Қайднома

Қидирув

Буюк Иньеста Япония ва вирус ҳақида

Буюк Иньеста Япония ва вирус ҳақида

  15.05.2020 01:19
  0
  437
Буюк Иньеста Япония ва вирус ҳақида

Коронавирус пандемияси қисқа муддатда бутун ер юзига тарқалишга улгурди ва аксарият мамлакатларда карантин тартиби жорий этилди. Муҳими, кўп жойларда пандемиянинг энг фаол даври ортда қолди. Изоляция шароитини Японияда ўтаётган испаниялик моҳир ярим ҳимоячи бўш вақтдан унумли фойдаланиб, Marca газетасига катта интервью берди. Испаниянинг 9 карра чемпиони ва Европа ЧЛнинг 4 карра ғолиби суҳбат давомида Япония, коронавирус ва «Барселона» ҳақида гапирди, аммо собиқ клубдоши Лионель Месси борасида бир оғиз ҳам сўз айтмади. Маълумот учун, 35 ёшли афсона 2002-2018 йиллар оралиғида Каталония гранди шарафини муносиб ҳимоя қилди. Иньеста клуб футболида кўплаб совринлар ютиш баробарида ўз коллекциясини Европа чемпионатининг 2та ва ЖЧнинг 1та олтин медали билан бойитган. Шундай афсона охирги йилларда Япониянинг «Виссел Кобе» жамоаси таркибида тўп сурмоқда.

 

Шу кунги ҳаёти

- Клубимиз футболчиларига якка тартибда машғулот ўташ учун махсус дастур беришди. Жамоавий машқлар эса видеоалоқа орқали амалга оширилмоқда. Шунингдек, очиқ ҳавода югуриш машқларини бажаряпмиз. Зеро, биз кичик оролчадамиз. Бу ерда очиқ ҳавога чиқиш тақиқланмади. Ҳозирда фаолиятим ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм Япониянинг Rakuten каналида намойиш этилишини кутяпман. Уни яратиш йўлида жуда кўп вақт ва куч сарфладик. Турли сафарлар, учрашувлар, интервьюларда қатнашдим. Фаолиятим ҳақида интернетдан кўп маълумотлар олиш мумкин. Лекин фильм ёрдамида янада тўлиқроқ тушунча ҳосил бўлади. Картина яратиш ғояси биографик китобимни тугатганимдан кейин туғилди. Унинг асл мағзи-моҳити шуки, яқинларимнинг менга аталган фикр­ларини тафаккур қилиб, янги хислатларимни кашф этяпман.

Пандемиядан кейинги футбол

- Ули Хёнесс фикрларини тўла-тўкис қўллаб-қувватлайман: футбол оламини кескин ўзгаришлар кутмоқда. Бу трансферлар бозори ва яна бир қатор жабҳаларга тааллуқли гап. Пандемия ҳар бир вазиятга четдан, шошмасдан, ўйлаган ҳолда холис баҳо бериш имкониятини бермоқда. Ниманинг қадри баланд ва ниманинг аҳамияти йўқлиги тобора ойдинлашмоқда. Қисқаси, ушбу аччиқ сабоқ инсониятни кўп нарсаларга ўргатмоқда. Афсуски, сабоқни улкан йўқотишлар эвазига оляпмиз. Хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмганларни ортга қайтаришнинг иложи йўқ.

Гвардиола фалсафаси

- Пеп Гвардиола футболчи сифатида ёшлар турнирида ғолиб чиққанидан кейин ёнимга келгани ва яқин келажакда «Барселона»нинг асосий таркибидаги ўйинларимни трибунадан кузатишини айтгани худди кечаги башоратдек ёдимда. Амалда ҳаммаси кутилганидан ҳам аълороқ бўлди. Йиллар ўтди, мен унинг раҳбарлиги остида нуфузли совринлар соҳибига айландим. Менимча, Гвардиола Каталонияда мукаммал жамоа шакллантиришни уддалаганди. Тўғри, аввалига анчайин мураккаб даврни бошдан кечиришимизга тўғри келди. Аммо барча қийинчиликларни ҳамжиҳатлик ва аниқ фалсафа ҳисобига бартараф этдик. Пеп барча йигитларни ўз ғояси, унга мос серзавқ футбол албатта, муваффақиятга элтишига ишонтира олди. Ўз навбатида, футболчилар жамоа тўғри йўлдан бораётганига шубҳа қилмаган ҳолда, ғайрат-шижоат билан шуғулланиб, мақсадга эришдик.

Бартомеунинг президентлик даври

- Охирги ҳафталарда «Барса» ичида юз берган воқеаларга изоҳ беришим анчайин мушкул вазифа. Демоқчиманки, четдан туриб, «Барселона» директорлар кенгаши аъзоларининг оммавий исътефосига баҳо бериш қийин. Бартомеу нечоғли ҳақ ёки ноҳақ - буни фақат одил ҳакам ҳисобланмиш вақт кўрсатиб бериши мумкин. Шундай экан, 2021 йилга белгиланган президентлик сайловини кутишимизга тўғри келади. Қани, кузатаверайликчи, Бартомеу ўша вақтда лавозимини сақлаб қолиш учун етарли овоз тўплай олармикан?

Сетьеннинг фаолияти

- Кике Сетьен ўзи интилаётган «Кройфф футболи»га яқинлаша олдими? Бу масалада ҳам аниқ фикр билдиришга ҳали жуда эрта. Мураббий жамоани атиги 12та ўйинда бошқарди. Бу қандайдир хулоса чиқариш учун жуда оз. Лекин Сетьеннинг жамоадан нима истаётганини тушуниб тургандекман.

Гризманн ва де Йонг

- Антуан Гризманн ҳамда Френки де Йонгнинг «Барселона» услубига ҳали мослашолмаганликларидан хавотирда эмасман. Ахир улар энди дебют мавсумини ўтказишяпти. Ҳар иккисининг ўта иқтидорли эканлигига шубҳа йўқ. Менимча, Антуан ҳам, Френки ҳам ўз зиммасидаги вазифаларни талаб даражасида уддалашга қодир. Фақат яна бироз сабр қилиш керак.

Япония жилоси

- «Виссел»да ўзимни яхши ҳис қиляпман, барча қулайликлар яратилган. Айниқса, «Барселона» ва Испания терма жамоасидаги азалий қадрдоним Давид Вилья ёнимда тўп сурган давр жуда мароқли ўтди. У билан мамлакат кубогини қўлга киритдик. Афсуски, Давид фаолиятини якунлади. Мен эса ҳозирча бу ҳақда ўйламаяпман. Балки ҳозирги мажбурий танаффус куч тўплаб олишим ва фаолиятимни янада узайтиришимга ёрдам берар... Ҳарқалай, футболдан ҳали зерикканимча йўқ, жисмоний ҳолатим ҳам талаб даражасида. Кейинчалик эса эҳтимолки, мураббийлик фаолияти хусусида ҳам ўйлаб кўрарман...

Роналдиньога ачиниш

- Яқин дўстимнинг Парагвайда қамоққа тушгани ачинарли ҳолат, албатта. Паспортлар ва унинг ҳибсга олинишига оид янгиликларни диққат билан кузатиб боряпман. Можаро тез орада адолатли ҳал этилиши ва Роналдиньо ўз уйига қайтишидан умидворман, албатта.

Евро-2020 масаласи

- Турнирнинг кейинги йилга сурилгани Испания терма жамоаси имкониятларига берган баҳомга таъсир қилмайди. Шундай ажойиб таркибга эга жамоа ҳар қандай шароитда ғолибликка асосий даъвогар бўлиши шарт. Авлодлар ўртасидаги ижобий анъана тикланаётганини кўриб турибман. Асосийси - шу. Бироқ нуфузли турнирларда кўпинча гуруҳ босқичида кутилмаган қийинчиликлар юзага келади. Шундан эҳтиёт бўлиш лозим. Айниқса, Швеция ва Польша термалари каби жиддий рақибларга қарши баҳсларда.

Хайрлашув учрашуви

- Бундай анъанадан бош тортмасдим. Аммо хайрлашув учрашуви фақат мен эмас, Испания терма жамоасининг шундай ҳурматга лойиқ бошқа фахрийларига ҳам бағишланса, яхши бўларди. Мусобақалар тақвимидан ҳеч кимга халал бермайдиган вақтни топиш мушкул, албатта. Лекин иложи йўқ эмас, ҳаммаси ҳаракатга боғлиқ. Хайрлашув оқшоми Альбасетеда ташкил этилса, мен учун айни муддао бўларди. Болалигимда тўп тепишга, футболга айнан шу шаҳарда меҳр берганман. Демак, барчасина Альбасетеда нуқта қўйсам, фаолият занжири тугунсиз кўриниш олади...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz