Қайднома

Қидирув

Офат оловидан омон чиқмоқ орзуси

Офат оловидан омон чиқмоқ орзуси

  14.05.2020 01:43
  0
  514
Офат оловидан омон чиқмоқ орзуси

Ассалому алайкум, муҳтарам мухлис! Синов дамлари бир қадар ортда қолди ва яна сиз билан юзма-юзмиз! Муштарий ва газетани наинки футбол мавзуси, муҳаббат ришталари ҳам боғлаб тургани карантин даврида яққол сезилди. Очиғи, карантин тартиби жуда жиддийлашган пайт ҳам айрим фаолият турлари гуллаб-яшнади. Ижтимоий тармоқларнинг фаоллигини-ку таърифлашга ҳожат йўқ, назаримизда. Шундай вазиятда «Қачон чиқасизлар? Соғиндим-ку мулоҳазаларни...» мазмунидаги изҳорлардан бошимиз кўкка етди. Коронавирус - тақдирнинг қалтис ҳазили. Унинг кутилмаган хуружидан инсоният бир зум довдиради. Йўқ, мана, ҳаммаси изига тушмоқда аста-секин.

 

Аввалроқ Беларусь чемпионати футбол мухлислари учун мисоли тун қаъридаги бир тутам шуъла эди. Ниҳоят, бир тутам шуъла ёритиб-ёритолмаётган тун ичра яна бир ёруғ шуъла порлади. Ўчай-ўчай деб турган умид шуъласи энди жаҳон футболини қоплаган тун пардасини ёриб дадилроқ ёрита бошлади қоронғуликни. Ҳа, Жанубий Корея «К»-лигасига старт берилиши футбол мухлисларига ажиб хуш кайфият бахш айлади. Боз устига, салгина депсинишдан сўнг «Энергетик-БГУ» ва Жасур Яхшибоев ҳам Беларусь миқёсида катта саҳнага қайтди. Жасурбек қайтишни  голлар билан нишонлади. Қаранг, ўзбек футболида ўз ўрнини топишга қийналган Жасурбек бегона Беларусга бориб, бир жамоа жиловини қўлга олишга улгурди. Пенальти тепиш масаласида жиққа мушт бўлган Неймар ва Эдинсон Кавани можаросини эсласак, қаторасига икки ўйинда «Смолевичи» ва «Слуцк» дарвозаси томон белгиланган 3та пенальтини ҳам ёш футболчимиз амалга ошириши - катта воқеа. Энг асосийси, юзи ёруғ бўлди, тақдир уни уялтириб қўймади. Умид қиламизки, Шаҳбоз Умаровнинг узоқдан йўлланадиган кучли зарбалари ҳам бир кун мўлжалга аниқ етиб боради, нишонга тегади, албатта. «К»-лигада тўп сураётган футболчиларимизнинг ҳам басма-бас гол уришни бошлаб юборишларига ишончимиз комил.

Хўш, Суперлигамизда воқеалар қандай ривожланади? Миллий чемпионатимиз баҳслари қачондан давом эттирилади? Бугун кўпчилик ўзича ушбу саволларга жавоб изламоқда. Насиб этса, Суперлига ҳам қаддини ростлайди. Маълумки, мамлакатимиз азал-азалдан Беларусь ва Жанубий Корея билан яқин дўстона алоқада. Биз шу икки мамлакат ҳаётидаги янгиланишлардан кўпроқ таъсирланамиз. Шу маънода Беларусь чемпионатини қийинчиликларга қарамай давом этаётгани, «К»-лига старти - Суперлига учун умидбахш сигнал, ўзига хос туртки, ишонч тимсоли. Агар ҳар икки чемпионат кўнгилдагидек давом этаверса, Суперлига ҳам янги баҳсларга шайланиши муқаррар. Фақат бир андиша футболимизни қийнайди. Улардан фарқли ўлароқ, халқимиз Бухородаги кучли бўрон ва Сардоба сув омборидаги воқеаларни бошдан кечирди. Бундай вазиятда майдонда ўйнаш ёки томоша қилиш осон эмас. Қайсидир ватандошимиз уй-жойини тиклаш, тирикчилигини юритиш ташвишида юрсаю, бу ёқда футбол кўнгилга сиғадими? Биров гап-сўз қилса ҳам, барибир, хижолатли. Қолаверса, аксарият жамоалар давлат томонидан қўллаб-қувватланишга муҳтож. Пандемия, Бухоро ва Сирдарёдаги офатлар шарои­тида футбол ҳокимиятлар томонидан астойдил қўллаб-қувватланишга умид қилса бўладими? Мана шу икки ҳолат Суперлига масаласини бироз ортга суриши мумкин. Лекин бу ҳам узоққа чўзилмаса керак. Чунки футбол нафақат томоша, балки миллионлаб кишилар учун яшаш тарзи, тирикчилик манбаи ҳам. Футбол орқали минглаб оилалар кун кўради. Масаланинг бу томонини ҳам ҳисобга олиш даркор. Франция, Нидерландия, Бельгия каби мамлакатларда миллий чемпионатларнинг муддатидан олдин якунлашдан аввал бу муаммога оқилона ечим топилгани аниқ. Ҳаттоки, донгдор клублар раҳбарлари ҳам харажатларни камайтиришни кўзга тутишмоқда. Мақсад - ҳам футболни сақлаш, ҳам тирикчилик ташвиши.

Хуллас, бугун еврофутбол тараддуд билан банд, Суперлига ўй-хаёлга толган. Биз эса ҳаммаси яхши бўлишига ишонамиз . Зеро, юқорида таъкидлаганимиздек, тун чўккан футбол осмони узра умид юлдузлари йўл кўрсатмоқда, нур сочмоқда. Демак, яхши кунларни кўришга ҳақлимиз!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz