ўтказган Райан Гиггз бор. Ана ватанпарвар... Дэвид Бекҳэм эса ҳақиқий космополит — фақат ўсишни истарди (албатта, ҳам профессионал, ҳам моддий томонлама). 2003 йили «Реал»га ўтишининг сабаби оддий — «Манчестер»дан оладиганини олиб ва берадиганини бериб бўлганди.

Фергюссон билан ҳам зиддият етилиб бўлганди — мураббий бутсани отиб, юзини бузиши Бекҳэм учун ҳаммасидан ошиб тушди. Ахир у пайтга келиб, унинг юзи оёғидан кам обрў ва пул келтирмаётганди-да!..

Виктория ва Дэвид

Фото: «Global Look Press via ZUMA Press»

«Spice Girls» хонандаси Виктория Адамс ва Дэвид 1997 йилда танишишган, икки йил ўтиб турмуш қуришган.

«Манчестер Юнайтед»дан Мадридга шунчаки навбатдаги юлдуз эмас, балки оёққа туриб улгурган бизнес-корхона кўчиб бораётганди. Ҳатто Виктория ва Дэвид иккаласига битта агент ишлаган пайтлар ҳам бўлган, агар футбол ҳам шоу-бизнеснинг бир қисми сифатида қаралса, бунинг ҳам ҳайрон қоларли томони йўқ.

Фаолиятини расман тугаллашидан 10 йил илгари, 2003 йили Дэвид Бекҳэм футболчи сифатида соб бўлиб улгурганмиди — ўша пайтда жавоби топилмаган бу саволга эндиям жавоб бериб бўлармикан?! Мадриддаги тўрт мавсум давомида Бекҳэм атиги 20 та гол урди («Манчестер»дагидан икки баравар кам), совринларини-ку санашгаям уринманг — атиги иккита (ватанида 12 соврин олган). Аммо «Реал» ҳужумида кимлар ўйнаганди ўшанда. Аслида бир Бекҳэм эмас, «галактикос» даври ҳам сўниб бораётганди — Мадрид Фигу, Зидан, Роналду, Касильяс, Раул, Гути, Роберто Карлос каби юлдузларнинг портлаш олдидан сўнгги порлашига гувоҳ бўлаётганди.

«Реал Мадрид» — Севилья», 2007 йил 6 май. Фото: «Reuters»

Дэвид Бекҳэм фаолиятидаги «Реал»дан кейинги жамоаларни эслай оласизми — «Лос-Анжелес Гэлакси», «Милан» яна «Пари Сен-Жермен»даги 2013 йилда ўтказилган ғалати 10 та ўйин — Бекҳэм шунчаки пул учун копток тепарди. Шунчаки ўйнаб, улкан бойликка кўмиларди: 2004 йилдан, футболчи сифатида пастлай бошлашига акс равишда, Бекҳэм дунёдаги энг кўп пул топувчи футболчи сифатида жаҳон рейтинги етакчилигини қўлига олганди.

Бизнес

Дэвид Бекҳэмнинг реклама шартномаларини кўрган одамнинг ҳуши бошидан ошади. 2003 йили биргина «Adidas»нинг ўзи унга $160 млн. тўлаган! У билан шартнома тузиш учун «PepsiCo» ва «Walt Disney» навбат кутарди...Дэвид Бекҳэм компьютер ўйинини, бутун бошли Хитой футбол лигасини реклама қилди, Олимпиада-2008 да Буюк Британия вакили («Led Zeppelin» собиқ гитарачиси Жимми Пейж билан бирга) бўлди, Олимпиада-2012 очилиши машъаласини у ёқиб берди, Афғонистондаги британ аскарлари ҳолидан хабар олди, «Brexit»га қарши акцияни фаол қўллаб-қувватлади. Жуда фаол, чарчамайдиган инсон.

Фото: «РИА Новости»

Бунақа тадбирлардан қанчасида қатнашганини Дэвид Бекҳэмнинг ўзи ҳам эслолмаса керак. Эндиги хайрия фаолиятинику футболдан кам олиб бормаяпти.

Футболни соғинган Бекҳэм

Дэвид Бекҳэм ва «Класса 92»даги дўстлари 2014 йили бир бўлиб саккизинчи дивизиондаги (!) «Солфорд Сити»ни сотиб олишди, гарчи кейинчалик «Солфорд» тўртинчи дивизионгача кўтарилган бўлса ҳамки, бу шунчаки эрмак эди. Бекҳэм эса ўзининг ҳақиқий футбол жамоаси бўлишини орзу қиларди.

Америка лигаси билан (соккер қонун-қоидаларига кўра, АҚШда клублар билан эмас, бутун лига билан шартнома имзоланади) шартнома тузаётган 2007 йили Бекҳэм ажойиб опционни — MLSнинг янги жамоасини қандайдир «арзимас» $25 млн. эвазига қўлга киритиш ҳуқуқига эга бўлди. Орадан 10 йил ўтиб бу ҳуқуқдан фойдаланиб «Интер Майами»ни шерикликда сотиб олди, бу жамоа пандемия бошланганидан кейин тўхтатилган MLS-2020 мавсумида иккита дебют ўйинини ўтказиб қўш мағлубият қабул қилиб олишгаям улгурди.

Дэвид Бекхэм бугун 45-таваллуд кунини «Instagram»да қарийб 63 млн. нафар мухлислари билан баҳам кўриб, ўзига ўхшаган юлдузлар билан эфирларда кўриниш беряпти. Аммо Бекҳэмдек ўта фаол, тиниб-тинчимас инсон учун бу оз — Дэвид карантинда зерикканини, мавсум тезроқ очилишини кутаётганини яширмаяпти. Ҳақиқий футболни соғинган.


Манба: xabar.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz