Қайднома

Қидирув

Александр Лобанов: "Коронавирусни енгишимизга оз қолди..."

Александр Лобанов: "Коронавирусни енгишимизга оз қолди..."

  11.05.2020 21:45
  0
  310
Александр Лобанов:

Футболда дарвозабон ярим жамоа деган ажойиб ибора бор. Дарҳақиқат, жамоа ютқазса ёки муваффақиятсизликка учраса мухлислар томонидан биринчи эътироз ва танқид мактублари дарвозабонларга йўлланади. Ишқибозларга яхши таниш бўлган посбон Александр Лобанов бир неча йил олдин терма жамоадаги ўйинлари сабаб кўп бор танқид қилинганди. Футбол шунақа нарсаки, ютуқ ҳам, мағлубият ҳам бутун жамоаники. Фақат, ўша футболчи сабабчи бўлиши мумкин, холос. Аммо, охирги йилларда у Бекободнинг “Металлург” жамоаси таркибида ўз ўйинини топа олди. Яқинда футболчи билан интервью ташкил қилдик ва ўзимизни қизиқтирган саволлар билан юзландик.

- Сир эмаски, ЖЧ-2018 саралаш босқичида сизга нисбатан ёмон фикрлар, турли хил эътирозлар юзага келганди. Сизни ҳазил тариқасида саҳнага олиб чиққанлар ҳам бўлди. Хўш, бу жараённи енгиб ўтиш қандай бўлди?
- Саволингизга қисқа жавоб бераман. Айтадиган бўлсам гаплар кўп. Лекин, жим туришни ўзим учун маъқул деб биламан.

- Ўшанда сиз маълум вақт Эроннинг “Персеполис” клубида ўйнаб қайтгандингиз. Очиғи, хориждаги фаолиятингиз кўпга чўзилмади...

- Мен ўз хоҳишим билан кетдим. Клуб мени қўйиб юборишни истамаганди. У ерда ҳеч нарса қила олмаслигимни тушуниб етдим ва ортга қайтдим.

- Миллий терма жамоамизнинг Россиядаги Жаҳон чемпионатига йўлланма қўлга кирита олмаганини қандай изоҳлайсиз? Кўпчилик орасида футболчилар пулни ўйлаб шундай қилишди деган гаплар пайдо бўлганди...

- Афсуски, бизнинг терма жамоамизга доим битта очко ёки битта гол етмай қолаверади. Бу қачондир якунига етади, ўзгаради. Бунга барча ишониши керак. Футболчилар терма жамоа либосида майдонга тушар экан, пул ҳақида эмас, фақатгина ғалаба ҳақида ўйлашлари керак. Кўпчилик футболчилар майдонда бор кучини бермайди деб ўйлайди. Лекин, бу катта хато.

 - Эрон билан сафарда кечган учрашувни фаолиятингиздаги энг ёмон учрашув десак тўғри бўладими?

- Йўқ, ундай эмас. Статистикага қарангчи Эрон билан сафардаги ўйинларимиз қандай ўтган.

- Жанубий Корея билан ўйиндан олдин барчанинг кайфияти тушиб кетганди. Менимча, ўшанда жамоага жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий эмас, юқори малакали руҳшунос керак эди. Барибир, уч кун, беш кун мобайнида жисмоний ҳолатни юқори нотага олиб чиқиб бўлмасди. Аслида, футболчилар ўз клубларидан жисмоний жиҳатдан тайёр бўлиб келишлари керак...

- Ҳа, кайфият ва ҳолатимиз жуда ёмон эди. Аммо, бизда ягона имконият қолганлигини билардик. Биз дарҳол ўзимизни тиклаб олдик. Ғалаба қозонишни истагандик.

- “Пахтакор”да бир неча йил давомида асосий дарвозабон бўлиб келдингиз, ажралмас аъзосига айландингиз. Кетишингиз жамоага келган янги мураббий билан боғлиқми ёки рақобат...

- Ўйлашимча, мен “Пахтакор”да рақобатда устун келиб, асосий дарвозабон сифатида фаолият олиб бораётганимда жамоага янги хорижлик мураббий тайинланди. Унинг қўл остида ҳам маълум вақт ўйнадим. Мураббий ўзининг танловини мақул кўрди. Кетишга қарор қилдим ва “Металлург” сафига бориб қўшилдим.

- Охирги икки йил мобайнида сизда аввалгига қараганда ижобий ўзгаришларни сездик. Ўйинингизда ҳам ўсиш борлигини кўрдик. Бу “Металлург” жамоаси ва мураббийларининг ишончининг самараси бўлса керак...

- Тўғриси, сайтингиз мени биринчи тур рамзий терма жамоасига киритганида, ҳайратда қолгандим. Янги клубга келгач мен барчасини қайтадан бошладим. Ўз устимда икки баробар кўпроқ ишлашим кераклигини тушуниб етдим. “Металлург” мени бежизга таклиф қилмаганини ҳали яна кўп бор исботлайман.

 - “Пахтакор” таркибида бекободликларга қарши кўп бор тўп тепгансиз. Сиз қарши ўйнаган ўша пайтдаги жамоа билан, бугунги кундаги жамоани ўртасидаги тафовутни айта оласизми?

- Бу жамоа доим ҳар қандай рақибга бош оғриқ ва муаммо бўлиб келган. “Металлург” истаса ҳамма жамоани ютиши мумкин. Фикримча, ҳозирда жамоада барқарорлик юзага келган, натижаларимиз ҳам ёмон эмас.

- Сўнги икки мавсумни жамоа бешинчи ўринда якунлади. “Металлург” бундан ҳам кўпроғига қодирми?

- Биз ҳар йили янада кўпроғини истаймиз, хоҳлаймиз. Буни исботлашга ҳаракат қиламиз. Биласиз, чемпионатимизда рақобат юқори. Тўғри, “Пахтакор” бу борада яққол фаворит. Аммо, қолган жамоалар ҳам қараб турмайди деб ўйлайман.

- Жорий йилни Бекобод шаҳри жамоаси яхши бошлади. Дастлабки икки турда футболчилар тартибли ўйин намойиш қилишди. Жамоавий ҳаракатларда боғлиқлик кузатилди. Лекин, “Пахтакор” билан ўйинда юқоридагиларни бирортасини кўрмадик...

- Оддий голларни ўтказиб юбордик. Учрашувда ҳисоб очилгунига қадар бизда ҳам вазиятлар бўлди. Ўз хатоларимиз эвазига ютқаздик. Мухлисларимизни далдасини ҳис қилиб турдик. Уларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Коронавирусни енгишимизга оз қолди. Ҳаммаси яна аввалгидек бўлишига ишонаман.


Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди


Манба: Championat.asia


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz