Қайднома

Қидирув

Месут Озил: "Стол тенниси туфайли футболдан воз кечишимга бир баҳя қолганди"

Месут Озил: "Стол тенниси туфайли футболдан воз кечишимга бир баҳя қолганди"

  04.05.2020 14:45
  0
  134
Месут Озил:

Месут Ўзил — замонавий футболнинг энг кўп тилга олинадиган футболчиларидан бири. Испаниянинг Marca нашри Месут билан «Реал»га қандай бориб қолгани, Жозе Моуриньо билан муносабатлари, Мадрид клубини тарк этиши ҳақида суҳбат уюштирди. «Дарё» суҳбатни ўзбек тилида тақдим этади.

Стол тенниси учун футболни тарк этишига бир бахя қолган даҳо

Фото: Marca

Месут Ўзил — сўнгги 10 йилликнинг энг таниқли ва истеъдодли футболчиларидан бири. Кўпчилик Месутнинг ёшлигида футболни эмас, балки стол теннисини танлашига бир бахя қолганини билмаса керак.

«11-12 ёш бўлган вақтим мактабда пинг-понгни (стол тенниси) жуда яхши ўйнардим. Ҳатто бир сафар футболни уч ойга йиғиштириб, теннис бўйича биринчи мусобақамда қатнашиб, барча рақибларимни мағлуб этишга эришгандим. Бироқ теннис — мен келажакда шуғулланишни хоҳлаётган спорт тури эмаслигини тушуниб турардим. Боиси ўша ҳолатларда ҳам менга футбол етишмасди. Ўша дамларда футболга бўлган муҳаббатимдан мосуво бўлиб қолгандим дея олмайман, бироқ ҳақиқатан ҳам менга стол тенниси жуда маъқул келиб қолганди», — дейди Месут.

Гвардиоланинг бефарқлиги сабаб «Реал»ни танлагани ҳақида

2010 йилги мундиалдан сўнг Ўзилнинг хизматларига жуда кўплаб топ-клублардан қизиқишлар бўлади. Месут Зиданга кумир сифатида қараганига қарамай, «Реал»га ўтиш унинг учун асосий мақсад эмасди. Аммо ҳаммаси Пеп Гвардиола ва Жозе Моуриньо билан суҳбатлардан сўнг содир бўлган.

«2010 йилги Жаҳон Чемпионатидан сўнг мен билан «Реал», «Барселона», «Арсенал», «Бавария» ҳамда «Манчестер Юнайтед» шартнома имзолашни хоҳлаганди. Мен учун биринчи рақамли жамоа «Барселона» эди: ҳеч қайси жамоа улар каби чиройли ўйин кўрсатмасди.

Ўзим ҳам «Барселона» билан шартнома имзолайман деб ўйлагандим. Аммо Гвардиола чиндан ҳам мени ўз жамоасида кўришни хоҳлаётгани ҳақида аниқ гап айтмади. У томонидан қизиқиш йўқлиги сабаб менда шубҳа пайдо бўлди. Ҳатто Пепнинг ўша вақтда таътилда эканлигини айтишди.

Жозе Моуриньо эса Пепга қараганда қатъиятли, самиймий ҳамда ишонарли эди. Шу тариқа мен Жозе ҳамда «Реал»ни танладим», — дея хотирлайди Месут.

«Реал» ва Жозе Моуриньога бўлган муҳаббати ҳақида

Ўзил Мадридга келган вақтда у билан ҳаммаси жуда яхши бошланди. Ўз кумири Зинедин Зидан билан танишди. Моуриньо ишончига кирди, кийим алмаштириш хонасида ҳам уни жуда яхши қабул қилишди. Ла Лиганинг 2011/12 йилги рекордли мавсумида ҳам Месут жамоанинг энг барқарор ва ишончли ўйинчиларидан бири бўлди.

«Ростдан ҳам ўша вақтда асабийлашгандим. Бироқ «Реал»га ўтганимдан бахтли эдим. Шундай буюк клубдан бунинг учун миннатдорман. Мен у ерда ўз кумирим Зидан каби ўйнашни орзу қилардим. Сен жамоада янги экансан, кийим алмаштириш хонасида жамоанинг бошқа ўйинчиларидан кўра ўзингни сокинроқ тутишинг керак бўлади, бундан эса асабийлашасан, албатта. Жумладан, Зидан билан танишган вақтимда жуда ҳам ҳаяжонлангандим. Бу мен учун жуда муҳим воқелик эди. Сир эмас, юрагим ҳам «Реал» учун уради: у ерда ўйнадим, ҳамон жамоа ва клубда кўплаб дўстларим бор», — дейди Ўзил.

Жозе Моуриньо билан низолар

Фото: Marca

Жозе Моуриньонинг «Реал» бошқарувидаги сўнгги мавсуми шов-шувли низолар билан ёдда қолди. Мураббийни бир нечта футболчи қўллаб-қувватлаган бўлса, Серхио Рамос, Икер Касильяс, Пепе каби футболчилар унга қарши чиқди. Қарши тарафда Месут ҳам бор эди. «Реал»—«Депортиво» учрашуви танаффуси вақтида шундай диалог юз берди.

Моуриньо: «Месут, иккита яхши узатма етарли деб ўйлайсанми? Вазифани ярмини бажариш яхшими? Сен ўзининг шунчалик яхши деб ҳисоблайсанми?».

Месут: «У тўхтатиб, кўзлари билан менга қаради. Орқага тисарилдим. Унинг қарашлари худди боксчининг биринчи раунддан олдинги рақибига қаратилган нигоҳларни эслатарди. У мендан жавоб кутганди. Ўша вазиятда уни ёмон кўриб кетдим. Ҳатто уни жуда ҳурмат қилган бўлсам ҳам».

Моуриньо: «Ўйнашинг мумкин бўлган даражангда ҳаракат қилишингни хоҳлайман. Тўпга эркакларга хос тарзда ташланишингни истайман. Сен ўзи майдонда қандай кўринганингни тасаввур қиляпсанми? Йўқ? Кел, сенга кўрсатаман».

Месут: «У оёқ учида ўқрайиб турарди. Мен эса унга қарата: ‘Агар сен шунчалик даҳо бўлсанг, ўзинг ўйна! Мана сенга либос! Уни кий! Олға, омад!’ дедим».

Моуриньо: «Сен ҳозир таслим бўляпсанми? Шунчаки қўрқоқсан! Нима хоҳлайсан? Иссиққина сувга бошингни ювишними? Ёлғизликда қолишними? Ёки сен менга, жамоадошларингга ва мухлисларга нималар қила олишингни исботлашни афзал кўрасанми? Агар йиғлоқи бўлсанг, бор ҳаммомга туш ва сен бизга керак эмассан».

Месут: «Ўшанда сочиғимни олиб, ҳаммомга кириб кетдим. Бир оғиз гапирмадим. Аммо кейин ўзимни шундай тутганим учун Серхио Рамос ва бошқалар олдида узр сўрадим».

Ушбу жанжалдан сўнг Серхио Рамос «Депортиво»га қарши ўйиннинг иккинчи бўлимида жамоадошини қўллаб-қувватлаш учун ўз либоси ичидан Месутнинг футболкасини кийиб олди. Мақсад аниқ эди: гол уриш ва уни Ўзилга бағишлаш.

Месутнинг отаси ва Флорентино Перес ўртасидаги жанжаллар

Месутнинг отаси Мустафо

Фото: Marca

Месут Ўзил ўзининг «Реал»дан кетишида ўз отасини айблайди. Ҳатто отаси ва клуб президенти Флорентино Перес сабаб футболчининг Twitter’даги саҳифаси ёпилганди.

«Мадридни тарк этиш — ҳаётимдаги энг қийин қарор эди. Мен «Реал» билан Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонишни орзу қилгандим. Клубдаги даврим ҳали якунига етмаганди.

Ҳа, отам идеал эмас. Клуб билан музокарлар осон ўтмаганди. Бунга сабаб очкўзлик эмасди: биз адолатли бўлиши ҳисоблаган нарсамизни сўраган эдик, аммо унга эришмадик. Флорентино билан баҳслашиш эса энг тўғри қарор эмасди.

У ҳатто жаҳл билан Twitter’даги расмий саҳифамни ёпиб қўйди. Мен эса миллионлаб обуначиларимдан айрилдим. Шундан сўнг ҳатто Adidas комиссияси сабаб отам билан судлашишга мажбур бўлдим» — дея эсга олади Месут.

Ирқчилик сабаб Германия терма жамоасидан кетиши ҳақида

Фото: Marca

Месут Ўзил Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан суратини эълон қилганидан сўнг Германия футбол федерацияси томонидан жиддий танқидга учради. Шунда футболчи федерация раҳбариятини ирқчиликда айблади ва Германия терма жамоасидан кетишини эълон қилди.

«Ғалаба қозонсак, мени немис сифатида қабул қилишади. Ютқазсак эса иммигрант. Юз берган сўнгги воқеалардан сўнг, кўп ўйлаган ҳолда юракдаги оғриқлар билан бир қарорга келдим. Энди Германия терма жамоасида бошқа ўйнамайман. Буларнинг барчасига етарлича ҳурмат кўрсатилмагани ҳамда федерация раҳбариятининг ирқчилик кайфияти сабаб бўлди. Авваллари ғурур билан Германия терма жамоаси либосини киярдим, энди эса йўқ.

Германия футбол федерацияси менинг туркий илдизимга ҳурматсизлик билан ёндашиб, ҳатто ўзимни пропагандада айблади. Шундай экан, етар бас! Ирқчилик шу вақтгача шунчаки қабул қилинмаган, кейин ҳам ундай бўлмайди.

Менда иккита юрак бор: бири немис, бири эса турк. Германияда туғилдим, шу ерда ўсдим. Нима учун ҳали ҳам менинг немис эканлигимни рад этадиган одамлар бор?» — дейди Месут Ўзил.


Манба: daryo.uz, iff.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz