Қайднома

Қидирув

Роналдиньо: «Онажоним қучоғини соғиндим...»

Роналдиньо: «Онажоним қучоғини соғиндим...»

  13.05.2020 07:57
  0
  327
Роналдиньо: «Онажоним қучоғини соғиндим...»

РОНАЛДИНЬОНИНГ ҚАМОҚДАН ЧИҚИБ БЕРГАН БИРИНЧИ ИНТЕРВЬЮСИ. Бир ойдан кўпроқ вақтини Парагвайдаги қамоқхонада ўтказган бразилиялик футбол афсонаси кейинчалик озодликка чиқарилди, аммо тез орада унинг ҳаракатини яна чеклаб қўйишди. Хуллас, Роналдиньо 7 апрелдан эътиборан акаси Роберто де Ассис Морейра билан бирга Асунсьон шаҳридаги Палмагора меҳмонхонасида уй қамоғи шароитида истиқомат қилмоқда. Ҳужжатларга боғлиқ муаммо туфайли нохуш вазиятга тушиб қолганига қарамай, ўзини анча хотиржам ҳис этаётган бразилиялик собиқ ҳужумчи яқинда АВС COLOR телеканалига интервью бериб, футболчилик фаолиятини ёдга олди, шунингдек, ҳозирги муаммолари тезроқ бартараф этилишига умид билдирди.

 

- Рони, 1997 йили U-17 тоифасидаги ЖЧда ўта ёрқин ўйин кўрсатиш асносида илк марта кўпчилик назарига тушгандинг. Ўша турнирдан қандай хотиралар қолган?

- Кичик мундиалдан фақат ёқимли таассуротлар билан қайтгандим. Ҳа, ўша пайт ҳали жуда ёш эдим. Бизга қадар Бразилия футболи бу тоифада бирор марта чемпион бўлмаган эди. Албатта, мусобақа шахсан менинг фаолиятим учун ҳам муҳим аҳамият касб этди. Ҳар ҳолда, шу муваффақият туфайли «Гремио»нинг асосий таркибидан жой олдим.

- 2002 йили яна бир бора шоҳсупага кўтарилдинг - энди катталар мундиалида миллий терма жамоа билан. Буниси тақдим этган эҳтирослар аввалгисидан кучлироқ бўлгандир...

- Албатта, ҳар икки ғалаба бизга унутилмас онларни тортиқ қилган. Ахир ЖЧда ғолиб чиқиш - энг юксак чўққи, тарихий муваффақият. Бундай натижага 17 ва 22 ёшда эришганим - мен учун бебаҳо тажриба.

- Кейинчалик Европага йўл олдинг ва еврокубокларда ёрқин ўйинлар кўрсатдинг, айниқса, «Барселона» сафида. Оддий айтганда, Жанубий америкалик ҳар қандай футболчи ҳавас қилса арзийдиган даражада фаолият юритдинг. Ўзинг қандай фикрдасан?

- Еврофутболдаги иштирок фаолиятимнинг таърифлаш қийин бўлган босқичларидан биридир. Чунончи, «кўҳна қитъа»да унча узоқ  ўйнамадим, менимча. Лекин «Барселона» билан ЧЛда ғолиб чиққанимнинг энг муҳим жиҳати шуки, мен борган паллада жамоа омадсизлик кўчасига кириб қолганди.

- Парагвайда Жанубий Америка футболининг клублар миқёсидаги энг нуфузли турнири - Либертадорес кубоги финалида майдонга тушдинг. Ўша учрашув ёдингдами? Асунсьоннинг «Олимпия»си дастлабки ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлсада, сизлар Белу-Оризонтида керакли натижага эришиб, кубок соҳибига айлангандинглар.

- Ҳа, Либертадорес кубогини қўлга киритиш мен учун муҳим эди. Чунки коллекциямга айнан шу соврин етишмаётганди. Умуман, Парагвай жамоаси билан ўйинларимиз жуда зўр ўтган ва бу ҳам яхши хотира...

- Эътиқодли эканлигинг эркинлик чекланган ҳозирги шароитда нечоғли ёрдам бермоқда?

- Ўйлашимча, бунинг ёрдами катта. Ҳамиша тинчлик ва омонликни сўраб ибодат қиламан. Бу кўргиликлар ҳам тез орада барҳам топишидан умидворман.

- Ўзи Парагвайга нима мақсадда келган эдинг? Икки тадбир хусусида гап-сўзлар бўлди...

- Тўғри, биз акам имзолаган шартнома асосида ишлаётгандик. У менинг расмий вакилим. Режага мувофиқ, бу ерда онлайн-казинонинг очилиши ва «Ҳаёт қироли» китоби тақдимот маросимида қатнашишимиз керак эди. Иккинчи тадбирни Параг­вайда китоблар савдоси билан шуғулланадиган Бразилия компанияси ташкил этганди.

- Ташрифинг кўпчилик эътиборини тортди. Гарчи мураккаб вазиятда кўрсатма беришингга тўғри келган бўлсада, ҳаттоки, расмийлар ва полиция вакиллари сендан дастхат олишди, бирга суратга тушишди. Ўша лаҳзаларда нималарни ҳис этдинг?

- Аввало, парагвайлик одамлардаги самимийлик ва ҳурматни. Бу илиқликни юртингизга келган куниёқ сезгандим, ҳозир ҳам шундай. Албатта, меҳр-муҳаббат учун бағоят миннатдорман.

- Паспортларингизнинг сохта эканлиги ҳақидаги хабарни қандай қабул қилдинглар?

- Очиғи, айбловни эшитиб, ҳайрон қолдик. Кейин одил судга қўлимиздан келганича ёрдам бердик, барча саволларга имкон қадар тўлиқ жавоб қайтардик.

- 6 март куни ҳаммаси деярли ҳал бўлган паллада, сени қамоқхонага жўнатишларини айтганларидан кейин қандай ҳолатга тушдинг?

- Табиийки, бу мен учун кучли зарба бўлди. Шундай вазиятга тушиб қолишни ҳеч қачон хаёлимга ҳам келтирмагандим. Ҳаётим давомида фақат маҳоратимни ошириш ва мухлисларни мамнун этиш ҳақида ўйлаганман.

- Судья Мирко эркинлигинг чекловлардан холи эканлиги, Бразилия­га бемалол қайтишинг мумкинлигини айтганди, кейин нима бўлди?

- Рейсимиз 7 мартга белгиланган эди. Ўғлим шу куни туғилган. Нима бўлганидан эса бехабарман.

- Қамоқхонада ҳамма сен билан суратга тушиш, футбол ёки волейбол ўйнашга ҳаракат қилибди. Қизиқ, панжара ортига тушсангу, ҳамма атрофингда парвона бўлишга интилса. Бунга нима дейсан?

- Ҳа, қамоқхонадагилар ўта илиқ муносабатда бўлишди - футбол, дастхат улашиш, фотосуратлар, одатий юмушлар... Уларни тўхтатиб қў­йишни истамадим. Айниқса, худди мен каби тушунарсиз ҳолда нохуш вазиятга тушиб қолган кишилар илтимосини рад этишни ўзимга эп кўрмадим.

- Парагвай одил судидан қандай ҳукм кутяпсан?

- Умидворманки, суд кўрсатмаларимиздан фойдаланган ҳолда, вазиятга тез орада ойдинлик киритади.

- Бу кўргиликлардан қутулсанг, аввало, нима қилмоқчисан?

- Биринчи навбатда, шу кунларда коронавирус туфайли оғир кунларни бошдан кечираётган меҳрибон онажонимни қаттиқ қучоқлаб, кўнглини кўтармоқчиман. Кейин юз берган воқеага холисона баҳо берган ҳолда, келажак режаларини амалга оширишга киришаман.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz