Қайднома

Қидирув

Почта хизмати чопари қандай қилиб юлдуз футболчига айланганди?

Почта хизмати чопари қандай қилиб юлдуз футболчига айланганди?

  07.05.2020 21:22
  0
  242
Почта хизмати чопари қандай қилиб юлдуз футболчига айланганди?

Камтарона жисмоний кўрсатгичлар билан киши жаҳон футболида ўз ўрнини топа олиши мумкинми? Мумкин. Бунга Жан Тигана мисол бўла олади. Ҳатто ўзининг энг яхши йилларида ҳам бўйи 172 сантиметр, вазни 62 килограммдан ошмаган Тигана дунё футболи тарихидан муносиб ўрин ола билди. Ваҳолонки, унинг даражасидаги ижрочиларнинг ҳеч бири катта футболда Тиганачалик қаршиликка дуч келмаган.

Жаннинг болалиги жуда оғир кечди. Оилада тўққиз опа-ука эдилар. Малидан Францияга қашшоқлик важидан кўчиб келишганди. Жан Марселнинг “Олимпик” жамоаси иштирокидаги ўйинларни стадиондан кўриш учун нималарни қилмаганди, дейсиз. Чипта нархи ўн франк турарди. Аммо чўнтакда ҳеч вақо йўқ. Шунда болакай ёши катта мухлисларга эргашиб стадионга борар, назоратчи чиптага кўз югуртириш билан овора бўлган паллада ўзини ичкарига урарди. Тигананинг оиласида “ўқиш”, “машғулот” деган тушунчалар йўқ эди. Фақат яшаш учун кураш бор эди, холос. Отасининг оғир касал бўлиши Жанни ҳам пул ишлаб топишга мажбур этди. Почта хизматига курьер бўлиб ишга жойлашди. Бироқ кўча футболини канда қилмади. Аммо 20 ёшга киргунига қадар уни бирор бир клубга қабул қилишмади. Футбол мутахассислари кўзига Тигана ожиз, жисмонан кучсиз кўринарди. Ўша пайтларда Европада Голландиянинг “Аякс” жамоасида тўп сураётган футболчилар эталон саналишарди. Баланд бўйли, жисмонан бақувват, келбатли ва кучли эди улар. Жан Тигана улар олдида ким бўлибди?

Қаҳрамонимиз бир куни Касси шаҳарчасига борди. Бу ердаги почта офисида иш бор, деб эшитганди. Аммо жой банд экан.Табиийки, Жан хуноб бўлди. Кейин пляжга йўл олди. Бу ерда тасодифан тўпланган йигитлар билан футбол ўйнади. Омадни қарангки, шу пляжда “Тулон” клуби бош менежери Ив Кудерк дам олаётган экан. У Жан билан танишди ва бир йиллик стажировка ўташ учун қаҳрамонимизни ўз клубига таклиф қилди. Гарчи, бу камтарона таклиф бўлса-да, Тигана омади чопганидан еттинчи осмонда эди.

1975 -76 йилги мавсумда унга ўзини кўрсатиш учун имконият туғилди. Сафдошларидан бири ўйиндан четлатилгани боис уни майдонга туширишди. Жан шунақанги ўйнаб қўйдики, клуб дарҳол унга тўрт йиллик шартнома таклиф қилди. Бироқ икки йил ўтиб, бош мураббий Марсел Дюваль билан тортишиб қолди. Оқибатда унга чиқиш эшигини кўрсатиб қўйдилар.

Бироқ энди унга унчалик қийин эмасди.Чунки қанақанги футболчи эканини бошқалар энди билишарди. Шу боисдан “Лион” уни ўз сафига қўшиб олди. Бу ерда у ҳақиқий мураббийнинг қўлига тушди. Жамоа устози Эме Жаке чаққон, тезкор, энг муҳими, ақлли ва юқори техника эгаси бўлган Тигананинг фазилатларини муносиб баҳолай олди. Узоқни кўра биладиган донишманд Эме Жаке, аввало, шогирдининг югуриш борасидаги имкониятларини ошириш билан шуғулланди. Унинг жисмоний ҳолатини талаб даражасига келтириш учун эса икки йил вақт кетди. Тренер Тигананинг майдондаги позициясини ҳам бир оз ўзгартирди. Илгари у плеймейкерлик вазифасини бажарарди. Эндиликда кўпроқ ҳимояда тўп сурадиган ва ортдан туриб рақиб жарима майдончасига ханжардек ёриб кирадиган бўлди. Эме Жакенинг Тигана истеъдодини юзага чиқариш борасидаги меҳнати 1982 йилги жаҳон чемпионатида ўз самарасини кўрсатди. Қаҳрамонимизнинг ҳеч кимга ўхшамайдиган, ўзига хос маҳорати миллионлаб футбол мухлисларига қувонч бағишлади. Шуниси қизиқки, Тигана жуда керакли бўлиб турган паллада ўзининг рейдларини уюштирар ва улар муваффақият келтирарди. Ўша йилларда французлар сафида Мишель Платини лидер эканини ҳамма эътироф этар, аммо Тигананинг жуда фойдали футболчилигини айтишни ҳам унутишмасди.

Тигананинг бутун фаолиятига унинг "Евро — 84"да Португалия терма жамоаси билан бўлиб ўтган ярим финал баҳсида амалга оширган рейди ташриф қоғози вазифасини ўтаган дейиш мумкин. Ўшанда учрашувга қўшиб берилган вақт ниҳоясига етаётган, ҳисоб 2:2 бўлиб турганди. Тигана тўпни эгаллаб, йўлида учраган барча ҳимоячиларни ортда қолдирди ва Платинига шунақанги қулай пас бердики, уни дарвозага аниқ йўламасликнинг иложи йўқ эди. “Менда Платини ва Жирессдаги талант бўлмаган. Лекин бунинг ўрнини қаттиқ меҳнат эвазига қоплаганман” деганди кейинчалик Тигана.

1980 йилда Эме Жаке “Лион”дан кетиб, “Бордо”га бош мураббий бўлди.Бир йил ўтгач эса, шу клубга Жан Тиганани ҳам олиб келди. Рене Жирар, Ален Жиресс ва Бернар Лякомб каби техникаси юқори футболчилар билан бирга ажойиб ансамблни ташкил этган Тигана “Бордо”нинг 80-йиллар ўртасидаги ажойиб ютуқларига катта улуш қўшди. “Бордо” Европанинг кучли клубларидан бирига айланди. Тўрт йил орасида у уч бор мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.

Тигана яна иккита олтин медални ўз фаолиятининг охирги икки мавсумида қўлга киритди. Бу даврни у Марселда ўтказди. Ўшанда 34 ёшда эди. Бернар Тапи қаҳрамонимизни ўз клубига таклиф этди. Лекин Марселда кечган икки мавсум Тигана учун қарама-қарши ҳиссиётларга бой бўлди. 1989 -90 йилги мавсумда “Олимпик” жамоасини Франц Беккенбауэр бошқарди. Тигана билан унинг ўртасида тўлақонли ишонч мавжуд эди. Немис мутахассиси фахрий футболчининг ҳурматини жойига қўярди.  Аммо орадан кўп ўтмай жамоага Раймон Гуталс бош мураббий этиб тайинланди. Бельгиялик бу мутахассис Тиганани захира ўриндиғи футболчисига айлантирди. Жан машғулотларда нечоғли қаттиқ меҳнат қилмасин, уни майдонга туширмади. Ҳатто Тигананинг сафдошлари ҳам тренернинг бу адолатсизлигидан таажжубга тушиб, футболчининг ёнини олишди. Бироқ фойдаси бўлмади. ”Гуталс Тиганани қариб қолган деганида мен карахт аҳволга тушдим” деганди футболчилардан бири.

Тўғри, Гуталс уни зарурат юзасидан майдонга туширишга мажбур бўлди. Бу Чемпионлар кубоги ярим финалида “Спартак”ка қарши учрашувда рўй берди. Жан Москвадаги ўйинда ҳам, Марселдаги учрашувда ҳам бор маҳоратини намойиш этди. “Олимпик” ҳар икки ўйинда ҳам ғалаба қозонди. Барча бу ютуққа Тигана салмоқли улуш қўшганини эътироф этди. Аммо фақат Гуталсгина сукут сақлади. Финал учрашувида эса Тиганани майдонга туширмади. Ҳал қилувчи баҳсда “Црвена Звезда” пенальтилар сериясида ғолиб чиқди.

Биз юқорида Тигана барча нарсага ўзининг машаққатли меҳнати эвазига эришганини айтдик. Техникаси жуда юқори, абжир футболчи одатда кўп жароҳат олади. Тигана ҳам бундан истисно эмас. У ўз фаолияти давомида жуда кўп бор жарроҳлик столига ётди. Ҳимоячилар унинг алдамчи ҳаракатлари олдида ожиз қолишгач, қоидани бузишдан бўлак чора топиша олишмасди. “Ҳаммасидан кўра жароҳат олиб қайта майдонга туша билмасликдан қўрқаман” деганди у бир суҳбатида. Жанмустаҳкам ирода эвазига шу қийинчиликларни ҳам енгиб ўтди. Катта футболда ёрқин из қолдирди. Кейин эса тренерлик қилди. “Лион”, “Монако” , “Фулхэм” жамоаларини бошқарди. Айримлар уни Франция терма жамоасини бошқарса керак, деб ўйлашганди. Аммо бундай бўлиб чиқмади. Тигана бу орада узумчилик билан ҳам шуғулланиб, боғлари ҳудудини саккиз гектарга етказди. Францияда ўз вино бизнесини йўлга қўйди.
Тигана 1984 йилги Европа чемпиони, 1986 йилги жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби. У 1984 йилда Франциянинг энг кучли футболчиси дея топилган. “Хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Истам ИБРОҲИМОВ тайёрлади.


Манба: xs.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz