Қайднома

Қидирув

Жасур Яхшибоев ўзи кимнинг даражасида ўйнамоқда?

Жасур Яхшибоев ўзи кимнинг даражасида ўйнамоқда?

  13.05.2020 04:52
  0
  743
 Жасур Яхшибоев ўзи кимнинг даражасида ўйнамоқда?

Жасур Яхшибоев атиги бир бўлимда Беларусь чемпионатининг янги юлдузига айланди-қўйди. Ҳа, БАТЭга қарши кечган 1-тур учрашувида 2та гол урган футболчимиз ҳақида кўп ёзишди, ёзишмоқда.

InStat: Жасур кимсан Роналду даражасида ўйнамоқда

Жасур Беларусь чемпионати очилиш учрашувида чиндан ҳам жуда яхши ўйнади. Футболчиларнинг статистикасини ҳисоблаб борувчи таниқли InStat портали Яхшибоевнинг майдондаги ҳаракатларини 393 баллга баҳолади. Хуллас, ҳамюртимиз тактик ва техник устунликларга қўйиладиган баҳо бўйича Европанинг топ даражадаги футболчиларидан яхшироқ натижа кўрсатди. Таққослаш учун айтсак, Криштиану Роналду охирги 6та ўйиндан фақат 1тасида 393 балл олган. Энг эътиборли томони, Беларусь чемпионати тарихида бирор футболчи Жасур кўрсатган натижага яқин ҳам келмаган. Дейлик, энг юқори кўрсаткич Игорь Стасевичга тегишли эди - 284 балл.

Жасур нега шу қадар кўп балл олди?

Келинг, кўриб чиқамиз. Биринчидан, ўзбекистонлик футболчи рақиб дарвозаси томон 5та аниқ зарба йўллади, 2та гол урди. Бундан ташқари, Яхшибоев юқори тезлиги ва дриблинглари билан ёдда қолди. У рақиб футболчиларини 9 марта алдашга уриниб, 8тасини муваффақиятли амалга оширди. Шунингдек, 1та самарали узатмага муаллифлик қилди.

Ўзбек йигити билан яқиндан танишамиз

Жасур бугунги кунда Ўзбекистоннинг энг иқтидорли футболчиларидан биридир. 2015 йили Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси мақомига даъвогарлик қилган «Энергетик-БГУ»нинг янги вакили якунда ғолиб чиқмаган, лекин кучли учликка фақат ўзбекистонлик йигитлар киришганди. Кейинчалик қаҳрамонимиз Хитой мезбонлик қилган Осиё чемпионати (U-23)да Ўзбекистон терма жамоасининг чемпион бўлишига катта ҳисса қўшди.

Жасур «Пахтакор»дан нега кетди?

Ҳа, Жасур ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг энг салоҳиятли футболчиларидан бири, бироқ «Пахтакор»да унинг позициясида жуда кучли ўйинчи - Жалолиддин Машарипов ҳаракатланмоқда. Шу ўринда қизиқ факт: «Энергетик» Жасур билан алоқага чиққанида, унинг қўлида Жанубий Корея клубидан тушган молиявий томондан «бақувват» шартнома бор эди. Шунга қарамай, футболчи ўсишни истади ва Беларусга йўл олди.

Тил билан муаммолар борми?

Жасур рус тилини деярли билмасада, янги чақирувдан чўчимай, Беларусга етиб келгани таҳсинга сазовор. Шу ўринда Жасурнинг инглиз тилида яхши сўзлашини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жамоадошларининг айтишлариича, у сўнгги кунларда рус тили борасида ҳам яхшигина ютуқларга эришмоқда. Тўғри, ҳали тўлиқ сўзлашолмаяпти, лекин суҳбатдоши гапларини тушунмоқда.

Бош МЕНЕЖЕР қандай фикрда?

«Энергетик-БГУ» хўжайини Владимир Белявскийўзбек футболчиси ҳақида қуйидагича фикр билдирди: «У инглизчада чакки эмас. Айни дамда рус тилини ҳам ўрганмоқда ва секин-аста жамоа билан тил топишади. Аслида осиёликларда мослашиш жараёни жуда секин кечади, бироқ Жасур аллақачон жамоадошлари билан муносабат ўрнатишга киришди. Тушунинг, осиёликларга нимадир ёқмаса, улар барча нарсаларини йиғиштириб, ортга равона бўлишга ўрганиб қолишган. Шундай ўзбек йигитларини биламанки, уларни Италияга чақирган бўлсаларда, тезда ватанларига қайтиб кетишган».

Тил ўрганишдан ташқари, Жасурнинг жамоа бош мураббийи Анатолий Юрьевичнинг оғир юкламаларига дош беришига тўғри келмоқда. Бу мураббий мавсумолди йиғинларида оғир машғулотлар ўтказиши билан донг таратган. Tribuna.com сайтига маълум бўлишича, Жасур бундай юкламаларга қийинчилик билан чидаган. Боз устига, қишда бир неча бор шамоллаб қолгани боис, Жасурга машғулотларда катта куч сарфлаш оғирлик қилган. «Энергетик» мураббийларининг айтишларича, Жасурнинг жамоага келган пайтдаги жисмоний тайёргарлиги жуда паст эди. Владимир Белявский: «Жасур барча юкламаларни нормал қабул қилди. Кўпчилик бизда машғулотлар оғир кечиши ҳақида бонг уради, бироқ собиқ футболчиларимиз машғулотларни соғинишларини кўп бор таъкидлашган. Биласизми, агар футболчи машғулотлар самарасини ҳис этса, янада иштиёқ билан ишлайди. Энг муҳими, ўзбек футболчиси майдонда ақл билан ҳаракатланади. БАТЭга қарши учрашувдан сўнг рақиб мураббийи Владимир Борисович Курнев қўнғироқ қилди. Унинг фикрларини эшитиш мен учун доимо қизиқ. Хуллас, Курнев футболчининг биринчи голи ҳақида шундай деди: «Бундай гол аслида таблода 0:0 эмас, 3:0 ҳисоби порлаб турган пайтда урилади. Шундай йўл тутиш учун футболчидан совуққонлик талаб этилади». Тўғри, Яхшибоев бир қатор жиҳатларда ҳали ўсиши керак. Жумладан, жисмонан ўсишига имкон яратиб бериш лозим. Шундай бўлсада, унинг ҳозирги имкониятлари ҳам чакки эмас. Айниқса, тезлиги мени қувонтирди. Агар ишонмасангиз, Бесмертний унга тезлик борасида етолмаган вазиятни томоша қилинг».

Янги позиция

Мураббий Анатолий Юрьевич ўзбек футболчисидан қанот вингери сифатида эмас, марказий ҳужумчи ўрнида фойдаланмоқда. Жасур кучли техникаси ва тезлиги ёрдамида марказий ҳужумдаги «столба» Жуниор Атемангни тўлдирмоқда. Камерунлик ҳужумчи ўтган мавсум айтарли ҳеч қандай каромат кўрсатмаганди, энди Яхшибоев билан ўйини анча самарали чиқмоқда. Ҳозирча ўзбекистонлик иқтидор эгаси «Энергетик-БГУ» сафида ижара асосида тўп сурмоқда. Агар у ўзини кўрсатса, «Пахтакор» беларуслик дўстларини хафа қилмасликка сўз берган. Владимир Белявский: «Айтганча, кўпчилик менга Беларусдан нега Яхшибоев сингари қизиқарли футболчи чиқмаётгани ҳақида савол бермоқда. Агар сиз Тошкентга борсангиз, у ердаги футбол академиялари қандай барпо этилганига гувоҳ бўласиз. У ерда фақат анқонинг уруғи йўқ, холос. Болалар иқтидорини ривожлантириш учун қилинаётган ишларни ўз кўзингиз билан кўрсангиз, барчасини тушуниб оласиз».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz